Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати, бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилади,
Ҳар иккала мамлакат учун ўзаро манфаатли бўлган иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштиришни назарда тутган ҳолда,
Бир Давлат инвесторларининг иккинчи Давлат ҳудудидаги йирик инвестициялари учун қулай шароит яратиш мақсадини кўзлаган ҳолда,
Мазкур Битим асосида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш ҳар иккала Давлатнинг ўзига хос ишчанлик ташаббуси ва равнақ топиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилишини эътироф этган ҳолда,
қуйидагилар хусусида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадларига эришиш учун:
1. «Инвестиция» атамаси барча турдаги активларни ўз ичига олади ва қуйидагиларни ҳам қўшиб ҳисоблаган ҳолда ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига мувофиқ тарзда қўлланилади:
а) қўзғалувчи ва қўзғалмас мулк, бундай мулкка ҳамда барча турдаги мулкка нисбатан ҳар қандай эгалик ҳуқуқлари;
б) акциялар, облигацияларга эга бўлиш ва компанияларда иштирок этишнинг бошқа турлари натижасида олинган ҳуқуқлар;
в) пул талабномалари, компаниянинг хизмат муносабатлари ва бошқа улушлари ҳамда молиявий қимматга эга бўлган ҳар қандай фаолиятга тегишли ҳуқуқларга оид талаблар;
г) интеллектуал мулк, технологик жараёнлар ва ноу-хау соҳасидаги ҳуқуқлар;
д) қонун ёки контрактга мувофиқ равишда берилган ҳуқуқлар, табиий ресурсларни топиш, ишлаб чиқариш, қазиб олиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини ўз ичига олувчи ишчан концессиялар.
2. Ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ инвестицияланган ва қайта инвестицияланган активлар шаклининг ўзгариши уларнинг инвестиция сифатида ушбу Битимда қайд этилган моҳияти характерига таъсир кўрсатмайди.
3. «Инвестор» атамаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган инвестицияларга нисбатан:
а) Исроил Давлати фуқароси ҳисобланувчи, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган;
б) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ёки доимий яшовчилари Томонидан бевосита ёки билвосита равишда назорат қилинмайдиган компаниялар, шу жумладан, Исроил Давлатининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ тарзда рўйхатдан ўтказилган ёки тузилган корпорациялар, фирмалар ва ассоциациялар.
Исроил Давлатида амалга оширилган инвестицияларга нисбатан:
а) Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланиб, бир вақтнинг ўзида Исроил Давлатининг фуқароси ёки доимий яшовчиси бўлмаган жисмоний шахслар;
б) Исроил Давлатининг фуқаролари ёки доимий яшовчилари Томонидан бевосита ёки билвосита равишда назорат қилинмайдиган компаниялар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган ёки тузилган корпорациялар, фирмалар ва ассоциациялар.
4. «Даромадлар» атамаси инвестициядан, шу жумладан, инвестициялар, даромадлар, инвестицияларни тўлалигича ёки қисман тугатишдан олинган суммалар, фоизлар, мулк қийматининг ўсиши, роялти ва хизмат турлари учун тўловлардан олинган даромадлар суммаларини ўз ичига олади.
5. «Ҳудуд» атамаси Аҳдлашувчи ҳар бир томонга нисбатан ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудини, шу жумладан, ҳудудий сув, континентал шельф ва Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг суверен ҳуқуқларини амалга оширишлари мумкин бўлган ёки халқаро ҳуқуққа мувофиқ унинг юрисдикциясида бўлган ва эксклюзив иқтисодий зоналарни билдиради.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини рағбатлантиради ва уларни амалга ошириш учун барча қулай шароитларни яратади ҳамда ўзига қонун томонидан берилган ҳуқуқларга мувофиқ равишда шундай сармоялар киритишга йўл қўяди.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари амалга оширадиган инвестициялари учун иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида адолатли ва бир хил режим, тўлиқ ҳимоя ва хавфсизлик таъминланади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч қайсиси ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг менежмент, хизматлар кўрсатиш, инвесторларнинг инвестицияларини қўллаш ва жойлаштириш, улардан фойдаланиш борасида асоссиз ёки уларни камситувчи чоралар қўлланишига йўл қўймайди.
3-модда
Миллий режим ва мумкин қадар қулайликлар яратиш режими қоидалари
Миллий режим ва мумкин қадар қулайликлар яратиш режими қоидалари
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари ёки даромадлари учун ўз инвесторларининг инвестициялари ёки даромадлари учун ёки исталган учинчи Давлат инвесторларининг инвестициялари ёки даромадлари учун яратилганидан кўра зиёдроқ имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратиб беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари учун менежмент, хизматлар кўрсатиш, уларнинг инвестицияларидан фойдаланиш, уларни қўллаш ва жойлаштириш борасида ўз инвесторлари ёки исталган учинчи давлат инвесторлари учун яратилганидан кўра янада қулайроқ бўлган режим яратиб беради.
4-модда
Зарарлар учун товон тўлаш
Зарарлар учун товон тўлаш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвестори инвестицияларига бошқа Аҳдлашувчи томон ҳудудида содир бўлган уруш ёки бошқа қуролли тўқнашувлар, инқилоб, фавқулодда ҳолатлар, исён, қўзғолон, фуқаролар ўртасидаги тартибсизликлар ёки шунга ўхшаш бошқа воқеалар оқибатида етказилган зарарларни қоплаш ана шу Аҳдлашувчи Томонга бошқа Аҳдлашувчи Томон ўз инвесторлари ёки исталган учинчи Давлат инвесторлари учун яратилганидан кўра янада қулайроқ режимда реституциялар, товон тўлаш ёки зарарларни қоплаш тарзида амалга оширилади. Бундай тўловлар эркин равишда ўтказилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандига холис муносабатда бўлган ҳолда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвесторларига бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида юқорида санаб ўтилган вазиятлардан бирортаси оқибатида, яъни:
а) уларнинг мулки бошқа Томоннинг кучи ёки ҳукмронлиги натижасида реквизиция қилинган ҳолда, ёки
б) уларнинг мулки босқинчилик хатти-ҳаракати содир этилганлиги туфайли ёки вазият тақозоси билан юз бермаган ҳолатларда бошқа Томоннинг кучи ёки ҳукмронлиги натижасида вайрон этилган ҳолда етказилган зарар учун реституция ёки айнан шундай товон тўловлари тўланади.
5-модда
Экспроприация
Экспроприация
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар иккаласи инвесторларининг инвестициялари, ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг ички заруриятлари билан боғлиқ бўлган жамоат мақсадларидан мустасно бўлган ҳолларда, национализация қилинмайди, экспроприация қилинмайди ёки уларга нисбатан табиатан шунга ўхшаш тадбирлар қўлланилмайди, ёхуд бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида экспроприация (бундан буён «экспроприация» деб юритилади), камситмаслик асосида улар учун тез орада, айнан ва фойдали товон тўланади. Бундай товон тўлаш бевосита экспроприация қилингунга қадар ёки бундан аввал қандай ҳол юз берганлигига боғлиқ равишда зарурий экспроприация барчага овоза қилинган вақтда, экспроприация қилинган инвестицияларнинг бозор нархига мувофиқ равишда ана шу тўловлар кунигача Аҳдлашувчи Томон тақдим этган ставка бўйича ўтказилган фоизларни ўз ичига олади ҳамда эркин равишда исталган жойга ўтказилади. Экспроприациядан зиён кўрган инвесторлар Аҳдлашувчи Томон қонунларига кўра ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг суд ёки бошқа тегишли органлари томонидан уларнинг иши тезда кўриб чиқилишини ва мазкур бандда белгиланган принципларга мувофиқ равишда уларнинг инвестициялари қийматига баҳо берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
2. Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида амалда бўлган қонунларга кўра рўйхатдан ўтказилган ёки ташкил этилган компаниянинг активлари ва Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторлари эга бўлган акциялари 1, 3-модданинг моҳияти доирасида экспроприация қилинганда ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторлари бошқа мулкий ҳуқуқларга эга бўлган ҳолларда мазкур модданинг шундай акциялари ёки бошқа мулкий ҳуқуқларга эга бўлган бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторининг инвестицияларига нисбатан тезда, айнан ва фойдали товон тўлаш тўғрисидаги 1-банди қоидалари кучга киради.
6-модда
Инвестициялар ва даромадларни репатриация қилиш
Инвестициялар ва даромадларни репатриация қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари борасида инвестор ўзининг барча солиқ мажбуриятларига риоя қилган ва валюта тартиботлари қоидаларида белгилаб берилган барча талабларни бажарган ҳоллардагина уларнинг инвестициялари ва даромадларини эркин равишда ўтказишга нисбатан жорий инвестициялари амалга оширилган кунда кучга эга бўлган барча ҳуқуқ ва имтиёзлар учун кафолат беради. Пул ўтказиш ортиқча кечикишсиз сармоя дастлаб инвестицияланган муомаладаги валютада ёки инвестор ва тегишли Аҳдлашувчи Томон ўртасидаги келишувга биноан эркин муомаладаги бошқа валютада амалга оширилади. Агар инвестор билан бошқа тарзда келишилмаган бўлса, пул ўтказилаётган вақтдаги мавжуд валюта алмаштириш курси бўйича пул ўтказиш мумкин.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг валюта курси қоидаларига ўзгаришлар киритилган ҳолда, ана шу Аҳдлашувчи Томон бундай ўзгаришлар ўз ҳудудида амалга оширилган инвестицияларга зиён етказмаслиги хусусида кафолат беради.
7-модда
Истиснолар
Истиснолар
Мазкур Битимнинг исталган Аҳдлашувчи Томон ёки исталган учинчи Давлат инвесторлари учун яратилажак энг қулай режим хусусидаги қоидалари Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бирини бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларига нисбатан қуйидагилар билан боғлиқ равишда кўзда тутилган афзал режим, устунлик ёки имтиёзларни қўллашга мажбур этмайди:
а) тўлалигича ёки қисман солиқ солишнинг шартларига тегишли бўлган ҳар қандай халқаро битим ёки шартнома ёхуд тўлалигича ёки қисман солиқ солиш шартларига оид ички қонунчилик;
б) мавжуд бўлган ва келгусида тузиладиган ҳар қандай божхона уюшмаси, эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим ёки исталган Аҳдлашувчи Томон аъзоси ҳисобланган ёки аъзоси бўлиши мумкин бўлган бир хил халқаро битим;
8-модда
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низолар
Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги низолар
1. Аҳдлашувчи Томон ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ўртасида иккинчи Томоннинг биринчи Томон ҳудудидаги инвестицияларига нисбатан юзага келган ҳар қандай ҳуқуқий низоларни имзолаш учун 1965 йил 18 мартда Вашингтонда очилган Давлатлар ва бошқа Давлатлар фуқаролари ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этиш тўғрисидаги Конвенцияга мувофиқ махсус Битим ёки арбитраж йўли билан ҳал этиш учун мазкур Битим ҳар бир Аҳдлашувчи Томонга Инвестицион низоларни ҳал этувчи Халқаро Марказ (бундан буён «Марказ» деб юритилади)га мурожаат қилиш мажбуриятини юклайди.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида амалдаги қонунчиликка мувофиқ равишда ташкил этилган ёки рўйхатдан ўтказилган ва бундай низолар пайдо бўлгунга қадар акцияларнинг кўпчилиги фуқароларга ёки Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг компанияларига тегишли бўлган компанияларга Конвенциянинг 25(2)(б)-моддасига мувофиқ Конвенция мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг компанияси сифатида қаралади.
3. Агар шундай низолар пайдо бўлса ва ўзаро келишув ёки низо пайдо бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб уч ой мобайнида ўзга тарзда ҳал этилмаса, зиён кўрган инвестор Марказнинг Бош котибига Конвенциянинг 28 ёки 36-моддаларига мувофиқ шу хусусда илтимос билан мурожаат этган ҳолда ишни арбитраж йўли билан кўриб чиқилишини ташкил этиши мумкин.
Низолардаги иккинчи томон бўлиб ҳисобланувчи инвестор контракт суғуртасига мувофиқ кўрилган зарарларнинг бир қисми ёки тўла ҳажмидаги товон тўловларини олиши учун низоларда биринчи томон бўлиб ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон иш кўрилаётган жараённинг ҳеч бир босқичида ёки қарор чиқарилаётганда эътирозлар билдирмайди.
4. Қуйидаги ҳолларда ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон кўриб чиқиш учун Марказга топширилган низоларни ҳал этиш ишига дипломатик каналлар орқали таъсир кўрсата олмайди, бордию:
а) Марказнинг Бош котиби ёки келиштирувчи комиссия ёки улар томонидан тузилган ҳакамлик суди низо Марказ юрисдикциясидан ташқари деб қарор қилса;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳакамлик суди томонидан чиқарилган ҳар қандай қарорни бажармаган ҳолларда.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш борасидаги низолар имкониятга кўра, шу жумладан, агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ҳам ана шу ҳар иккала Аҳдлашувчи Томонларнинг вакилларидан ташкил топган Икки томонлама Комиссияга мурожаат этиш имкониятига эга бўлишни истасалар дипломатик каналлар орқали мувофиқлаштирилиши лозим.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар улар пайдо бўлганлиги тўғрисида хабар берилган кундан бошлаб олти ой мобайнида бундай йўл билан ҳал этилмаса, исталган Томоннинг илтимосига кўра иш ҳакамлик судига топширилади.
3. Бундай ҳакамлик суди ҳар бир конкрет иш учун қуйидаги тартибда тузилади: арбитраж тўғрисида илтимоснома олингандан сўнг икки ой мобайнида ҳар бир Аҳдлашувчи Томон биттадан суд аъзосини тайинлайди. Суднинг ана шу икки аъзоси учинчи Давлат фуқаросини тайинлайди ва у ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг розилигига биноан суд Раиси этиб тайинланади. Суд Раиси суднинг ҳар икки аъзоси тайинланган кундан сўнгги икки ой муддат мобайнида тайинланиши лозим.
4. Агар мазкур модданинг 3-бандида белгиланган давр мобайнида зарурий тайинлов амалга оширилмаса, исталган Аҳдлашувчи Томон, бошқа келишув бўлмаган ҳолда зарурий тайинловни ўтказиш учун Париждаги Халқаро Савдо Палатасининг Халқаро Суди (бундан буён ХСП деб юритилади) Президентини таклиф этишга ҳақли. Агар Халқаро Суд Президенти Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки у белгиланган вазифаларни бажара олмаса, зарурий тайинлов учун Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган Вице-Президент таклиф этилади.
5. Ҳакамлик суди ўз қарорларини кўпчилик овоз билан қабул қилади. Бундай қарорлар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз суд аъзоси ва арбитраж ишидаги ўз вакилига сарфланадиган харажатларни тўлайди. Иш кўрилаётган даврда суд Раиси учун сарфланадиган ва бошқа харажатларни Томонлар тенг равишда биргаликда тўлайдилар. Ишни кўриб чиқишнинг тартиб-қоидалари ҳакамлик суди томонидан белгиланади.
10-модда
Суброгация
Суброгация
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёки у ваколатли этиб тайинлаган Агентлик («Биринчи Аҳдлашувчи Томон») бошқа Аҳдлашувчи Томон («Иккинчи Аҳдлашувчи Томон») ҳудудидаги инвестицияларга нисбатан зарарларни қоплаш бўйича товон тўловларини амалга оширадиган бўлса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон қуйидагиларни тан олади:
а) Товон тўловлари олувчи Томоннинг қонунга кўра ёки қонуний операцияларга оид барча ҳуқуқ ва талаблари биринчи Аҳдлашувчи Томонга ўтади;
б) биринчи Аҳдлашувчи Томон товон тўловлари олувчи Томон сингари суброгация принципларига мувофиқ ўз ҳуқуқларини амалга ошириши ва шундай талабларни қўя олиши учун ҳам ўз зиммасига инвестияцилар билан боғлиқ бўлган мажбуриятларни олади.
2. Ҳар қандай ҳолатларда ҳам биринчи Аҳдлашувчи Томон қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
а) берилган ҳуқуқ ва талабларга мувофиқ эга бўлган ҳуқуқ, талаб ва мажбуриятларига нисбатан бирдек режим;
б) шундай ҳуқуқ ва талаблар натижасида олинган ҳар қандай тўловлар, шунингдек товон тўловлари олувчи Томон сифатида у инвестициялар ва улар билан боғлиқ бўлган даромадларга нисбатан ушбу Битимга мувофиқ товон тўловлари олиш ҳуқуқига эга.
11-модда
Бошқа қоидаларни қўллаш
Бошқа қоидаларни қўллаш
Агар исталган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигидаги қоидалар ёки ҳозирда мавжуд бўлган амалдаги халқаро қонунчилик билан боғлиқ бўлган ёки Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида қўшимча тарзида ушбу Битимни тўлдириш учун киритилган мажбуриятлар умумий ва махсус қоидалардан иборат бўлса, мазкур битимга кўра бир Аҳдлашувчи Томон инвесторлари учун яратиладиган режимдан кўра янада яхшироқ режим яратиш ҳуқуқини беради, бундай Қоидалар ўзининг афзалликлари билан ушбу Битимдан кўра устун ҳисобланади.
12-модда
Битимни қўллаш
Битимни қўллаш
Ушбу Битимнинг қоидалари мазкур Битим қонуний кучга кирган ёки у кучга киргунга қадар бўлган даврда амалга оширилган инвестицияларга нисбатан қўлланади.
13-модда
Битимнинг қонуний кучга кириши
Битимнинг қонуний кучга кириши
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон Битимнинг қонуний кучга кириши учун талаб этиладиган ўзининг ички тартиботлари тугаганлиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни дипломатик каналлари орқали ёзма равишда хабардор қилади. Бошқа Аҳдлашувчи Томон бу ҳақда хабарнома олган кундан бошлаб Битим қонуний кучга киради.
14-модда
Битимнинг амалда бўлиш ва уни ҳаракатдан тўхтатиш муддатлари
Битимнинг амалда бўлиш ва уни ҳаракатдан тўхтатиш муддатлари
Мазкур Битим ўн йил давомида қонуний кучга эга ҳисобланади.
Агар Томонлар ушбу Битимни ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисида ёзма равишда хабар қилмасалар, у ўн йиллик муддат тугагандан сўнг ўз кучида қолади, орадан 12 ой ўтгач эса Битим бекор қилинади. Мазкур Битим кучга эга бўлган даврда амалга оширилган инвестицияларга нисбатан Битим қоидаларининг кучи Битим ҳаракатдан тўхтатилган санадан сўнг ўн йиллик муддат мобайнида ҳам сақланиб қолади ва улар умумий халқаро ҳуқуқ қоидаларига мувофиқ равишда қўлланилади.
Ушбу Битимни ўз Ҳукуматлари Томонидан лозим даражада ваколат олган шахслар қуйида имзо чекувчилар гувоҳлигида имзоладилар.
Тошкент шаҳрида, 1994 йил 4 июлида, яъни 5754 йилда, икки нусхада тузилган, ҳар бири ўзбек, иврит ва инглиз тилида ёзилган, барча матнлар бир хил кучга эга. Матнлар талқинида келишмовчиликлар юзага келса, инглиз тилидаги Битим устун кучга эга ҳисобланади.
(имзолар)