Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида
протокол
Ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бундан кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг талабига, Янги Европа учун Париж Хартияси ва бошқа халқаро ҳуқуқ нормалари руҳидан келиб чиққан қолда икки давлат ва халқлар ўртасида дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ўзаро аҳамиятга молик бўлган бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни шериклик, тенглик ва ўзаро манфаат принциплари асосида ривожлантиришга ҳисса қўшишни истаб, халқаро ташкилотлар ва учрашувлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган ҳолда,
ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалаларини тезда ҳал қилиш учун имконият яратишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболларини, ҳар икки Томон учун аҳамиятли бўлган минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш мақсадида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2-модда
Томонлар 1-моддада кўрсатилган масалалар бўйича камида йилда бир марта маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Маслаҳатлашувлар навбати билан Тошкент ва Никосияда ёки халқаро учрашувлар давомида ўтказилади. Делегация даражаси, кун тартиби ва маслаҳатлашувларнинг вақти дипломатик каналлар орқали келишилади.
3-модда
Маслаҳатлашувлар қуйидаги масалаларни қамраб олиши мумкин:
а) сиёсат, иқтисодиёт, технологиялар, туризм, маданият, таълим, фан ва тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек халқлар ўртасидаги алоқаларга кўмаклашиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари;
б) икки томонлама битимларни бажариш масалалари бўйича маълумот алмашиш, шунингдек ўзбек-кипр муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашишнинг янги шаклларини ишлаб чиқиш;
в) ўзаро аҳамиятга молик минтақавий ва халқаро масалалар.
4-модда
Томонлар ўз ваколатлари доирасида ҳар икки давлатнинг бошқарув органлари ва муассасалари, шунингдек жамоат ва илмий ташкилотлари ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ёрдам кўрсатадилар.
5-модда
Томонлар ҳар икки мамлакат давлат муассасалари томонидан ташкил этилган халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги малака ошириш ва махсус курсларда ўзаро ўқитиш орқали ўз дипломатларига бевосита алоқалар ўрнатиш ва тажриба алмашиш учун қулай шароит яратадилар.
6-модда
Ҳар икки Томоннинг халқаро конференциялар ва учрашувлардаги вакиллари, шунингдек ҳар икки давлатнинг учинчи мамлакатлардаги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлардаги дипломатик ваколатхоналари ҳар икки Томон учун ўзаро аҳамиятли бўлган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
7-модда
Мазкур Протокол имзоланган санадан кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томондан унинг амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисидаги хабарномасини олгандан сўнг уч ой ўтгач амал қилишдан тўхтайди.
2012 йил 5 апрелда Тошкент шаҳрида, ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Протокол қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)