Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати, бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик соҳаларида ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашни истаб,
халқаро ҳуқуқ нормалари, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойилларига мувофиқ хамда Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги доирасида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида иқтисодий, савдо ва техникавий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар, хусусан:
1) энергетика, бошқа давлатлар бозорларида биргаликдаги ҳаракатларни ўз ичига олган ҳолда;
2) қишлоқ хўжалиги;
3) соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноати;
4) телекоммуникация;
5) транспорт;
6) қурилиш материаллари ишлаб чиқариш;
7) бандлик ва миграция;
8) туризм;
9) банк ва молиявий хизматлар соҳаси;
10) кичик ва хусусий тадбиркорлик;
11) таълим ва ўзаро манфаатларни акс эттирувчи иқтисодий, савдо ва техник ҳамкорлик турли соҳаларида мутахассисларни тайёрлаш;
12) бошқа соҳалар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашёни экспорт ва импорт қилинишини рағбатлантирадилар ва кўмаклашадилар. Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунчилигида экспорт-импорт килиш тақиқланган товарлар бундан мустасно.
3-модда
Товарларнинг келиб чиқиш давлати мазкур товарлар ишлаб чиқарилган ёки етарли даражада қайта ишланган давлат ҳисобланади. Аҳдлашувчи Томонлар ҳар қандай товарни импорт қилишда келиб чиқиш сертификатини беришни талаб қилиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қоладилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар, ҳар қандай вақтда ўзларига тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда товарларни етказиб беришни ўзаро рағбатлантирадилар ва кўмаклашадилар.
5-модда
Товарлар етказиб бериш ва хизматлар кўрсатишга тегишли бўлган ҳар қандай тўловлар эркин муомаладаги валютада амалга оширилади ёки Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунчилигига мувофиқ Томонларнинг келишувига биноан ҳар қандай бошқа валютада амалга оширади.
6-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон:
а) тадбиркорларнинг, савдо-саноат палаталари ва бошқа шу каби ташкилотлар вакилларининг Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудларида ўтказиладиган кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа шу каби тадбирларда иштирок этишларини рағбатлантирадилар ва кўмаклашадилар;
б) бошқа Аҳдлашувчи Томон тарафидан унинг ҳудудида ўтказилиши мумкин бўлган кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа шунга ўхшаш тадбирлар ташкил этилишини қўллаб-қувватлайдилар ва рағбатлантирадилар, шунингдек, шу мақсадда бошқа Аҳдлашувчи Томонга зарур бўлган барча асбоб-ускуналарни миллий қонунчилиги доирасида тақдим этадилар ва кўмаклашадилар;
в) миллий қонунчиликка мувофиқ қуйидаги товарларни божхона божлари, солиқлар ва шу каби йиғимлардан озод қилган ҳолда, олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берадилар:
а) ярмаркалар, кўргазмалар, конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва шу каби тадбирлар учун вақтинчалик зарур бўлган, келиб чиққан давлатга қайтиши назарда тутилган товарлар ва материаллар;
б) мазкур мақсадларда фойдаланиладиган ва тижорат қийматига эга бўлмаган товарлар намуналари;
в) икки томонлама инвестицияларни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
7-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон Савдо-саноат палаталари ва бошқа шу каби ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек икки давлат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни ва ташрифлар билан алмашинувни рағбатлантирадилар.
8-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон:
а) биргаликда техникавий ва иқтисодий лойиҳаларини амалга оширишдаги техник фаолиятга жалб қилинган ўзларининг ҳукумат ва хусусий ташкилотлар, шунингдек жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни, шунингдек, зарур кўмак ва мададни таъминлаш учун савдо-иқтисодий ва техникавий ҳамкорликнинг турли соҳаларида делегациялар алмашинувини рағбатлантирадилар;
б) техникавий, иқтисодий ва савдо соҳаларидаги тайёрлов дастурлари ва семинарларда ўз фуқароларининг иштирокини кўллаб-қувватлайдилар ва кўмаклашадилар, шунингдек илмий-тадқиқот ишларида ва ҳамкорликнинг бошқа тегишли соқаларидаги интилишларини мувофиқлаштирадилар.
9-модда
1. Мазкур Битим қоидаларини самарали амалга ошириш ва уни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида, Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий, савдо ва техникавий ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссия (кейинчалик «Комиссия» деб юритилади) тузишга келишиб олдилар.
Комиссиянинг вазифалари:
мазкур Битим мақсадларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширилишини мониторинг қилиш;
икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш учун зарур бўлган турли услуб ва воситаларни баҳолаш;
товар айланмаси номенклатураларини кенгайтириш ва рағбатлантириш, шунингдек савдо тўсиқларни бартараф этиш;
мазкур Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилишга алоқадор низоли масалаларни ҳал этиш;
икки давлат ўртасида товар айланмаси, иқтисодий ва техникавий муносабатлар соҳаларидаги ҳамкорликни рағбатлантиришни ривожлантириш мақсадида мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
2. Комиссия икки Аҳдлашувчи Томонлар вакилларидан ташкил топади ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сўровномасига мувофиқ, мунтазам равишда навбат билан Ўзбекистон Республикаси ва Қатар Давлатида ўз йиғилишларини ўтказиб боради.
3. Комиссия Аҳдлашувчи Томон қоидаларига риоя қилади.
4. Комиссияда раислик қилишни Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Қатар Давлати томонидан — Қатар Давлати Бизнес ва Савдо вазирлиги амалга оширади.
5. Комиссия ишида зарурат туғилганда икки давлатнинг ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишлари мумкин.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида мазкур Битимни қўллаш ёки талқин қилиш бўйича келиб чиқадиган низоли масалалар дўстона музокаралар ва консультациялар йўли билан ҳал қилинади.
11-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз вакилларини йиғилиш ўтказилаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудига сафарга жўнатишга оид харажатларини қоплайди. Қабул қилаётган Аҳдлашувчи Томон яшаш, ички транспорт ва зарур ҳолларда икки мамлакат қонунчилигига мувофиқ тиббий даволанишга оид бошқа Аҳдлашувчи Томон делегациясининг харажатларини қоплайди.
12-модда
Мазкур Битим қоидалари Ўзбекистон Республикаси ёки Қатар Давлатининг учинчи давлатлар билан ёки минтақавий ва/ёки халқаро иқтисодий ташкилотлар билан тузган амалдаги битимларига таъсир қилмайди.
13-модда
Мазкур Битим қоидалари ёки ҳар қандай матн Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ўзаро ёзма келишувга кўра мазкур Битимнинг 14-моддасига мувофиқ тартибда ўзгартирилиши мумкин.
14-модда
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган қонунчилик процедураларини бажарганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради ва ўн (10) йил давомида амал қилади. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг муддати тугашидан ўн икки ой (12) аввал бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимни амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, у автоматик равишда кейинги беш (5) йиллик муддатга узайтирилади.
2. Агар ушбу Битимнинг амал қилиниши бекор қилинса, ушбу Битимга мувофиқ унинг ҳамма қоидалари ва мажбуриятлари асосида имзоланган келишувлар тегишли томонларнинг ўзаро келишувига мувофиқ уларнинг муддати тугагунга қадар кучда қолади ва мажбуриятлари сақланиб қолади.
Ушбуни тасдиқлаган ҳолда, лозим тарзда ўзларининг Ҳукуматлари томонидан ваколатланган қуйида имзо чекувчилар ушбу Битимни имзоладилар.
Доҳа шаҳрида 2010 йил 24 ноябрда ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устун ҳисобланади.
(имзолар)