Жиззах вилояти Арнасой тумани ҳокимининг
Қарори
Арнасой туманининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва маҳаллий бюджетнинг параметрлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2013 йил 14 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги 770-II-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 й., 11 (1452)-сон, 303-модда), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида»ги СҚ-399-II-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ- 2099-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 690-модда) ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли қарори ва вилоят ҳокимининг 2014 йил 2 январдаги 4-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. 2014 йил учун:
туманнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози 1-иловага* мувофиқ;
туманнинг маҳаллий бюджети асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, вилоят бюджетидан мақсадли субвенцияларнинг чекланган миқдорлари 3-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлар тушумларидан ажратмалар нормативлари 4-иловага* мувофиқ;
туман маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 5-иловага* мувофиқ;
тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқ ставкалари 6-иловага* мувофиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ ставкалари 7-иловага* мувофиқ;
маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ставкалари 8-иловага* мувофиқ;
савдо ва умумий овқатланиш корхоналарига, шунингдек шу соҳага тегишли микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари 9-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1—9-иловалар берилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қароридаги тегишли иловалари билан:
юридик шахслардан олинадиган даромад (фойда) солиғи ставкалари;
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари;
ягона солиқ тўлови ставкалари;
республикада ишлаб чиқариладиган ва рўйхат бўйича четдан келтириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
имзоланадиган бонус ва тижорат топилмаси бонуси;
айрим турдаги маҳсулотлар бўйича ортиқча фойдадан солиқ ставкалари;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган мулк солиғи ставкалари;
юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
ягона ер солиғи ставкалари;
Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромад солиғи ставкалари 10 фоиз миқдорда;
Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиз миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар ставкалари;
Белгиланган солиққа тортиш объектларидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,6 фоиз, Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 1,4 фоиз ва Ўзбекистон Республика Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар ставкалари 0,5 фоиз миқдорида;
маблағларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорининг тегишли иловасида келтирилган нормативларга мувофиқ тақсимланган ҳолда ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз миқдорида;
фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 6,5 фоиз миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Мулкни ижарага беришдан тушадиган даромадларни солиққа тортиш тузилган шартномага асосан ижара тўлови суммасидан келиб чиқиб, бироқ ҳисобланган ставкалардан паст бўлмаган ҳолда амалга оширилиши белгиланганлиги, бунда:
Юридик шахслар учун кўчмас мулкни ижарага беришдан тушадиган ижара тўловининг амалдаги ставкалари энг кам миқдори сақланиб қолинганлиги;
Жисмоний шахслар учун мулкни ижарага беришдан тушадиган ижара тўлови ставкаси энг кам миқдорлари 10-иловага* мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ягона солиқ тўлови тушумлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган миқдорларда тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин.
6. Қуйидагилар:
Микрофирмалар ва кичик бизнес субъектлари учун асосий воситаларни ҳар йилги мажбурий қайта баҳолаш бекор қилиниб, уч йилда бир маротаба қайта баҳолаш белгиланганлиги;
Ундиришни солиқ тўловчиларнинг мулкига қаратиш учун солиқ қарздорлигининг энг кам миқдорлари 11-иловага* мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. 2014 йилнинг 1 январидан бошлаб:
Мобиль алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи маблағларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарорининг 27-иловасига мувофиқ тақсимланган ҳолда, ойига 600,0 сўм миқдорида белгиланганлиги;
«Ўзбекнефтмаҳсулот» АК нефть базалари томонидан ажратилган лимитларга мувофиқ автомобиль бензини ва дизель ёнилғисини истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ истеъмол қилганлик учун солиқни ҳисобга олган ҳолда чакана нархларда амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
8. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг барча даражалардаги маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари:
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;
якка тартибдаги тадбиркорлардан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;
вилоятда ишлаб чиқариладиган ўсимлик мойи ва пиво маҳсулотининг акциз солиғи бўйича тушумлар;
давлат божи, йиғимлар ва жарималар 12-иловага* мувофиқ тўлиқ миқдорда вилоят, шаҳар ва туманларининг маҳаллий бюджетлар даромадларига ўтказилсин.
9. Туман ҳокимлиги молия бўлимига маҳаллий бюджетларга бюджетдан мақсадли субвенциялар ва бюджет судаларини (даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш учун) ажратишда уларнинг миқдорларини ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушишидан, шунингдек маҳаллий бюджетнинг биринчи навбатдаги харажатларини (иш ҳақи, иш ҳақидан ажратмалар, стипендиялар, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловларни) сўзсиз молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштириш ҳуқуқи берилсин.
10. Туман маҳаллий бюджетидан маблағ билан таъминланадиган мактабгача таълим муассасаларида болаларни сақлаш учун ота-оналар бадал тўловининг 2014 йилга миқдорлари 13-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 10—13-иловалар берилмайди.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 22 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-1245-сонли қарори 24-бандининг амал қилиши 2015 йилнинг 1 январигача узайтирилгани маълумот учун қабул қилинсин.
12. Туман ҳокимлиги молия бўлимининг туман маҳаллий бюджетининг 2013 йилги асосий кўрсаткичларини аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Туман молия ва ғазначилик бўлимлари туман тижорат банклари билан биргаликда 2014 йилнинг январь ойида, ўтказилган операцияларни 2013 йилги туман маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботида акс эттирган ҳолда, 2013 йилги туман маҳаллий бюджет ижроси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда якуний операциялар ўтказсинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан алоҳида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларига асосан берилган имтиёзлар муддати 34-иловага мувофиқ узайтирилганлиги, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2014 йил 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотган айрим қарорлари рўйхати» 35-иловага, айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги 36-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
14. Туман ҳокимлиги бир ҳафта муддатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.
15. Мазкур қарор «Арнасой тонги» газетасида эълон қилинсин.
16. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Н. Исанов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Ф. САЛОХИДДИНОВ
Арнасой т.,
2014 йил 14 январь,
19-сон