Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Вьетнам Социалистик Республикаси Ҳукумати, қуйида «Томонлар» деб аталиб,
иккала давлат ўртасидаги мавжуд дўстлик муносабатларини юқори баҳолаб,
иккала давлат манфаатлари муносабати билан иқтисодиётини ривожлантириб, савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истагида,
икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш учун шартнома-ҳуқуқий асосларни ва мақбул шароитларни тузишга интилиб,
халқаро ҳуқуқ нормалари, тенглик, ўзаро фойда принципларига мувофиқ ва икки давлатларнинг амалдаги қонунчилиги доирасида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларида амалда бўлган қонунчилик асосида узоқ муддатли ва турғун асосда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни, иккала давлат хўжалик фаолиятининг субъектлари (қуйида «субъектлар» деб аталади) ўртасида ташқи иқтисодий алоқаларини қўллаб-қувватлайдилар, қуйидаги соҳаларда:
қишлоқ хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташиш;
енгил саноат, жумладан, олий сифатли, рақобатгир тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш,
электрон ва электр техника саноати;
кимёвий, жумладан, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш;
машинасозлик;
соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва медицина саноати;
қурилиш саноати, қурилиш материаллар ва асбоб-ускуналар саноати;
ўзаро қизиқиш уйғотувчи, бошқа соҳалар.
2-модда
Томонлар ўз давлатларида амалда бўлган қонунчилик асосида қўшма тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига, иқтисодий соҳада, субъектлар учун ўзаро қизиқиш уйғотадиган бевосита сармоя қўйишни қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар субъектлар ўртасидаги делегациялар ташрифи, ярмаркалар ва кўргазмалар ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш, маълумотлар билан алмашиш ва шунга ўхшаш алоқаларни рағбатлантирадилар ва қўллаб-қувватлайдилар.
Томонлар зарур ҳолларда ва ўзаро келишиб, ўз давлатларида амалдаги қонунчилик асосида субъектларнинг ваколатхоналари ва/ёки филиаллари очилишига кўмаклашадилар.
3-модда
1. Томонлар бир бирларига божхона тўловлари ва бошқа йиғимларга, ҳамда товарларни олиб кириш ва чиқишдаги шундай божхона тўловларига ва йиғимларга нисбатан мумкин қадар қулайлик режимини яратадилар.
2. Томонлар бир бирларига ўзаро савдодаги экспорт ва импорт қилинган товарларга лицензияларни миқдорий чеклаш ва беришни қўллашга нисбатан нодискриминацион режимини яратадилар.
3. Ушбу модданинг 1 ва 2 бандларининг қоидалари қуйидагиларга тегишли эмас:
а) Томонлардан ҳар бири қўшни давлатларга чегара олди савдоларини енгиллаштириш учун берган ёки бериши мумкин бўлган имтиёзлар;
б) Томонлардан бири эркин савдо зоналарида, божхона иттифоқларида ёки бошқа регионал битимларда қатнашиш натижасида берилган ёки бериши мумкин бўлган имтиёзлар.
4. Ушбу Битимнинг қоидалари ҳар бир Томоннинг:
миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш;
кишилар ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш, жониворлар ва ўсимликлар касалликларнинг олдини олиш;
миллий бадиий, тарихий ва археологик бойликларни муҳофаза қилишга қаратилган товарлар экспорти/импортини зарур ҳолларда тақиқлаш ёки чеклаш ҳуқуқини чекламайди.
Бундай тақиқлаш ва чеклашлар иккала давлат ўртасидаги савдони асосланмаган дискриминация қилиш ёки яширин чеклашлар воситаси бўлиши мумкин эмас.
4-модда
Товарлар етказиш ва хизматлар кўрсатиш субъектлар ўртасида контрактлар асосида, дунё баҳолари, ҳар бир давлатда амалдаги қонунчилик ва халқаро савдо практикасига мувофиқ амалга оширилади.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Вьетнам Социалистик Республикаси ўртасидаги тижорий ва тижорий характерда бўлмаган ҳисоблар ва тўловлар, ҳар бир давлатда амалдаги қонунчилик асосида, халқаро банк операциялари билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган банклар орқали эркин муомаладаги валютада, агар Томонлар бошқалар тўғрисида келишиб олмасалар амалга оширилади.
6-модда
Субъектлар ҳар бир мамлакатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ бир-бирларига товарлар етказиш ва савдо-сотиқ ҳамкорлигининг ҳар қандай шаклида хизмат кўрсатиш (компенсация асосида, бартер, лизинг, кимошди савдоси ва ҳакозолар) ҳуқуқига эгадирлар.
7-модда
Субъектлар ўртасидаги даъволар контрактларни имзолаган Томонлар ўртасида контрактлар ёки алоҳидаги ёзма битимларга мувофиқ ҳал қилинади.
8-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги билан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
1. Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган талаблар ҳар бир мамлакатда амал қилаётган қонунларга мувофиқ бажарилганини бир-бирига хабар қилган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги истагини иккинчи Томонга билдирган кундан бошлаб олти ойга қадар ўз кучини сақлайди.
2. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилгандан сўнг унинг қоидалари ушбу Битим амал қилаётган даврда қабул қилинган ва унинг амал муддати тамом бўлгунга қадар бажарилмаган барча мажбуриятларга нисбатан қўлланилади.
Тошкент шаҳрида, 1994 йил 3 февралда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва вьетнам тилларида тузилди, ҳар иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
Ушбу Битимнинг ҳар бир нусхасига унинг рус тилидаги расмий таржимаси илова қилинади. Мазкур Битимнинг шарҳларида келишмовчилик пайдо бўлса, Томонлар русча таржимага амал қиладилар.
(имзолар)