Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Чекланмаган эркинҳаракат қилишҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Германия Федератив Республикаси Ҳукумати,
Ўзбекистон Республикаси билан Германия Федератив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши иккала давлат ўртасидаги ҳамкорликка кўмаклашгани ва бундан кейин ҳам кўмаклашишини таъкидлаб,
бир давлатда иккинчи давлатнинг дипломатик вакилларининг бўлиши иккала давлат халқлари ўртасида ўзаро тушунишга кўмаклашишини тан олиб,
1961 йил 18 апрелдаги дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг қоидаларига қатъий амал қилишга ўз бурчларини тасдиқлаб,
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Ташкилот доирасида зиммаларига олган эркин ҳаракатга тегишли мажбуриятларни ҳаётга татбиқ қилишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг 26 моддасига мунофиқ бошқа Аҳдлашувчи Томон дипломатик миссияси ҳамма ходимларининг ўз ҳудудида чекланмаган эркин ҳаракат қилишини таъминлаши керак.
2. Аҳдлашувчи Томонлар сафарларга олдиндан рухсат олиш ёки хабарнома юборишни талаб қилмайдилар.
3. Киришни чеклаш ёки тақиқлаш фақат махсус объектларга ёки ҳарбий базаларга, шунингдек, давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёки бемалол кириш учун ёпиқ бўлган бошқа объектларга тааллуқли бўлади.
4. 3-банднинг қоидаларига қарамай Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикасининг бошқа фуқароларига ҳам, жумладан сиёсий ташкилотларнинг вакиллари, маданий муассасаларда ишлаш учун юборилган ёки алоҳида махсус топшириқлар билан юборилган мутахассислар, илмий-маданий ёки педагогика соҳасида ёки расмий топшириқ билан техникавий ҳамкорлик доирасида ишловчи, шунингдек бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида истиқомат қилувчи ёки у ерда сафар қилаётган фуқаролик ёки касаба ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар, олимлар ва бошқа илмий мутахассислари ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ташкилотлари ходимлари, журналистлар ва сайёҳларга бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бутун ҳудудида бўлишларига рухсатномалар берилади.
2-модда
Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг 11 моддасига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссияси ходимларининг сонини чекламайди ва Германия Федератив Республикаси Ҳукумати эса Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги дипломатик миссияси ходимларининг сонини чекламайди.
3-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ўз ҳудудига кириш учун виза тартибини ўрнатиш ҳуқуқини чекламайди.
4-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг учинчи давлатларга нисбатан қабул қилган мажбуриятларига таъсир қилмайди ва уларга қарши қаратилмайди.
5-модда
1. Ушбу Битим имзоланган вақтдан кучга киради.
2. Ушбу Битим аниқ бўлмаган муддатга тузилди.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ушбу Битимни хабар бериш йўли билан бекор қилиши мумкин. Ушбу ҳолда Битим бошқа Аҳдлашувчи Томон бекор қилиш тўғрисидаги хабарни олгандан уч ой ўтганидан сўнг ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида, 1995 йил 11 апрелда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, немис ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар кучга эга. Ўзбек ва немис матнларини талқин этишда келишмовчиликлар бўлса, рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)