Ўзбекистон Республикаси ва Буюк Люксембург Герцоглиги ўртасида
Конвенция
Иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Буюк Люксембург Герцоглиги Ҳукумати,
иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция тузиш истагини билдириб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-модда
Қўлланиш доираси
Қўлланиш доираси
Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатларнинг бири ёки ҳар иккисининг резиденти бўлган шахсларга нисбатан қўлланилади.
2-модда
Конвенция татбиқ этиладиган солиқлар
Конвенция татбиқ этиладиган солиқлар
1. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари номидан олинаётган даромад ва сармоя солиқларига нисбатан, уларни ундириш услубидан қатъи назар, татбиқ этилади.
2. Даромад ва сармоя солиқларига умумий даромаддан ёки даромаднинг бир қисмидан, бутун сармоя ёки унинг бир қисмидан олинадиган барча солиқлар, шу жумладан кўчар ва кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлардан ҳамда корхоналар томонидан тўланадиган иш ҳақи ёки маошнинг умумий суммасидан олинадиган солиқлар, шунингдек сармоя қийматининг ошишидан олинган даромадлардан ундириладиган солиқлар киради.
3. Ушбу Конвенция қўлланиладиган амалдаги солиқлар, жумладан, қуйидагилардир:
а) Буюк Люксембург Герцоглигига нисбатан:
I) жисмоний шахслардан даромад солиғи;
II) корпоратив солиқ;
III) компания директорларининг гонорарларидан олинадиган солиқ;
IV) сармоя солиғи;
V) коммунал савдо солиғи;
(бундан кейин «Люксембург солиқлари» деб аталади);
b) Ўзбекистон Республикасига нисбатан:
I) корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар даромадидан олинадиган солиқ;
II) Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи;
III) мулк солиғи;
(бундан кейин «Ўзбекистон солиқлари» деб аталади).
4. Ушбу Конвенция у имзолангандан сўнг солиқларга қўшимча ёки мавжудлари ўрнига киритилган ҳар қандай муносиб ёки аслида ўхшаш солиқларга нисбатан ҳам қўлланилади. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ўзларининг тегишли солиқ қонунчилигида бўлган катта ўзгаришлар ҳақида бир-бирларига хабар берадилар.
3-модда
Умумий таърифлар
Умумий таърифлар
1. Ушбу Конвенциянинг мақсадлари учун, агар матннинг мазмунидан ўзга маъно чиқмаса:
а) «Люксембург» атамаси Буюк Люксембург Герцоглигини англатади, ва жуғрофий маънода ишлатилганда Буюк Люксембург Герцоглиги ҳудудини англатади;
b) «Ўзбекистон» атамаси Ўзбекистон Республикасини, шу жумладан ҳудудий сувларини ва ҳудудий сувларидан ташқаридаги ҳар қандай зонани ўз ичига олади, ана шу ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуққа мувофиқ, денгиз туби ва унинг остидаги табиий ресурсларни ва чегарадош сувларни разведка қилиш мақсадида суверен ҳуқуққа эга бўлади;
с) «шахс» атамаси жисмоний шахсни, компанияни ёки шахсларнинг ҳар қандай бошқа бирлашмасини англатади;
d) «компания» атамаси солиққа тортиш мақсадларида корпоратив тузилма сифатида қараладиган ҳар қандай корпоратив тузилма, қўшма корхона ёки ҳар қандай бошқа ташкилотни англатади;
е) «Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси» атамалари ўз ўрни билан Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бошқаруви остида иш юритаётган корхонани англатади;
f) «халқаро ташиш» атамаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси томонидан фойдаланиладиган денгиз, ҳаво кемасида, автомобилда, ёки темир йўл транспортида ҳар қандай ташишни англатади, денгиз ҳаво кемаларининг ёки автомобиль, темир йўл транспортининг бошқа Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасидагина фойдаланилиши бундан мустасно;
g) «ваколатли орган» атамаси:
I) Люксембургга нисбатан — Молия вазирини ёки унинг ваколатли вакилини англатади;
II) Ўзбекистон Республикасига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Раисини ёки унинг ваколатли вакилини англатади;
h) «миллий шахс» атамаси:
I) Аҳдлашувчи Давлат фуқаролигига эга бўлган ҳар қандай жисмоний шахсни;
II) Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунларига мувофиқ ўз мақомини олган ҳар қандай юридик шахсни, ҳамжамият ёки ассоциацияни англатади.
i) «Аҳдлашувчи Давлатлардан бири» ва «бошқа Аҳдлашувчи Давлат» атамалари матнга кўра Ўзбекистонни ёки Люксембургни англатади;
2. Ушбу Конвенцияни Аҳдлашувчи Давлат ҳар қандай вақтда қўллаганда унда белгиланмаган ҳар қандай ибора, агар матндан бошқа маъно келиб чиқмаса, солиққа тортиш мақсадида ушбу Давлатнинг Конвенция татбиқ этиладиган қонунларига мувофиқ маънони англатади. Шу Давлатнинг солиқ қонунчилигида қўлланиладиган ҳар қандай маъно шу Давлатнинг бошқа қонунларига мувофиқ ушбу атамага бериладиган маънодан устун бўлади.
4-модда
Резидент
Резидент
1. Ушбу Конвенциянинг мақсадлари учун «Аҳдлашувчи Давлат резиденти» атамаси шу Давлатнинг қонунчилиги бўйича юридик шахс сифатида ўзининг турар жойи, доимий истиқомат қилиши, ташкил этилган жойи, бошқарув жойи ёки ўзга ҳар қандай шунга ўхшаш мезонлар асосида солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни англатади, шунингдек ушбу Давлатни ва унинг ҳар қандай маҳаллий ҳокимиятини ўз ичига олади. Бироқ бу атама ушбу Аҳдлашувчи Давлатда фақат ушбу Давлатда жойлашган манбалардан ёки сармоядан даромад олаётгани учун солиққа тортиладиган ҳар қандай шахсни ўз ичига қамрамайди.
2. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар иккисининг резиденти бўлса, унинг мақоми қуйидаги тарзда белгиланади:
а) жисмоний шахс тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи жойлашган Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади; агар у ҳар икки Аҳдлашувчи Давлатда тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйга эга бўлса, у шахсий ва иқтисодий алоқалари энг чуқур бўлган (ҳаётий манфаатлар маркази) ўша Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
b) агар унинг ҳаётий манфаатлари маркази жойлашган Давлатни аниқлаб бўлмаса, ёки Давлатларнинг ҳеч бирида тўсиқсиз яшаши мумкин бўлган доимий уйи бўлмаса, у одатда яшаб турган ўша Давлатининг резиденти ҳисобланади;
с) агар шахс одатда ҳар икки Давлатда яшаса ёки уларнинг ҳеч бирида яшамаса, у Аҳдлашувчи Давлатларнинг қай бирининг миллий шахси бўлса, фақат шу Давлатнинг резиденти ҳисобланади;
d) агар у ҳар иккала Давлатнинг миллий шахси бўлса ёки шундай бўлмаса, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари бу масалани ўзаро келишув йўли билан ҳал қиладилар.
3. Агар 1-банд қоидаларига мувофиқ шахс, жисмоний шахсдан ташқари, Аҳдлашувчи Давлатларнинг ҳар иккисининг резиденти бўлса, у ўзининг амалдаги раҳбар органи жойлашган фақат ўша Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланади.
5-модда
Доимий муассаса
Доимий муассаса
1. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «доимий муассаса» атамаси корхона тўлиқ ёки қисман тадбиркорлик фаолиятини олиб борадиган доимий фаолият жойини билдиради.
2. «Доимий муассаса» атамаси, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) бошқарув органи (жойи);
b) бўлим;
с) офис;
d) фабрика (завод);
е) устахона, ва
f) шахта, нефть ёки газ кони, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган ҳар қандай бошқа жой.
3. Қурилиш майдончаси ёки монтаж ёхуд йиғма объект 12 (ўн икки) ойдан кўпроқ мавжуд бўлиб турган бўлсагина, доимий муассаса деб ҳисобланади.
4. Ушбу модданинг аввалги қоидаларига қарамай, «доимий муассаса» атамаси қуйидагиларни ўз ичига олмайди:
а) иншоотлардан шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмларни фақат сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларидагина фойдаланиш;
b) шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасини фақат сақлаш, намойиш қилиш ёки етказиб бериш мақсадларида ушлаб турилиши;
с) шу корхонага тегишли товарлар ёки буюмлар захирасини фақат бошқа корхона томонидан қайта ишлов берилиши мақсадларида ушлаб турилиши;
d) доимий фаолият жойининг фақат товарлар ёки буюмлар сотиб олиш ёки ушбу корхона учун ахборот йиғиш мақсадларида ушлаб турилиши;
е) доимий фаолият жойининг ушбу корхона учун фақат бошқа ҳар қандай тайёргарлик ёки ёрдамчи тусдаги фаолиятни амалга ошириш мақсадлари учун ушлаб турилиши;
f) доимий фаолият жойининг а — е-кичик бандларида эслатиб ўтилган фаолият турларини ҳар қандай уйғунлашувчи учунгина сақлаб турилиши, бундай уйғунлашув натижасида вужудга келган ана шу доимий фаолият жойининг бутун фаолияти тайёргарлик ёки ёрдамчи тусда бўлган тақдирда.
5. 1 ва 2-бандлардаги қоидаларига қарамай, агар 7-банд татбиқ этилган кўрсатилган мустақил мақомли агентдан ўзга бўлган шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида корхона номидан иш юритса ва шу Давлатда корхона номидан шартномалар тузиш ваколатига эга бўлса ва шу ваколатлардан одатда фойдаланса, бу корхона ушбу Давлатда доимий муассасага, корхона учун ана шу шахс амалга оширадиган ҳар қандай фаолият доирасида, эга деб ҳисобланади, лекин ушбу шахснинг фаолияти 4-бандда кўрсатилган фаолият турлари билан чекланиб қолса ва бу фаолият доимий фаолият жойи орқали амалга оширилса, бу жойни ушбу банднинг қоидаларига асосан доимий муассасанинг доимий фаолият жойига айлантирмайди.
6. Ушбу модданинг бундан олдинги қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг суғурта корхонаси, такрорий суғурта ҳоллардан ташқари, агар у ўзга давлат ҳудудида суғурта мукофотларини йиғса ёки 7-бандга тааллуқли мустақил мақомли агентдан ўзга шахс орқали у ерда бўлиши мумкин бўлган хатардан суғурта қилса бошқа Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага эга деб ҳисобланади.
7. Корхона, агар Аҳдлашувчи Давлатда брокер, комиссионер ёки ҳар қандай бошқа мустақил мақомли агент орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, бу шахслар ўзининг одатдаги фаолияти доирасида иш юритган тақдирда, шу Давлатда доимий муассасага эга, деб қаралмайди.
8. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлган компанияни назорат қилиш ёки бошқа Давлат компанияси томонидан назорат қилиниши ёки Ушбу компания ана шу бошқа Давлатда тижорат фаолиятини амалга ошириши (доимий муассаса орқали ёки бошқа тарзда) факти ўз-ўзидан бу компанияларнинг бирини бошқаси учун доимий муассасага айлантириб қўймайди.
6-модда
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
Кўчмас мулкдан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мулкдан олган даромадлари (қишлоқ ва ўрмон хўжалигидан олинадиган даромадлар ҳам шу жумлага киради) ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. «Кўчмас мулк» атамаси кўриб чиқилаётган мулк жойлашган Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунчилигида ифодаланган маънога эгадир. Ҳар қандай ҳолда ҳам ушбу атама ер устидаги мулкка тааллуқли умумий ҳуқуқ қоидалари билан ҳақ-ҳуқуқи белгиланган кўчмас мулкка тегишли бўлган мулкни, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигида фойдаланадиган ускуналарни ва чорва молларини, кўчмас мулк натижаси бўлган атроф мулкни (узуфрукт) ишлатганлик учун бадал сифатида тўланадиган ўзгарувчан ёки қатъий белгиланган тўловларга бўлган ҳуқуқ ёки минераллар, манбалар жойлашган ерга ва бошқа табиий ресурсларни ишлашга бўлган ҳуқуқни ўз ичига қамрайди; денгиз, ҳаво кемалари ва автомобиль ёки темир йўл транспорти воситалари кўчмас мулк сифатида қаралмайди.
3. 1-банд қоидалари кўчмас мулкдан тўғридан-тўғри фойдаланиш, ижарага бериш ёки ўзга ҳар қандай шаклда фойдаланишдан олинган даромадга нисбатан қўлланилади.
7-модда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонасининг фойдаси фақат шу Давлатда солиққа тортилади. Фақат корхона ўз тадбиркорлик фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали амалга оширмаётган бўлса. Агар корхона юқорида айтилганидек, ўз фаолиятини амалга ошираётган бўлса, корхонанинг фойдаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади, аммо шу доимий муассасага тегишли бўлган қисмидагина солиққа тортилиши мумкин.
2. 3-банд қоидаларига мувофиқ, агар Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси тижорат фаолиятини бошқа Аҳдлашувчи Давлатда, у ерда жойлашган доимий муассаса орқали, амалга ошираётган бўлса, доимий муассаса олиши мумкин бўлган фойда ҳар бир Аҳдлашувчи Давлатда, шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни худди шундай ёки шунга ўхшаш шароитларда ва корхонадан мутлақо мустақил равишда иш кўрадиган алоҳида ва мустақил корхона сифатида қаралган ҳолда, ана шу доимий муассасага ўтказилади.
3. Доимий муассаса фойдасини аниқлашда ушбу доимий муассаса фаолиятни мақсадлари учун сарфланган харажатларни чиқариб ташлашга йўл қўйилади, шунингдек доимий муассаса жойлашган Давлатда, ҳамда ҳар қандай ўзга ерда сарфланган бошқарув ва умумий маъмурий харажатлар ҳам шунга киради.
4. Аҳдлашувчи Давлатда корхона фойдасининг умумий суммасини унинг турли бўлинмаларига мутаносиб тарзда тақсимлаш негизида доимий муассасага тегишли фойдани белгилаш оддий ҳол эканлигига қарамай, 2-банддаги ҳеч нарса Аҳдлашувчи Давлатга солиққа тортиладиган фойдани амалдаги шундай тақсимот воситасида аниқлашга халақит бермайди; танланган тақсимот услуби ушбу моддага тегишли тамойилларга муносиб натижалар бериши лозим.
5. Корхона учун доимий муассаса томонидан товарлар ёки буюмларнинг харид қилинишигагина асосланиб доимий муассасага бирон-бир фойда ёзилмайди.
6. Аввалги бандлар мақсадлари учун доимий муассасага тегишли фойда, агар бошқаси учун салмоқли ва етарли сабаблар бўлмаса, ҳар йили бир хил услубда аниқланади.
7. Агар фойда, ушбу Конвенциянинг бошқа моддаларида алоҳида айтиб ўтилган фойда турларини қамраб оладиган бўлса, ушбу моддаларнинг қоидаларига ушбу модда қоидалари таъсир этмайди.
8-модда
Халқаро транспорт
Халқаро транспорт
1. Аҳдлашувчи Давлатнинг корхонаси халқаро ташишларда кемалар, самолётлардан ёки автомобиль ёхуд темир йўл транспортидан фойдаланишдан олган даромадга фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидалари қуйидагиларга нисбатан ҳам қўлланилади:
а) халқаро ташишларда фойдаланиладиган кемалар ёки самолётларни, экипажсиз фрахт қилиш асосида ижарага беришдан олинган фавқулодда даромадларга;
b) контейнерлардан (шу жумладан трейлерлар ва контейнерларни ташиш учун бошқа ускуналар) фойдаланиш, уларни сақлаб туриш ва ижарага беришдан олинган даромадларга, агар бундай даромадлар 1-банд тааллуқли бўлган фойдаларга нисбатан қўшимча ёки фавқулодда даромад бўлса.
3. 1 ва 2-бандларнинг қоидалари транспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича пульда халқаро ташкилотда ёки қўшма корхонада иштирок этишдан олган фойдаларга нисбатан ҳам қўлланилади.
9-модда
Бирлашган корхоналар
Бирлашган корхоналар
1. Агар:
а) Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки унинг сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса, ёки
b) ўша шахслар Аҳдлашувчи Давлатларнинг унисининг ҳам корхонасини, бунисининг ҳам корхонасини бошқаришда, назорат қилишда ёки сармоясида бевосита ёки билвосита қатнашса, икки корхона ўртасида уларнинг тижорат ва молиявий муносабатларида мутлақо мустақил бўлган корхоналар ўртасида бўладигандан фарқли шароитлар вужудга келтирилса ёки белгиланса, уларнинг бирортасида тўпланиши мумкин бўлган, лекин юқоридаги шароитлар туфайли тўпланмаган ҳар қандай фойда ушбу корхона фойдасига қўшилиши ва тегишли даражада солиққа тортилиши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бири шу Давлат корхонаси фойдасига бошқа Аҳдлашувчи Давлат корхонаси бўйича ана шу бошқа Давлатда солиққа тортиладиган фойдани киритса ва фойда солиғига тортса, шу тариқа киритилган фойда биринчи эслатилган Давлат корхонасига ўтказилиши мумкин бўлган фойда деб ҳисобланса, агар иккала корхона ўртасида вужудга келтирилган муносабатлар икки мустақил корхона ўртасидаги муносабатлар каби бўлса, у ҳолда ана шу бошқа Давлат шу Давлатга тегишли ушбу фойдадан олинадиган солиқ суммасига тузатиш киритиши керак. Бунда шундай тузатишларни белгилашда ушбу Конвенциянинг бошқа қоидаларига тегишлича эътиборни қаратиш керак ва Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари, зарур бўлса, ўзаро маслаҳатлашувларни бошлашлари лозим.
10-модда
Дивидендлар
Дивидендлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлган компания томонидан бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентига тўланадиган дивидендлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Бироқ бундай дивидендлар уларни тўлаётган компания қайси Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, ушбу Давлатнинг қонунларига биноан солиққа тортилиши мумкин, аммо дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлса, солиқнинг миқдори қуйидагилардан ортиқ бўлмаслиги керак:
а) агар, дивидендларнинг ҳақиқий эгаси бўлган компанияга Дивидендлар тўлаётган компания сармоясининг камида 25% бевосита тегишли бўлса, дивидендлар ялпи суммасининг 5 % дан;
b) қолган барча ҳолларда дивидендлар ялпи суммасининг 15% дан.
Бу банд дивидендлар тўлаётган компания фойдасининг солиққа тортилишига таъсир қилмайди.
3. «Дивидендлар» ибораси ушбу моддада қўлланилганда, акциялардан ёки акциялардан фойдаланишдан ёки ҳуқуқлардан фойдаланишдан, кон қазиш саноати акцияларидан, муассисларнинг акциялари ёки қарз талаблари ҳисобланмаган бошқа ҳуқуқлардан олинадиган даромадни, шунингдек фойдани тақсимловчи компания резиденти бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг қонунларига мувофиқ, акциялардан олинадиган даромад каби солиқлар билан тартибга солинадиган бошқа корпоратив ҳуқуқлардан олинадиган даромадни англатади.
4. Агар дивидендларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлгани ҳолда ана шу дивидендларни тўлаётган компания резиденти бўлган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тадбиркорлик фаолиятини унда жойлашган доимий муассаса орқали амалга ошираётган бўлса, ёки ушбу бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий базадан мустақил шахсий хизматлар кўрсатса ва холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланадиган) амалда шу доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, Ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда, вазиятга қараб 7-модда ёки 14-модда қоидалари қўлланилади.
5. Агар Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирининг резиденти бўлган компания бошқа Аҳдлашувчи Давлатдан фойда ёки даромад олаётган бўлса, ана шу бошқа Давлат компания тўлаётган дивидендлардан солиқ олиши мумкин эмас, агар дивидендлар ана шу бошқа Давлат резидентига тўланадиган ёки холдинг (дивидендлар унга нисбатан тўланади) шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган доимий муассаса ёки доимий база билан ҳақиқатда боғлиқ бўлган ҳоллардан ташқари, шунингдек компаниянинг тақсимланмаган фойдасига солиқлар солиши мумкин эмас, ҳатто тўланаётган дивидендлар ёки тақсимланмаган фойда ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда тўла ёки қисман ҳосил бўлган фойда ёки даромаддан ташкил топган бўлса ҳам.
11-модда
Фоизлар
Фоизлар
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг бирида ҳосил бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган фоизлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Аммо бундай фоизлар улар ҳосил бўлган Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига биноан ҳам солиққа тортилиши мумкин, аммо фоизларнинг ҳақиқий эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса шу тариқа ундириладиган солиқнинг миқдори фоизлар ялпи суммасининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.
3. 2-бандининг қоидаларига қарамай, банк заёмларига нисбатан тўланаётган фоизлар, улар ҳосил бўладиган Аҳдлашувчи Давлатда солиқдан озод қилинади.
4. «Фоизлар» ибораси ушбу моддада қўлланилганда қарздор фойдасида қатнашишга ҳуқуқ берадиган ёки бермайдиган, бадал билан таъминланган ёки таъминланмаганидан қатъи назар, ҳар қандай турдаги қарз талабларидан олинадиган даромадни, хусусан, ҳукумат қимматбаҳо қоғозларидан, облигациялар ёки қарз мажбуриятларидан олинадиган даромадни, шу жумладан ушбу қимматбаҳо қоғозлар, облигациялар ёки қарз мажбуриятлари бўйича олинадиган мукофотлар ва ютуқларни билдиради. Ўз вақтида тўланмаган тўловлар учун жарималар ушбу модда мақсадлари учун фоизлар сифатида кўриб чиқилмайди.
5. Агар фоизларнинг ҳақиқий эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, фоизлар ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолиятини олиб бораётган бўлса, ёки ушбу бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматлар кўрсатаётган бўлса ва фоизлар тўланаётган қарз талабномалари шундай доимий муассасага ёки доимий базага ҳақиқатан боғлиқ бўлса, 1, 2 ва 3-банд қоидалари қўлланилмайди. Бу ҳолда вазиятга қараб 7-модда ёки 14-модда қоидалари қўлланилади.
6. Фоизларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, фоизлар ушбу Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Лекин фоизларни тўловчи шахс, Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлиб, шу туфайли фоизларни тўлаш мажбурияти вужудга келган бўлса, ва бундай фоизларни тўлаш харажатларини доимий муассаса ёки доимий база ўз зиммасига олса, бундай ҳолда фоизлар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда вужудга келган, деб ҳисобланади.
7. Агар тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги, ёки улар иккаласи ва қандайдир ўзга шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида қарз талабномасига нисбатан тўланаётган фоизлар миқдори тўловчи ва амалда фоизлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ортиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмидан ушбу Конвенциянинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ илгаригидек солиқ олинади.
12-модда
Роялти
Роялти
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида ҳосил бўладиган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резидентига тўланадиган роялтилар ушбу бошқа Давлатда солиққа тортилади.
2. Бироқ бундай роялтилар улар вужудга келадиган Аҳдлашувчи Давлатда шу Давлатнинг қонунларига мувофиқ ҳам солиққа тортилиши мумкин, лекин агар роялтининг эгаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти бўлса, унда бу тариқа ундириладиган солиқ роялти ялпи миқдорининг 5 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак.
3. «Роялти» атамаси ушбу моддада қўлланилганда ҳар қандай адабиёт, санъат ва фан асарлари, шу жумладан кинофильмлар, телевидение ёки радиоэшиттириш учун фильмлар ёки кассеталар, ҳар қандай патент, савдо белгиси, чизма ёки модель, схема, махфий формула ёки жараён учун муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиш учун ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун ёхуд саноат, тижорат ёки илмий тажрибага мансуб ахборот учун мукофот тарзида олинган ҳар қандай турдаги тўловларни билдиради.
4. Агар роялтининг амалдаги эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиб, роялти ҳосил бўлаётган бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тижорат фаолиятини юритаётган бўлса ёки ушбу бошқа Давлатда у ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматларни амалга оширса ва роялти тўланаётган ҳуқуқ ёки мулк амалда шундай доимий муассаса ёки доимий база билан боғлиқ бўлса, 1 ва 2-бандлар қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда 7 ёки 14-моддаларнинг қоидалари вазиятга қараб қўлланилади.
5. Роялтиларни тўловчи Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлса, роялтилар шу Давлатда ҳосил бўлган деб ҳисобланади. Бироқ агар, роялтиларни тўловчи шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, Аҳдлашувчи Давлатда роялтилар тўлаш мажбурияти пайдо бўлган доимий муассасага ёки доимий базага эга бўлса, ва бундай роялтиларни тўлаш харажатларини доимий муассаса ёки доимий база ўз зиммасига олса, у ҳолда бундай роялтилар доимий муассаса ёки доимий база жойлашган Аҳдлашувчи Давлатда пайдо бўлган деб ҳисобланади.
6. Агар тўловчи билан амалда роялти ҳуқуқига эга бўлган шахс ўртасидаги, ёки уларнинг иккови ва бошқа бирон бир шахс ўртасидаги алоҳида муносабатлар оқибатида роялтидан фойдаланишга, фойдаланиш ҳуқуқига ёки роялти тўланадиган ахборотга тааллуқли роялти миқдори тўловчи ва амалдаги шу даромадлар ҳуқуқига эга шахс ўртасида келишилиши мумкин бўлган миқдордан ортиқ бўлса, бундай муносабатлар йўқ бўлган тақдирда, ушбу модда қоидалари фақат охирги эслатилган миқдорга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда тўловнинг ортиқча қисмига ушбу Конвенциянинг бошқа қоидалари инобатга олинган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига мувофиқ аввалгидек солиқ солинади.
13-модда
Сармоя қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
Сармоя қийматининг ўсишидан олинадиган даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти 6-моддада эслатиб ўтилган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган кўчмас мол-мулкни бегоналаштиришдан олинадиган даромадларга ўша бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган ёки Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда мустақил шахсий хизматларни амалга ошириш учун, фойдаланиши мумкин бўлган доимий базага тааллуқли кўчар мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга, бунга шу доимий муассасани (алоҳида ёки корхона билан биргаликда) ёки шундай доимий базани бегоналаштиришдан олинган даромадни ҳам қўшиб мана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро ташишларда фойдаланадиган кемалар, самолётларни, ёки автомобиль, ёхуд темир йўл транспорти воситаларини бегоналаштиришдан ёки шундай кемалар, самолётлар ёки автомобиль, ёхуд темир йўл транспортидан фойдаланишга тааллуқли кўчар мол-мулкни сотишдан оладиган даромадлар фақат шу Давлатда солиққа тортилади.
4. 1, 2, ва 3-бандларда эслатилмаган ҳар қандай мол-мулкни бегоналаштиришдан олинган даромадларга мол-мулкни бегоналаштирувчи шахс резиденти бўлган фақат шу Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
14-модда
Мустақил шахсий хизматлар
Мустақил шахсий хизматлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти касбга оид хизматларни кўрсатиш ёки мустақил тусдаги бошқа фаолиятдан олган даромадига фақат мана шу Давлатда солиқ солинади, бунда ушбу даромадга бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ҳам солиқ солиниши мумкин бўлган қуйидагича ҳолатлар истисно қилинади:
а) агар у ўз фаолияти мақсадлари учун бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ўзи учун мунтазам қулай бўлган доимий базага эга бўлса; бундай ҳолда даромадга, унинг ана шу бошқа Давлатда шу бошқа Давлатдаги доимий базага тааллуқли қисмигагина солиқ солинади; ёки
b) агар унинг бошқа Аҳдлашувчи Давлатда бўлиши кўриб чиқилаётган тақвимий йилда бошланадиган ёки тугалланадиган ҳар қандай 12 ойлик давр доирасида жами 183 кундан иборат бўлган ёки ошадиган давр ёки даврлар мобайнида давом этса; унда резидентнинг ушбу бошқа Давлатда кўриб чиқилаётган йилда амалга оширадиган фаолиятидан оладиган даромад қисмигагина ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. «Касбга оид хизматлар» атамаси жумладан мустақил илмий, адабий, артистлик, маърифий ёки ўқитувчилик фаолиятларини, шунингдек врачлар, юристлар, муҳандислар, меъморлар, стоматологлар ва бухгалтерларнинг мустақил фаолиятини қамраб олади.
15-модда
Ёллаш билан боғлиқ шахсий хизматлар
Ёллаш билан боғлиқ шахсий хизматлар
1. 16, 18 ва 19-моддалар қоидаларини ҳисобга олиб, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти ёллаш бўйича оладиган маоши, иш ҳақи ва шунга ўхшаш бошқа тақдирлаш пулларига, агар шу ёллаш билан боғлиқ иш бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширилмаётган бўлса, мана шу Давлатда солиқ солиниши мумкин. Агар ёлланма иш шу тариқа бажариладиган бўлса, унда шу муносабат билан олинган рағбатлантириш пулига ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. 1-банднинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга оширадиган ёллаш бўйича иш учун оладиган тақдирлаш пулларига фақат биринчи эслатилган Давлатда солиқ солинади, бунда:
а) тақдирлаш пули олувчи бошқа Аҳдлашувчи Давлатда кўриб чиқилаётган тақвимий йилда бошланаётган ёки тугаётган ҳар қандай 12 ойлик давр доирасида жами 183 кундан ошмайдиган давр ёки даврлар мобайнида яшаётган бўлса; ва
b) тақдирлаш пули бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлмаган ёлловчи томонидан ёки ёлловчи номидан тўланса; ва
с) тақдирлаш пулини тўлаш бўйича харажатларни ёлловчи бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса ёки доимий база ўз зиммасига олмайди.
3. 1 ва 2-бандларнинг қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлат корхонаси халқаро юк ташишларда фойдаланадиган денгиз, ёки ҳаво кемаси, темир йўл ёки автомобиль транспорти воситалари ичида амалга ошириладиган ёлланма иш учун олинадиган тақдирлаш пулларига ушбу Давлатда солиқ солиниши мумкин.
16-модда
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари
Директорларнинг гонорарлари ва Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлат резиденти бўлган компаниянинг Директорлар Кенгаши аъзоси сифатида оладиган гонорарлар ва бошқа шу каби тўловлар ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
17-модда
Санъат ходимлари ва спортчилар
Санъат ходимлари ва спортчилар
1. 14 ва 15-моддалар қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти театр, кино, радио ёки телевидение артисти ёки мусиқачи каби санъат ходими сифатида ёки спортчи сифатида бошқа Аҳдлашувчи Давлатда амалга ошираётган шахсий фаолияти туфайли оладиган даромадига шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
2. Санъат ходими , ёки спортчи амалга оширган шахсий фаолиятидан олинадиган даромад санъат ходими ёки спортчининг ўзига эмас, балки бошқа шахсга ёзилса, 7, 14 ва 15-моддалар қоидаларига қарамай, ушбу даромадга санъат ходими ёки спортчи фаолият кўрсатаётган ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Агар санъат ходими ёки спортчи Аҳдлашувчи Давлатлардан бирида амалга оширадиган фаолият асосан бир ёки ҳар иккала Аҳдлашувчи Давлатнинг давлат жамғармалари ёки уларнинг маҳаллий ҳокимиятлари ҳисобидан амалга оширилса, унда 1 ва 2-бандларнинг қоидалари қўлланилмайди. Бундай ҳолда даромад фақат санъат ходими ёки спортчи резиденти ҳисобланадиган фақат ўша Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилади.
18-модда
Пенсиялар
Пенсиялар
1. 19-модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига унинг илгариги ёлланиш бўйича ишлаган иши учун товон сифатида тўланадиган пенсиялар ва бошқа шу сингари рағбатлантириш пулларига фақат шу Давлатда солиқ солинади.
2. 1-банд қоидаларига қарамай, Аҳдлашувчи Давлатнинг ижтимоий таъминотига оид қонунига мувофиқ тўланадиган пенсиялар ва бошқа тўловларга фақат шу Давлатда солиқ солинади.
19-модда
Ҳукумат хизмати
Ҳукумат хизмати
1. а) Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларига кўрсатган хизматлари учун жисмоний шахсга тўлайдиган пенсиядан бошқа маош, иш ҳақи ва бошқа шу каби тақдирлаш пулига фақат ана шу Давлатда солиқ солинади.
b) Бироқ бундай маош, иш ҳақи ва шунга ўхшаш тақдирлаш пуллари фақат бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин, агар хизматлар мана шу бошқа Давлатда амалга оширилса ва жисмоний шахс мана шу бошқа Давлатнинг резиденти бўлса ва
I) шу Давлатнинг миллий шахси бўлса; ёки
II) фақат хизматларни амалга ошириш мақсадида шу Давлатнинг резиденти бўлган бўлмаса, фақат ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиқ солинади.
2. а) Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари ёки улар тузган фондлар шу Давлатга ёки унинг маҳаллий ҳокимиятларига кўрсатган хизматлар учун жисмоний шахсга тўлайдиган ҳар қандай пенсияга фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
b) Бироқ бундай пенсия фақат бошқа Аҳдлашувчи Давлатда солиққа тортилиши мумкин, агар жисмоний шахс ушбу бошқа Давлатнинг резиденти ва миллий шахси бўлса.
3. 15, 16, 17 ва 18-моддаларнинг қоидалари Аҳдлашувчи Давлат ёки унинг маҳаллий ҳокимиятлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти муносабати билан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан тўланадиган маош, иш ҳақи ва шунга ўхшаган тақдирлаш пулларига ва пенсияларга нисбатан қўлланилади.
20-модда
Студентлар
Студентлар
Аҳдлашувчи Давлатлардан бирига бевосита келгунга қадар ва ҳозирда бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг резиденти ҳисобланиб турган ёки бўлган ва биринчи эслатилган Давлатда фақат ўқиш ёки маълумот олиш мақсадларидагина яшаб турган студент ёки практикантнинг яшаш, ўқиш ва маълумот олиш учун мўлжалланиб оладиган тўловларига, агар бундай тўловлар шу Давлат ҳудудидан ташқаридаги манбалардан пайдо бўлса, мана шу Давлатда солиқ солинмайди.
21-модда
Бошқа даромадлар
Бошқа даромадлар
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентининг ушбу Конвенциянинг олдинги моддаларида тилга олинмаган даромад турларига даромадларнинг қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, фақат мана шу Давлатдагина солиқ солинади.
2. 6-модданинг 2-бандида белгиланганидек кўчмас мулкдан олинган даромад ҳисобланмайдиган даромадга нисбатан, агарда бундай даромад эгаси Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бўла туриб, бошқа Аҳдлашувчи Давлатда у ерда жойлашган доимий муассаса орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса ёки у ерда жойлашган доимий база орқали мустақил шахсий хизматларни кўрсатса ва даромад тўланадиган ҳуқуқ ёки мулк ҳақиқатан ҳам бундай доимий муассаса ёки доимий база билан боғланган бўлса, 1-банд қоидалари қўлланилмайди. Бу ҳолатда 7 ёки 14-моддаларнинг қоидалари вазиятга қараб қўлланилади.
22-модда
Сармоя
Сармоя
1. 6-моддада эслатиб ўтилган кўчмас мол-мулк тарзидаги ва Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига тегишли бўлган ва бошқа Аҳдлашувчи Давлатда жойлашган сармоя ана шу бошқа Давлатда солиққа тортилиши мумкин.
2. Кўчмас мол-мулк, тарзидаги ва Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатда эга бўлган доимий муассаса тижорат мулкининг бир қисмини ташкил этувчи ёхуд мустақил шахсий хизматларни бажариш мақсадида Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти бошқа Аҳдлашувчи Давлатда фойдаланадиган доимий базага тааллуқли кўчар мол-мулк тарздаги сармояга ана шу бошқа Давлатда солиқ солиниши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси юк ташишларда фойдаланадиган кемалар, самолётлар ва автомобиль ёки темир йўл транспорти воситалари тарзидаги ёки шундай кемалар, самолётлардан ёки автомобиль ёки темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланишга тааллуқли кўчар мулкдан (8-модданинг 2-бандида эслатилган контейнерлар ҳам) иборат сармоя фақат шу Давлатдагина солиққа тортилиши мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резиденти сармоясининг барча бошқа элементлари фақат шу Давлатдагина солиққа тортилади.
23-модда
Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш
Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш
1. Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш нисбатан қуйидаги тарзда қўлланилади:
а) Люксембург резиденти ушбу Конвенциянинг қоидаларига мувофиқ Ўзбекистонда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса ёки сармояга эгалик қилса, Люксембург b ва с-кичик бандлари қоидаларига мувофиқ бундай даромад ёки сармояни солиққа тортишдан озод қилиши керак, лекин шу резидентнинг қолган даромади ёки сармоясига солиқ миқдорини ҳисоблашда ушбу даромад ёки сармоя солиқдан озод қилинмагани сингари худди ўша солиқ ставкаларини қўллаши мумкин.
b) Люксембург резиденти 10, 11 ва 12-моддаларнинг қоидаларига мувофиқ Ўзбекистонда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса, Люксембург ана шу резидентининг даромад солиғидан Ўзбекистонда тўланган солиққа тенг суммани чегириб ташлашга рухсат бериши керак, бироқ бундай чегириб ташлаш Ўзбекистонда олинаётган даромад турларига киритилиши мумкин бўлган, чегиргунгача ҳисобланган солиқ миқдоридан ошмаслиги керак.
с) Люксембург резиденти бўлган компания Ўзбекистон манбаларидан дивиденд олса, бундай дивидендлар Люксембург резиденти бўлган компания дивиденд тўлайдиган компания сармоясининг камида 10 фоизига йил бошидан эга бўлса Люксембург томонидан солиққа тортишдан озод қилиниши керак. Ўзбекистон компаниясидаги юқорида эслатиб ўтилган акциялар, худди шундай шароитда, Люксембург сармоя солиғидан озод қилинади.
2. Иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш Ўзбекистонга нисбатан қуйидаги тарзда қўлланилади:
а) Ўзбекистон резиденти Конвенция қоидаларига мувофиқ Люксембургда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромад олса ёки сармояга эга бўлса Ўзбекистон қуйидагиларга имкон бериши керак:
Люксембургда тўланган даромад солиғига тенг суммани ана шу резидент даромадига солинадиган солиқдан чегириб ташлашга;
Люксембургда тўланган сармоя солиғига тенг суммани шу резидентининг мол-мулкига солинадиган солиқдан чегириб ташлашга.
Бироқ бундай чегириб ташлаш даромад солиғининг ва мол-мулк солиғининг чегириб ташлашга рухсат берилгунга қадар ҳисобланган қисмидан ошиб кетмаслиги керак. Бундай чегириб ташлаш вазиятга қараб Люксембургда солиққа тортилиши мумкин бўлган даромадга ёки сармояга киритилиши мумкин.
b) Конвенциянинг ҳар қандай қоидасига мувофиқ Ўзбекистон резиденти олган даромад ёки эгалик қилган сармоя Люксембургда солиқдан озод қилинса, Ўзбекистон бундай резидентнинг қолган даромади ёки сармоясига солиқ суммасини ҳисоблашда солиқдан озод қилинган даромад ёки сармояни ҳисобга олиши мумкин.
24-модда
Камситмаслик
Камситмаслик
1. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг миллий шахслари бошқа Аҳдлашувчи Давлатда бошқа Давлат миллий шахсларига айни бир хил шароитларда, жумладан резиденцияга нисбатан солиниши мумкин бўлгандан ортиқ ҳар қандай солиққа тортиш ёки унга алоқадор мажбуриятларга, солиқ солишдан ва унга алоқадор мажбуриятлардан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайдилар. Бундай қоида 1-модда қоидаларидан қатъий назар, бир ёки иккала Аҳдлашувчи Давлат резидентлари бўлмаган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
2. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Давлатда эга бўлган доимий муассасага солиқ солиш ана шу бошқа Аҳдлашувчи Давлатда ушбу Аҳдлашувчи бошқа Давлатнинг айнан шундай фаолиятни амалга оширувчи корхоналарига солиқ солишдан кўра ёмонроқ бўлмайди. Ушбу қоида Аҳдлашувчи Давлатлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Давлат резидентини солиқ солишда ўз резидентларига уларнинг фуқаролик мақоми ёки оилавий мажбуриятлари асосида берадиган ҳар қандай хусусий имтиёзлар, озод қилишлар ёки скидкалар беришга мажбурловчи қоида тарзида талқин қилинмаслиги лозим.
3. Ушбу Конвенция 9-моддасининг 1-банди, 11-моддасининг 7-банди ёки 12-моддасининг 6-банди қоидалари қўлланиладиган ташқари ҳолларда, Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонаси бошқа Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг резидентига бундай корхонанинг солиққа тортиладиган даромадини аниқлаш мақсадида тўлайдиган фоизлар, роялтилар ва бошқа харажатлар, агар бундай тўловлар биринчи эслатилган Давлат резидентига тўланган бўлса, бундай шароитда чегириб ташланади. Шу сингари Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхонасининг бошқа Давлат резидентига ҳар қандай қарзлари шу корхонанинг солиққа тортиладиган сармоясини аниқлаш мақсадида биринчи эслатилган Давлат резидентининг қарзи сингари шартлар асосида чегириб ташланиши керак.
4. Аҳдлашувчи Давлатлардан бирининг корхоналари, қайсики уларнинг сармояси тўлиқ ёки қисман бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг бир ёки бир неча резидентларига тегишли бўлса, ёки улар томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинса, биринчи эслатилган Давлатда биринчи эслатилган Давлатнинг шундай корхоналарига солинадиган ёки солиниши мумкин бўлган ҳар қандай солиқ солиш ёки унга алоқадор ҳолатлар, бошқа ёки солиқ солишдан ва у билан боғлиқ ҳолатлардан кўра мушкулроқ ҳолатларга дучор қилинмайди.
25-модда
Ўзаро келишув тартиблари
Ўзаро келишув тартиблари
1. Агар шахс Аҳдлашувчи Давлатлардан бири ёки ҳар иккаласининг фаолияти унга мазкур Конвенцияда назарда тутилганига мувофиқ келмайдиган солиқ солинишига олиб келади ёки олиб келиши мумкин деб ҳисобласа, у мазкур Давлатларнинг ички қонунчилигида назарда тутилган ҳимоя воситаларидан қатъи назар, ўз аризасини ўзи резидент бўлган Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органига ёки агарда унинг ҳолати Конвенциянинг 24-модда 1-бандига мувофиқ келса, ўзи миллий шахси бўлган Аҳдлашувчи Давлатга тақдим этиши мумкин. Бундай ариза мазкур Конвенция қоидаларига номувофиқ солиқ солинишига олиб келувчи хатти-ҳаракатлар тўғрисида биринчи бор билдирилган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида берилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Бошқа Аҳдлашувчи Давлатнинг ваколатли органи унинг аризасини асосли деб топса ва унинг ўзи қониқтирадиган қарорга кела олмаса, масалани Конвенцияга мувофиқ келмайдиган солиқ солинишидан қочиш мақсадида Аҳдлашувчи бошқа Давлатнинг ваколатли органи билан ўзаро келишиб ҳал қилишга ҳаракат қилади. Эришилган ҳар қандай келишув Аҳдлашувчи Давлатларнинг ички қонунчилигида назарда тутилган ҳар қандай вақтинча чеклашлардан қатъи назар, бажарилиши керак.
3. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари Конвенцияни талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган ҳар қандай қийинчилик ва шубҳаланишларни ўзаро келишув асосида ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Улар Конвенцияда кўзда тутилмаган ҳолларда иккиёқлама солиққа тортишни бартараф этиш мақсадида ҳам бир-бирлари билан маслаҳатлашишлари мумкин.
4. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ўзларидан ёки ўзларининг вакилларидан иборат бирлашган комиссия орқали аввалги бандлар хусусида келишувга эришиш мақсадида бир-бирлари билан бевосита мулоқотга киришишлари мумкин.
26-модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
1. Аҳдлашувчи Давлатларнинг ваколатли органлари ушбу Конвенция қоидаларини амалга ошириш учун ёки ушбу Конвенция татбиқ этиладиган Аҳдлашувчи Давлатларнинг солиқларга доир ички қонунчилигидан шу қонунга мувофиқ солиққа тортиш Ушбу Конвенцияга зид тушмайдиган даражада фойдаланиш учун зарур бўлган ахборотлар билан алмашиниб турадилар. Ахборот алмашиш 1-модда билан чекланмайди. Аҳдлашувчи Давлат олаётган ҳар қандай ахборот, ушбу Давлатнинг ички қонунлари бўйича олинган ахборот каби махфий ҳисобланади ва фақат аниқлаш, олиб қўйиш, мажбурий чора кўриш, суд орқали таъқиб этиш ёки ушбу Конвенция тааллуқли бўлган солиқларга нисбатан апелляцияларни кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган шахслар ёки органларгагина (судлар ва маъмурий органларга ҳам) очилади. Бундай шахслар ёки органлар ахборотдан фақат шундай мақсадларда фойдаланадилар. Улар ушбу ахборотни очиқ суд мажлисида ёки юридик қарорлар қабул қилиш чоғида очишлари мумкин.
2. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам ушбу модданинг 1-банди қоидалари Аҳдлашувчи Давлатлар зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юкловчи қоидалар сифатида талқин қилинмайди:
а) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилиги ёки маъмурий амалиётига зид бўлган маъмурий чораларни кўриш;
b) у ёки бу Аҳдлашувчи Давлат қонунчилигига кўра ёки одатдаги маъмурий амалиётга мувофиқ олиниши мумкин бўлмаган ахборотни тақдим этиш;
с) савдо, саноат, тижорат ёки хизмат сири ёки савдо жараёнини фош этувчи ахборотни ёки очилиши давлат сиёсатига зид бўлган ахборотни тақдим этиш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27-модда
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Дипломатик ваколатхоналар ходимлари ва консуллик муассасалари хизматчилари
Ушбу Конвенциянинг ҳеч бир қоидаси дипломатик ваколатхоналар ходимлари ёки консуллик муассасалари ходимларининг халқаро ҳуқуқ умумий нормаларига ёки махсус битимлар қоидаларига мувофиқ белгилаб қўйилган солиқ имтиёзларига дахл қилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28-модда
Конвенциянинг кучга кириши
Конвенциянинг кучга кириши
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат ушбу Конвенциянинг кучга кириши учун шу Давлат қонунларига кўра зарур бўлган тартиб-қоидалар тугаганлиги хақида бошқа Аҳдлашувчи Давлатни хабардор қилади. Конвенция ана шундай хабарноманинг сўнггиси олинган куни кучга киради.
2. Конвенция қуйидагиларга нисбатан амал қилади:
I) Конвенция кучга кирадиган йилдан бевосита кейин келадиган тақвимий йилнинг биринчи январида ёки биринчи январидан кейин олинган даромад манбаидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
II) Конвенция кучга кирадиган йилдан бевосита кейин келадиган тақвимий йилнинг биринчи январида ёки биринчи январидан кейин бошланадиган ҳар қандай солиққа тортиш йилида, даромаддан ва сармоядан (мол-мулкдан) олинадиган бошқа солиқларга нисбатан.
29-модда
Конвенциянинг амал қилишини тўхтатиш
Конвенциянинг амал қилишини тўхтатиш
1. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлардан бири унинг амал қилишини тўхтатгунигача ўз кучини сақлаб қолади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Давлат Конвенциянинг амал қилишини бошқа Аҳдлашувчи Давлатга дипломатия йўллари бўйича Конвенция амал қилиниши тўхтатиш Конвенция кучга кирган кундан бошлаб беш йил ўтганидан кейин ҳар қандай тақвимий йилнинг 30 июнидан кечикмай ёзма хабарнома юбориш орқали тўхтатиш мумкин. Конвенциянинг амал қилиши шундай йилнинг 1 июлигача тўхтатилган тақдирда Конвенция қуйидаги солиқларга нисбатан ўз кучини йўқотади:
I) Конвенциянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида хабарнома берилган йилдан кейин бевосита келадиган йилнинг биринчи январидан ёки биринчи январидан сўнг олинган даромад манбаларидан ундириладиган солиқларга нисбатан;
II) Конвенциянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида хабарнома берилган йилдан кейин бевосита келадиган йилнинг биринчи январида ёки биринчи январидан сўнг бошланадиган ҳар қандай солиққа тортиш йилида, даромаддан ва сармоядан (мол-мулкдан) олинадиган бошқа солиқларга нисбатан.
Тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб ушбу Конвенцияни имзоладилар.
Люксембург шаҳрида 1997 йил 2 июлда икки нусхада тузилди, ҳар бир матн ўзбек, француз ва инглиз тилларида тайёрланди, барча матнлар бир хил кучга эга.
(имзолар)