Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Капитал маблағларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати (қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталадилар), иккала давлатнинг ўзаро манфаати йўлида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришни истаб,
бир давлат инвесторларининг иккинчи давлат ҳудудидаги капитал маблағлари учун шарт-шароитларни вужудга келтириш ниятида, ва
мазкур Битим асосида капитал маблағларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бу соҳадаги амалий ташаббускорликни рағбатлантиришини эътироф этиб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Аниқлашлар
Аниқлашлар
Мазкур Битим мақсадлари учун:
1. «Капитал маблағ» атамаси Аҳдлашувчи бир Томоннинг инвестори иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида қўйган мулкий бойликларнинг барча турларини англатади ва жумладан қуйидагиларни ўз ичига олади, лекин фақат шулардангина иборат эмас:
а) кўчириб бўладиган ва кўчмас мол-мулк, шунингдек улар билан боғлиқ ҳар қандай мулкий ҳуқуқлар, чунончи гаров ҳуқуқи;
б) акциялар, омонатлар, облигациялар ёки компанияда, корхонада ёхуд қўшма корхонада иштирок этишнинг бошқа ҳар қандай шакллари;
в) пул маблағлари бўйича ёки иқтисодий қимматга эга бўлган ва капитал маблағга тегишли ҳар қандай мажбуриятлар бўйича талаб қилиш ҳуқуқи;
г) интеллектуал мулкка, шу жумладан муаллифлик ҳуқуқлари, товар белгиларига, патентларга, саноат намуналарига, техник жараёнларга, ноу-хау, савдога доир сирларга, сирларга, фирма номларига, шунингдек «гудвил» га бўлган ҳуқуқлар;
д) қонунга асосланадиган ёки шартнома бўйича бериладиган ҳар қандай ҳуқуқлар, жумладан табиий ресурсларни қидириш, қазиб олиш, ишлов бериш ёки фойдаланиш ҳуқуқи.
Мулкий бойликлар қўйиладиган шаклнинг ҳар қандай ўзгариши уларнинг капитал маблағ сифатида тавсифланишига таъсир қилмайди.
2. «Инвестор» атамаси Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бирига нисбатан қуйидагиларни англатади:
а) мазкур Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ унинг фуқароси бўлмиш мавжуд шахс;
б) мазкур Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амал қилаётган қонунларга мувофиқ таъсис этилган ҳар қандай корпорациялар, компаниялар, фирмалар, корхоналар, ташкилотлар ва уюшмалар;
ана шу мавжуд шахс, корпорация, компания, фирма, корхона, ташкилот ёки уюшма ўзининг Аҳдлашувчи Томони қонунларига мувофиқ иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида капитал маблағлар сарфлай олиш ҳуқуқига эга бўлишлари шарт.
3. «Даромадлар» атамаси капитал маблағ сарфлаш натижасида олинган суммани англатади ва жумладан фойдани, процентларни, мулк қиймати ўсишидан тушган даромадларни, тақсимланадиган фойдани, роялти ёки мукофотларни ўз ичига олади, лекин фақат шулардангина иборат бўлиб қолмайди.
2-модда
Капитал маблағларни рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш
Капитал маблағларни рағбатлантириш ва муҳофаза қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида капитал маблағ қўйилиши учун икки Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторларини рағбатлантиради ва уларга қулай шарт-шароитларни вужудга келтиради ҳамда ўз қонунларига мувофиқ бундай капитал маблағларга йўл қўяди.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг инвесторлари қўядиган капитал маблағларга ҳамиша адолатли ва тенг ҳуқуқли иш тартиби яратиб берилади ҳамда иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида уларнинг тўла ҳимоя қилиниши ва хавфсизлиги таъминланади.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг биронтаси ҳам ўз ҳудудида иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг капитал маблағларини бошқариш, сақлаш, фойдаланиш, эгалик қилиш ёки тасарруф этишига асоссиз ёхуд камситувчи чоралар кўриш йўли билан асло тўсқинлик қилмайди.
4. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимга мувофиқ ўз ҳудудида иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг капитал маблағларига нисбатан зиммасига қабул қилиши мумкин бўлган ҳар қандай мажбуриятга риоя этади.
3-модда
Капитал маблағлар тартиб-қоидаси
Капитал маблағлар тартиб-қоидаси
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз ҳудудида иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг капитал маблағлари ёки даромадларига ўз инвесторлари ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларининг капитал маблағларига ёхуд капитал маблағдан оладиган даромадларига берадиган қулай шароитдан қолишмайдиган тартибни яратиб беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторларига ўзларининг капитал маблағларини бошқариш, сақлаш, фойдаланиш, эгалик қилиш ёки тасарруф этишларига нисбатан у ўз инвесторларига ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларига берадиган қулай шароитдан қолишмайдиган тартибни яратиб беради.
4-модда
Зиён ёки зарарни қоплаш
Зиён ёки зарарни қоплаш
Ҳудудида бирон бир қуролли тўқнашув, фавқулодда ҳолат жорий этилиши ёки фуқаролар тартибсизлиги натижасида иккинчи Аҳдлашувчи Томон бундай инвесторларга мол-мулкини тиклаш, ўрнини қоплаш, товон тўлаш ҳамда бошқа турдаги тартибга солиш ишларига нисбатан ўз инвесторларига ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларига берадиган қулай шароитдан қолишмайдиган тартибни яратиб беради. Бунинг натижасида олинган тўловлар етарли бўлиши, кечиктирмай амалга оширилиши ва эркин юборилиши керак.
5-модда
Экспроприация
Экспроприация
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг инвесторлари иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида қўйган капитал маблағлар давлат ихтиёрига олиш ёхуд экспроприация қилиш (қуйида экспроприация деб аталади) каби оқибатларга эга бўлган чоралар қўлланилмайди. Жамоат манфаатларини кўзлаб шундай чоралар кўриладиган ҳоллар бундан мустаснодир. Экспроприация қонунда белгиланган тартибда, камситилмаслик асосида амалга оширилади ҳамда ўз вақтида, етарлича ва самарали товон тўланади. Бундай товон миқдори экспроприация тўғрисида ёки бўлажак экспроприация ҳақида бевосита маълум бўлгунга қадар, нима олдинроқ содир бўлишига қараб, экспроприация қилинган капитал маблағларнинг ҳақиқий қийматига мос келиши керак. Товон экспроприация қилинган кундан бошлаб икки ой мобайнида тўланиши лозим, мана шу муддат тугагандан кейин товон пулига оддий тижорат даражасидаги процентлар товон тўланган кунгача қўшиб борилади. Товон пули самарали тарзда реализация қилинадиган ва эркин юбориладиган бўлиши лозим.
2. Капитал маблағларига дахл қилинган инвестор экспроприацияни амалга оширадиган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ унга тааллуқли ҳодисани ана шу Аҳдлашувчи Томоннинг суд органи ёки бошқа мустақил органи томонидан тезликда кўриб чиқилиши ҳамда ушбу модданинг 1-бандида баён этилган қоидаларга мувофиқ ўз капитал маблағлари қиймати аниқланиши ҳуқуқига эга бўлади.
6-модда
Капитал маблағлар ва даромадларни юбориш
Капитал маблағлар ва даромадларни юбориш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторларига ўз ҳудудидан ҳар қандай эркин муомаладаги валютада қуйидагилар ўз вақтида юборилишини кафолатлайди:
а) капитал маблағлардан олинадиган даромадларни;
б) иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторининг капитал маблағларини сотишдан ёки уларни ёхуд қисман тугатишдан ҳосил бўлган суммани;
в) капитал маблағ билан боғлиқ қарзларни узишга тўланадиган суммани;
г) ҳудудида капитал маблағлар қўйилган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунларига мувофиқ иккинчи Аҳдлашувчи Томон фуқароларининг иш ҳақини;
д) дастлабки ҳисса ва капитал маблағларни кўпайтириш учун зарур бўлган қўшимча суммаларни.
2. Мазкур Битимнинг мақсадлари учун валюта курси сифатида ҳудудида капитал маблағ қўйилган Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги валюта қонунларига мувофиқ маблағ юборилган санадаги курс қўлланилади.
7-модда
Истиснолар
Истиснолар
Мазкур Битим 3 ва 4-моддаларининг қоидалари:
а) ҳар қандай мавжуд ёки келгусида ташкил қилинадиган божхона уюшмаси ёки эркин савдо зонаси ёки умумий ташқи тариф зонаси ёки валюта уюшмаси ёки худди шундай халқаро Битим ёхуд Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири қатнашаётган ёки келгусида қатнашадиган минтақавий ҳамкорликнинг бошқа шакллари; ёки
б) солиқ солиш масалаларига тўлиқ ёки қисман тааллуқли бўлган ҳар қандай халқаро битим ёки аҳднома асосида биринчи Аҳдлашувчи Томонга берилиши мумкин бўлган ҳар қандай тартиб-қоида нафларини, афзалликлар ёки имтиёзларни иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвесторларига бериш мажбурияти Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг зиммасига юкланади деб талқин қилиниши мумкин эмас.
8-модда
Қисман қўшимча
Қисман қўшимча
1. Агар Аҳдлашувчи Томон ёки унинг ваколатли маҳкамаси иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги капитал маблағга нисбатан берилган кафолат бўйича ана шу Аҳдлашувчи Томон инвесторининг фойдасига тўловларни амалга оширган тақдирда иккинчи Аҳдлашувчи Томон қонунларга ёки юридик далолатномага мувофиқ товон тўла-тўкис миқдорда тўланган инвесторнинг барча ҳуқуқлари ва талаблари биринчи Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг ваколатли маҳкамасига ўтганлигини тан олади.
2. Инвесторга қай даражада ҳуқуқ бериладиган бўлса Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг ваколатли маҳкамасига худди шу даражада ҳар қандай ҳуқуқ ва талабларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг бири билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги инвестиция низоларини ҳал қилиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг бири билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги инвестиция низоларини ҳал қилиш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг бири билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон инвестори ўртасидаги ҳар қандай низони Томонлар дўстона йўл билан бартараф этадилар.
2 Агар юзага келган бирон-бир низо олти (6) ой мобайнида бартараф этилмаётган бўлса, у томонлардан бирининг илтимосига кўра ҳакамликка топширилади. Ҳакамлик, агар Томонлар бошқа бир қўшимча шартларни қўйишмаган тақдирда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиянинг Ҳакамлик қоидаларига мувофиқ ўтказилиши керак. Бу қоидалар БМТ Бош Ассамблеясининг 1976 йил 15 декабрдаги 31/98-Резолюцияси билан маьқулланган.
3. Ушбу модданинг мазмуни низода қатнашувчи томонларга ўз ўрталаридаги низони ўзлари танлаб оладиган тинч воситалар билан бартараф этишга розилик беришларига тўсиқлик қиладиган тарзда талқин этилмаслиги керак.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш
1. Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўлланиш хусусида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар имкон борича дипломатик йўллар билан ҳал қилинади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низо шундай йўл билан олти (6) ой мобайнида бартараф этилмаётган бўлса, у исталган Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига кўра бетараф ҳакамлар судига топширилади.
3. Бетараф ҳакамлар суди ҳар бир аниқ ҳодиса учун қуйидаги тарзда тузилади. Ҳакамлик тўғрисидаги илтимоснома олингандан кейин икки ой мобайнида Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бетараф ҳакамлар судига биттадан аъзо тайинлайди. Ана шу бетараф ҳакамлар судининг икки аъзоси кейин учинчи давлат фуқаросини сайлайдилар. Ана шу фуқаро иккала Аҳдлашувчи Томоннинг розилиги билан бетараф ҳакамлар судининг раиси этиб тайинланади (қуйида «раис» деб аталади). Бетараф ҳакамлар судининг бошқа икки аъзоси тайинланган кундан кейин икки (2) ой мобайнида раис тайинланади.
4. Агар ушбу модданинг 3-бандида кўрсатилган муддатларда зарур одамлар тайинланмаган тақдирда Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири, агар ўзгача аҳдлашув бўлмаса, зарур одамларни тайинлашни илтимос қилиб Халқаро Суд Раисига мурожаат этиши мумкин. Агар раис Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки у бирон-бир сабабларга кўра бу ишни амалга ошира олмаса, у ҳолда зарур одамларни тайинлаш Халқаро Суднинг Раис ўринбосарига таклиф этилади. Агар раис ўринбосари Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса ёки у ҳам бу вазифани бажара олмаса Халқаро суднинг катталиги жиҳатдан ундан кейин турган ва Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлмаган аъзосига зарур одамларни тайинлаш таклиф қилинади.
5. Бетараф ҳакамлар суди қарорларни кўпчилик овоз билан қабул қилади. Бундай қарорлар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун мажбурий ҳисобланади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз ҳакамининг фаолияти ва бетараф ҳакамлар тафтишида у қатнашганлиги билан боғлиқ харажатларни қоплайди. Суд раисининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни ҳамда бошқа харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг улушларда қоплайдилар. Бетараф ҳакамлар суди ўзининг тартиб-қоидасини белгилайди.
11-модда
Битимнинг қўлланиши
Битимнинг қўлланиши
Мазкур Битим инвестициялар Битим кучга киргунга қадар ёки кучга киргандан кейин амалга оширилганидан қатъи назар, уларнинг барчасига нисбатан қўлланилади.
12-модда
Бошқа қоидаларнинг қўлланиши
Бошқа қоидаларнинг қўлланиши
1. Масала бир вақтнинг ўзида мазкур Битимнинг қоидалари билан ва ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон қатнашчиси бўлган бошқа ҳар қандай халқаро битим билан тартибга солинадиган ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг инвесторига мазкур Битимдаги ҳеч нарса бир мунча қулайроқ тартиб афзалликларидан фойдаланишга халақит қилиши мумкин эмас.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонларнинг бири иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг инвесторларига ўз қонунларига мувофиқ яратиб берадиган тартиб мазкур Битимда бериладиган тартибга қараганда бир мунча қулайроқ бўлса, у ҳолда бир мунча қулайроқ тартиб яратиб берилади.
13-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Ҳар қандай Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонга мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўлланиш масаласи хусусида маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф этиши мумкин. Иккинчи Аҳдлашувчи Томон бундай маслаҳатлашувга хайрихоҳлик билан муносабатда бўлади ва уни ўтказиш учун тегишли имкониятни яратиб беради.
14-модда
Кучга кириш, муддат, амал қилишни тўхтатиш ва ўзгартиришлар киритиш
Кучга кириш, муддат, амал қилишни тўхтатиш ва ўзгартиришлар киритиш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири мазкур Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган қонун тартиботлари бажарилганлиги тўғрисида иккинчи томонни хабардор қилади.
2. Мазкур Битим ўн беш (15) йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади. Шундан кейин исталган Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томонга унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги ёзма хабарномани топширган кундан бошлаб олти (6) ой ўтгунга қадар ўз кучида қолади.
3. Битим амал қилган муддат мобайнида қўйилган капитал маблағларга нисбатан унинг қоидалари амал қилиш тўхтатилган кундан бошлаб ўн (10) йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
4. Мазкур битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартишлар киритилиши мумкин.
Қуйида ўзларининг тегишли ҳукуматлари томонидан муносиб равишда вакил қилинган кишилар мазкур Битимни имзоладилар.
1992 йил 17 июнда Сеул шаҳрида икки асл нусхада, ўзбек, корейс ва инглиз тилларида имзоланди, уччала матн ҳам бир хил кучга эга. Талқин қилишда тафовут юзага келган тақдирда инглиз тилидаги матнга устунлик берилади.
(имзолар)