Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратишни истаб,
мазкур Битим асосида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш сармоялар кириб келишига туртки бўлиши ҳамда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг ривожланишига кўмак беришини англаган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Битим мақсадлари учун кейинги ўринларда келтирилган тушунчалар қуйидаги маъноларни англатади:
а) «инвестор» — бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошираётган бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахси:
жисмоний шахс — Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ унинг фуқароси бўлган ҳар қандай жисмоний шахс;
юридик шахс — Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган ёки таъсис этилган ҳар қандай юридик шахс.
б) «инвестициялар» — бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори тарафидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига мазкур давлат қонунчилигига мувофиқ киритилган мулкий қимматликларнинг барча турлари, хусусан:
кўчар ва кўчмас мулк;
акциялар, улушлар ва тижорат ташкилотлари капиталида иштирок этишнинг бошқа шакллари;
иқтисодий қимматликлар яратиш учун сарфланган пул маблағлари бўйича ёки иқтисодий қийматга эга бўлган ва инвестициялар билан боғлиқ шартномалар бўйича талаб қилиш ҳуқуқи;
интеллектуал мулк объектларига (муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар, саноат намуналари, моделлар, товар белгилари ёки хизмат кўрсатиш белгилари, технологиялар, тижорат қийматига эга бўлган маълумотлар ва ноу-хау) нисбатан мутлақ ҳуқуқлар;
тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилиги асосида ёки ҳар бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ тузилган шартномалар асосида бериладиган ҳуқуқ, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, қазиб олиш, уларга ишлов бериш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқлар.
Инвестициялар шаклининг ҳар қандай ўзгариши, башарти бундай ўзгариш ўз ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига зид бўлмаса, уларни инвестициялар сифатида квалификация қилишга дахл қилмайди.
в) «даромадлар» — Аҳдлашувчи Томонлар давлати ҳудудида инвестициялардан олинган ҳар қандай маблағлар, шу жумладан фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия, воситачилик ва бошқа мукофотлар;
г) «Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудуди» — тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ёки Россия Федерацияси ҳудуди, Россия Федерациясига нисбатан қўлланилганда, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1982 йил 10 декабрдаги Денгиз ҳуқуқи бўйича Конвенциясига мувофиқ белгиланадиган алоҳида иқтисодий зона ва континентал шельф;
д) «Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилиги» — тегишли равишда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ёки Россия Федерациясининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари.
2-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвесторларига ўз давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга интилади ҳамда ўз давлати қонунчилигига мувофиқ бундай инвестицияларнинг олиб кирилишига рухсат беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларига тегишли инвестицияларнинг тўлиқ ҳимоясини ўз давлати қонунчилигига мувофиқ таъминлайди.
3-модда
Инвестициялар режими
Инвестициялар режими
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига нисбатан уларни бошқариш ва тасарруф этиш учун адолатли ва тенг ҳуқуқли режимни таъминлайди.
2. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган режим ўз давлати инвесторларининг ёки ҳар қандай учинчи давлат инвесторларининг инвестицияларига тақдим қилинган, инвесторнинг фикрига кўра, энг қулай деб ҳисобланган режимдан кам бўлмаслиги лозим.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон хорижий инвесторлар ва уларнинг инвестицияларига, шу жумладан реинвестиция қилинган инвестицияларга нисбатан миллий режимдан истиснолар қилишни қўллаш ва жорий этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
4. Мазкур модданинг 2-бандига мувофиқ тақдим этиладиган режим қуйидаги ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлар тақдим этаётган ёки келажакда тақдим этадиган афзалликларга нисбатан татбиқ этилмайди:
эркин савдо зонасида, божхона иттифоқида ёки ҳар қандай шунга ўхшаш иқтисодий интеграцион тузилмаларда иштирок этиш муносабати билан;
иккиёқлама солиққа тортишга йўл қўймаслик тўғрисидаги битимлар ёки солиққа тортиш масалалари бўйича бошқа келишувлар асосида.
5. Мазкур Битимнинг 4, 5 ва 8-моддалари қоидаларига дахл қилмаган ҳолда, Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг инвестицияларига ва уларнинг ушбу инвестициялар билан боғлиқ фаолиятига 1994 йил 15 апрелдаги Жаҳон савдо ташкилотини таъсис этиш тўғрисида Марракеш Битимининг 1В-иловасига мувофиқ берадиган режимга нисбатан қулайроқ режим тақдим этмайди.
4-модда
Экспроприация
Экспроприация
1. Ўз оқибатлари бўйича экспроприация ёки национализацияга тенг бўлган, бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторларининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида амалга оширган инвестицияларига нисбатан мажбурий олиб қўйиш чораларини (кейинги ўринларда — экспроприация) қўллаш мумкин эмас, бундай чораларни жамият манфаатларидан келиб чиқиб, мазкур бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигида белгиланган тартибга риоя этган ҳолда, камситиш хусусиятидан ҳоли равишда, тез, етказилган зарарга монанд ва самарали товон тўлашни назарда тутган ҳолда амалга ошириш ҳолатлари бундан мустасно.
2. Товон инвестицияларнинг ҳақиқатдан экспроприация қилингани ёки келгусида экспроприация қилиниши ҳақида расман маълум бўлган санада ҳисобланган мазкур инвестицияларнинг бозор қийматига мос бўлиши лозим. Товон кечиктирмасдан эркин муомаладаги валютада тўланади ва мазкур Битимнинг 6-моддасига мувофиқ бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудига ўтказилади. Товон суммасига бозор асосида белгиланадиган тижорат ставкасида, аммо олти ойлик доллар кредитлари бўйича Лондон банклараро таклиф ставкасидан (ЛИБОР) кам бўлмаган ставкада, экспроприация қилинган санадан бошлаб тўланган санага қадар фоизлар ҳисобланиб, қўшилиб боради.
5-модда
Зарарни қоплаш
Зарарни қоплаш
Бир Аҳдлашувчи Томон давлатининг бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидаги уруш, фуқаролик тартибсизликлари ёки шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар оқибатида инвестицияларига зарар етказилган инвесторларига реституция, зарарни қоплаш, товон тўлаш ёки тартибга солишнинг бошқа турларига нисбатан, мазкур бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг учинчи давлат инвесторларига ёки ўз давлати инвесторларига бундай зарар муносабати билан чоралар кўришда қўллайдиган режимлар ичидаги энг қулай бўлган режим тақдим этилади.
6-модда
Тўловларни ўтказиш
Тўловларни ўтказиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилигида белгиланган барча солиқ ва шунга ўхшаш мажбуриятлар бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари тарафидан бажарилгандан сўнг, ўз давлати ҳудудидан инвестициялар билан боғлиқ тўловларнинг, хусусан қуйидагиларнинг ҳеч қандай чекловларсиз ўтказилишини кафолатлайди:
а) бошланғич капитал ёки инвестицияларни таъминлаб туриш ёхуд кенгайтириш учун фойдаланиладиган ҳар қандай қўшимча маблағлар;
б) даромадлар;
в) мазкур Битимнинг 4 ва 5-моддаларида назарда тутилган товон тўловлари;
г) инвестицияларнинг қисман ёки тўла тугатилишдан ёхуд сотилишидан тушган маблағлар;
д) иккала Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан инвестициялар сифатида тан олинган кредитлар ва қарзларни қайтариш ҳисобига тўланадиган маблағлар, шунингдек ҳисобланган фоизлар;
е) бир Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестицияларни амалга ошириш муносабати билан меҳнат қилишга рухсат этилган бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари ва жисмоний шахслари оладиган иш ҳақи ва бошқа мукофотлар;
ж) мазкур Битимнинг 8-моддасига мувофиқ низоларни ҳал этиш оқибатида вужудга келадиган тўловлар.
2. Тўловларни ўтказиш кечиктирилмасдан, ўз ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг валютага оид қонунчилигига мувофиқ, эркин муомаладаги валютада ўтказма санасида қўлланиладиган курс бўйича амалга оширилади.
7-модда
Суброгация
Суброгация
Аҳдлашувчи Томон ёки у ваколат берган орган инвесторга бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида инвестициялар билан боғлиқ нотижорат хавфлардан ҳимоя қилиш кафолати асосида тўловни амалга оширгандан сўнг, инвесторга тегишли ҳуқуқларни мазкур инвестор билан бир хил ҳажмда, суброгация тартибида амалга ошириши мумкин. Бундай ҳуқуқлар мазкур бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон билан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлатининг инвестори ўртасида ушбу инвесторнинг биринчи Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудидаги инвестициялари юзасидан вужудга келадиган низолар, шу жумладан мазкур Битимнинг 4 ва 5-моддаларига мувофиқ товон миқдори, товон тўлаш шартлари ёки тартибига ёхуд мазкур Битимнинг 6-моддасида назарда тутилган тўловларни ўтказиш тартибига оид низолар имкон қадар музокаралар йўли билан ҳал этилади.
2. Башарти низо томонларидан исталган бирининг низони музокаралар йўли билан ҳал этиш тўғрисидаги илтимоси санасидан бошлаб олти ой давомида музокаралар йўли билан ҳал этишнинг имкони бўлмаса, низо инвесторнинг танлови бўйича ўз ҳудудида инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон давлатининг ваколатли суди ёки арбитражига ёхуд Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясининг Арбитраж регламентига (ЮНСИТРАЛ) мувофиқ «аd hоc» арбитраж судига ёки 1965 йил 18 мартда Вашингтон шаҳрида имзоланган Давлатлар билан бошқа давлатларнинг жисмоний ёки юридик шахслари ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал қилиш бўйича Конвенцияга мувофиқ таъсис этилган Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга низони ушбу Конвенция қоидаларига мувофиқ (Конвенция иккала Аҳдлашувчи Томон давлатлари учун кучга кирган бўлса) ёки Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг Қўшимча қоидаларига мувофиқ (агар Конвенция Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг бири ёки ҳар иккаласи учун кучга кирмаган бўлса) кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин.
3. Арбитраж қарори якуний ва низодаги ҳар иккала томон учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилигига мувофиқ бундай қарорнинг бажарилишини таъминлашга мажбур.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низоларни ҳал этиш
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашга доир низолар улар ўртасида музокаралар орқали ҳал этилади.
Башарти музокаралар бошлангандан эътиборан олти ой давомида низо бундай йўл билан ҳал этилмаса, у ҳолда низо ҳар қандай Аҳдлашувчи Томоннинг талаби бўйича «ad hoc» ҳакамлик судига кўриб чиқиш учун топширилади.
2. Ҳакамлик суди ҳар бир алоҳида ҳолат учун тузилади, бунинг учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳакамлик судида иш кўриш тўғрисида хабарнома олинган санадан бошлаб икки ой давомида биттадан ҳакамлик суди аъзосини тайинлайди. Сўнгра суднинг ушбу икки аъзоси учинчи давлат фуқаросини танлайди ва у бошқа икки аъзоларнинг охиргиси тайинланган санадан бошлаб бир ой ичида ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг маъқуллаши билан ҳакамлик судининг раиси этиб тайинланади.
3. Башарти мазкур модданинг 2-бандида кўрсатилган муддатда зарурий тайинлашлар амалга оширилмаган бўлса, бошқа келишувлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон Халқаро суд раисига бундай тайинлашларни амалга ошириш бўйича илтимос билан мурожаат қилиши мумкин. Агар Халқаро суд раиси Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг фуқароси бўлса ёки бошқа сабабларга кўра ушбу илтимосни бажара олмаса, Халқаро суд раисининг ўринбосарига зарурий тайинлашларни амалга ошириш таклиф этилади. Агар Халқаро суд раисининг ўринбосари ҳам Аҳдлашувчи Томонлардан бири давлатининг фуқароси бўлса ёки бошқа сабаблар бўйича ушбу илтимосни бажара олмаса, Халқаро суднинг мартабаси бўйича ундан кейин турувчи, бирор Аҳдлашувчи Томон давлатининг фуқароси бўлмаган аъзосига зарурий тайинлашларни амалга ошириш таклиф этилади.
4. Ҳакамлик судининг қарори кўпчилик овоз билан чиқарилади. Бундай қарор Аҳдлашувчи Томонлар учун якуний ва мажбурий ҳисобланади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзи тайинлаган суд аъзосининг фаолияти ҳамда ҳакамлик судидаги ўз вакиллиги билан боғлиқ харажатларни қоплайди. Аҳдлашувчи Томонлар ҳакамлик суди раисининг фаолияти билан боғлиқ харажатларни, шунингдек бошқа харажатларни тенг улушларда қоплайдилар. Аммо ҳакамлик суди ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бири харажатларнинг кўпроқ қисмини қоплашини назарда тутиши мумкин ва бундай қарор ҳар икки Аҳдлашувчи Томон учун мажбурий ҳисобланади. Ҳакамлик суди ўз иш тартибини мустақил белгилайди.
10-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Аҳдлашувчи Томонлар улардан бирининг илтимосига кўра, мазкур Битимни талқин қилиш ва қўллашга доир масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
11-модда
Битимнинг қўлланилиши
Битимнинг қўлланилиши
Мазкур Битим бир Аҳдлашувчи Томон давлати инвесторлари тарафидан бошқа Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида 1992 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилган барча инвестицияларга нисбатан қўлланилади, аммо мазкур Битим кучга киргунга қадар вужудга келган фактлар ва ҳаракатлар бўйича низоларга нисбатан қўлланилмайди.
12-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилиш муддати
Битимнинг кучга кириши ва амал қилиш муддати
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилади. Мазкур Битим икки хабарноманинг охиргиси олинган санадан кучга киради.
2. Мазкур Битим ўн беш йил давомида ўз кучида бўлади. Ушбу муддат тугагандан сўнг, башарти ҳеч бир Аҳдлашувчи Томон тегишли муддат тугашидан камида ўн икки ой олдин ўзининг мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилмаса, унинг амал қилиши навбатдаги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узаяверади.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра мазкур Битимга ўзгартишлар киритилиши мумкин. Ҳар қандай ўзгартишлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни бундай ўзгартишларнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилгандан сўнг кучга киради.
4. Мазкур Битимнинг амал қилиш муддати тугатилган санага қадар амалга оширилган ва унинг таъсир доирасида бўлган инвестицияларга нисбатан мазкур Битимнинг барча бошқа моддалари қоидалари унинг амал қилиш муддати тугатилган санадан бошлаб кейинги ўн беш йил мобайнида ўз кучида қолади.
Москва шаҳрида 2013 йил 15 апрелда ҳар бири ўзбек ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовутлар юзага келганда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)