Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Солиқ қонунчилигига риоя этилиши масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
солиқ қонунларига риоя этиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик ва ўзаро ёрдамнинг муҳимлигидан келиб чиқиб ҳамда шу мақсадда бир-бирига имкони борича кўпроқ кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Атамаларни аниқлаш
Атамаларни аниқлаш
Ушбу Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«солиқ қонунлари» — солиқларнинг турларини ва мазкур Томоннинг давлати ҳудудида уларни ундириш тартибини белгиловчи ҳамда солиқ мажбуриятларининг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тўхтатилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи юридик нормалар мажмуаси;
«солиқ қонунларини бузиш» — солиқ тўловчи томонидан бюджет олдидаги мажбуриятлар бажарилмаслигида ёхуд зарур даражада бажарилмаслигида ифодаланган ва бунинг учун юридик жавобгарлик белгиланган ҳуқуққа зид ҳаракат ёки ҳаракатсизлик;
«сўраётган солиқ хизмати» — Томоннинг солиқ масалалари бўйича кўмаклашиш тўғрисида сўров (бундан кейин «кўмаклашиш тўғрисида сўров» деб аталади) берувчи ваколатли солиқ органи;
«сўралаётган солиқ хизмати» — Томоннинг кўмаклашиш тўғрисидаги сўров олувчи ваколатли солиқ органи.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
1. Ушбу Битим мақсадлари учун Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
Грузия Томонидан — Грузия Солиқ инспекцияси.
2. Ваколатли органларнинг номланиши ўзгарган ҳолда Томонлар бу ҳақда ёзма равишда дипломатик каналлар орқали бир-бирларини тезлик билан хабардор қиладилар.
3-модда
Битим қўлланиладиган соҳа
Битим қўлланиладиган соҳа
Томонлар ваколатли органлар орқали солиқ қонунларининг зарур даражада бажарилишини таъминлаш мақсадида бир-бирларига қуйидаги масалаларда ўзаро кўмаклашадилар:
солиқ қонунларини бузишнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш;
кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича ёки ташаббус кўрсатиш тартибида юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қонунларига риоя этилиши тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;
миллий солиқ тизимлари ва солиқ қонунларининг жорий ўзгаришлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;
солиқ органлари ишини таъминловчи компьютер тизимларини яратиш ва ишлатиш;
солиқ тўловчилар билан ишни ташкил этиш;
кадрларни ўқитиш ва мутахассислар билан алмашиш соҳасида;
биргаликдаги ҳаракатларни талаб этувчи бошқа масалалар бўйича.
Ушбу Битим қоидалари ваколатли солиқ органларининг Томонлар ўртасида тузилган бошқа битимларга мувофиқ ҳамкорлигига тўсқинлик қилмайди.
4-модда
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг шакли ва мазмуни
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ёзма кўринишда унинг кўриб чиқилиши учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда юборилади. Фавқулодда вазиятда кўмаклашиш тўғрисидаги сўров имкони борича қисқа муддатларда кейинчалик ёзма шаклда тасдиқланган ҳолда оғзаки шаклда ҳам берилиши мумкин.
Сўровноманинг ҳақиқийлигига ёки мазмунига нисбатан шубҳа туғилган тақдирда сўралаётган ваколатли орган ёзма шаклда такроран тасдиқлашни сўраши мумкин.
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ўз ичига қуйидагиларни олиши керак:
сўраётган солиқ хизматининг номи;
сўралаётган солиқ хизматининг номи;
сўровнинг мақсади ва сабаби;
унга нисбатан сўров берилаётган солиқ тўловчининг номи (исми) ва манзили;
сўровнинг қисқача мазмуни ва у билан боғлиқ юридик ҳолатларнинг қисқача баёни, кўриб чиқилаётган давр ва солиқларнинг аниқ турлари кўрсатилган ҳолда.
Ахборот олиш учун сўровнома ва унга жавоб Томонларнинг ваколатли органлари томонидан келишилган тилда тузилади.
Сўралаётган солиқ хизмати олинган кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича қўшимча ахборотни талаб қилишга ҳақлидир.
5-модда
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш тартиби
Ваколатли солиқ органлари ушбу Битимга, миллий қонунларга мувофиқ ва ўз ваколатлари доирасида бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
Сўраётган солиқ хизмати унинг илтимосига кўра кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ижро этилиши учун амалга ошириладиган ҳаракат вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиниши, унинг вакиллари бу тўғрисида қўшимча равишда келишилган тақдирда уни ўтказишда ҳозир бўлишлари мумкин.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўров сўралаётган солиқ хизмати томонидан бажарилиши мумкин бўлмаса, у сўров тушган кундан бошлаб 1 ой давомида бу ҳақда кўмаклашишни рад этишнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда сўраётган солиқ хизматини ёзма равишда хабардор қилади.
Агар кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши сўралаётган Томоннинг миллий қонунларига ва давлат манфаатларига маъмурий амалиётига зид бўлса, кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши рад этилиши мумкин.
Сўралаётган Томон унинг давлати ҳудудида кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг бажарилиши билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди. Қўшимча харажатларни талаб этувчи сўровномалар олинган тақдирда уларни маблағ билан таъминлаш тўғрисидаги масала Томонларнинг ваколатли органлари томонидан ўзаро аҳдлашув бўйича кўриб чиқилади.
6-модда
Тақдим этиладиган ахборотнинг мазмуни
Тақдим этиладиган ахборотнинг мазмуни
Ваколатли солиқ органлари ўз ташаббусига кўра ёки кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича қуйидагиларга нисбатан бир-бирларига ахборотни тақдим этадилар:
бошқа Томоннинг корхоналари, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналарининг рўйхатдан ўтказилиши, жумладан улар жойлашган жой ва уларнинг бўйсуниши, мулкчилик шакли ва бошқа маълумотлар;
Томонларнинг миллий қонунлари томонидан ўрнатилган тартибда бир Томоннинг юридик ва жисмоний шахслари томонидан бошқа Томоннинг давлат ва тижорат банкларида ҳисоблар очилиши тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек уларда пул маблағларининг мавжудлиги ва ҳаракати;
мазкур Томоннинг давлат ҳудудида олинган бошқа Томоннинг юридик ва жисмоний шахсларининг даромадлари ва солиқ солиш объектларининг барча турлари, солиқларнинг тўланган суммаси ва уларга солиқ солиш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар.
7-модда
Ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг тақдим этилиши
Ҳужжатлар ва бошқа материалларнинг тақдим этилиши
Сўралаётган солиқ хизмати кўмаклашиш тўғрисидаги сўров бўйича меъёрий ҳужжатларни, ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини ва солиқ суриштирувини бажариш учун зарур бўлган бошқа материалларни тақдим этади.
Нусхалар ваколатли шахснинг имзоси ва сўралаётган солиқ хизматининг муҳри билан тасдиқланади.
Ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг асл нусхалари тасдиқланган нусхалар суриштирув учун етарли бўлмаган тақдирда талаб қилиниши мумкин. ҳужжатларнинг ва бошқа материалларнинг берилаётган асл нусхалари келишилган муддатларда қайтарилиши керак.
Материаллар компьютерлаштирилган ахборот кўринишида бу материалларни талқин қилиш учун зарур бўлган қушимча ахборот қўшимча равишда берилган ҳолда тақдим этилиши мумкин.
8-модда
Ахборотни бериш тартиби
Ахборотни бериш тартиби
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровлар, ҳужжатлар, материаллар ва бошқа ахборот Томонларнинг келишуви бўйича белгиланадиган тартибда берилади.
Кўмаклашиш Томонларнинг ваколатли солиқ органлари раҳбарлари томонидан белгиланадиган расмий мансабдор шахсларнинг тўғридан-тўғри алоқалари доирасида амалга оширилади.
9-модда
Махфийликка риоя қилиш
Махфийликка риоя қилиш
Муайян солиқ тўловчиларга тегишли ахборотлар махфий ҳисобланади ва сўралаётган солиқ хизматининг талабларига мувофиқ ҳимоя режими билан таъминланади.
Олинган ахборотдан Томонлар тарафидан ушбу Битимда назарда тутилган мақсадларда, шунингдек маъмурий ёки суд муҳокамаси учун фойдаланиш мумкин. Бошқа мақсадлар учун ахборотдан фақат сўралаётган Томоннинг розилиги билан фойдаланиш мумкин.
10-модда
Битимнинг ижро этилиши
Битимнинг ижро этилиши
Томонлар ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келиши мумкин бўлган баҳсли масалаларни тартибга солишда ўзаро келишувга эришишга интиладилар.
Томонлар зарурият бўлганда ушбу Битимнинг қандай бажарилаётганлигини ёки унга ўзгартишлар киритишнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолаш учун маслаҳатлашишлар ўтказадилар. Бундай маслаҳатлашишларнинг муддати Томонларнинг келишуви бўйича қўшимча равишда белгиланади.
Ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар айрим масалалар бўйича қўшимча битимлар тузиш мумкин.
11-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ўзгартириш ва қўшимчалар
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма билдиришнома олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти ҳақидаги ёзма билдиришномасини олган кундан бошлаб олти ой утишгача амал қилади.
Тбилиси шаҳрида 1998 йил 25 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имззолар)