Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Литва Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Божхона қонунларини бузишга қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Литва Республикаси Ҳукумати,
наркотиклар ва психотроп моддаларнинг қонунсиз обороти жамият соғлиғи учун хавф туғдиришини назарда тутиб, божхона қонунларини бузиш уларнинг мамлакатларининг иқтисодий, божхона ва жамоат манфаатларига путур етказишини тан олиб,
товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзитида божхона божлари, йиғимлари ва бошқа тўловларни тўғри қўллаш, шунингдек тақиқ, чеклаш ва назоратга тааллуқли бўлган қоидаларга аниқ риоя қилишнинг заруратини тан олиб,
божхона қонунларига риоя қилиш ва божхона божлари, йиғимлари ва бошқа тўловларни ундириш божхона маъмуриятларининг яқин ҳамкорлигида янада самарали бўлишига ишониб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида ишлаб чиқилган 1953 йил 5 декабрдаги Маъмурий ўзаро ёрдам тўғрисида Божхона ҳамкорлиги кенгашининг тавсиясини, Наркотик воситалар тўғрисида БМТ Ягона Конвенцияси (Нъю-Йорк, 1961 йил 30 март, 1972 йил 25 мартдаги унга Протоколга мувофиқ ўзгартирилган таҳрирда), Психотроп моддалар тўғрисида конвенция (Вена, 1971 йил 21 февраль) ва Наркотик воситалар ва психотроп моддаларнинг қонунсиз оборотига қарши кураш тўғрисида конвенция (Вена, 1988 йил 19 декабрь) қоидаларини эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I. Таърифлар
1-модда
1-модда
Ушбу Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
а) «божхона қонунлари» — товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзити ва божхона божлари, йиғимлари ва божхона тўловларини ундириш тартибини, шунингдек таъқиқ, чеклаш ва назорат тартибларини йўлга қўювчи,божхона маъмуриятларини қўллайдиган қонун-қоидалар тўплами;
б) «божхона маъмурияти» — Ўзбекистон Республикасида — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Божхона бош бошқармаси, Литва Республикасида — Литва Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Божхона департаменти;
в) «божхона қонунларини бузиш» — божхона қонунларини ҳар қандай бузиш, шунингдек бу қонунларни бузишга ҳар қандай ҳаракат қилиш;
г) «ҳудуд» — божхона ишлари хусусида танҳо давлат юрисдикцияга эга бўлган давлат ҳудуди;
д) «назорат қилинадиган етказиб беришлар» — наркотиклар ва психотроп моддаларнинг қонунсиз оборотида иштирок этувчи шахсларни аниқлаш мақсадида Томонларнинг ваколатли органлари билган ҳолда ва улар назорати остида қонунсиз оборотга киритилган ёки бунда гумон қилинаётган наркотиклар, психотроп моддалар ёки уларнинг ўрнини босадиган моддаларни Томонлар ҳудудларига олиб кириш, уларнинг ҳудудларидан олиб чиқиш ёки уларнинг ҳудудлари орқали транзитига йўл қўйиш методи.
II. Кўллаш соҳаси
2-модда
2-модда
1. Томонлар ушбу Битим асосида ва божхона маъмуриятлари орқали:
а) божхона қонунларига аниқ риоя қилиш мақсадида;
б) божхона қонунларини бузишларнинг олдини олиш, текшириш ва уларга барҳам бериш соҳасида;
в) божхона қонунларини татбиқ этишга тегишли бўлган ҳужжатлар тўғрисида хабардор қилиш борасида бир-бирларига ёрдам берадилар.
2. Ушбу Шартнома кўзда тутган ёрдам сўралаётган давлат ҳудудида амал қилувчи қонунлар ва кўрсатмаларга мувофиқ сўралаётган божхона маъмуриятининг ваколати ва имкониятлари доирасида кўрсатилади.
3. Ушбу Битим тўланмаган божхона божлари, йиғимлари ва бошқа тўловларнинг компенсациясини кўзда тутмайди.
III. Шахслар, товарлар ва транспорт воситаларини кузатиш
3-модда
3-модда
1. Томонларнинг божхона маъмуриятлари ўз ташаббусига кўра ёки бошқа Томон божхона маъмуриятининг сўрови бўйича:
а) бошқа Томоннинг божхона қонунларини бузгани маълум бўлган ёки бунда гумон қилинаётган шахслар;
б) Томонлардан бирининг божхона маъмурияти бошқа Томоннинг божхона маъмуриятига шу Томон ҳудудида катта миқёсли оборотда иштирок этаётгани тўғрисида маълум қилган товарлар ёки тўлов воситаларининг кўчирилиши;
в) бошқа Томоннинг божхона қонунларини бузиш мақсадида ишлатилаётганлиги маълум бўлган ёки бунда гумон қилинган ҳар қандай транспорт воситалари;
г) бошқа Томон ҳудудида катта миқёсли нолегал оборот учун мўлжалланган товарларни сақлаш учун ишлатиладиган жойлар устидан алоҳида кузатишни амалга оширадилар.
2. Ўз ваколатлари доирасида Томонларнинг божхона маъмуриятлари:
а) Томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасидаги қонуний савдо оборотидан ўзга мақсадларда бошқа Томон ҳудудига олиб чиқилаётгани тўғрисида маълум бўлган ёки буни тахмин қилишга етарли асослар бўлган товарларни олиб чиқишга;
б) бошқа Томон давлатининг ҳудудига олиб кириш тақиқланган товарларни олиб чиқишга рухсат бермайдилар.
IV. Назорат қилинадиган етказиб беришлари
4-модда
4-модда
1. Томонлар ўз имкониятлари доирасида наркотиклар ва психотроп моддаларнинг қонунсиз оборотида иштирок этувчи шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш чораларини кўриш мақсадида ўзаро мувофиқлаштирилган келишувлар асосида назорат қилинадиган халқаро даражадаги етказиб беришларни тегишлича татбиқ этишга рухсат берувчи зарур чораларни, агар улар миллий қонунларга зид бўлмаса, кўрадилар.
2. Ҳар бир конкрет ҳол тўғрисида назорат қилинадиган етказиб беришларни татбиқ этиш бўйича алоҳида қарорлар қабул қилинади. Улар зарурат бўлганида ва бу миллий қонунларга зид келмаса, ўзаро мувофиқлаштирилган молиявий келишувларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши мумкин.
3. Назорат қилинадиган етказиб беришлари ваколатли органларнинг ўзаро келишуви бўйича амалга ошириладиган қонунсиз жўнатишлар, уларда наркотиклар ва психотроп моддалар бўлганида, шунингдек бу моддаларни тўлиқ ёки қисман олиб қўйиш ёки алмаштириш билан ушлаб қолиниши ёки ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилиши мумкин.
V. Ахборот алмашиш
5-модда
5-модда
1. Томонларнинг маъмуриятлари ўз ташаббусига кўра ёки бошқа Томон божхона маъмуриятининг сўровига биноан:
а) божхона божлари ва бошқа импорт ва экспорт йиғим ва тўловларнинг ва айниқса, божхона мақсадларида товарлар баҳоси ва уларнинг тариф классификацияси тўғрилигини аниқлашга имкон берувчи ахборотнинг;
б) олиб кириш,олиб чиқиш ва транзитга тақиқ ва чеклашларни татбиқ этишнинг;
в) агар бу бошқа битимлар билан кўзда тутилмаган бўлса, товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш қоидаларини ишлатишнинг тўғрилигини аниқлаш учун зарур бўлган барча ахборотни бир-бирларига ҳавола этадилар.
2. Сўралаётган божхона маъмурияти талаб қилинаётган ахборотга эга бўлмаган ҳолда, у ўз ихтиёрича миллий қонунларнинг нормаларига мувофиқ ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин.
6-модда
Бир Томоннинг божхона маъмурияти бошқа Томоннинг божхона маъмуриятининг сўровига биноан:
сўраётган Томон давлатининг ҳудудига олиб кирилаётган товарлар сўралаётган Томон давлатининг ҳудудидан қонуний олиб чиқилаётгани ҳақидаги,
сўраётган Томон давлатининг ҳудудидан олиб чиқилаётган товарлар сўралаётган Томон давлатининг ҳудудига қонуний олиб кирилаётгани ҳақида ва бу товарлар қандай божхона процедураларидан ўтганлиги ҳақидаги ахборотни ҳавола этади.
7-модда
Бир Томоннинг божхона маъмурияти ўз ташаббусига кўра ёки бошқа Томоннинг божхона маъмуриятининг сўровига биноан у божхона қонунларини бузишларни текширишида ишлатилиши мумкин бўлган, айниқса:
а) бошқа Томоннинг божхона қонунларини бузгани маълум бўлган ёки бунда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахслар,
б) қонунсиз оборотда ишлатилаётганлиги маълум бўлган ёки шундай деб фараз қилишга асослар бўлган товарлар;
в) Томонларнинг божхона қонунларини бузишда ишлатилаётганлиги маълум бўлган ёки шундай деб фараз қилишга асослар бўлган транспорт воситалари;
г) Томонларнинг божхона қонунларини бузишда татбиқ этилаётганлиги маълум бўлган ёки шундай деб фараз қилишга асослар бўлган усул ва воситалар ҳақидаги барча ахборотни ҳавола этади.
8-модда
Бир Томоннинг божхона маъмурияти ўз ташаббусига кўра ёки бошқа Томоннинг божхона маъмуриятининг сўровига биноан унга бошқа Томоннинг божхона қонунларига зид келадиган ёки зид келиши мумкин бўлган, аниқланган ёки режалаштирилаётган ҳаракатлар тўғрисидаги уларнинг ихтиёрида бўлган барча ахборотни ўз ичига олган актлар, протоколлар, ёзма далиллар ёки ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини ҳавола этади.
9-модда
Ушбу Битим кўзда тутган ҳужжатлар ҳар қандай шаклга эга бўлган ва ўша мақсадларга хизмат қиладиган компьютер ахбороти билан алмаштирилиши мумкин.
Ушбу материални талқин этиш ва татбиқ этиш бўйича барча зарур ахборот бир вақтда ҳавола этилиши керак.
10-модда
1. Тасдиқланган нусхалар етарли бўлмаган ҳоллардагина ҳужжатларнинг асл нусхаларини ҳавола этишни сўраш мумкин.
2. Бошқа Томоннинг божхона маъмуриятидан олинган ҳужжатларнинг асл нусхаларини биринчи имкониятдаёқ қайтариб берилади.
VI. Тергов
11-модда
11-модда
1. Бир Томоннинг божхона маъмуриятининг илтимосига кўра бошқа Томоннинг божхона маъмурияти божхона қонунларига зид келадиган ёки зид келиши мумкин бўлган ҳаракатларни қилиш ёки ҳаракатларни қилишга уриниш факти бўйича расмий терговни бошлаши мумкин. Бундай тергов натижалари сўровчи божхона маъмуриятига билдирилади.
2. Бундай тергов сўралаётган Томоннинг қонунлари ва кўрсатмаларига, шунингдек Томонлар ўртасидаги бошқа битимларга мувофиқ ўтказилади.
3. Бир Томоннинг божхона маъмуриятининг мансабдор шахслари алоҳида ҳолларда бошқа Томоннинг божхона маъмуриятининг розилиги билан унинг ҳудудида сўровчи Томоннинг божхона қонунларини бузишни тергов қилишда иштирок этишлари мумкин.
VII. Экспертлар ва гувоҳлар
12-модда
12-модда
Бир Томоннинг судлари ёки ваколатли идораларининг улар кўриб чиқаётган божхона қонунларини бузишга тегишли сўрови бўйича бошқа Томоннинг божхона маъмурияти ўзининг мансабдор шахсларига бу судлар ёки ваколатли идораларда гувоҳлар ёки экспертлар сифатида чиқиш ваколатини бериши мумкин. Сўровда ишнинг моҳияти ва мансабдор шахс ким сифатида чиқиши тўғрисида аниқ маълумотлар бўлиши керак.
VIII. Мансабдор шахсларнинг бўлиш шартлари
13-модда
13-модда
Бир Томоннинг мансабдор шахслари бошқа Томоннинг давлати ҳудудида бўлиш даврида ушбу Битим кўзда тутган ҳолларда ўз расмий ваколатларининг ҳужжатли тасдиғига эга бўлишлари, форма кийимида юрмасликлари ва қуролга эга бўлмасликлари керак.
IX. Олинган маълумот ва ҳужжатлардан фойдаланиш
14-модда
14-модда
1. Сўров бўйича ҳавола этилган маълумот, хабар ва ҳужжатлар фақатгина ушбу Битимни бажариш мақсадларидагина ишлатилади ва уларни ҳавола этган божхона маъмуриятининг розилигисиз кимга бўлмасин берилиши ёки бошқа мақсадларда ишлатилиши мумкин эмас.
2. Ушбу модда 1-бандининг қоидалари наркотиклар ва психотроп моддаларнинг қонунсиз обороти билан боғлиқ бўлган бузишлар тўғрисидаги материалларга тегишли бўлмайди. Бундай ахборот наркотикларнинг қонунсиз обороти билан бевосита шуғулланувчи органларга берилиши мумкин.
3. Томонлар ушбу Битимга кўра олинган сўров, ахборот, экспертиза актлари ва бошқа маълумотларга, шунингдек шу хилдаги материалларга миллий қонунларга мувофиқ худди шундай ҳимояни ҳавола этадилар.
15-модда
1. Томонларнинг божхона маъмуриятлари ушбу Битимга мувофиқ ва унинг доираларида олинган ёзма тушунтиришларни, гувоҳлик кўрсатмаларини, маълумотлар ва бошқа материалларни тергов ва суд муҳокамаларини ўтказишда далил сифатида ишлатишлари мумкин.
2. Бу маълумот ва ҳужжатларнинг далиллик кучи, шунингдек уларнинг судларда ишлатилиши уларни олган Томоннинг миллий қонунлари билан аниқланади.
X. Ўзаро ёрдам бўйича мажбуриятлардан истиснолар
16-модда
16-модда
1. Агар сўралаётган божхона маъмурияти сўровни бажариш ўз давлатининг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёхуд бошқа муҳим манфаатларига путур етказади ёки давлат, саноат ёки тижорат сирини очишга олиб келади деб ҳисобласа, у ёрдам беришдан тўлиқ ёки қисман воз кечиши ёхуд сўровни бажаришни маълум бир шартларни бажаришга боғлиқ қилиб қўйиши мумкин.
2. Ёрдам беришдан воз кечилган ҳолда бу тўғридаги қарор воз кечишнинг сабабларини кўрсатиш билан сўраётган божхона маъмуриятига зудлик билан маълум қилинади.
3. Агар сўраётган божхона маъмурияти унга шунга ўхшаш сўров берилган ҳолда бажара олмайдиган ёрдам тўғрисидаги сўров юборилса, унда сўровда бу тўғрида кўрсатиш лозим. Бундай сўровни бажариш тўғрисидаги қарор сўралаётган божхона маъмурияти томонидан қабул қилинади.
XI. Ҳужжатлар тўғрисида билдириш
17-модда
17-модда
1. Бир Томоннинг божхона маъмуриятининг илтимосига кўра иккинчи Томоннинг божхона маъмурияти унинг давлати ҳудудида бўлган манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларга божхона қонунларини татбиқ этиш муносабати билан қабул қилинган тадбир ва қарорларни акс эттирувчи ҳужжатлар тўғрисида билдиради.
2. Ҳужжатлар тўғрисида билдириш ушбу Битимга биноан сўралаётган Томоннинг қонунлари ва амалиётига мувофиқ бажарилади.
3. Сўраётган Томоннинг истагига кўра билдириш алоҳида усул билан, агар бу усул сўровчи Томоннинг қонунларига зид келмаса, бажарилиши мумкин.
4. Билдириш тўғрисидаги тасдиқ сўралаётган Томоннинг ваколатли органининг сана ва манфаатдор шахснинг имзосидек ёки билдириш санаси ва усули кўрсатилган гувоҳномадек реквизитлар билан таъминланган гувоҳнома сифатида расмийлаштирилиши керак.
XII. Ёрдам билан алмашиш
18-модда
18-модда
1. Ушбу Битим кўзда тутган ёрдам билан алмашиш бевосита Томонларнинг божхона маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.
2. Томонларнинг божхона маъмуриятлари уларнинг марказий ва маҳаллий тергов ва назорат хизматлари ўртасида бевосита алоқани ташкил этишлари мумкин.
XIII. Харажатлар
19-модда
19-модда
Томонларнинг божхона маъмуриятлари 11-моддага мувофиқ гувоҳлар ва экспертларни чақириш бўйича харажатлардан ташқари ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш бўйича даъволарни қабул қилмайдилар.
XIV. Ҳудудий татбиқ этиш, бажариш ва талқин этиш
20-модда
20-модда
1. Ушбу Битим Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва Литва Республикаси ҳудудида амал қилади.
2. Ушбу Битимни талқин ва татбиқ этишда юзага келадиган баҳслар музокаралар йўли билан ёки Томонлар учун мақбул бўлган бошқа усул билан ҳал этилади.
XV. Кучга кириши ва амал қилиш муддати
21-модда
21-модда
Ушбу Битим унинг кучга кириши учун Томонлардан ҳар бирининг миллий қонунлари кўзда тутган давлат ички процедурлари бажарилганлиги тўғрисидаги охирги билдириш дипломатик каналлар орқали олинган санадан 30 кун ўтгач кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан ҳеч бири бошқа Томонни ушбу Битимнинг денонсацияси тўғрисида нотификация йўли билан тегишли муддат тугашидан олти ой илгари хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ҳар сафар кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Вильнюс шаҳрида 1995 йил 7 июнда ўзбек, литва ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)