Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати, қуйида Аҳдлашувчи «Томонлар» деб аталиб,
икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагида француз сармояларига Ўзбекистонда ва ўзбек сармояларига Францияда қулай имконият яратиб бериш,
сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш икки мамлакат иқтисодий тараққиёти манфаатида, технология ва капитал алмашувини рағбатлантиришда кўмаклашувига комил ишонч билан,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида:
1. «Сармоя» атамаси мулкнинг барча турларини, шу жумладан эгалик ҳуқуқи ва барча туркумдаги манфаатларни, шунингдек, истисно тариқасида эмас, хусусан қуйидагиларни англатади:
а) кўчириб бўладиган ва кўчмас мулк ҳамда барча бошқа ҳуқуқлар, яъни гаровга қўйиш, қарзни узмагунча мулкни ушлаб туриш ҳуқуқи, бегона мулкдан фойдаланиш ва ундан даромад олиш ҳуқуқи, гаров ва шунга ўхшаш бошқа ҳуқуқлар;
б) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида жойлашган ҳуқуқий шахсларнинг фаолиятида иштирок этишнинг ҳиссадорлик, акция, акциялардан олинадиган даромад, бошқа бевосита, шунингдек ҳатто энг оз миқдорда бўлса ҳам, билвосита шакллари;
в) облигация ёки пулга бўлган мулкий ҳуқуқ, заминида иқтисодий манфаат ётган барча қонуний ҳаракатларга нисбатан мулкий ҳуқуқ;
г) ақлий, савдо ва саноат мулкчилик ҳуқуқлари, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, лицензиялар, савдо белгилари, саноат шакли ва намуналари, технологик жараёнлар, савдо атамалари, фирма атамалари ва унинг мижозларига эгалик қилиш ҳуқуқлари;
д) ишчи концессиялар, аҳдлашувлар бўйича ёки қонун доирасида, шу жумладан Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудида ва денгиз зонасида жойлашган табиий бойликларни излаб топиш, улардан фойдаланиш, ишлов бериш ва қазиб олишни ўз ичига оладиган шартномалар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунлари мажмуаси асосида, уларнинг ҳудудига жойлаштирилган сармоялар ёки мазкур Битим кучга киргандан сўнг жойлаштириладиган сармоялар назарда тутилади.
Сармоя киритиш шаклининг ҳар қандай ўзгариши, ҳудудига сармоя киритган Аҳдлашувчи Томоннинг қонуниятларига зид келмайдиган ҳолда, унинг сармоя сифатида тан олинишига салбий таъсир кўрсатмайди.
2. «Сармоядор» атамаси қуйидаги маъноларни англатади:
а) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлган барча жисмоний шахсларни;
б) Аҳдлашувчи Томонларнинг амалдаги қонуниятлари асосида таъсис этилган, у ерда ўз идорасига эга бўлган ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлган жисмоний шахслар ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида ўз идорасига эга бўлган ва унинг амалдаги қонуниятлари асосида таъсис этилган ҳуқуқий шахслар томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилиб туриладиган барча ҳуқуқий шахсларни.
3. «Даромадлар» атамаси маълум бир вақт оралиғида сармоялардан тушган барча пулнинг миқдорини, чунончи, фойда, қарз тўловларидан ва устама тўловлардан келадиган тушумларни англатади.
Сармоялардан олинадиган даромадлар такроран жорий этилган ҳолларда, улардан келадиган даромад ҳам сармоя каби ҳимояга эга бўлади.
4. Ушбу битим ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида, шунингдек иқтисодий зона ва континентал шельф деб аталмиш, сатҳи ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудий сувлари чегарасидан ташқарига чиқадиган, халқаро ҳуқуққа мувофиқ Тарафлар қидирув ишлари ва эксплуатация қилишга суверен ҳуқуқ ва юрисдикцияга эга бўлган ҳудудда ва денгиз зонасида амалий кучга эга.
2-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, ўз ҳудудида амал қилинаётган қонуниятлар асосида ва ушбу Битим қоидаларига таянган ҳолда, Аҳдлашувчи Томонлар сармоядорларининг сармояларини тан олади ва рағбатлантиради.
3-модда
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида ва денгиз зонасида бошқа Аҳдлашувчи Томон сармоядорларининг сармояларига нисбатан халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда, адолатли ва тенг муносабатда бўлишни ҳамда мазкур нормаларнинг қонун ёки амалий йўл билан камситилишига йўл қўймасликни ўз зиммасига олади. Истисно тариқасида эмас, хусусан хом ашё ва ёрдамчи материалларни, энергия ва ёқилғини, шунингдек турли ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш воситаларини сотиб олиш ва юклаш-ташишдаги барча чеклашлар, маҳсулотларни мамлакат ичкарисида ва чет мамлакатларда сотиш ҳамда юклаш-ташишга нисбатан барча тўсиқлар, шунингдек, шунга ўхшаш натижа берадиган бошқа чоралар тенг ва адолатли муносабат қоидаларининг ва амалиётининг камситилиши деб тушунилади.
Бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудуди ва денгиз зонасида сармояларни жорий қилиш доирасида Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг ички қонунларига мувофиқ равишда бир Аҳдлашувчи Томон сармоядорлари томонидан кириш, яшаш, ишлаш ва жойдан жойга кўчиш ҳақида берилган аризани дўстона кўриб чиқадилар.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида Аҳдлашувчи Томон сармоядорларининг сармоялари ёки даромадларига ўз сармоядорлари ёки энг қулай шароит ҳуқуқидан фойдаланаётган ҳар қандай учинчи давлат сармоядорларининг сармояларига ёхуд сармоядан оладиган даромадларига яратиб берилган қулай шароитдан қолишмайдиган шароитни яратиб беради. Шу муносабат билан, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида фаолият кўрсатишга ваколатли, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароси бўлган жисмоний шахслар мутахассисликлари доирасида моддий қулайликлардан фойдаланадилар.
Ушбу қоида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг учинчи давлат сармоядорларига, уларнинг эркин савдо минтақаси, божхона бирлашмалари, умумий бозор ёки бошқа ҳар хил кўринишдаги иқтисодий ташкилотларида иштирок этиши муносабати билан берадиган имтиёзларига нисбатан қўлланилмайди.
Ушбу моддада қайд этилган қоидалар солиқ солиш масалаларига тегишли эмас.
5-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бири сармоядорларининг сармоялари бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ва денгиз зонасида тўлиқ ҳимояланади ва уларнинг хавфсизлиги таъминланади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бири ўз ҳудудида ва денгиз зонасида бошқа Аҳдлашувчи Томон сармоядорларининг сармояларига нисбатан мусодара қилиш ёки миллийлаштириш ёки мулкдан маҳрум қилишнинг бошқа барча бевосита ёки билвосита чораларини кўрмайди. Миллий манфаатлари талаб қилган тақдирда эса, кўриладиган чоралар камситувчи ёки махсус олинган мажбуриятга зид бўлмаслиги керак.
Эгалик ҳуқуқидан маҳрум этиш билан қўлланиши мумкин бўлган барча чоралар шу захотиёқ ва етарли даражада товон пули билан қопланади. Товон пули миқдори эгалик ҳуқуқидан маҳрум қилишдан олдинги нормал иқтисодий шароитлардан келиб чиқиб белгиланади.
Юқорида келтирилган товон пули, унинг ҳажми ва тўлов шартлари эгалик ҳуқуқи бекор қилинган кундан ўтмасдан белгиланади. Ушбу товон пули ҳеч қандай тўхтовсиз ўз вақтида ва хоҳишига кўра исталган ҳисобга ўтказилиши мумкин. Товон пули тўловлар амалга оширилгунга қадар бозор фоиз ставкаларига мувофиқ кўпайиб боради.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бири сармоядорларининг сармояларига бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида уруш ёки бошқа ҳар хил қуролли тўқнашув, инқилоб, фавқулодда ҳолатлар ёки фитна туфайли етказилган талафотлардан сўнг, ҳудудидаги ўз сармоядорларига ёки энг мақбул шарт-шароитлар билан таъминланган сармоядорларга кўрсатилган шароит қўлланилади.
6-модда
Ҳудуди ва денгиз зонасига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг сармоядорлари томонидан сармоялар киритилган ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу сармояларни эркин равишда жойдан-жойга ўтказишни таъминлашлари лозим, яъни:
а) фоизлар, дивидендлар, фойда ва бошқа жорий даромадлар;
б) биринчи модданинг (г) ва (д) бандларига асосланган ажратмалар;
в) мунтазам равишда контрактлар асосида олинган қарзлар тўлови;
г) сармояларнинг тўлиқ ёки қисман тугатилиши ёки мулкни мусодара қилиш қиймати;
д) бешинчи модданинг 2 ва 3-бандларида кўрсатилган мулкни мусодара қилиш ёки талафотлар бўйича қопланмалар.
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудуди ва денгиз зонасида ишлашга рухсат берилган сармоядорларига кўзда тутилган сармоя жорий қилиш доирасида ўз мамлакатларига маошининг бир қисмини жўнатишга рухсат берилади.
Бошқа бандларда кўрсатилган ўтказишлар кечиктирилмасдан, алмаштириш куни амалда бўлган расмий миқдорда амалга оширилади.
7-модда
Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг қонунлари мажмуаси хорижий сармоялар учун кафолатларга эга бўлса, ушбу кафолатлар ҳар бир аниқ ҳол кўриб бўлингандан сўнг, ушбу Томон сармоядорлари томонидан бошқа Томон ҳудудида ёки денгиз зонасида жорий этилаётган сармояларга нисбатан ишлатилади.
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сармоядорлари бошқа Томон ҳудуди ёки денгиз зонасида жорий қилган сармоялари ушбу томон билан олдиндан келишилган ҳолдагина юқоридаги хатбошида кўрсатилган кафолат билан таъминланиши мумкин.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг сармоядорлари ўртасида сармояларни жойлаштиришга оид бўлган келишмовчиликлар икки томонлама дўстона музокаралар йўли билан ҳал қилиниши лозим.
1965 йил 18 мартда Вашингтонда имзоланган давлатлар ва бошқа давлатлар фуқаролари ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш тўғрисидаги Конвенцияга кўра, агар келишмовчиликлар даъво тақдим этилгандан сўнг 6 ой ичида ҳал қилинмаса, Томонлардан бирининг талабига мувофиқ, у сармоялар муаммоларини ҳал этувчи Халқаро Марказнинг ҳакамлик судига топширилади (С.I.R.D.I).
9-модда
Агар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига сармоя қўйиш муносабати билан берган кафолати асосида ўз сармоядорларига тўловларни амалга оширган бўлса, бу ҳолда, биринчи Томон юқорида қайд этилган сармоядорларнинг ҳуқуқ ва ҳаракатларига нисбатан суброгация тариқасида тўла ҳуқуқларга эга бўлади.
Юқорида қайд этилган тўловлар шахсларнинг СIRDI га ёрдам учун мурожаат этиш ёки суд муҳокамасини якунига етказиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқларига тааллуқли эмас.
10-модда
Бир Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа Аҳдлашувчи Томон сармоядорларига нисбатан махсус мажбуриятлар шаклини олган сармоялари, ушбу Битим қоидаларига зарар етказмаган ҳолда, юқорида қайд қилинган ва мазкур Битимдагига нисбатан афзалроқ бўлган мажбуриятлар шартлари асосида бошқарилади.
11-модда
1. Ушбу Шартномани талқин қилиш ва қўллаш бўйича келиб чиқадиган келишмовчиликлар музокаралар йўли билан ёки имкони бўлса дипломатик йўллар орқали ҳал қилинади.
2. Агар келишмовчиликлар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг расмий сўров берган кунидан бошлаб 6 ой ичида ҳал этилмаса, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига биноан ҳакамлик суди муҳокамасига берилади.
3. Юқорида қайд этилган ҳакамлик суди ҳар бир алоҳида ҳолат учун қуйидаги тартибда тузилади: ҳар бир Аҳдлашувчи Томон биттадан ҳакам тайинлайди, сўнг ана шу тайинланган ҳакамлар суд раислигига учинчи давлат фуқаросини тайинлайдилар. Ҳамма ҳакамлар бир Аҳдлашувчи Томоннинг иккинчи Аҳдлашувчи Томонга келишмовчиликларни ҳал этиш учун ҳакамлик судига мурожаати тўғрисидаги мақсадини расмий равишда билдиргандан сўнг, икки ой муддат ичида тайинланишлари лозим.
4. Агар ушбу модданинг 3-бандида келтирилган тайинлашлар ўз вақтида амалга оширилмаса, Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири, кўзда тутилган бошқа шартномалар бўлмаган ҳолатда юқорида келтирилган тайинлашларни амалга ошириш илтимоси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котибига мурожаат қилишлари мумкин. Агарда Бош Котиб Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки у юқорида қайд қилинган вазифаларни бажара олмаса, у ҳолда зарур тайинлашларни ҳеч бир Аҳдлашувчи томон фуқароси бўлмаган Бош Котибнинг ўринбосари амалга оширади.
5. Ҳакамлик суди кўпчилик овоз билан қарорлар қабул қилади. Ушбу қарорлар Аҳдлашувчи Томон учун ҳуқуқий жиҳатдан мажбурий ва қатъийдир.
Муҳокама тартибларини ҳакамлик судининг ўзи белгилайди ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра ўз қарорларини тушунтириб беради. Ҳакамлик жараёни билан боғлиқ бўлган харажатлар, шунингдек ҳакамларнинг иш ҳақи, суд ўз қарорларини чиқаргунга қадар Аҳдлашувчи Томонлар ҳисобидан тенг ярим миқдорида тўланади.
12-модда
Ҳар бир Томон бошқа Томонни ушбу Битим кучга кириши билан боғлиқ зарур конституцион маросимлари тугаганлиги ҳақида хабардор қилади ва охирги хабар олинган кундан бир ой ўтгандан сўнг Битим кучга киради.
Битим дастлабки 10 йил муддатга тузилади. Бу ҳолат, токи Аҳдлашувчи Томонлардан бири дипломатик йўл билан ушбу Битим муддатининг тугашидан бир йил олдин унга амал қилишни бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирмагунга қадар давом этаверади.
Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати тугаган ҳолда Битимга амал қилиш даврида жорий қилинган сармоялар қўшимча яна 20 йил давомида Битимнинг ҳимояга оид бандларидан фойдаланадилар.
Париж шаҳрида, 1993 йил 27 октябрда, ўзбек ва француз тилларида тузилди, ҳар иккала матн ҳам бир хил кучга эгадир.
(имзолар)