Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши раёсатининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН ЧАҚИРИЛГАН МУДДАТЛИ ХИЗМАТДАГИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРНИ ЧАҚИРИБ ОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Собиқ СССР давлатларининг ҳудудида, МДҲ Бирлашган Қуролли Кучларининг бирлашмалари, қўшилмалари ва ҳарбий қисмлари жойлашган бир қатор жойларда зиддиятли вазият юзага келганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмиш муддатли хизматдаги ҳарбий хизматчиларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан фаол ҳимоя қилиш зарурати туғилди, МДҲ таркибига кирмаган республикаларда бу масала айниқса долзарбдир.
Ўз миллий армиясини тузишни эълон қилган бир қатор республикаларда нафақат жанговар техника ва қурол-яроғларни, балки шахсий составни ҳам миллийлаштириш ва хусусийлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг чақирилган ҳарбий хизматчиларни шу республикаларга содиқман деб ҳарбий қасамёд қабул қилишга мажбурлашга уриниш бўлмоқда. Ҳарбий қисмларни миллатлараро зиддиятларни ҳал этишга тортишга зўр бериб ҳаракат қилинаётган минтақаларда фуқароларимизнинг ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солинмоқда.
Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хизмат қила олиши учун зарур шарт-шароитларни таъминламайди, ўз фарзандларининг тақдири учун ота-оналарни асосли равишда ташвишга солмоқда, республика Олий Кенгашига келаётган кўплаб мурожаатлар ана шундан далолат беради.
Юқорида баён этилганлар муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасидан чақирилган ва ҳозирги вақтда МДҲ таркибига кирмайдиган (Литва, Латвия, Эстония, Грузия) давлатларининг ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда, ўз қуролли кучларини тузаётган (Украина, Озарбайжон, Молдова) республикаларда, Кавказорти ҳарбий округи ва Каспий флотилиясида хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар бир ойлик муддат ичида чақириб олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси:
а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмиш ҳарбий хизматчиларни бундан буён ушбу қарорнинг 1 бандида уқтириб ўтилган минтақалар ва давлатларда жойлашган МДҲ бирлашган Қуролли Кучларининг ҳарбий қисмларида хизматни ўташ учун жўнатмасин, битим бўйича хизматни ўташ бундан мустасно.
в) 1-бандга мувофиқ чақириб олинган ва захирага бўшатилиши лозим бўлмайдиган муддатли хизматдаги ҳарбий хизматчиларни МДҲнинг Туркистон Ҳарбий округи таркибига кирувчи қўшинларини, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қўшинларини, Миллий Хавфсизлик хизмати қўшинларини, Миллий Гвардия бригадасини комплектлашга, шунингдек улар розилик билдирган тақдирда муқобил хизмат отрядларини шакллантиришга юборсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимиятининг вакиллик ва ижроия идоралари, Мудофаа масалалари вазирлиги муддатидан илгари захирага бўшатилган ҳарбий хизматчиларга (2-банднинг «б» бандчаси) имкони бор даражада эътибор берсинлар, уларни ишга жойлаштиришнинг, заруратга қараб эса, ўқишни давом эттиришларининг аниқ чора-тадбирларини кўрсинлар.
4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Олий Кенгашнинг Давлат ва жамоат хавфсизлиги, мудофаа ва ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари қўмитаси (ўртоқ В.Р.Ниёзматов) зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу қарор матбуотда эълон қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1992 йил 16 март,
560-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 й., 5-сон, 239-модда)