Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Ишлаб чиқариш коооперацияси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иқтисодий, саноат ва илмий-техник ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни барқарор ҳамда узоқ муддатли асосда ривожлантиришнинг муҳим ва зарур жиҳати ҳисобланишини англаб,
ўз давлатлари ишлаб чиқариш ва илмий-техник салоҳиятлари ўртасида қарор топган технологик алоқаларни ҳисобга олиб,
бозор муносабатлари базасида умумий иқтисодий маконни яратишда Томонлар давлатлари хўжалик фаолияти субъектларининг бевосита ишлаб чиқаришга дахлдор ўзаро алоқалари ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини тан олиб,
корхоналар ва тармоқлар ўртасида ишлаб чиқариш кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро фойдали ривожлантириш учун қулай шароитларни таъминлашга интилиб,
иккала мамлакат ўртасидаги иқтисодий ўзаро алоқаларда эришилган даражага таяниб,
узлуксиз иқтисодий ўсиш, ўз фуқаролари турмуш сифатини яхшилаш, иш билан таъминланганликни кенгайтириш, моддий ва ишчи ресурсларидан самарали фойдаланиш ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш мақсадларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, тармоқлар ва тармоқлараро комплекслар ўртасидаги кооперацияни уларнинг бевосита ишлаб чиқариш алоқалари асосида амалга оширишга ва ривожлантиришга ёрдам берадилар.
2-модда
Томонлар ишлаб чиқаришнинг халқаро ихтисослашуви ва кооперациясини ривожлантириш, уларни амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлаш, саноат тармоқларидаги устуворликларни белгилаш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёрдам бериш мақсадида барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар.
3-модда
Томонлар қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
кооперация бўйича товар етказиб бериш деганда тармоқ ва тармоқлараро мақсадларга мўлжалланган, технологик ўзаро боғланган ва пировард маҳсулотни биргаликда тайёрлаш учун зарур бўлган хом ашё, материаллар, узеллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар, тайёрланмалар, ярим тайёр маҳсулотлар, бутловчи ва бошқа буюмларни етказиб бериш тушунилади;
хизматлар кўрсатиш деганда лойиҳа, тузатиш ишлари, техник хизмат кўрсатиш ва технологик операциялар тушунилади;
божхона тартиби доирасида товарлар етказиб бериш деганда товарларни Томонлар давлатларининг бож қонунчилигида белгиланган тартибларга мувофиқ етказиб бериш тушунилади.
4-модда
Томонлар хўжалик фаолияти субъектлари томонидан тегишли тармоқ ва тармоқлараро битимлар асосида тузиладиган шартнома (контракт)ларни ишлаб чиқариш кооперацияси ва бевосита алоқаларнинг асосий шакли деб ҳисоблайдилар.
5-модда
Томонлар қуйидаги соҳаларда ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида битимлар тузишни устувор деб биладилар:
ёқилғи-энергетика комплекси;
металлургия, кимё, нефткимё саноати;
машинасозлик саноати;
транспорт ва алоқа;
тиббиёт ва фармакология саноати;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
енгил саноат;
илмий ва лойиҳа-қидирув ишлари;
табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш.
6-модда
Тармоқлар ва тармоқлараро ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисидаги битимларда кооперацияда иштирок этадиган ва маҳсулот ишлаб чиқаришда (хизматлар кўрсатишда) ихтисослашганлигини сақлаб қоладиган корхона ва ташкилотлар рўйхати, шунингдек, маҳсулотни (хизматлар кўрсатишни) кооперациялашган асосда етказиб бериш номенклатураси ва ҳажмлари белгиланади.
7-модда
Мазкур Битимнинг 4-моддасида назарда тутилган шартнома (контракт)лар маҳсулотни божхонада расмийлаштириш ва Томонлар давлатлари ва чегарасидан ўтказиб юборилиши учун асос ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган маҳсулот (кўрсатиладиган хизматлар)ни декларациялаш ва ҳисобга олишни Томонларнинг божхона органлари ўз қонунчиликларига мувофиқ амалга оширадилар.
8-модда
Маҳсулоти олиб чиқиб кетиладиган хом ашёдан кооперация бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотни етказиб бериш Томонлар мамлакатларида маҳсулоти олиб чиқиб кетиладиган хом ашё билан операциялар тўғрисидаги амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учинчи мамлакатларга ҳудудидан хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб берилган Томон вакил қилинган органининг олдиндан олинган тегишли ёзма розилигисиз реэкспорт қилиниши мумкин эмас.
10-модда
Томонлар ишлаб чиқариш соҳасида интеграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида ўз мамлакатларининг миллий қонунчилик нормаларини корхоналар ва тармоқлар кооперацияси алоқалари қисмида хўжалик фаолияти субъектларига татбиқан мувофиқлаштириш ва яқинлаштириш бўйича изчил ишни амалга оширишга келишиб олдилар.
11-модда
Томонлар кўп илм-фан талаб қиладиган ишлаб чиқаришлар ва экспортга йўналтирилган тармоқларда, шунингдек импорт ўрнини босадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришда кооперацияни ривожлантиришни рағбатлантирувчи кредитлар ва инвестициялар бериш шартларини зарур ҳолларда келишиб оладилар.
12-модда
Томонлар қуйидаги муаммолар юзасидан биргаликда ишлашни ташкил этиб, уларни ҳал қилишни манфаатдор вазирлик ва идораларга топширадилар:
маркетинг, лизинг тадқиқотларини ўтказиш ва кўргазмаларни ташкил этиш, хизматлар кўрсатиш;
ўз мамлакатлари ўртасида шериклар излаш, шартнома (контракт)ларни тайёрлаш, тузиш ва бажаришда ёрдам беришни таъминлайдиган замонавий коммуникацияни ривожлантириш;
мутахассислар тайёрлаш бўйича биргаликдаги тадбирларни амалга ошириш.
13-модда
мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги билан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашга дахлдор баҳслар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилинади.
15-модда
Мазкур Битим Томонлардан ҳар бири унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартибларини бажарганлиги тўғрисида ёзма равишдаги маълумот олинган кундан бошлаб кучга киради.
Битим Томонлардан бири бошқа Томоннинг мазкур Битимни амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги ёзма билдиришини олган кундан 6 ой ўтгач, ўз кучини йўқотади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)