Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 15 июлда 2495-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги 174-сон буйруғи (рўйхат рақами 2495, 2013 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 31-сон, 414-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. АХМЕДБАЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 6 июль,
109-сон
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2015 йил 6 июлдаги 109-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Манзил-колониялар қуйидагиларга бўлинади:
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноятлар учун, шунингдек қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган манзил-колониялар;
умумий, қаттиқ тартибли колониялардан, шунингдек тарбия колонияларидан ўтказилган маҳкумлар сақланадиган манзил-колониялар.
Манзил-колонияларда:
мазкур муассасаларга суд ҳукмига биноан келган вояга етган маҳкумлар;
умумий, қаттиқ тартибли колониялардан ва тарбия колонияларидан суднинг ажрими асосида ўтказилган вояга етган маҳкумлар;
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жинояти учун ва қасддан содир этган унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тарзида суднинг ажрими асосида юборилган вояга етган маҳкумлар жазони ўтайди.».
2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Манзил-колонияларга ижобий тавсифга эга ва:
оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар;
ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар ўтказилади.».
3. 20-бандда:
а) бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қасддан оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тартибида суднинг ажрими асосида юборилган маҳкумлар;»;
б) қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«рағбатлантириш тарзида ёки суд томонидан тайинланган турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан кейин турмалардан ўтказилган маҳкумлар ўтайди.».
4. 28-бандда:
а) тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«суд томонидан тайинланган турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан сўнг турмалардан ўтказилган маҳкумлар;
суд томонидан манзил-колониялардан интизомий жазо тарзида қайтарилган маҳкумлар;»;
б) қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони илгари ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога қайта ҳукм қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тартибида суднинг ажрими асосида юборилган маҳкумлар ўтайди.».
5. 58 ва 382-бандлардаги «турма қамоғига» деган сўзлар «турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилишга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
6. 142-банддаги «турма қамоғи» деган сўзлар «турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
7. 368-банднинг биринчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган шахслар, жазони манзил-колонияларда ўтаётган шахслар бундан мустасно, республика бюджети ҳисобидан белгиланган намунада кийим, мавсумга қараб, маҳкумнинг жинси ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда ички кийим ва пойабзал билан таъминланадилар. Маҳкумларнинг кийимлари ва пойабзаллари бепул таъмирлаб берилади.».
8. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва Олий суди билан келишилган.
Бош прокурор И. АБДУЛЛАЕВ
2015 йил 5 июль
Соғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ
2015 йил 20 июнь
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. АБДУҲАКИМОВ
2015 йил 25 июнь
Олий суд раиси Ш. ГАЗИЕВ
2015 йил 30 июнь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 28-сон, 378-модда)