Самарқанд вилояти ҳокимининг
Қарори
Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлар ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорларини белгилаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 43-сон, 530-модда) талабига мувофиқ вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансидаги ерлардан самарали фойдаланишни яхшилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлардан ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдори иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Яйлов мавсуми йилнинг келишига қараб йил якунигача белгилансин.
3. Қоракўлчилик ширкат хўжаликларидаги яйловлардан ундириладиган тўловлар тўлиқ ширкат хўжаликларнинг жорий йил учун бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга ҳисобланадиган солиқ тўловларига, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалар олдидаги кредиторлик қарзларини сўндиришга йўналтирилсин.
4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари А. Нурқулов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким З. МИРЗАЕВ
Самарқанд ш.,
2015 йил 25 март,
76-Қ-сон
Вилоят ҳокимининг 2015 йил 25 мартдаги 76-Қ-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлар ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун тўлов
МИҚДОРИ
1. Қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлардан ташкилотлар, корхоналар, фермер ва ёрдамчи хўжаликларининг бир бош чорваси учун бир мавсумда:
йирик шохли мол учун — энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида;
қўй ва эчкилар учун — энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида;
от ва туялар учун — энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида;
2. Қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлардан қўшимча фойдаланиш учун фуқаролар чорваси бир мавсумда:
йирик шохли мол учун — энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;
қўй ва эчкилар учун — энг кам иш ҳақининг 8 фоизи миқдорида;
от ва туялар учун — энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида;
3. Қоракўлчилик ширкат хўжаликларидаги пичанзорлардан хашак тайёрлашда бир гектар майдон учун энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида.
4. Қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансидаги қўра-қўтон ва сув иншоотларидан фойдаланганлиги учун 1 йилга энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида.
5. Бир гектар майдонга чорва молларини жойлаштириш меъёри:
бир бош майда шохли молларни жойлаштириш учун 2,7 гектар майдон;
бир бош йирик шохли мол, от, туя жойлаштириш учун 5 гектар майдон.