Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 19 февралдаги ПФ-4704-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида» ва 2015 йил 6 мартадаги ПФ-4708-сонли «1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 19 февралдаги ПФ-4704-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида»ги ва 2015 йил 6 мартдаги «1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги ПФ-4708-сон фармонларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 26 мартдаги Р-4437-сон «Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалини топшириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофотини тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. 6,1 минг дона «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалларини ҳамда уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш буюртмачиси этиб Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалларини ва уларнинг гувоҳномаларини «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ва «Совпластитал» АЖ базасида тайёрлаш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Молия вазирлигига Мудофаа вазирлигининг харажатлар сметасига 2015 йил учун тасдиқланган давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида медаллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчиларга маблағ ажратиш бўйича тегишли ўзгаришлар киритиш вазифаси юклатилсин.
5. «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ва «Совпластитал» АЖ 2015 йил 10 апрелгача «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалларини ва уларнинг гувоҳномаларини тайёрлаш ишларини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига 2015 йил 15 апрелдан 25 апрелгача қуйидаги тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклансин:
«Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг номидан тантанали равишда топшириш;
Марказий банк, Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва «Ўзбекистон почтаси» АЖ билан биргаликда 1941 — 1945 йиллар уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофотларини тўлаш.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 3 апрель,
81-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 апрельдаги 81-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалини топшириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 19 февралдаги ПФ-4704-сон «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига (кейинги оʼринларда — Фармон) асосан «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медалини (кейинги ўринларда — юбилей медали) топшириш тартибини белгилайди.
2. Юбилей медали билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — «1941 — 1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун» ва «Япония устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари билан, уруш йилларида жанговар хизматлари учун олинган бошқа орден ва медаллар билан мукофотланган ёки уруш қатнашчиси гувоҳномасига ёхуд Ватан уруши ногирони гувоҳномаларига эга бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фидокорона меҳнати учун мукофотланган, шу жумладан, «1941 — 1945 йиллар Улуғ Ватан урушидаги шавкатли меҳнати учун», «Меҳнатдаги жасорати учун», «Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун» медалларига ёки 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида қуролли кучларда фуқаро шахсларни эркин ёллаш бўйича штат лавозимида бўлганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган меҳнат фронти қатнашчилари мукофотланиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
3. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан биргаликда юбилей медали билан тақдирланиши лозим бўлган уруш қатнашчилари ва ногиронларининг, 1941 — 1945 йиллардаги меҳнат фронти қатнашчиларининг аниқ рўйхатини аниқлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
4. Юбилей медали билан тақдирланиши лозим бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган рўйхатлари асосида юбилей медали билан тақдирланиши лозим бўлган шахсларнинг якуний рўйхати шакллантирилади.
5. Юбилей медали билан тақдирланган шахслар рўйхатига қуйидагилар киритилмайди:
Фармон қабул қилинишидан олдин вафот этганлар;
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.
Агар юбилей медали билан тақдирланишга ҳақли шахс Фармон қабул қилинган куни вафот этган бўлса, медаль оила аъзоларига топширилади.
6. «Давлат Белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Фонон» илмий ишлаб чиқариш корхонаси ва «Совпластитал» АЖ тайёрланган юбилей медаллари ва уларнинг гувоҳномаларини белгиланган тартибда Мудофаа вазирлигига топширади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кадрлар бўлими:
белгиланган тартибда тақдим этилган рўйхатлар бўйича юбилей медаллари учун гувоҳномаларни тўлдириш учун Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вакиллари орасидан ишчи гуруҳ тузади.
мукофотланиши лозим бўлган шахсларга топшириш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига юбилей медалларини топширади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан юбилей медалини топшириш маросими Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, Ички ишлар вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, ҳудудлардаги мудофаа бўлимлари вакиллари иштирокида тантанали равишда ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 апрельдаги 81-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофотини тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартдаги ПФ-4708-сон «1941 — 1945 йиллар уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармонига асосан (кейинги ўринларда — Фармон), 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик пул мукофотини тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан 700 000 (етти юз минг) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти олиш ҳуқуқига эга бўлган 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлари рўйхатлари шакллантирилади.
3. 700 000 (етти юз минг) сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси давлат буджети ҳисобидан тўланади.
4. 1941 — 1945 йиллардаги уруш йилларида фаол армия таркибига кирган ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасаларда хизмат қилган уруш қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек, уларга тенглаштирилган қуйидаги шахслар бир марталик пул мукофотини олиш ҳуқуқига эга:
а) 1941 йил 22 июндан 1945 йил 9 майгача бўлган даврда (кейинги ўринларда — уруш йиллари) қирувчи батальонлар, взводлар ва халқни ҳимоя қилиш бўлинмалари таркибида собиқ СССР ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган шахслар;
б) уруш даврида партизанлар сафига кирган ёки махфий ишларни олиб борганлар;
в) собиқ СССР Ички ишлар вазирлиги органлари ва Давлат хавфсизлик қўмитаси органларининг қўмондонлик ва оддий аскар таркибидаги шахслар, уруш йилларида фаол армия сафларида ёки жанговар ҳудудларда хизмат қилганлар;
г) уруш даврида ёш полк ва юнгалар ўғиллари сифатида армияда бўлганлар;
д) уруш даврида жанг зоналаридаги темир йўл, мудофаа чизиқлари, ҳарбий-денгиз базалари ва бошқа ҳарбий объектларда ишлаганлар;
э) уруш даврида фаол армия таркибида ишлаган фуқаролик таркибидан бўлган шахслар;
ж) фашистлар лагерларида бўлганлар (гетто ва мажбурий сақлаш жойлари);
з) блокада даврида Ленинградда ишлаганлар ва «Ленинграддаги мудофаа учун» медали ёки «Блокадали Ленинград аҳолиси» белгисига эга бўлганлар.
5. Қуйидагилар бир марталик пул мукофоти билан тақдирланадиган шахслар рўйхатига киритилмайди:
Фармон қабул қилинишидан олдин вафот этганлар;
Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.
Агар бир марталик пул мукофоти олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс Фармон қабул қилинган куни вафот этган бўлса, мукофот унинг оиласига топширилади.
6. 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва инвалидлари, шунингдек, улар билан тенглаштирилганлар учун, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги пенсия жамғармаси идоралари томонидан рўйхатлар тузилади. Ушбу рўйхатлар икки нусхада тайёрланади ва биринчи нусхаси почта тизимига, иккинчиси эса Пенсия жамғармаси идорасида қолади. Буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппаратига умумлаштириш учун тақдирланганлар сони тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати молиялаштиришни амалга ошириш учун ҳудудлар бўйича тақдирланганлар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси давлат буджети ҳисобидан Пенсия жамғармасига бир марталик пул мукофотларини тўлаш учун зарур бўлган маблағни ажратади. Маҳаллий (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимлари, бир марталик пул мукофотларини тўлаш учун маблағларни «Ўзбекистон почтаси» АЖ почта тармоқларининг ҳисобларига ўтказадилар. Тўловлар амалга оширилгач, почта тармоқлари маҳаллий (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимларига тўланган маблағлар ва бир марталик пул мукофотини олганлар сони бўйича ҳисобот тақдим этади.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати, бир марталик пул мукофоти тўланганидан сўнг ўн кун ичида Молия вазирлигига тўловлар ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади.
10. Ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати органларидан пенсия олувчи шахсларга бир марталик пул мукофоти тўлаш юқорида кўрсатилган вазирликлар ва идоралар томонидан 2015 йилга белгиланган буджет маблағлари доирасида амалга оширилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, бир марталик пул мукофотини тўлаш учун маҳаллий (шаҳар) почта тармоқлари ва Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати тузилмаларини нақд пул билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўради.