Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво транспорти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати, бундан буён матнда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
1944 йилнинг еттинчи декабрида Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг аъзолари бўлгани ҳолда,
Юқорида кўрсатиб ўтилган Конвенцияга қўшимча равишда, ўзларининг тегишли ҳудудлари ўртасида ва ҳудудларидан ташқарида мунтазам ҳаво қатновини йўлга қўйиш мақсадида Битим тузиш истагида,
Қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
I-модда
Атамалар
Атамалар
Агар матнда бошқа мазмун кўзда тутилмаган бўлса, ушбу Битим ва унинг Иловаси мақсадлари йўлида:
1. «Конвенция» атамаси 1944 йил еттинчи декабрда Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенцияни англатади ва тузатиш ва Иловалар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун қай даражада кучга эга эканлигини эътиборга олиб, ушбу Конвенциянинг 90-моддасига мувофиқ киритилган ҳар қандай Иловани ҳамда Конвенциянинг 90 ва 94-моддаларига мувофиқ Иловаларга ва Конвенцияга киритилган ҳар қандай тузатишларни ўз ичига олади;
2. «Авиация Маъмурлари» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Фуқаро Авиацияси Бош директорини, Индонезия Республикасига нисбатан эса Алоқа вазирини ёки ҳар қандай ҳолда юқорида уқтириб ўтилган маъмурлар бажарадиган вазифаларни амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай шахс ёки ташкилотни англатади;
3. «тайинланган авиакорхона» атамаси ушбу Битимнинг III-моддасига мувофиқ тайинланган ва ваколат берилган авиация корхонасини англатади;
4. «ҳудуд» атамаси Ўзбекистонга нисбатан Конвенциянинг 2-моддасида белгиланган мазмунни англатади ва Индонезияга нисбатан эса, халқаро қонунларга мувофиқ равишда Индонезия Республикаси мустақиллиги, мустақил ҳуқуқлари ёки юрисдикцияси бўлган унинг қонунларида белгиланган Индонезия Республикасининг ҳудуди ва унга туташган ўлкаларни англатади;
5. «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» атамалари уларга Конвенциянинг 96-моддасида тегишли равишда белгиланган маъноларни англатади;
6. «Битим» атамаси ушбу Битим, унинг Иловалари ва уларга киритилган ҳар қандай тузатишларни англатади;
7. «белгиланган йўналишлар» атамаси ушбу Битим Иловасида белгиланган ёки белгиланилиши лозим бўлган йўналишларни англатади;
8. «Келишилган қатновлар» атамаси ушбу Битимнинг қоидаларига мувофиқ равишда амалга оширилиши мумкин бўлган белгиланган йўналишлардаги халқаро ҳаво қатновини англатади;
9. «Тариф» атамаси йўловчи, йўловчилар юки ва юк ташиш учун тўланадиган қийматни ва ўша қийматлар қўлланиладиган қоидаларни англатиб, у ўз ичига вакиллик ва бошқа қўшимча хизматлар учун тўланадиган воситачилик ҳақини олади, бироқ почтани ташиш учун тўланадиган хизмат ҳақи ёки қоидалари бундан мустаснодир.
II-модда
Ташиш ҳуқуқлари
Ташиш ҳуқуқлари
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга унинг тайинланган авиакорхонаси Иловада кўрсатилган йўналишлар бўйича мунтазам халқаро ҳаво қатновини ўрнатиш ва парвозларни амалга ошириш учун ушбу Битимда кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларни беради.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
a. бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан қўнмаган ҳолда учиб ўтиш;
b. бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида нотижорий мақсадларда қўниш; ва
c. уқтириб ўтилган ҳудудда ушбу Битимнинг Иловасида белгиланган Йўналишлар жадвалида кўрсатилган манзилларда ушбу Битимнинг Иловаси қоидаларига мувофиқ равишда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ёки бошқа давлатнинг ҳудудига бориш ёки келиш учун мўлжалланган халқаро йўналишдаги йўловчилар, юк ва почтани олиш ёки тушириш мақсадида қўниш.
3. Ушбу модда 2-бандининг ҳеч қайси қоидаси бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги бир манзилдан иккинчи манзилга бориш учун мўлжалланган йўловчилар, йўловчи юки, юк ёки почта олиш ҳуқуқини беради деб қаралмаслиги лозим.
III-модда
Парвозга доир рухсатномалар
Парвозга доир рухсатномалар
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма тарзда хабардор этган ҳолда бир авиакорхонани тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.
2. Бундай тайинлаш тўғрисидаги хабарни олгандан кейин бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 4 ва 5-бандлари қоидаларига мувофиқ тайинланган авиакорхонага парвозлар учун дарҳол тегишли рухсатномаларни беради.
3. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма тарзда хабардор этган ҳолда тайинланган авиакорхонани тайинлашни бекор этиб, бошқасини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.
4. Бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан мазкур Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро ҳаво йўлларидан фойдаланиш чоғида Конвенциянинг қоидаларига мувофиқ одатда ва оқилона татбиқ этиладиган қонунлар ва қоидалар орқали белгиланган шартларни бажаришга қодир эканлигини исботловчи далилларни талаб қилишга ҳақлидир.
5. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ва унинг фаолияти устидан ҳақиқий назорат қилиш ҳуқуқи авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига қарашли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ҳар қандай ҳолда, бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган парвозлар учун берилган рухсатни рад этиш ёки тайинланган авиакорхона ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланилаётганда бажарилиши зарур деб ҳисоблайдиган шартлар ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
6. Башарти, ушбу Битим X-моддаси қоидаларига асосан тегишли қатновларга нисбатан кучга эга бўлган тарифлар белгиланган бўлса ва ушбу Битимнинг V-моддаси қоидаларига асосан келишувга эришилган тақдирда, тайинланган ва рухсатнома олган авиакорхона исталган вақтда келишилган қатновларни амалга оширишни бошлаши мумкин.
IV-модда
Парвозларни бекор қилиш ва тўхтатиб қўйиш
Парвозларни бекор қилиш ва тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига берилган парвозга доир рухсатномаларни бекор қилиш ёки ушбу Битимнинг II-моддасида уқтириб ўтилган ҳуқуқлардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш ёки бундай ҳуқуқлардан фойдаланишда ўзи зарур деб билган ушбу шартларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади:
а. авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ёки унинг устидан ҳақиқий назорат ўрнатиш ушбу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки ўша Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига қарашли эканлигига комил ишончда бўлмаган ҳар қандай ҳолда;
b. ўша авиакорхона ҳуқуқларни берган Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига риоя этмаётган ҳолда; ёхуд
c. авиакорхона келишилган қатновларни амалга ошириш вақтида ушбу Битимда белгиланган қоидаларга қандайдир ўзгача тарзда риоя қилмаётган ҳолда.
2. Агар ҳуқуқларни бекор қилиш, тўхтатиб қўйиш ёки ушбу модданинг 1-банди шартлари бажарилишини талаб қилиш қонун ва қоидаларнинг бундан буён яна бузилишининг олдини олиш учун огоҳлантириш зарур деб топилмаса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бундай ҳуқуқдан иккинчи Томон билан маслаҳатлашувдан сўнггина фойдаланиши мумкин. Бундай ҳолда, маслаҳатлашувлар Аҳдлашувчи Томонларнинг маслаҳатлашув ўтказиш тўғрисидаги илтимоси тушган кундан бошлаб олтмиш (60) кун ичидаги давр мобайнида бошланиши лозим.
V-модда
Ҳажм
Ҳажм
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси барча муносабатларда ўзларининг тегишли ҳудудлари ва ташқарисидаги халқаро ҳаво йўналишларида келишилган қатновларни амалга оширишда ҳаққоний ва тенг имкониятларга эга бўладилар.
2. Аҳдлашишган Томонлардан ҳар бирининг авиакорхонаси келишилган қатновларни амалга ошираётганда худди шу йўналиш ёки унинг бир қисмида ундан кейин қатновларни амалга ошираётган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиакорхонаси парвозларига зиён етказмаслик учун унинг манфаатларини ҳам назарда тутиши лозим.
3. Таъминланиши лозим бўлган ҳажм, амалга оширилиши лозим бўлган парвозларнинг тезкорлиги ва ҳаво қатновларининг тавсифи, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан йўл-йўлакай ўтиш ёки унинг ҳудудида парвозларнинг якуни масалалари ушбу Моддада уқтириб ўтилган қоидаларга мувофиқ авиация маъмурлари ўртасида келишилиши лозим.
4. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси амалга ошириши лозим бўлган парвозларнинг тезкорлиги ёки таъминланиши лозим бўлган ҳажмга тааллуқли бўлган ҳар қандай ўзгариш ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди оралиғида амалга оширилиши лозим бўлган мўлжалланган ташув эҳтиёжлари асосида авиация маъмурлари ўртасида келишилиши лозим ва бошқа ҳар қандай ташув биргаликда келишилиши ва белгиланиши лозим.
Бундай аҳдлашув ёки белгиланиш қилингунга қадар, кучда бўлган ҳажм ва парвозлар тезкорлиги устувор ҳисобланади.
5 Ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ келишилган, таъминланиши лозим бўлган ҳажм, амалга оширилиши лозим бўлган парвозларнинг тезкорлиги ва ҳаво қатновларининг тавсифи, шунингдек, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан транзит ўтиш ёки унинг ҳудудида парвозларнинг якуни масалалари Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида ёзма равишда белгиланиши лозим.
VI-модда
Гувоҳномалар ва рухсатномалар
Гувоҳномалар ва рухсатномалар
1. Ушбу Битимнинг Иловасида кўрсатиб ўтилган қоидаларга мувофиқ белгиланган йўналишлар бўйича келишилган қатновларни амалга ошириш мақсадида Аҳдлашувчи Томонлардан бири берган ёки ҳақиқий деб топган ваколатлар, гувоҳномалар ва рухсатномаларни бошқа Аҳдлашувчи Томон ана шу ҳужжатлар амалда бўлган вақтида ҳақиқий деб эътироф этади, башарти-ки, улар Фуқаро Авиацияси Халқаро Конвенцияси белгилаб берган шундай гувоҳнома ва рухсатномаларни жорий этишнинг минимум стандартларига тенг ёки ундан юқори бўлган талаб даражасида жорий этилган бўлса.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг ҳудуди устидан парвозларни амалга ошириш вақтида парвозларни амалга ошириш мақсадида ўз фуқароларига бошқа Аҳдлашувчи Томон берган ваколати тўғрисидаги маълумотномалар ва рухсатномаларни ҳақиқий деб тан олишини рад қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
VII-модда
Авиация хавфсизлиги
Авиация хавфсизлиги
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро қонунлардан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан фуқаро авиациясининг хавфсизлигини таъминлашга доир бир-бирларига нисбатан зиммага оладиган ўзаро мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро қонунга доир ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг умумий йўналишларини чекламаган ҳолда, 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво кемаларида содир этиладиган жиноятчилик ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларини ғайриқонуний равишда эгаллаб олишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция, ҳамда 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Халқаро Фуқаро Авиациясига қарши қонунга хилоф ҳаракатлар билан кураш ҳақидаги Конвенция қоидаларига мувофиқ ҳаракат қиладилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларининг илтимосига кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний тутқун қилишнинг ҳаво кемасига, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, тайёрагоҳлар ва қатновни таъминлаш воситаларига хавф туғдирувчи бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг, шунингдек, фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид қилишнинг ҳар қандай кўриниши олдини олишда бир-бирларига барча зарурий кўмакни берадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида ўзларига мақбул келадиган даражада Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти томонидан белгиланган ва Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенцияга иловаларда тавсифланган авиация хавфсизлиги тартибларига мувофиқ иш кўрадилар; улар ўзлари қайд этган ҳаво кемаларининг бошқарувчиларидан ёки асосий фаолият жойи ёки доимий турар жойи ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво кемаларининг бошқарувчиларидан авиация хавфсизлигининг юқоридаги қоидаларига мувофиқ иш кўришларини талаб қиладилар.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ҳаво кемасидан фойдаланувчиларга нисбатан бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаси ўз ҳудуди чегараларига кириб келаётганда, ундан чиқиб кетаётганда ёки унда бўлиб турган вақтида юқоридаги бандда уқтирилган қоидаларга риоя этилиши мақсадида зарур талабларни қўйиши мумкин.
5. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш ва йўловчиларни, экипаж аъзоларини, йўловчи юки, юклар ва рўйхатдаги мулкни ортиш ва тушириш вақтида текшириш учун ўз ҳудуди доирасида самарали чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, башарти, аниқ таҳдид мавжуд бўлса, оқилона доираларда хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус чора-тадбирлар кўришга доир илтимосларини ҳам хайрихоҳлик билан кўриб чиқади.
6. Башарти, фуқаро кемаси тутқун қилиб олинса ёки уни тутқун қилиш таҳдиди мавжуд бўлса ёки ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига тайёрагоҳлар ва қатновни таъминлаш воситалари хавфсизлигига бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқани енгиллаштириш орқали бирбирларига турлича кўмак берадилар ва бундай кўнгилсизлик ва таҳдидга жадал, ҳамда бешикаст барҳам беришнинг барча чора-тадбирларини кўрадилар.
7. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг миллий қонунлари ва амалиёти ва юқорида уқтириб ўтилган авиация хавфсизлиги қоидалари ўртасида мавжуд бўлган тафовутлар тўғрисида бошқа Аҳдлашувчи Томонни хабардор этиши лозим. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Томон бундай тафовутларни муҳокама қилиш юзасидан маслаҳатларни ўтказиш учун бошқа Аҳдлашувчи Томонни исталган вақтда музокараларга чақириши мумкин.
VIII-модда
Божхона божлари ва бошқа йиғимлардан озод қилиш
Божхона божлари ва бошқа йиғимлардан озод қилиш
1 Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасига қарашли халқаро ҳаво қатновларида фойдаланилаётган ҳаво кемалари, шунингдек, шу кемадаги рўйхатдаги мулк, эҳтиёт қисмлар, ёқилғи захиралари ва мойлаш ашёлари, борт захиралари (озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ўз ичига олган ҳолда) бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига келган вақтда барча божхона божлари, назорат йиғимлари, бошқа солиқлардан ва йиғимлардан озод қилинади, башарти-ки, шу мосламалар ва захиралар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига келган вақтдан токи қайтиб олиб чиқиб кетилгунга қадар ҳаво кемаси ичида қолса.
2. Кўрсатилган хизматлар учун олинадиган ҳақларни мустасно этганда, худди шундай божлар ва солиқлардан қуйидагилар ҳам озод қилинади:
a. бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида шу уқтириб ўтилган Аҳдлашувчи Томоннинг маъмурлари белгилаган энг кам миқдорда олинган ва бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг белгиланган йўналишида парвозларни амалга оширишда машғул бўлган ҳаво кемаларида ишлатиш учун мўлжалланган ҳаво кемалари захиралари;
b. исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига олиб кирилган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан белгиланган йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошириш вақтида фойдаланиладиган ҳаво кемалари ҳолатини сақлаб туриш ёки тузатиш учун олиб кирилган эҳтиёт қисмлар;
c. бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгиланган йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемасини таъминлаш учун мўлжалланган ёқилғи ва мойлаш маҳсулотлари, гарчи, бу захиралар уларни олинган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида амалга оширилган парвозлар жараёнида ишлатилган тақдирда ҳам;
d. йўл-йўлакай ўтадиган йўловчилар юки ва юклар.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан хоҳлаган бири фойдаланадиган ҳаво кемасидаги рўйхатдаги мулк, эҳтиёт қисмлар, ёқилғи захиралари ва мойлаш маҳсулотлари ҳамда ҳаво кемаси захиралари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида фақатгина шу ҳудуддаги Божхона маъмурларининг розилиги билан ҳаво кемасидан туширилиши мумкин. Бундай ҳолда, ушбу буюмлар қайтиб олиб чиқиб кетилгунга ёки божхона қоидаларига мувофиқ бошқа жойга кўчирилгунга қадар улар шу уқтириб ўтилган маъмурларнинг назорати остида ушлаб турилиши талаб қилиниши мумкин.
4. Ушбу модданинг 1 ва 3-банди қоидаларида уқтириб ўтилган буюмларга божлар ёки бошқа солиқлар солинмаганлиги боис, мазкур буюмлар уларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш вақтида ҳеч қандай иқтисодий тақиқлар ёки чеклашларга асос бўлмаслиги лозим, башарти-ки, бундай тақиқлар ўзининг миллий авиакорхонасини ўз ичига олган ҳолда, бошқа барча авиакорхоналарга ушбу модданинг 1-бандидан тортиб то 3-бандига қадар, қоидаларга мувофиқ мажбурий ҳисобланилмаса.
5. Ушбу моддада белгиланган аҳдлашув Конвенциянинг 24-моддасига мувофиқ ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг мажбуриятига қўшимча бўлиши ва манфаатларига зиён етказмаслиги лозим.
IX-модда
Тўғри транзит ташуви
Тўғри транзит ташуви
Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига асосланиб, бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан транзит ўтадиган йўловчилар, йўловчилар юки ва юклар, қоидага кўра текширувга асос бўлаолмайди.
X-модда
Тарифларни белгилаш
Тарифларни белгилаш
1. Бир Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига ва унинг ҳудудидан ташишда қўллайдиган тарифлар барча тегишли омилларни ҳисобга олган ҳолда, жумладан фойдаланишга кетадиган харажатларга, фойданинг оқилона миқдорига ва бошқа авиакорхоналарнинг белгиланган тарифларига асосланиб, оқилона меъёрларда белгиланади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида уқтириб ўтилган тарифлар имкон кадар таклифларни шакллантирувчи Халқаро ҳаво транспорти Уюшмаси тарифларни белгилаш жараёнларини қўллаш асосида тайинланган авиакорхоналарнинг ўзаро келишувига кўра йўналишнинг бутун ёки маълум бир қисмида парвозларни амалга ошираётган бошқа авиакорхоналар билан маслаҳатлашувлардан сўнг белгиланиши лозим.
3. Бундай тарзда ўзаро мувофиқлаштирилган тарифлар улар жорий этилиши тахминланган кунга камида олтмиш (60) кун қолганида ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурларининг тасдиғига тақдим этилиши шарт.
Махсус ҳолларда, уқтириб ўтилган маъмурлар мазкур муддатни келишув асосида қисқартиришлари мумкин.
4. Таърифларни соддароқ усулда ҳам тасдиқлаш мумкин. Тарифлар тасдиқ учун тақдим қилинган кундан бошлаб ўттиз (30) кун ичида авиация маъмурларидан ҳеч қайси бири ушбу модданинг 3-банди қоидаларига мувофиқ норозилигини билдирмаса, бу тарифлар тасдиқланган деб ҳисобланади. 3-бандда кўрсатиб ўтилганидек, тақдим этиш муддати қисқартирилган тақдирда авиация маъмурлари норозиликни билдириш муддатини ҳам тегишли равишда қисқартириш тўғрисида келишиб олишлари мумкин.
5. Агарда, тариф борасида ушбу модда 2-бандига мувофиқ бир қарорга келинмаса ёки ушбу модда 4-бандига мувофиқ қўлланиладиган муддат ичида авиация маъмурларидан бири бошқа авиация маъмурларини ушбу модда 2-бандига мувофиқ келишилган таърифлар борасида ўз норозилиги тўғрисида огоҳ этган тақдирда, иккала Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари ўзаро келишувга мувофиқ тарифни белгилашга ҳаракат қилишлари лозим. Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари маслаҳати фойдали деб ҳисобланган ҳар қандай бирон Давлат билан ўтказилган музокарадан сўнг ўзаро келишув орқали тариф белгилашга ҳаракат қилишлари лозим.
6. Башарти, авиация маъмурлари ушбу модда 3-банди қоидаларига мувофиқ тақдим этилган тарифлар борасида ёки ушбу модда 5-банди қоидаларига мувофиқ тариф белгилаш юзасидан бир қарорга келаолмасалар, ушбу баҳс ушбу Битимнинг XVIII-моддаси қоидаларига мувофиқ ҳал этилиши лозим.
7. Ушбу модданинг қоидаларига биноан белгиланган тарифлар янги тарифлар белгилангунга қадар ўз кучида қолади.
Ҳар қандай ҳолда ҳам, бирон-бир йўл билан муддати узайтирилган тарифнинг муддати ушбу бандга биноан ўн икки (12) ойдан ошиқ муҳлатга чўзилмайди.
XI-модда
Молиявий қоидалар
Молиявий қоидалар
1. Ўзларининг чет эл пулини алмашув назорати қоидаларига асосланиб, Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ўзининг ҳудудида йўловчилар, йўловчилар юклари, почта ва юкни ташиш билан боғлиқ ишдан тушган маблағларнинг харажатлардан ортган даромад қисмини авиаташувлар сотилган ҳудуддан ўз ватани ҳудудига алмашувнинг устувор қийматида эркин алмашланадиган пул бирлигида эркин ўтказиш ҳуқуқини беради. Ўтказиш талабнома тушган кундан бошлаб энг ошиғи билан олтмиш (60) кун ичида зудлик билан амалга оширилиши лозим.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида тўловлар тўғрисида махсус келишув мавжуд бўлган тақдирда, ҳисоб-китоблар шу тўлов тўғрисидаги Битим асосида амалга оширилади.
XII-модда
Техникавий ва тижорий фаолиятлар
Техникавий ва тижорий фаолиятлар
Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг қонун ва қоидаларига асосланган ҳолда, ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси қуйидаги тенг имтиёзларга эга бўлади:
1. бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ўз ваколатхонасини очиш ва шу мақсадда бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кириш, жойлашиш (яшаш) ва ишлаш, ёхуд бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига ҳаво қатновларини амалга ошириш учун зарурий бўлган ўзининг бошқарув ва бошқа ходимларини олиб кириш ва ушлаб туриш;
2. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ҳар қандай турдаги ташув ҳужжатларини расмийлаштириш ва реклама қилиш ҳамда ўша ҳудудда сотув ишларини йўлга қўйиш, ўша ҳудудда авиакорхона ихтиёрига молик равишда бевосита ёки ваколатхоналари орқали сотув ишлари билан машғул бўлиш, ҳар қандай авиакорхона ҳар бир ҳукуматнинг молиявий қонун-қоидаларига мувофиқ равишда ўша ҳудуднинг пулида ёки бошқа мамлакатларнинг эркин алмашланадиган пул бирлигида бундай ташув ҳужжатларини сотишга ҳуқуқли бўлади.
XIII-модда
Қонунлар ва қоидаларнинг қўлланилиши
Қонунлар ва қоидаларнинг қўлланилиши
1. Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро ҳаво қатновларини амалга ошираётган ҳаво кемасининг ўз ҳудудига учиб келиши ёки ундан жўнаб кетишини ёхуд бу ҳаво кемасининг ўша ҳудуд доирасидаги парвозларини тартибга солувчи қонун ва қоидаларига иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасининг ҳаво кемаси томонидан у шу уқтириб ўтилган ҳудудга кириб келишда, унда бўлиб туриш ва ундан жўнаб кетиш вақтида уларга амал қилиши лозим.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг ўз ҳудудига йўловчилар, йўловчилар юклари, почта ва юкларнинг келиш, бўлиб туриш ва жўнаб кетишга, шунингдек, мамлакатга кириш ва чиқиб кетишга тааллуқли бўлган қоидалари, иммиграция, божхона ва санитария қонунлари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхоналарининг шу ҳудуд доирасидаги парвозларига нисбатан қўлланилади.
XIV-модда
Компьютерда жой банд қилиш тизими
Компьютерда жой банд қилиш тизими
1. Компьютерда жой банд қилиш тизими (КЖБҚТ) шундай бир компьютерлаштирилган тизимни англатадиким, у авиакорхона парвозлар жадваллари, жойларнинг зоҳирлиги, нархлар ва тегишли хизматлар, шунингдек, улар орқали амалга ошириладиган жой банд қилиш ва\ёки чипталарни расмийлаштириш ҳамда мазкур хизматларнинг айримлари ёки барча қулайликларини ташув ваколатхоналарида зоҳир қилиш борасидаги маълумотларни ўз ичига олади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар қуйидагиларга ўз розиликларини билдирадилар:
a. ҳаво транспорти хизматларидан фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳар қандай маълумотдан нотўғри фойдаланишдан, нотўғри тушунча беришни ўз ичига олган ҳолда, ҳимоя қилинган бўлиши лозим;
b. бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ва авиакорхона вакиллари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида чекланмаган ва ажратилишларга йўл қўйилмайдиган КЖБҚТга эга бўлиши ва ундан фойдалана олиши лозим;
c. Оврупо Иқтисодий Ҳамжамияти ҳудудида Оврупо Иқтисодий Ҳамжамияти томонидан қабул қилинган КЖБҚТ Бошқарма Коди устувор ҳисобланади, айни вақтда, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ҳам кенг тарқалган КЖБҚТнинг ФАХТ (Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти) КЖБҚТ Бошқарма Коди қўлланилади. ФАХТ Уюшмаси томонидан ФАХТ Бошқарма Коди қабул қилингунга қадар, шу бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ФАХТнинг 214-АТ/84 Хабарномасида чоп этилган ФАХТ КЖБҚТ Йўриқномалари қўлланилади.
3. Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси томонидан ўзининг асосий тизими деб қабул қилган КЖБҚТга ўзининг (биринчи Аҳдлашувчи Томон) Ҳудудида эркин ва зарар келтирилмайдиган ҳолда иш юритилишини кафолатлайди. Ҳеч қайси бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ўзининг тайинланган авиакорхонаси КЖБҚТга бўлган талабларидан ортиқ даражадаги талабларни юклай ёки юкланишига рухсат бера олмайди, бинобарин:
а. КЖБҚТни намоён қилиш ва муҳаррирлик қоидаларини ўз ичига олган КЖБҚТ хизматларини амалга ошириш ва ушбу хизматлари орқали сотиш ишлари;
b. алоқа воситаларига аралашиш ва улардан фойдаланиш, техник аппарат воситалари ва программани таъминлаш воситаларини танлаш ва улардан фойдаланиш ёки аппарат воситаларини ўрнатиш.
XV-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари яқиндан ҳамкорлик қилиш руҳида ушбу Битим ва унинг Иловалари қоидаларининг бажарилиши ва қониқарли даражада амалга оширилишини таъминлаш нуқтаи-назаридан вақти-вақти билан бир-бирлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар.
2. Башарти-ки, Аҳдлашувчи Томонлар бошқа бирон келишувга эришмасалар, бундай маслаҳатлашувлар талабнома тушган кундан бошлаб олтмиш (60) кун ичида бошланиши лозим.
XVI-модда
Ўзгартиришлар киритиш
Ўзгартиришлар киритиш
1. Башарти, бирон-бир Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг ҳар қандай қоидасини ўзгартиришни истаса, у бошқа бир Аҳдлашувчи Томонга музокараларни ўтказиш тўғрисида талабнома кирита олади. Бундай маслаҳатлашув, авиация маъмурлари ўртасида ўтказилади ва у музокаралар ёки ёзишмалар ёрдамида амалга оширилиши мумкин ва бу маслаҳатлашув уни ўтказиш тўғрисида талабномани иккинчи Аҳдлашувчи Томон олган кунидан бошлаб олтмиш (60) кун ичида ўтказилиши лозим.
2. Ушбу Битимнинг Иловасига киритилган ўзгаришлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида бевосита келишилиши мумкин ва у дипломатик ноталар алмашуви орқали тасдиқланиши лозим.
XVII-модда
Кўп томонлама Конвенциялар билан мувофиқлик
Кўп томонлама Конвенциялар билан мувофиқлик
Ҳар икки Аҳдлашувчи Томон ҳам аъзо бўлган умумий кўп томонлама ҳаво транспорти конвенцияси тузилган тақдирда, ушбу Битим мазкур Конвенциянинг қоидаларига тасдиқ сифатида қўшимча бўлиб ҳисобланиши лозим.
XVIII-модда
Баҳсларга барҳам бериш
Баҳсларга барҳам бериш
1. Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида баҳс келиб чиқса, Аҳдлашувчи Томонлар уни биринчи навбатда ўзаро музокаралар орқали ҳал этишлари лозим.
2. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлар музокаралар орқали муросага кела олмасалар, бу баҳс Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бирининг талабига биноан ҳар бир Аҳдлашувчи Томон биттадан тайинлайдиган икки ҳакам ва ана шу икки ҳакам тайинлайдиган яна бир ҳакамдан иборат — жами уч ҳакамдан ташкил топадиган ҳайъатга топширилиши лозим, бироқ учинчи ҳакам Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайси бирининг фуқароси бўлмаслиги лозим. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломатик восита орқали бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг баҳсни ҳакамликда ҳал этиш тўғрисидаги талабини олганидан кейин олтмиш (60) кун ичида биттадан ҳакам тайинлайди, учинчи ҳакам эса, юқоридаги икки ҳакам маълум бўлган кундан эътиборан кейинги олтмиш (60) кун ичида тайинланиши лозим. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бири белгиланган олтмиш (60) кунлик муддат ичида ўз ҳакамини тайинлай олмаса, ёхуд учинчи белгиланган муддат ичида тайинланмаса, Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти Кенгаши Президентидан ҳакамни ёки ҳакамларни тайинлашни илтимос қилиши мумкин.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ чиқарилган ҳар қандай қарорни бажариш мажбуриятини зиммага оладилар.
XIX-модда
Даврий маълумотлар алмашуви
Даврий маълумотлар алмашуви
Ҳар қандай Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларини уларнинг талабига биноан шу бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгиланган туналишлар бўйича амалга оширган келишилган қатновлари ҳажмини қайтадан кўздан кечириб чиқиш нуқтаи-назаридан оқилона талаб қилган маълумот ёки ҳисоботлар билан таъминлашлари лозим.
XX-модда
Битим амал қилишини тўхтатиш
Битим амал қилишини тўхтатиш
Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири хоҳлаган вақтида бошқа аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимни амалдан тўхтатиш истагида эканлигидан ёзма равишда дипломатик воситалар орқали хабардор қилиши мумкин; бундай хабарнома бир вақтнинг ўзида Фуқаро Авиацияси Халқаро ташкилотига ҳам юборилиши лозим.
Бу ҳолатда хабарнома юборилгандан кейин бошқа Аҳдлашувчи Томон уни олгач, ушбу Битим ўн икки (12) ой ичида амал қилишдан тўхтайди, башарти, мазкур билдириш муддати ўтгунга қадар ўзаро келишув асосида орқага қайтариб олинмаса. Башарти, бошқа Аҳдлашувчи Томон хабарнома олганининг тасдиғи бўлмаса, Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти хабарнома олганидан кейин ўн тўрт (14) кун ўтгач, бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тасдиғи олинган ҳисобланади.
XXI-модда
Рўйхатга олиш
Рўйхатга олиш
Ушбу Битим ва унга киритилган ҳар қандай ўзгартириш Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилотида рўйхатга олиниши лозим.
XXII-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
Ушбу Битим ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўзининг битимларнинг кучга кириши учун лозим бўлган қонунчилик зарурий тартиботини тўла-тўкис бажарганлиги тўғрисида ёзма равишда дипломатик ноталар алмашуви орқали хабар берган кундан бошлаб иккинчи ойнинг биринчи кунидан тўла-тўкис кучга киради, унгача қўл қўйилган кундан бошлаб шартли равишда қўллаб турилади.
Ушбуни тасдиқлаб, хар иккала Аҳдлашувчи Томон Ҳукуматларининг мухтор вакиллари мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 1995 йилнинг 8 апрелида ўзбек, индонез ва инглиз тилларида икки асл нусхада тузилди, ҳамма матн бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳамфикрлик бўлмаган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор даражада қўлланилади.
(имзолар)
ИЛОВА
1. I Бўлим
Ўзбекистон Республикаси тайинланган авиакорхонаси ҳар икки томонга қатнашда фойдаланадиган йўналишлар:
| Жўнаш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Белгиланган манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
| Ўзбекистондаги манзиллар | ҳар қандай манзиллар | Жакарта | ҳар қандай манзиллар |
2. II Бўлим
Индонезия Республикаси тайинланган авиакорхонасининг ҳар икки томонга қатнашда фойдаланадиган йўналишлар:
| Жўнаш манзиллари | Оралиқ манзиллар | Белгиланган манзиллар | Ташқаридаги манзиллар |
| Индонезиядаги манзиллар | ҳар қандай манзиллар | Тошкент | ҳар қандай манзиллар |
3. Юқоридаги жадвалларда белгиланган манзиллар ҳар қандай ёки барча парвозларда исталган Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ихтиёрига биноан тушириб қолдирилиши мумкин, башарти, келишилган қатновлар авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги манзилдан бошланса ёки унда тугаса.
4. Исталган Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ҳар қандай Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги ва учинчи Аҳдлашувчи Томонлар ҳудудидаги манзиллар ўртасида йўловчилар, юк ва почтани ташишга бўлган ҳуқуқи Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга асосан ҳал қилинади.