Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қувайт Давлати Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини кучайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида,
иккала мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши йўлида туризм соҳасидаги алоқаларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўзаро манфаатдорлик асосида туризм соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини рағбатлантирадилар ҳамда шу мақсадда Томонлар иккала давлат ҳудудида ўзаро ютуқларини ва истиқболдаги имкониятларини намойиш этадилар.
2-модда
Томонлар ҳужжатлар, нашриёт материаллари, фильмлар ва туристик маълумотлар билан алмашадилар ҳамда нашриёт ходимлари ва журналистларнинг ўзаро икки давлатга ташрифларини қўллаб -қувватлайдилар.
3-модда
Томонлар икки давлат ўртасида туристлар алмашинувининг муҳим эканлигини англаган ҳолда ўз мамлакатлари ҳудудларида ўтказиладиган туристик ярмарка ва кўргазмаларда қатнашадилар.
4-модда
Томонлар ҳунармандчилик ва бошқа ишлаб чиқариш соҳалари, тарихий обидалардан унумли фойдаланиш ва инвестициялар жалб қилиш, ҳамда иккала мамлакатда ушбу соҳаларга оид миллий қонунчилиги тўғрисида ахборот алмашадилар.
5-модда
Томонлар экологик туризмни ривожлантириш соҳасида ўзаро тажриба алмашадилар ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси, маданий ва ижтимоий соҳаларда маълумот алмашадилар.
6-модда
Томонлар хусусий секторни қуйидагилар орқали қўллаб- қувватлайдилар:
1. Иккала мамлакат ўртасида туризм соҳасига оид қўшма лойиҳаларни амалга оширадилар.
2. Икки мамлакатга саёҳатлар уюштириш мақсадида туристик муассаса/компанияларни рағбатлантирадилар.
3. Икки мамлакатда янги сайёҳлик ва авиа йўналишларнинг очилишини рағбатлантирадилар.
4. Иккала мамлакатнинг туризм соҳасида фаолият олиб бораётган ҳукумат органлари, жамиятлар ва компаниялар ўртасида ҳамкорликнинг ривожланишини қўллаб- қувватлайдилар.
7-модда
Томонлар туризм соҳасида инвестиция, режа ва таҳлиллари тўғрисида маълумот алмашадилар.
8-модда
Томонлар икки давлат миллий туризм маъмуриятлари ўртасида БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлари доирасида ҳамкорликни мувофиқлаштирадилар.
9-модда
Томонлар туризм ва меҳмонхона ишини юритиш соҳасида тажриба ҳамда икки мамлакатда мавжуд туризм институтлари ва махсус марказларда ўқитиш ҳамда малака ошириш услублари юзасидан маълумот алмашадилар. Шунингдек, икки мамлакатда ўтказиладиган туризм соҳасига оид анжуманлар, жумладан, меҳмонхона ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишга оид тадбирларда иштирок этадилар.
10-модда
Томонлар ушбу Битим қоидаларини ва туризм соҳасидаги дастурларни амалга ошириш мақсадида икки мамлакат экспертлари таркибидан иборат бўлган Техник қўмитани тузадилар.
11-модда
Қўмита йиғилишлари 10-моддага биноан навбатма-навбат билан ҳар икки давлатда бир йилда бир марта ўтказилади, шунингдек, зарур ҳолларда Томонларнинг розилиги билан навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.
12-модда
Ушбу Битим Томонлардан бирининг бошқа Томонни ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб кучга киради.
Томонларнинг келишувига кўра, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин ва мазкур ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ушбу модданинг 1-хатбошида белгиланган тартибда кучга киради.
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва унинг амал қилиш муддати агар Томонлардан бири унинг амал қилиш муддатини тўхтатиш нияти ҳақида Битимнинг навбатдаги амал қилиш муддати тугашидан камида олти ой илгари ёзма равишда хабардор қилмаса, ушбу Битим кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 2008 йил 21 июлда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)