Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ўзларининг халқаро мажбуриятларини эътиборга олиб,
иккала давлат учун фавқулодда вазиятлар туғдираётган хавфни англаб,
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида илмий-техникавий ахборот алмашиш ўзаро қизиқиш уйғотишини ҳисобга олиб,
фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорлик иккала давлатнинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашини тан олиб,
Томонлардан бирининг куч ва воситалари билан бартараф этиш мумкин бўлмай қоладиган фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши мумкинлиги ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида иккала давлатнинг ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатига талаб мавжудлигини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишдаги аҳамиятини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадларида келтирилган атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
1) «ваколатли орган» — ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш учун ҳар бир Томондан тайинланадиган давлат органи;
2) «сўраётган Томон» — бошқа Томонга ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳ ёки экспертлар, жиҳоз ва материаллар юбориш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилаётган Томон;
3) «ёрдам кўрсатаётган Томон» — бошқа Томоннинг ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳ ёки экспертлар, жиҳоз ва материалларни юбориш бўйича илтимосини қондираётган Томон;
4) «ёрдам кўрсатиш гуруҳи» — ёрдам кўрсатаётган Томоннинг зарур асбоб-анжомлар билан фавқулодда вазият зонасида 72 соат мобайнида узлуксиз ҳаракат қилишга етарли даражада таъминланган, ёрдам бериш учун мўлжалланган мутахассислар гуруҳи;
5) «эксперт» — ёрдам кўрсатаётган Томоннинг сўраётган Томон давлати ҳудудига ёрдам бериш учун юборилаётган маълум соҳа мутахассиси;
6) «фавқулодда вазият» — одамлар қурбон бўлиши, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етиши, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқариши ҳамда одамлар ҳаёти ва фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, техноген ва табиий ҳалокат, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган вазият;
7) «фавқулодда вазият зонаси» — фавқулодда вазият юзага келган ҳудуд;
8) «иш участкаси» — фавқулодда вазият юз берган зонадаги авария-қутқарув ишлари олиб борилаётган ҳудуд;
9) «фавқулодда вазиятнинг олдини олиш» — олдиндан ўтказиладиган ва фавқулодда вазият пайдо бўлиш хавфини мумкин қадар камайтиришга қаратилган ва шунингдек бу вазият пайдо бўлган тақдирда одамлар соғлиғини сақлашга, атроф-муҳитга етказилган зарар ва моддий талафот ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи;
10) «фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш» — фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказилиб, одамлар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарни ҳалқага олиб, хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган авария-қутқарув ишлари ва улар билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишлар;
11) «авария-қутқарув ишлари» — фавқулодда вазиятлар зоналарида инсон ҳаёти, моддий ва маданий бойликларни сақлаб қолишга, табиий муҳитни муҳофаза қилишга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга — хос хавфли омилларни йўқотиш ёки уларнинг таъсирини мумкин қадар камайтиришга қаратилган ҳаракатлар;
12) «асбоб-ускуна» — ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳ ёки экспертларининг материаллари, техник ва. транспорт воситалари, аслаҳа-анжомлари, шу жумладан ёрдамчи итлар ва гуруҳ аъзоларининг ёки экспертларининг шахсий аслаҳалари, дори-дармонлар ва тиббий асбоб-ускуналар;
13) «таъминот материаллари» — фавқулодда вазиятда жабрланган аҳолига тарқатиш учун мўлжалланган ва яроқлилик муддати тугамаган моддий воситалар,
14) «учинчи давлатлар» — ушбу Битимнинг иштирокчилари бўлмаган давлатлар.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
1. Томонлар қуйидаги ваколатли органларни тайинлайдилар:
Ўзбекистон Республикаси томонидан — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги;
Латвия Республикаси томонидан — Латвия Республикаси Ички ишлар вазирлиги.
2. Бошқа ваколатли органлар тайинланганда ёки мавжуд ваколатли органларнинг номлари ўзгарганда Томонлар бу тўғрисида бир-бирларини ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор этадилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Ушбу Битим доирасидаги ҳамкорлик қуйидагиларни кўзда тутади:
1) фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ўзаро ёрдам бериш;
2) Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида баҳамжиҳатликни таъминлаш;
3) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш ва амалга ошириш;
4) аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашни ташкиллаштириш бўйича тажриба алмашиш;
5) илмий тадқиқот лойиҳаларини биргаликда режалаштириш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги илмий-техникавий адабиёт ва тадқиқот ишлар натижалари билан алмашиш;
6) мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ бўлган миллий норматив ҳужжатлар билан алмашиш;
7) фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш билан боғлиқ ахборот, даврий нашрлар, услубий ва бошқа адабиёт, видео ва фотоматериаллар билан алмашиш;
8) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида қўшма конференциялар, семинарлар, ишчи кенгашлар, машқлар ва ихтисослаштирилган кўргазмалар ташкил этиш;
9) биргаликда нашрлар ва маърузалар тайёрлаш;
10) келишилган тартибда Томонлар давлатларининг ўқув юртларида мутахассислар тайёрлаш ҳамда стажерлар, ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар билан алмашиш;
11) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларига баҳо бериш мақсадида табиий муҳит мониторингини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича ахборот алмашиш;
12) Томонлар ваколатли органлари келишуви бўйича фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида бошқа фаолият.
4-модда
Қўшма комиссия
Қўшма комиссия
Ушбу Битимни бажариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун Томонлар ваколатли органлари фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия тузадилар. Унинг таркиби, вазифалари, мақсадлари ва иш тартиби ваколатли органлар раҳбарлари томонидан тасдиқланган қўшма комиссия низоми билан белгиланади.
5-модда
Фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар бериш
Фавқулодда вазиятлар ҳақида хабар бериш
Томонларнинг ваколатли органлари бошқа Томон давлати ҳудудига тарқалиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар тўғрисида ёзма, зарур ҳолларда эса оғзаки инглиз ёки рус тилида, агар Томонларнинг ваколатли органлари бошқа ҳақида келишиб олмаган бўлсалар, кечиктирмасдан ахборот алмашади.
6-модда
Фавқулодда вазиятларни тугатишда ёрдам кўрсатиш
Фавқулодда вазиятларни тугатишда ёрдам кўрсатиш
1. Ёрдам ёзма сўровга асосан кўрсатилади, унда сўраётган Томон фавқулодда вазиятнинг хусусияти тўғрисида ахборот тақдим этади, зарур ёрдам тури, ҳажми ва тақдим этиш муддатларини кўрсатади.
2. Ёрдам кўрсатаётган Томон қисқа муддатда сўровни кўриб чиқиб, сўраётган Томонни бериладиган ёрдам имконияти, ҳажми ва шартлари тўғрисида хабардор қилади.
3. Бир Томоннинг ваколатли органи ўз давлатининг тегишли муассасаларига бошқа Томоннинг ёрдам беришга розилиги ҳақида, кўрсатилаётган ёрдам тури, ҳажми, муддати ва ушбу Битимни бажариш учун бошқа зарур маълумотлар ҳақида ахборот беради.
4. Сўраётган Томоннинг ваколатли органи ёрдам берувчи гуруҳлар ёки экспертлар ҳаракатларига шу гуруҳлар раҳбарлари орқали раҳбарлик қилади, мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
5. Ёрдам кўрсатаётган гуруҳ аъзолари ёки экспертлар сўраётган Томон ҳудудида бўла туриб, у давлат қонунларига риоя қилишлари шарт.
7-модда
Фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш тартиби
Фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш тартиби
1. Фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам, ёрдам кўрсатиш гуруҳлари ёки экспертлар, таъминот материалларини юбориш ёки бошқа сўралган турда кўрсатилади.
2. Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари ёки экспертларидан авария-қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни бажариш учун фойдаланилади.
3. Сўраётган Томоннинг ваколатли органи ёрдамга келган гуруҳ раҳбарларига фавқулодда вазият зонасидаги ва муайян иш участкаларидаги вазият ҳақида ахборот беради ва зарур ҳолларда ушбу гуруҳлар ва экспертларни таржимонлар, алоқа воситалари, ҳимоя, бепул тиббий ёрдам билан таъминлайди ва бу ҳаракатларни мувофиқлаштиради.
4. Анжомлар захираси тугаганда сўраётган Томон ёрдамга келган гуруҳларни кейинги ишларини давом эттириши учун зарур воситалар билан бепул таъминлайди.
5. Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари вакилларининг ёки экспертларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, шунингдек жиҳозлашни ёрдам кўрсатаётган Томон амалга оширади.
8-модда
Ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳларнинг ёки экспертларнинг давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари
Ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳларнинг ёки экспертларнинг давлат чегарасини кесиб ўтиш шартлари
1. Ёрдам бериш гуруҳи аъзолари ёки экспертлар учун визалар ёки транзит визалар (агар ёрдам учинчи давлатга кўрсатилаётган бўлса) зудлик билан берилади, шу жумладан давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида амалдаги йўл ҳужжатларини, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни, ёрдам кўрсатиш гуруҳлари вакиллари ёки экспертлар рўйхати, анжомлар ва таъминот материаллари рўйхати, ёрдам кўрсатаётган Томоннинг ваколатли органидан ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳ раҳбарига ваколат берилганлиги ҳақидаги ҳужжат, шунингдек сўраётган Томоннинг ёки транзит ҳолларда учинчи давлатнинг ёзма сўрови тақдим этилганда,
2. Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари ёки экспертлар сўраётган Томон давлат чегарасини халқаро алоқалар учун мўлжалланган кесиб ўтиш жойидан навбатсиз кесиб ўтадилар.
3. Кинологик гуруҳларни чегарадан ўтказиш ва уларнинг сўраётган Томон ҳудудида бўлишлари сўраётган Томон давлати ҳудудидаги амалдаги карантин қоидаларига асосан амалга оширилади.
4. Ёрдам кўрсатиш гуруҳлари аъзолари ёки экспертларининг кўчиб юриши, уларнинг асбоб-ускуналари ва таъминот материалларини ташиш автомобиль, темир йўл, сув ёки ҳаво транспорти билан амалга оширилади. Тегишли транспорт воситаларининг ҳайдовчиларида тегишли транспорт воситасини бошқаришга ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар, шунингдек транспорт воситасининг рўйхат гувоҳномаси бўлиши керак, ҳаракатдаги темир йўл составининг рўйхат гувоҳномаси бундан мустасно.
5. Транспорт воситаларининг турлари ва улардан фойдаланиш тартиби Томонларнинг ваколатли органлари томонидан тегишли муассасалари билан келишилган ҳолда белгиланади.
9-модда
Фавқулодда вазиятлар оқибатини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун асбоб-ускуна ва таъминот материалларини олиб кириш ва олиб чиқиш
Фавқулодда вазиятлар оқибатини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун асбоб-ускуна ва таъминот материалларини олиб кириш ва олиб чиқиш
1. Сўраётган Томон давлат ҳудудига фавқулодда вазиятларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун сўраётган Томон давлат ҳудудига олиб кириладиган ва ёрдам кўрсатаётган Томон давлати ҳудудидан олиб чиқилаётган асбоб-ускуна ва таъминот материаллари товар олиб кирилаётганда тўланадиган божхона ва бошқа солиқлардан, иқтисодий тусдаги тақиқлардан ва чеклашлардан Томонлар давлатлари қонунчилиги ўрнатган тартибда озод қилинади.
2. Асбоб-ускуна ва таъминот материаллари божхона расмиятчилигидан ёрдам кўрсатиш гуруҳлари ёки экспертлар таркиби, олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган асбоб-ускуна ва таъминот материаллари кўрсатилган Томонларнинг ваколатли органлари берган рўйхатларни текшириш асосида осонлаштирилган ҳолда ва устувор тартибда ўтказилади.
3. Ёрдам бериш гуруҳлари ёки экспертлар фақат асбоб-ускуна ва таъминот материалларини ташиш ҳуқуқига эга.
4. Ёрдам ишлари тугаши билан олиб кирилган асбоб-ускуна сўраётган Томон давлати ҳудудидан божхона органлари билан келишилган ҳолда олиб чиқилиши лозим.
5. Фавқулодда вазиятда зарар кўрган шахсларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш зарурати туғилганда сўраётган Томон давлати ҳудудига дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур миқдорда, таркибида наркотик воситалар ва психотроп моддалар бор дори-дармонлар олиб кирилиши мумкин, улардан фақат ёрдам кўрсатиш гуруҳларининг малакали тиббий ходимлари фойдаланиши мумкин. Ёрдам кўрсатишда фойдаланилмаган таркибида наркотик воситалар ва психотроп моддалар бор дори-дармонлар ёрдам кўрсатаётган Томон давлати ҳудудига қайтариб берилиши керак. Бундай дори-дармонларни олиб кириш ва олиб чиқиш Томонлар давлатлари қонунчилиги ўрнатган тартибда амалга оширилади.
6. Ушбу модда қоидалари, шунингдек, биргаликда ўтказиладиган машқлар учун зарур бўлган асбоб-ускуналарни олиб кириш ва олиб чиқишда ҳам қўлланилади.
10-модда
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
Ҳаво кемаларидан фойдаланиш
1. Ёрдам кўрсатаётган Томоннинг ваколатли органи сўраётган Томоннинг ваколатли органига ёрдам бериш учун ҳаво кемаларидан фойдаланишга қарор қабул қилингани тўғрисида қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда хабар беради: ҳаво кемасини рўйхатдан ўтказган давлат, ҳаво кемаларининг сони, турлари ва қайд қилинган рақамлари, ҳаво кемаларининг серияси ва таниқлик белгилари, хизмат қилувчи ходимларнинг ва йўловчиларнинг сони, ҳаво кемаси парвозининг мақсади ва режалаштирилган маршрути (учиш, қўниш жойлари ва вақти), ҳаво ташувчи, парвоз буюртмачиси ва юк рўйхати (асбоб-ускуна ва таъминот материаллари рўйхати).
2. Томонлар бошқа Томон давлати ҳудудидан ёрдам бериш гуруҳларни ёки экспертларни, асбоб-ускуна ва таъминот материалларини ташиш учун учаётган ҳаво кемасига Томонлар давлатлари халқаро шартномалари, 1944 йилдаги Фуқаро авиацияси халқаро конвенцияси, ва шунингдек Томонлар давлатларининг қонунларига мувофиқ ҳаво коридорларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
3. Чегара ва божхона назоратлари ҳаво кемаси қўнган жойларда амалга оширилади.
11-модда
Транзит
Транзит
1. Ушбу Битимнинг 8 ва 9-моддалари қоидалари ёрдам бериш гуруҳларини ёки экспертларни, асбоб-ускуна ва таъминот материалларини қуруқликдан транзит йўли билан Томонларнинг бири давлати ҳудуди орқали учинчи давлатга ёрдам берилаётган ҳолларда қўлланилади.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонни учинчи давлатга ёрдам бериш учун ўз давлатининг тегишли муассасалари билан келишилган ҳолда ҳаво транзити билан таъминлайди.
12-модда
Харажатларни қоплаш
Харажатларни қоплаш
1. Сўраётган Томон ёрдам бериш гуруҳлари аъзолари ёки экспертлари ярадор бўлган ёки ҳалок бўлган ҳолларда тиббий ва транспорт харажатларини ўзига олади, агар бу сўраётган Томон давлати ҳудудида ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ вазифаларни бажаришда содир бўлса.
2. Агар Томонлар бошқа тўғрисида келишиб олишмаган бўлсалар, сўраётган Томон ёрдам кўрсатаётган Томонга ёрдам бериши билан боғлиқ харажатларни Томонларнинг ваколатли органлари вакиллари томонидан имзоланган ёрдам кўрсатиш бўйича харажатлар ҳақида тузилган икки томонлама актга асосан тўлайди.
3. Сўраётган Томон ёрдам бериш тўғрисидаги сўровини қайтиб олиши мумкин, аммо бу ҳолда ёрдам кўрсатаётган Томон қилган харажатлари учун ҳақ олишга ҳуқуқига эга.
4. Агар Томонлар бошқа тўғрисида келишиб олишмаган бўлсалар, харажатлар ёрдам кўрсатаётган Томондан бу тўғрида талабнома олингандан кейин 30 иш куни ичида қопланади.
5. Суғурта расмийлаштириш бўйича харажатлар ёрдам кўрсатиш бўйича умумий харажатларга киритилмайди ва қопланмайди.
6. Агар Томонлар бошқа тўғрисида келишиб олишмаган бўлсалар, ёрдам кўрсатаётган Томон ҳаво кемаларининг учиб ўтиши, қўниши, аэродромда туриши ва унда парвоз қилиши учун тўловдан ва шунингдек аэронавигация хизматлари учун тўловдан озод қилинади.
13-модда
Зарарни қоплаш
Зарарни қоплаш
1. Ёрдам кўрсатаётган Томоннинг ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси ёки эксперти ушбу Битимни амалга ошириш билан боғлиқ вазифаларни бажариш вақтида юридик ёки жисмоний шахсга сўраётган Томон давлати ҳудудида зарар етказса, зарарни сўраётган Томон ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ қоплаши керак.
2. Ёрдам кўрсатаётган Томон ёрдам кўрсатиш гуруҳи аъзоси ёки эксперти сўраётган Томон давлати ҳудудида ёрдам кўрсатиш билан тўғридан тўғри боғлиқ бўлмаган ҳаракатлари натижасида юридик еки жисмоний шахсга зарар етказса, зарарни ёрдам кўрсатаётган Томон сўраётган Томон давлати қонунларига мувофиқ қоплайди.
14-модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
Ушбу Битим доирасида амалга оширилаётган фаолият натижасида олинган ахборот, агар Томонлар ваколатли органлари бошқа тўғрисида келишиб олишмаган бўлсалар, Томонлар давлатлари қонунларига мувофиқ эълон қилиниши ва фойдаланилиши мумкин.
15-модда
Низоли масалаларни ҳал этиш
Низоли масалаларни ҳал этиш
Ушбу Битимни талқин қилишда ёки қўллашда келиб чиқадиган баҳслар Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида музокаралар йўли билан ҳал этилади. Ушбу йўл билан ҳал этилмаган баҳслар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
16-модда
Бошқа халқаро шартномаларга нисбатан муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга нисбатан муносабат
Ушбу Битим Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
17-модда
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро ёзма келишувларига кўра ушбу Битимга алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, бунда протоколлар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзгартиш ва қўшимчалар ушбу Битимнинг 18-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
18-модда
Якунловчи қоидалар
Якунловчи қоидалар
1. Ушбу Битим Томонларнинг уни кучга киритиш бўйича давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарномаси олинган санадан кучга киради.
2. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилади ва Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битимни дипломатик каналлар орқали бекор қилиш нияти ҳақидаги хабарномасини олган санадан 90 кун ўтганга қадар ўз кучида қолади.
3. Ушбу Битим амалининг бекор қилиниши, агар Томонлар бошқа тўғрисида келишмаган бўлсалар, унга мувофиқ бошланган, бироқ унинг амали бекор қилинганга қадар тугатилмаган фаолиятига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2008 йилнинг 6 октябрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2009 й., 1-сон)