Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўз давлатлари элчихоналари фаолияти билан боғлиқ бўлган масалаларни ўзаро тартибга солиш тўғрисида
Қуйида «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати,
иккала мамлакат суверенитети принциплари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига, 1961 йил 18 апрелдаги дипломатик алоқалар ҳақидаги Вена Конвенцияси ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларига таянган ҳолда,
ҳар иккала мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ҳурмат, тенглик ва ўзаро фойда руҳида ривожлантиришга интилиб,
Ўзбекистон Республикасининг Ашхабод шаҳридаги ва Туркманистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихоналари фаолияти билан боғлиқ масалаларни тартибга солишга ўзаро интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар умумий манфаатдорликдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Ашхабод шаҳридаги ва Туркманистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихоналарининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни тенг ҳуқуқлилик асосида ҳал қилишга келишиб олдилар.
2-модда
Томонлар, бир-бирларига элчихона бинолари, элчи қароргоҳлари, ва бошқа бинолар қуриш учун умумий майдони 13700 квадрат метрдан иборат ер майдонини бепул фойдаланиш учун беришга келишиб олдилар.
Туркманистон Ҳукумати мазкур Битим орқали Ашхабод шаҳридаги Гўрўғли кўчасида жойлашган 1 200 (бир минг икки юз) квадрат метр ер майдонини ва Берзенги посёлкасидаги 12 500 (ўн икки минг беш юз) квадрат метрдан иборат жами 13 700 (ўн уч минг етти юз) квадрат метр ер майдонини Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига беради.
Ер майдонлари ва улар чегарасининг аниқ жойлашган ўрни ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган режа-схемасида (1 ва 2-илова*) белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Туркманистон Ҳукуматига Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Муқимий кўчасидаги 9000 (тўққиз минг) квадрат метр ер майдонини беради.
Ер ва унинг чегараларининг аниқ жойлашган ўрни мазкур Битимнинг ажралмас қисми бўлган режа-схемасида (3-илова*) белгилаб қўйилган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Тошкент шаҳрининг 1-2 ҳудудий зонасидаги 4700 квадрат метр ер майдонини Туркманистон Ҳукуматига беради.
* 1 — 3-иловалар берилмайди.
Мазкур моддада айтиб ўтилган ер участкаларида Туркманистон Ҳукумати ҳисобидан Ўзбекистонда қурилган бинолар Туркманистон Ҳукуматининг мулки ҳисобланади.
Мазкур моддада айтиб ўтилган ер участкаларида Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобидан Туркманистонда қурилган бинолар Ўзбекистон Ҳукуматининг мулки ҳисобланади.
3-модда
Томонлар бир-бирларига 99 йил муддатга фойдаланиш учун ер майдонларини беришга ўзаро келишиб олдилар. Бу ер майдонлари, шунингдек ушбу ер майдонларида қурилган бино ва иншоотлар давлат томонидан ёки ҳар қандай маҳаллий ҳокимият томонидан жорий қилинган барча солиқ тўловларидан озод этиладилар, аниқ хизмат турлари, яъни газ, электроэнергия, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация, телефон ва шунга ўхшаш хизмат турлари учун тўловлар бундан мустаснодир.
4-модда
Ҳар бир Томон шахсий бюджети маблағи ҳисобидан йўл қурилиши, муҳандислик алоқа йўлларини (электр ва телефон алоқалари, водопровод, канализация, газ) ўтказишни ўзлари берган ер участкаларининг чегарасига қадар амалга ошириш, шунингдек ана шу алоқа йўлларини шаҳар тармоқларига улашни бажаришга келишдилар.
5-модда
Юқорида кўрсатилган биноларнинг қурилиши учун шартнома имзоланаётганда рўйхати ва ҳажми келишилган қурилиш материаллари ва жиҳозлари ҳар қандай солиқ, йиғим ҳамда божхона божларидан озод этиладилар.
6-модда
Қурилиш даврида ва бино ишга туширилганда коммунал хизматлар Ашхободда Ўзбекистон Республикаси элчихонаси томонидан ва Тошкентда Туркманистон элчихонаси томонидан тўланади.
7-модда
Томонлар мазкур Битимнинг 2-моддасида кўзда тутилган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини қонуний равишда расмийлаштиришни ўз мамлакатларидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширадилар ва тегишли ҳужжатларни берадилар.
8-модда
Томонлар элчихоналар ходимларини дипломатик ваколатхоналар ходимларига хизмат кўрсатадиган даволаш муассасаларида бепул тиббий хизмат билан таъминлашга кафолат берадилар.
9-модда
Томонлар элчихона ходимларининг фарзандларига давлат умумтаълим мактабларида, ўрта ва олий ўқув юртларида бепул таълим беришга кафолат берадилар.
10-модда
Ушбу Битимнинг шартларини бажаришдан келиб чиқадиган барча низоларни Томонлар музокара ўтказиш йўли билан ҳал этадилар.
11-модда
Томонлар, икки томоннинг ўзаро келишуви билан мазкур Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиши мумкин. Барча ўзгартириш ва қўшимчалар ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган алоҳида протоколлар билан расмийлаштирилади.
12-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан эътиборан кучга киради ва Томонлардан биронтаси мазкур Битим ҳаракатини тўхтатиш истагини билдирмагунча амал қилади ва бу Томон мазкур Битимнинг ҳаракатини тўхтатиш тахмин қилинган санадан 6 ой илгари унинг ҳаракатини тўхтатиш ҳақидаги истагини дипломатик йўллар орқали ёзма равишда бошқа Томонга хабар қилади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 27 ноябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)