Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КЕКСАЛАР ВА МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗ ФУҚАРОЛАР, НОГИРОН БОЛАЛАР ВА БОЛАЛИКДАН НОГИРОНЛАРНИНГ ДАФН МАРОСИМИ УЧУН БИР ЙЎЛА БЕРИЛАДИГАН НАФАҚАЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 14 июндаги 174-сонли «Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 24 январдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган «Қарияларни қадрлаш йили» давлат дастурига мувофиқ ва аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Болаликдан ногиронларга, қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» 1994 йил 24 июндаги 319-сон қарорига мувофиқ ҳаёт чоғида нафақа олган шахсларнинг дафн маросими учун 2002 йил 1 майдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида бир йўла бериладиган нафақа белгилансин.
2. Кексалар ва меҳнатга лаёқсатсиз фуқаролар, ногирон болалар ва болаликдан ногиронларнинг дафн маросими учун бир йўла бериладиган нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар, ногирон болалар ва болаликдан ногиронларнинг дафн маросими учун бир йўла бериладиган нафақаларга солиқ солинмайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бир ой муддатда амалдаги идоравий норматив ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 1 май,
149-сон
Кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар, ногирон болалар ва болаликдан ногиронларнинг дафн маросими учун бир йўла бериладиган нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Дафн маросими учун бир йўла бериладиган нафақани (кейинги ўринларда «бир йўла бериладиган нафақа» деб юритилади) олиш ҳуқуқига Вазирлар Маҳкамасининг «Болаликдан ногиронларга, қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» 1994 йил 24 июндаги 319-сон қарорига мувофиқ ҳаёт чоғида нафақа олган кексалар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар, ногирон болалар ва болаликдан ногиронларни дафн этган оила аъзоларидан бири ёки жисмоний шахс эга бўлади.
2. Бир йўла бериладиган нафақа мазкур Низомнинг 1-бандида кўрсатилган фуқаролар вафот этган кунда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида тайинланади ва тўланади.
3. Бир йўла бериладиган нафақа, уни олиш учун фуқаро вафот этган кундан бошлаб 6 ойдан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тайинланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Бир йўла бериладиган нафақани тайинлаш тўғрисидаги ариза вафот этган шахс нафақа олувчи сифатида ҳисобда турган туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
5. Бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
а) бир йўла бериладиган нафақа олиш учун фуқаролик ҳолатларини қайд этиш органи томонидан вафот этганлик тўғрисида берилган маълумотнома (асл нусхаси);
б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг дафн этишнинг аризачи томонидан амалга оширилишини тасдиқловчи маълумотномаси.
6. Бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризани қабул қилиш:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) агар вафот этган фуқаро нафақа олувчи сифатида туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимида ҳисобда турмаган бўлса;
(6-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
б) нафақа тайинлаш юзасидан ушбу Низомнинг 1-бандида кўрсатилган шахслар вафот этган кундан бошлаб 6 ой ўтгандан кейин мурожаат қилинганда;
в) ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлардан бирортаси тақдим этилмаганда рад қилинади.
Аризачи бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризани қабул қилишнинг рад этилиши юзасидан юқори ташкилотга ёки судга белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
7. Бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими томонидан барча зарур ҳужжатлар билан биргаликдаги ариза тушгандан кейин 3 кундан кечикмай кўриб чиқилади.
Бир йўла бериладиган нафақа тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими қарорига биноан расмийлаштирилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими нафақа тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин 3 кундан кечикмай тегишли қарор нусхаси билан биргаликда билдиришномани аризачининг қўлига беради ёки унга почта орқали жўнатади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
9. Туман (шаҳар) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими тайинланган бир йўла бериладиган нафақани нафақа тайинлаш тўғрисида ариза берилган ойдан кейинги ойдан кечикмай тўлайди.
(9-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
Аризачининг хоҳишига кўра нафақа алоқа бўлими орқали почта жўнатмаси тарзида ёки банкдаги омонатга ўтказиш йўли билан тўланади.
10. Бир йўла бериладиган нафақаларни тўлаш бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
11. Бир йўла бериладиган нафақа солиққа тортилмайди ва улардан солиқ пули ушлаб қолинмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Бир йўла бериладиган нафақа тўлаш бўйича ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 24 мартдаги 52-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 13-сон, 96-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2002 й., 1-сон, 65-модда; 2010 й., 13-сон, 96-модда)