Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида
Битим
Ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги билан Қозоғистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
жиноятчиликка қарши кураш ва жамоат тартибини сақлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратиб,
тенг-ҳуқуқлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида Томонлар алоқаларини мустаҳкамлаш борасида ўзаро хоҳишдан келиб чиқиб,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида 1998 йил 30 октябрдаги Битимга амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик соҳаси
Ҳамкорлик соҳаси
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига риоя қилган ҳолда, ушбу Битим қоидаларига мувофиқ, ўз ваколатлари доирасида ҳамкорлик қиладилар.
Ушбу Битим жиноятчиларни топшириш ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига дахл қилмайди.
2-модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
1. Томонлар қуйидаги жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, бартараф этиш ва фош этишда ҳамкорлик қиладилар, энг аввало:
шахс ва мулкка қарши қаратилган жиноятлар;
террористик ҳаракатлар — Томонлар давлатлари миллий қонунчилигида кўрсатилган ўз ваколатлари доирасида;
коррупция ва уюшган жиноятчилик кўринишлари;
одам савдоси, инсон аъзолари ва тўқималарини сотиш;
одам ўғирлаш ва фоҳишалик мақсадида эксплуатация қилиш;
ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи (портлатиш) ва заҳарли моддалар, шунингдек радиоктив материалларнинг ноқонуний айланиши;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ҳамда уларни ишлаб чиқишда фойдаланиладиган моддаларни ноқонуний тайёрлаш ва уларнинг айланиши;
қалбаки пул белгилари, давлат расмий ҳужжатлари, қимматли қоғозлар, шунингдек кредит ва ҳисоб карталари ҳамда бошқа тўлов воситаларини тайёрлаш ва ўтказиш;
интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ;
маданий ва тарихий қимматликларни талон-торож ва контрабанда қилиш билан боғлиқ;
транспортдаги жиноятлар;
ахборот технологиялари соҳасида;
автотранспорт воситаларни талон-торож қилиш ва улар билан ноқонуний ҳаракатларни амалга ошириш;
2. Томонлар, шунингдек қуйидаги соҳаларда биргаликда ҳаракат қиладилар:
жамоат тартибини сақлаш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
ноқонуний миграцияга қарши кураш ва чет эл фуқароларининг бўлиш қоидаларини назорат қилиш;
Томонлар давлатларининг чегарага туташ ҳудудлардаги фалокат, ёнғин, табиий офат ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш;
қимматбаҳо ва махсус юкларни кузатиб бориш ва қўриқлаш;
номаълум мурдаларни идентификация қилиш (аниқлаш), номаълум беморлар ва болалар, шунингдек, соғлиғи туфайли ўзи ҳақида маълумот бера олмайдиган шахсларнинг шахсини аниқлаш;
оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилган жойдан олинган бармоқ излари бўйича жиноятчиларнинг шахсини идентификация қилиш;
жиноий жазоларни ижро этишни ташкил этиш;
рухсат бериш тизими талабларига амал қилишни назорат қилиш;
Томонлар давлатлари фуқароларининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар бўйича ҳамкорликни ташкил қилиш;
илмий-тадқиқот фаолияти, ахборот ва телекоммуникация тизимларини ривожлантириш, махсус воситалар ва алоқа тизими, техника ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш;
ахборот хавфсизликни таъминлаш;
тезкор тадбирлар ўтказишда ва тезкор маълумот алмашишда махфийликни таъминлаш мақсадида шифрланган алоқани ташкил этиш;
кадрлар тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш;
статистик ҳисоботни ташкил қилиш;
спорт ва маданий алоқаларни ривожлантириш;
Томонлар ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини даволаш ва санатория-курорт соғломлаштиришда кўмаклашиш;
ички ишлар идораларида хизматини ўтаб бўлган собиқ ходимларнинг йиғма жилдларини улар қайта ишга қабул қилинаётган вақтда Томонлар сўрови асосида юбориш.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Мазкур Битимнинг 2-моддаси қоидаларини амалга ошириш мақсадида Томонлар қуйидаги шаклларда ҳамкорлик қиладилар:
тайёрланаётган ёки содир этилган жиноятлар ҳамда уларга дахлдор бўлган шахслар тўғрисидаги қизиқтирган маълумотларни алмашиш;
прокурор (суд) санкцияси талаб этилмайдиган тезкор-қидирув тадбирларни ўтказиш тўғрисида сўровларни ижро этиш;
жиноий таъқибдан яширинаётган ёки жазони ўташдан бўйин товлаётган шахслар, бедарак йўқолган шахслар ҳамда Томонлар қонунчилигида белгиланган ҳолларда бошқа шахсларни қидириш;
ноқонуний муомалада пайдо бўлган наркотик воситалар, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг янги турлари ҳамда уларни тайёрлашда қўлланиладиган технологиялар ва ишлатиладиган моддалар, шунингдек наркотик воситалар, психотроп моддаларни ўрганиш ва идентификация қилишнинг янги усуллари тўғрисида маълумот айирбошлаш;
Томонлар давлатлари ҳудудида ўғирланган ҳамда муайян рақамга ёки ажралиб турувчи махсус белгиларга эга бўлган ашёлар (нарсалар), шу жумладан автотранспорт воситалари ва ўқ отар қурол, шунингдек қимматбаҳо қоғозлар ва паспортлар (шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар)ни қидириб топиш ва қайтариш;
фавқулодда ҳолатлар (чегарага туташ туманлардаги карантин, оммавий тартибсизликлар, табиий офатлар)да жамоат тартибини сақлашни таъминлаш бўйича тадбирлар ўтказиш тўғрисида маълумот алмашиш;
иш тажрибаси билан алмашиш, шу жумладан стажировкалар, маслаҳатлашувлар, семинарлар ва ўқув курсларини ўтказиш;
ички ишлар органлари фаолиятига дахлдор қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алмашиш, ўқув ва услубий адабиётларни сотиб олишда кўмаклашиш;
ўзаро манфаатли масалалар бўйича биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш;
ўз давлатларида жиноятчилик аҳволи ва унинг ривожланиши тенденциялари тўғрисида маълумотлар алмашиш.
4- модда
Ҳамкорликни ривожлантириш
Ҳамкорликни ривожлантириш
Ушбу Битим, 1-моддада кўрсатилган шартларни ҳисобга олган ҳолда, Томонларга ҳамкорликнинг ўзаро қулай бўлган бошқа йўналишлари, шаклларини белгилаш ва ривожлантиришга тўсқинлик қилмайди.
5- модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровлар
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровлар
1. Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик манфаатдор Томонларнинг ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровлари ёки бундай ёрдам кўрсатиш бошқа Томон учун манфаатли бўлади деб ҳисоблайдиган Томонлардан бирининг ташаббуси асосида амалга оширилади.
2. Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров ёзма равишда юборилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда сўровлар оғзаки юборилиши мумкин, бироқ улар етти кундан кечиктирилмасдан, ёзма равишда, шу жумладан матн йўллашнинг техник воситаларидан фойдаланилган ҳолда тасдиқланиши лозим.
Сўров ёки унинг матни ҳақиқийлигига шубҳа туғилганда, қўшимча тасдиқ талаб қилиниши мумкин.
3. Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
ёрдам кўрсатишни сўраётган орган ҳамда агар маълум бўлса, сўров юборилаётган органнинг номи;
иш мазмунининг баёни;
сўров мақсади ва асосини кўрсатиш;
сўралаётган ёрдамнинг мазмуни;
сўровни талаб даражасида бажариш учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай маълумотлар.
4. Ёзма равишда юбориладиган ёки тасдиқланадиган ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров ёрдам кўрсатишни сўраётган органнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланиб, ушбу органнинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
5. Зарур ҳолларда сўровга уни бажариш учун лозим бўладиган ёки унинг бажарилишини енгиллаштирадиган ҳужжатлар ёки уларнинг тегишли тартибда тасдиқланган нусхалари, фотосуратлар ва бошқа ахборот ташувчи воситалар илова қилинади.
6-модда
Ёрдам кўрсатишни рад этиш
Ёрдам кўрсатишни рад этиш
1. Агар сўралаётган Томон сўровни бажариш ўз давлати суверенитети, миллий хавфсизлиги, оммавий тартиб ва бошқа манфаатларига зиён етказиши ёки давлатнинг миллий қонунчилиги ёхуд халқаро мажбуриятларига зид келиши мумкин деб ҳисобласа, ушбу Битим доирасида ёрдам кўрсатиш тўлиқ ёки қисман рад этилади.
2. Агар сўров юборилишига сабаб бўлган қилмиш сўралаётган Томон давлатининг миллий қонунчилиги бўйича жиноят ҳисобланмаса, ёрдам кўрсатиш рад этилиши мумкин.
3. Имконият мавжуд бўлганда, сўралаётган Томон мазкур модданинг 1 ва 2 бандлари асосида ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисида қарор чиқаришдан олдин мазкур Томон зарур деб ҳисоблаган шартларга амал қилган ҳолда ёрдам кўрсатиш мумкинлиги масаласини кўриб чиқиш учун сўраётган Томон билан маслаҳатлашув ўтказади. Сўраётган Томон унга ёрдам кўрсатиш учун асос бўладиган шартларга риоя қилади.
4. Сўраётган Томон сўровни бажариш тўлиқ ёки қисман рад этилганлиги тўғрисида сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.
7-модда
Сўровни бажариш
Сўровни бажариш
1. Сўралаётган Томон сўровни тез ва иложи борича тўлиқ бажариш учун барча зарур чораларни кўради.
Сўров бажарилишига тўсқинлик қиладиган ёки уни бажарилишини сезиларли даражада кечиктирадиган ҳолатлар тўғрисида сўраётган Томон зудлик билан хабардор қилинади.
2. Сўралаётган Томон сўровни талаб даражасида бажариш учун қўшимча маълумотлар зарур деб ҳисобласа, уларни сўраш ҳуқуқига эга.
3. Сўровни бажаришда сўралаётган Томон давлатининг қонунчилиги қўлланилади, аммо шу билан бирга, агарда сўралаётган Томон қонунчилиги ёки халқаро мажбуриятларига зид бўлмаса, сўров юборган Томоннинг илтимосига биноан унинг давлати қонунчилиги ҳам қўлланиши мумкин.
4. Агар сўралаётган Томон сўровни тез бажариш унинг давлатида амалга оширилаётган жиноий таъқиб ёки бошқа иш юритувга халақит бериши мумкин деб ҳисобласа, сўров бажарилишини кечиктириши ёки унинг бажарилишини сўраётган Томон билан маслаҳатлашувлардан кейин зарурий деб белгиланган шартларга риоя қилиниши билан боғлаши мумкин. Агар сўраётган Томон таклиф қилинаётган шартлар асосида унга ёрдам кўрсатилишга рози бўлса, у ушбу шартларга риоя қилиши лозим.
5. Сўралаётган Томон сўраётган Томоннинг илтимосига асосан сўров юборилганлиги, мазкур сўров мазмуни, унга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда сўров бажарилганлиги сир сақланиши учун барча зарур чораларни кўради.
Сўровнинг бажарилиши сир сақланишининг имконияти бўлмаганда, сўралаётган Томон бу тўғрисида сўраётган Томонни хабардор қилади. Сўраётган Томон эса бундай шартларда сўровни бажарилиши масаласини ҳал қилади.
8-модда
Олинган маълумотлар ва ҳужжатлардан фойдаланишда чекловлар
Олинган маълумотлар ва ҳужжатлардан фойдаланишда чекловлар
1. Агар ушбу Битим доирасида олинган маълумот ва ҳужжатлар чекланган хусусиятга эга бўлса ёки юбораётган Томон уларни ошкор қилинмаслигини маъқул деб ҳисобласа, Томонларнинг ҳар бири уларнинг махфийлигини таъминлайдилар. Маълумотлар ва ҳужжатларнинг махфийлик даражасини юбораётган Томон белгилайди.
2. Сўралаётган Томоннинг тегишли илтимоси мавжуд бўлганда, мазкур Битимга мувофиқ сўровни бажариш натижаларидан, мазкур Томоннинг розилигисиз дастлабки сўровда кўрсатилган мақсадлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.
3. Ушбу Битим асосида олинган маълумот ва ҳужжатларни учинчи томонга бериш учун ушбу маълумотларни тақдим этган Томоннинг ёзма розилиги олиниши шарт.
4. Сўралаётган Томоннинг тегишли илтимоси мавжуд бўлганда, сўраётган Томон сўровни бажариш натижаларини ошкор этмайди ва улардан фақатгина олдиндан келишиб олинган шартларда фойдаланади.
5. Сўровни бажариш натижаларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки уларни ошкор этиш, агар сўраётган Томон давлати қонунчилигида шундай ҳаракат қилиш мажбурияти назарда тутилган бўлса, истисно этилмайди. Сўраётган Томон сўралаётган Томонни сўров натижаларидан шу тариқа фойдаланиши ёки уни ошкор қилиши мумкинлиги ҳақида олдиндан хабардор қилади.
9-модда
Ҳаражатлар
Ҳаражатлар
Агар ҳар бир муайян ҳолларда бошқа тартиб келишиб олинган бўлмаса, Томонлар ушбу Битимни амалга ошириш давомида келиб чиқадиган харажатларни Томонлар давлатлари миллий қонунчилигида кўрсатилган маблағлар доирасида ўзлари мустақил қоплайдилар.
10-модда
Тиллар
Тиллар
Томонлар ушбу Битим доирасида ҳамкорликни амалга оширишда, одатдагидек, рус тилидан фойдаланадилар. Давлат тилидан фойдаланилганда, тасдиқланган рус тилидаги таржима илова қилиниши лозим.
11-модда
Ҳамкорликни мувофиқлаштириш
Ҳамкорликни мувофиқлаштириш
1. Ушбу Битим доирасида ҳамкорликни мувофиқлаштириш ўзбек томонидан Ички Ишлар вазирлиги Ташкилий инспекторлик бошқармаси, Қозоғистон томонидан Ички Ишлар вазирлиги Штабига юклатилади.
2. Томонлар ушбу Битим қоидаларини бажаришда бевосита алоқа қиладиган бўлинмалар ҳамда улар ўртасидаги алоқа каналларини белгилайдилар.
12-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Ушбу Битим қоидалари Томонларнинг улар давлатлари иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Ишчи учрашувлар ва маслаҳатлашувлар
Ишчи учрашувлар ва маслаҳатлашувлар
1. Томонларнинг вакиллари зарур ҳолларда ушбу Битим асосида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарадорлигини ошириш масалаларини кўриб чиқиш мақсадида ишчи учрашувлари ва маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар.
2. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда келиб чиқиши мумкин бўлган барча низоли масалалар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ҳамда музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
14-модда
Ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Битимга уни ажралмас қисми ҳисобланувчи, алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
15-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил муддатга тузилади. Унинг амал қилиши, агар Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти борлиги тўғрисида муддат тугашидан камида олти ой олдин дипломатик каналлар орқали бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узаяди.
Битим қоидаларини талқин қилишда Томонлар ўртасида келишмовчиликлар юзага келганда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
Тошкент шаҳрида 2013 йил 14 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида имзоланди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)