ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 11 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2682]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 2 декабрдаги 21-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3340, 03.12.2021 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларини тезлаштириш ва оптималлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига жалб қилиш тартибига риоя қилиниши устидан тизимли назорат ўрнатсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. АБДУҲАКИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 6 май,
30-СП-сон
Миллий хавфсизлик хизмати раиси Р. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 6 май,
53-сон
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг 2015 йил 6 майдаги 30-СП ва 53-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига маҳаллий аҳоли орасидан фуқароларни жалб қилиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини жиҳозлаш ишларига (бундан буён матнда жиҳозлаш ишлари деб юритилади) маҳаллий аҳоли орасидан фуқароларни (ишчиларни) (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) жалб қилиш меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг Давлат чегарасини муҳандислик жиҳозлаш бўйича тегишли таркибий бўлинмаси (бундан буён матнда иш берувчи деб юритилади) меҳнат шартномаси бўйича иш берувчи ҳисобланади.
2-боб. Жиҳозлаш ишларига жалб қилиш
3. Жиҳозлаш ишларига жалб қилиш иш берувчи томонидан мустақил равишда туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари (бундан буён матнда марказ деб юритилади) орқали амалга оширилади.
4. Жиҳозлаш ишларига фуқароларни оммавий равишда жалб қилишни ташкил этиш учун иш берувчи марказга талаб қилинадиган фуқаролар сони, уларнинг малакаси (мутахассислиги, кўникмалари) ҳамда жиҳозлаш ишлари олиб бориладиган жой ҳақидаги маълумотни олдиндан тақдим этади.
Марказга тегишли маълумотлар келиб тушгандан сўнг ишсиз деб эътироф этилган шахслар орасидан тегишли малакага (мутахассисликка, кўникмага) эга бўлган ва жиҳозлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда яшайдиган шахсларга беш кун ичида ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилади ва бир вақтнинг ўзида иш берувчига ишга жойлашувчиларнинг рўйхати тақдим этилади.
5. Жиҳозлаш ишларига қабул қилинган фуқаролар билан меҳнат шартномаси, қоида тариқасида, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилади.
6. Маҳаллий аҳоли орасидан жиҳозлаш ишларига жалб қилинган фуқаролар иш берувчининг штат бирлигидан ташқари қабул қилинади.
7. Жиҳозлаш ишларини амалга оширишда иш берувчи махсус режимни (хавфсизликни) таъминлаш мақсадида айрим фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин.
8. Фуқароларнинг меҳнат дафтарчалари Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 402, 1998 йил 29 январь) мувофиқ юритилади.
9. Фуқароларнинг бажарган иши учун иш ҳақини тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 июлдаги 206-сонли қарори билан тасдиқланган Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси асосида ва жиҳозлаш ишлари учун белгиланган миқдорда ҳисобга олинган даврда бажарилган ишлар ҳажмига кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай шаклида амалга оширилади.
Жиҳозлаш ишларининг айрим турлари учун иш ҳақини тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида амалга оширилиши мумкин.
Ҳисобга олинадиган давр иш берувчи томонидан иш кунларида белгиланади.
10. Агар жиҳозлаш ишлари район коэффициентлари ва устамалар жорий қилинган табиий-иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда олиб борилаётган бўлса, фуқароларнинг меҳнат ҳақини ҳисоблашда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган район коэффициентлари ва устамалар қўлланилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
11. Иш ҳафтасининг тури ва иш вақти режими (кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, фуқароларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) иш берувчи томонидан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Иш вақти ва бажарилган иш ҳажмининг ҳисоби иш берувчи томонидан кундалик равишда юритилади.
12. Зарур бўлган ҳолларда ва фуқароларнинг розилиги билан жиҳозлаш ишлари олиб борилаётган объектдаги иш вахта усулида амалга оширилиши мумкин. Бунда мазкур ишлар Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта услуби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 551, 1998 йил 28 ноябрь) мувофиқ амалга оширилади.
13. Жиҳозлаш ишларини молиялаштириш, жумладан фуқароларнинг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўлов бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан амалга оширилади.
14. Иш ҳақи иш берувчининг молиявий ҳужжатларида алоҳида сатрда акс эттирилади.
Фуқароларнинг олган даромадларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинади.
(14-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
3-боб. Якуний қоидалар
15. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
16. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилган.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
2015 йил 6 май
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ
2015 йил 6 май
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 23-сон, 311-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)