Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Руминия Ҳукумати ўртасида
Битим
Автомобиль йўлларида транзит ташиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Руминия Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
савдо ва иқтисодий муносабатларни ўзаро манфаатли ривожлантиришга кўмаклашиш истагини билдириб, ўз ҳудудларидаги транзит автомобиль йўлларини яхшилаш ва тартибга солиб туриш мақсадида, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Қўлланиш соҳаси
Қўлланиш соҳаси
1. Ушбу Битим қоидалари иккала давлатдан бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтган нақлиёт воситалари билан иккинчи давлат ҳудуди орқали транзит юк ташилаётганда амал қилади.
2. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзлари қатнашадиган халқаро автомобиль йўлларида юк ёки йўловчи ташиш соҳасидаги бошқа икки томонлама ёки кўп томонлама битимларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
2-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битимда:
«юк ташувчи» атамаси асосий жойи Ўзбекистон Республикаси ёки Руминияда бўлган ва нақлиёт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатда амал қилувчи миллий қонунчиликка мувофиқ бошқалар ёки ўз ҳисобидан халқаро юк ёки йўловчи ташишни амалга оширишга рухсат этилган ҳар қандай жисмоний ёки ҳуқуқий шахсни билдиради.
«нақлиёт воситаси» атамаси механик шатакка олувчи автонақлиёт воситаларининг ҳар қандай турини, шунингдек, ҳар қандай юк ташувчи таркибни, тиркама ёки ярим тиркамали шатакчини билдиради, бунда юк ташувчи ва шатакчи машиналар Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Тиркама ёки ярим тиркама ўша давлатда рўйхатдан ўтказилган ёки ўтказилмаган бўлиши мумкин.
3-модда
Қўлланиш соҳаси
Қўлланиш соҳаси
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтказилган нақлиёт воситалари билан иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан транзит ҳолда юк билан ёки юксиз ўтиш рухсатнома асосида амалга оширилади. Рухсатнома, автомобиль йўлларидан фойдаланганлик учун тариф тўлангач, чекланмаган миқдорда берилади.
Зарур бўлганда Аҳдлашувчи Томонлар маълум миқдордаги рухсатномаларни ҳамжиҳатлик асосида бундай тарифларни тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этилган ҳолда бериши мумкин.
2. Транзит юк ташиш вақтида Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг юк ташувчисига иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида юк ортишга рухсат этилмайди.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг юк ташувчисига иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жойлашган икки пункт оралиғида юк ташишга рухсат этилмайди.
4-модда
Нақлиёт воситаларининг оғирлиги ва ўлчамлари
Нақлиёт воситаларининг оғирлиги ва ўлчамлари
Нақлиёт воситасининг оғирлиги, ўлчамлари ёки ўққа тушадиган оғирлиги Аҳдлашувчи Томонлардан бири ҳудудида йўл қўйилган максимал лимитлардан ортиқ бўлса, нақлиёт воситаси учун шу Аҳдлашувчи Томоннинг мутасадди органларидан махсус рухсатнома олинади. Агар бундай рухсатнома нақлиёт воситасининг белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатини чеклаб қўйса, юк ташиш фақат ана шу йўналиш бўйича амалга оширилади.
5-модда
Ҳужжатларни текшириш
Ҳужжатларни текшириш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари, ўзаро келишган ҳолда, ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ юк ташишни текшириш усулини белгилайдилар.
2. Халқаро юк ташишда лозим бўлган ҳужжатлар тегишли нақлиёт воситаларида бўлиши ва ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ваколатли органлари талабига кўра кўрсатилиши шарт.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ҳудудида рўйхатдан ўтказилган ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида транзит юк ташишни амалга ошираётган нақлиёт воситалари ҳайдовчилари ёнида миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари, ушбу нақлиёт воситалари учун миллий ҳужжатлар ва халқаро меъёрлар талабларига мувофиқ бошқа ҳужжатлар бўлиши шарт.
6-модда
Божхона қоидалари
Божхона қоидалари
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида рўйхатдан ўтказилган нақлиёт воситалари ҳамда ушбу Битимда кўрсатилган юк ташишларда фойдаланиладиган тиркама ёки ярим тиркамалар иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудуди бўйлаб ўтишига вақтинчалик рухсат этилади ва орқага олиб чиқиш шарти билан божхона йиғимларидан озод этилади.
Юқорида кўрсатилган режим мазкур нақлиёт воситалари билан олиб келинадиган ва олиб чиқиб кетиладиган эҳтиёт қисмларга, нақлиёт воситасининг қўшимча жиҳозлари ва нақлиёт юк ташиш учун лозим бўлган меъёрдаги ускуналарга ҳам тааллуқли.
2. Ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўзда тутилган ва нақлиёт воситаларига ўрнатилган меъёрий ёқилғи идишларида жойлашган нақлиёт воситаларини бошқаришда ва зарур бўлганида совутишда ишлатиладиган ёнилғи ва мойлаш ашёлари юк олиб келганлиги учун олинадиган божхона йиғимларидан озод этилади ва уларни олиб киришда чеклаш ва тақиқлаш чоралари кўрилмайди.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига вақтинчалик киришига рухсат этилган нақлиёт воситасини таъмирлаш учун олиб кириладиган эҳтиёт қисмлари божхона йиғимларини тўлашдан озод этилади ва олиб киришда чеклаш ва тақиқлаш чоралари кўрилмайди.
Алмаштирилган ёки ишлатилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб чиқиб кетилади ёки божхона органлари кузатувида йўқ қилинади.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёки иккинчисининг давлат чегарасини кесиб ўтаётганда божхона, чегара, санитария ва фитосанитария назоратига нисбатан ушбу Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амал қилувчи миллий қонунчилик ва иккала давлат ҳам иштирок этадиган халқаро битимларнинг қоидалари қўлланади.
7-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Қуйидагилар ушбу Битим қоидаларини бажариш учун нақлиёт масалалари бўйича вакил қилинган мутасадди органлар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасида: «Ўзавтойўл» давлат- акционерлик концерни,
Руминияда: Нақлиёт вазирлиги.
Аҳдлашувчи Томонлар тегишли мутасадди орган номидаги ҳар қандай ўзгариш ҳақида бир-бирларини хабардор қиладилар.
8-модда
Аралаш комиссия
Аралаш комиссия
1. Ушбу Битим қоидаларини кўриб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида ҳар қайси Аҳдлашувчи Томоннинг мутасадди органлари вакилларидан ташкил топган аралаш комиссия тузилади.
2. Аралаш комиссия, зарур бўлганида, мутасадди органлардан бирининг илтимосига биноан, навбати билан ҳар қайси Аҳдлашувчи Томоннинг давлат ҳудудида йиғилади.
9-модда
Йиғимлар ва тўловлар
Йиғимлар ва тўловлар
1. Ушбу Битим қоидаларига мувофиқ, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ўзаро манфаатдорлик асосида юк ташишни амалга ошираётган нақлиёт воситалари, иккала Аҳдлашувчи Томон давлатлари ҳудудларида амалда бўлган қонун ва қарорларга асосан, нақлиёт воситаларида ҳаракатланганлик ва уларга эгалик учун ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудида юк ташиш учун олинадиган ҳар қандай махсус йиғимларни тўлашдан озод этилади.
2. Ушбу Битим қўлланишидан келиб чиқадиган барча тўловлар эркин муомаладаги валютада амалга оширилади. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тўловлар тўғрисида Битим тузилса, шу Битим қоидалари татбиқ этилади.
3. Нақлиёт воситаларидан халқаро йўлларда фойдаланиш натижасида олинадиган даромад ва нақлиёт воситаларидан фойдаланишда зарур бўлган кўчириб бўладиган мол-мулкка, юк ташишга раҳбарлик қилувчи орган жойлашган давлатда солиқ солинади.
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида икки томонлама солиқ солишни бартараф этиш тўғрисида Конвенция тузилса, шу Конвенция қоидалари татбиқ этилади.
10-модда
Миллий қонунларни қўллаш
Миллий қонунларни қўллаш
Ушбу Битим қоидалари ёки иккала давлат ҳам қўшилган ёки томонлари бўлиб ҳисобланувчи халқаро конвенциялар ва шартномаларда қайд этилмаган ҳолатларда Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг ҳудудида амал қилувчи миллий қонунлар қўлланади.
11-модда
Санкциялар
Санкциялар
1. Юк ташувчилар ёки нақлиёт воситаси экипажи томонидан Аҳдлашувчи Томонлардан бири ҳудудида қонунларга, ушбу Битим қоидаларига, юк ташишга рухсат бериладиган шартларга риоя қилинмаган ҳолатларида нақлиёт воситасини рўйхатга олган давлатнинг мутасадди органлари иккинчи Аҳдлашувчи Томон мутасадди органлари талабига биноан қуйидаги чораларни кўради:
а) қоида бузган юк ташувчига огоҳлантириш эълон қилади ёки,
б) қоида бузилган Аҳдлашувчи Томон давлати ҳудудида юк ташувчининг юк ташиш ҳуқуқини вақтинча тўхтатади ёки бекор қилади.
2. Белгиланган чораларни кўрган мутасадди орган иккинчи Аҳдлашувчи Томон мутасадди органларини бу ҳақда хабардор қилади.
3. Ушбу модда қоидалари қоида бузилган давлатнинг суд ёки маъмурий органлари томонидан қўлланиши мумкин бўлган ҳаракатларни мустасно қилмайди.
12-модда
Баҳсларни ҳал этиш
Баҳсларни ҳал этиш
Ушбу Битимни изоҳлаш ва қўллаш бўйича ҳар қандай баҳслар иккала Аҳдлашувчи Томон мутасадди органлари ўртасида бевосита музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
Агар бу мутасадди органлар бир келишувга эриша олмасалар, баҳс дипломатик йўл билан ҳал этилади.
13-модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва унга ўзгартишлар киритиш
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва унга ўзгартишлар киритиш
1. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунларида халқаро шартномаларни кучга киритиш борасида кўзда тутилган процедураларнинг бажарилганлиги тўғрисида ўзаро нота алмашинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битимга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиш Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги музокаралар орқали ҳал этилади ва ушбу модданинг 1-банди қоидаларида кўрсатилган процедурага мувофиқ кучга киради.
3. Ушбу Битим беш (5) йил муддатга тузилади ҳамда Аҳдлашувчи Томонлардан бири Битимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида 90 кун олдин уни денонсация қилганлиги тўғрисида ёзма равишда хабар бермаса, унинг амал қилиш муддати ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Мазкур Битим 1996 йил 6 июнда, Бухарест шаҳрида, икки нусхада, ўзбек, румин ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)