Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокимининг
Қарори
Туман ҳудудида юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2021 йил 7 майдаги 219/30-VI-сонли «Самарқанд вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 25 майдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил 1-2-сон) ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин.
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган, одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар-бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган транспорт воситалари — икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган холда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
3. Мазкур қарорнинг 2-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта — 1 сентябрдан 31 октябргача.
Юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 2 мартдан 31 августгача ўтказилиши белгилансин.
*1-2-илова берилмайди.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори 3-банди талабларидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик хизмати ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари мажбурий техник кўриклари ўз юқори ташкилотларининг қарори ва иш режаси асосида амалга оширилиши назарда тутилсин.
6. Мажбурий техник кўрик давомида комиссия таркибида иш олиб борган ходимларнинг доимий иш жойларидаги ойлик иш ҳақлари сақланиб қолинсин.
7. Ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (Низомнинг 5-бандининг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) икки йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказилсин.
8. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
9. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2014 йил 6 мартдаги 133-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Ушбу қарор ижросини таъминлаш Ургут туман ИИБ бошлиғи (А.Ҳошимов) зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Ўроқов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ҳ. ОҚБЎТАЕВ
Ургут т.,
2015 йил 5 март,
177-Қ-сон