Ўзбекистон Республикаси билан Польша Республикаси ўртасида
Шартнома
Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг мақсад ва қатъиятларига амал қилган ҳолда,
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг Якунловчи актида, янги Европа учун Париж хартияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг бошқа ҳужжатларидаги қатъиятларга содиқликларини таъкидлаган ҳолда,
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг аъзолари бўлган давлатлар ҳудудида адолатли ва мустаҳкам тартиб ўрнатиш зарурлигига ишонган ҳолда,
уларнинг манфаатлари умумийлигини ва бу ҳудудда тинчлик, хавфсизлик, тотувлик ва ҳамкорлик учун биргаликда масъул эканликларини ҳис қилган холда,
ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун икки томонлама асосда бўлганидек халқаро ташкилотлар ва муассасалар доирасида ҳам ўзаро ҳаракатлар иродасини баён этиб,
яхши қўшничилик қатъияти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгаш аъзолари бўлган барча давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туриши кераклигига ишончни ифодалаб,
иккала халқни бирлаштирувчи анъанавий дўстликка мурожаат қилиб, ўзбек-поляк муносабатларининг энг яхши қадриятларини қайтадан барпо қилиш ва ҳар томонлама ривожлантириш истагида,
дўстона яшаш учун асослар тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси билан Польша Республикаси ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантиришга интилиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлайдилар, шунингдек, ўрталарида мавжуд бўлган тушуниш ва ишончни чуқурлаштирадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида суверенитет ва тенглик, чегаранинг бузилмаслиги ҳудудий яхлитлик, ички ишларга аралашмаслик ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш қатъиятларига асосланиб иш кўрадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ташкилот ва идоралар доирасида икки томонлама ҳамкорликларни, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгаш аъзолари бўлган давлатлар ҳамкорлигини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратадилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар инсон ҳуқуқлари ва фуқароларнинг асосий эркинликларини ҳурматлаш ва уларга амал қилиш мажбуриятини оладилар.
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига мувофиқ мунозараларни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш мажбуриятини оладилар ва ўзаро муносабатларида куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан қўрқитишдан ўзларини тутиб туришликларини таъкидлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз қуролли кучлари фаолиятининг халқаро ҳуқуққа, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомига, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг Якунловчи актига, янги Европа учун Париж Хартиясига ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг бошқа ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлайди.
3-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг тегишли ҳужжатлари қоидаларига мувофиқ Европада ва Марказий Осиёда хавфсизликни сақлаш ва мустаҳкамлашга ўзаро ҳаракат қиладилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлашнинг келишилган умумевропа чора-тадбирларини ҳаётга татбиқ этадилар. Зарур бўлган ҳолларда Томонлар шу турдаги қўшимча чораларни мувофиқлаштирадилар.
4-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ядро қуролларини қисқартириш жараёнини қувватлайдилар ҳамда кимёвий ва биологик қуролларни тақиқлаш ҳақидаги конвенциялар қоидаларига амал қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар ялпи қириш қуролларини тарқатмаслик, айниқса Европада ва Марказий Осиёда, режимини мустаҳкамлаш учун ўзаро ҳаракат қиладилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги Шартноманинг ҳаётга татбиқ этилиши Европада ва Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ҳисоблайдилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида сўз юритилган хом ашё, жиҳоз ва технологиядан қурол ишлаб чиқаришда фойдаланишга йўл қўймаслик устидан назорат ўрнатишни таъминлайдилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар хавфсизлик ва қуролсизланиш соҳасидаги бошқа масалалар бўйича алоҳида битимлар асосида ўз муносабатларини ўрнатадилар.
5-модда
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фикри бўйича халқаро тинчлик ва хавфсизликка хавф соладиган вазият юзага келганда, бундай вазият иккала Аҳдлашувчи Томонга ҳам тааллуқли бўлса, Аҳдлашувчи Томонлар дарҳол Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига мувофиқ бу вазиятни ҳал қилишга имкон берадиган чораларни топиш мақсадида тегишли маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
2. Агар учинчи давлат ёки учинчи давлатлар Аҳдлашувчи Томонлардан бирига қуролли ҳужум қилса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон бундай давлатга ёки давлатларга қуролли низо мобайнида ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаслик ва қўллаб-қувватламаслик мажбуриятини олади ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низоми ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашининг ҳужжатларига асосан бу низони бартараф қилишга ҳаракат қилади.
6-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар давлат идоралари билан алоқаларни ривожлантирадилар, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратадилар.
2. Давлат ва Ҳукумат бошлиқларининг учрашуви Аҳдлашувчи Томонлар буни мақсадга мувофиқ деб топган ҳолларда ўтказилади.
3. Ташқи ишлар вазирлари иккала Аҳдлашувчи Томонлар манфаатдорлигининг объекти бўлган масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
7-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро фойдали иқтисодий, шу жумладан бозор қатъиятларига асосланган савдо соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар ва бундай ҳамкорлик учун сармоя қўйишни, технологияни, патент на муаллифлик ҳуқуқини ҳимоялашни ҳисобга олган ҳолда бундай ҳамкорлик учун қулай шароитларни яратадилар, шунингдек, капитал маблағ, ишчи кучи, товар ва хизматларни чегарадан ўтказишни тартибга солиш бўйича тегишли ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар давлат ва хусусий корхоналар ҳамда бошқа иқтисодий субъектларнинг ҳамкорлигини ривожлантиришга ёрдам берадилар. Жумладан, улар сармоя ва капитал маблағ соҳасида ўзбек ва поляк корхоналари кооперациясини ривожлантиришга ёрдам берадилар, буни қўллаб-қувватлаш учун барча зарур чораларни кўрадилар. Кичик ва ўрта корхоналар ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилади.
3. Аҳдлашувчи Томонлар тажриба алмашадилар ҳамда бир-бирларига уқиш соҳасида, бозор иқтисодини қуриш ва такомиллаштириш жараёнида бошқа ёрдамни кўрсатадилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар замонавий фан ва техника имкониятларини ҳисобга олиб, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида иккала давлат ўртасида тинчлик мақсадларини кўзлаб фан ва техника ҳамкорлигини ривожлантирадилар ва бунинг учун қулай шароитлар яратадилар.
8-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар минтақалар, шаҳарлар ва бошқа маъмурий-ҳудудий бирликлар ўртасидаги шерикчилик ҳамкорлигига катта аҳамият берадилар. Аҳдлашувчи Томонлар бу ҳамкорликка ёрдам берадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар минтақавий ҳамкорликда 1980 йил 21 майда имзоланган ҳудудий бирлашмалар ва ҳокимиятлар ўртасида трансчегаравий ҳамкорлик тўғрисидаги Европа умумий конвенциясига амал қиладилар.
9-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро ва транзит нақлиёт алоқа йўллари ва улар билан боғлиқ бўлган нақлиётнинг ҳамма соҳаларидаги инфраструктурасини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар телекоммуникация алоқасини, хусусан телефон, телекс алоқасини ва маълумотларни электр орқали ўтказишни замонавийлаштириш ва такомиллаштириш бўйича чоралар кўрадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар Европада ва Марказий Осиёда бўлгани каби дунёнинг бошқа қисмларида ҳам нақлиёт ва алоқа соҳасидаги ҳамкорликка бу соҳадаги халқаро стандартларга ва мезонларга жавоб берадиган алоҳида битимлар тузиш йўли билан ёрдам берадилар.
10-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар мустаҳкам экологик хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериш мақсадида атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва табиий бойликлардан тўғри фойдаланиш соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама негизда ўзаро ҳаракат қиладилар. Улар атроф-муҳитнинг, шу жумладан, сув ва ҳаво, ер ва ўрмоннинг аҳволини яхшилаш, шунингдек ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш учун шароитлар яратадилар, кенгайтирадилар ва унга ёрдам берадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўйича мувофиқлаштирилган стратегияни яратишда иштирок этадилар.
11-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ЮНЕСКО конвенциялари, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгаш ҳужжатларида ва бошқа халқаро шартномаларда белгиланган умум-жаҳон стандартларини қўллаб, маданият, фан ва маориф соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳар томонлама ривожланишини қувватлайдилар ва иккала халқ маданий бойликларини ўзаро асраш мажбуриятини оладилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тарихи ва анъаналари билан боғлиқ тарихий жойлар ва маданий бойликларни асрашга алоҳида эътибор берадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўрталарида мавжуд бўлган келишув ва дастурлар асосида ҳамма даражадаги маданий алмашувни фаоллаштирадилар ва кенгайтирадилар. Хусусан, улар бадиий уюшмалар ўртасидаги, шунингдек, маданий муассаса ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда ўзбек ва поляк ижодий ходимлари ва артистлари ўртасидаги бевосита алоқаларни қувватлайдилар.
12-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар турли хилдаги мактаблар, олий ўқув юртлари ва илмий муассасалар ўртасида, хусусан ўқувчилар, талабалар ва стажерлар билан алмашиш йўли билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаолиятни олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўрта ва ўрта ҳунар мактабларини тугатганлик ҳақидаги гувоҳномаларини, шунингдек, олий ўқув юртлари, унвонлар ва илмий даражалар дипломларини, таълим олиш муддатларини ўзаро тан олиш ҳақида Битим имзолашга интиладилар.
13-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ҳамма қизиққан шахсларга бошқа мамлакатнинг тили ва маданиятини ўрганиш учун имконият яратиб беришга тайёр эканликларини тасдиқлайдилар ва бу соҳадаги давлат ва хусусий ташаббусларни ва муассасаларни қўллаб-қувватлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа мамлакат адабиётининг кўпроқ тарқалишини қўллаб-қувватлайдилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар бошқа давлат тилини олий ўқув юртларида ва бошқа маърифий ўқув муассасаларида ўргатиш имкониятларини кенгайтиришни ёқлаб чиқадилар. Улар иккала мамлакат тили, тарихи ва маданиятини ўрганишга қаратилган ҳаракатларни кучайтирадилар.
4. Аҳдлашувчи Томонлар ўқитувчилар билан алмашиш, таълим ходимлари малакасини оширишни тайёрлаш, шунингдек, илмий қўлланмалар яратиш ишини ривожлантириш ва етказиб беришга ёрдам берадилар.
14-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг матбуоти, китоблари ва аудио-визуал ашёларининг тарқалиши учун шароитлар яратиб берадилар. Аҳдлашувчи Томонлар, шунингдек, радио, телевидение ва матбуот агентликлари соҳасида ўзаро ҳаракат қиладилар.
2. Иккала мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шаклланишида ёш авлоднинг алоҳида аҳамиятидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ҳукуматлари ёшлар ҳамкорлиги тўғрисида шартнома тузадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар иккала Аҳдлашувчи Томон фуқаролари ўртасидаги алоқаларни, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, ижодий ташкилотлар ва илмий жамиятлар, спорт ташкилотлари, жамғармалар ва бошқа ижтимоий ташкилот ва бирлашмалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берадилар.
15-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар барча тарафидан эътироф этилган халқаро стандартлар, жумладан инсон ҳуқуқлари ҳақида Умумжаҳон декларацияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг ҳужжатлари, хусусан, ЕХҲКнинг инсон мезонларига амал қилиб, Ўзбекистон Республикасининг поляк миллатига мансуб, Польша Республикасининг ўзбек миллатига мансуб фуқароларининг миллий ўз-ўзини, этник, маданий, тил ва диний ўзига хосликларини сақлаб қолиш, намоён этиш ва ривожлантиришда ҳеч ҳам камситилмаслиги ва қонун олдида тўла тенглигини тасдиқлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг l-бандида айтиб ўтилган шахсларга она тилларини ўрганишлари учун тегишли шароитларни яратишга интиладилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 1-бандида айтиб ўтилган шахсларга диний сиғиниш объектлари ва жойларига эга бўлиш ва уларга эркин кира олиш ҳуқуқини, шунингдек диний тарбияга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайдилар.
16-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар соғлиқни сақлаш ва санитар-гигиена соҳасида, хусусан, замонавий ва юқумли касалликлар билан курашиш ва уларнинг олдини олиш соҳасида, ҳар томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар иш билан бандликнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатлари, ижтимоий суғурта, ижтимоий ёрдам ва меҳнат муносабатларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишга интиладилар.
17-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар уюшган жиноятчилик, терроризм, иқтисодий жиноятчилик, наркотик моддалар ва қуроллар, санъат асарларининг ноқонуний савдоси, фуқаролик авиацияси ва кемалар қатнови хавфсизлигига қарши қаратилган қонунга хилоф актлар, қалбаки тўлов воситаларини ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш, шунингдек, ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар фуқаролик, оила, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисида алоҳида Битимлар тузадилар.
18-модда
Ушбу Шартнома бирон-бир давлатга қарши қаратилган эмас ва Аҳдлашувчи Томонлар ҳар бирининг бошқа давлатлар билан муносабатларида амалда бўлган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалардан келиб чиқадиган қандай бўлмасин ҳуқуқ ва мажбуриятларини бузмайди.
19-модда
Ушбу Шартнома Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 102-моддасига асосан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Котибиятида рўйхатга олинди.
20-модда
1. Ушбу Шартнома ратификация қилинади ва ратификация ёрлиқлари билан алмашинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Шартнома 15 йил муддатга тузилади. Агар Томонлардан бири бошқа Томонни тегишли муддат тугашидан ўн икки ой олдин Шартномани бекор қилиш ҳақида нота юбориш йўли билан огоҳлантирмаса, унинг кучи, ўз-ўзидан, ҳар сафар келаси беш йиллик муддатга узайтирилади.
Варшава шаҳрида 1995 йил 11 январда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, поляк ва рус тилларида тузилди, бунда уччала матн ҳам бир хил кучга эга. Ушбу Шартнома қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда рус тилидаги матнга амал қилинади.
(имзолар)