Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Темир йўл транспортида транзит ташишни тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
юкларни ташиш ҳам Томонлар ўртасида, ҳам бошқа давлатлар ўртасида фавқулодда муҳимлигини тан олган ҳолда,
давлатларнинг темир йўл транспортини мувофиқлаштириш ва қўшма фаолиятининг аҳамиятини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатлари ҳудудида ва ҳудудларидан юкларни транзит қилиш учун бир-бирларига қулай шароитларни таъминлашни ўзаролик асосида аҳдлашиб олдилар.
2-модда
Томонлар уларнинг давлатлари ҳудудида турган юкларни темир йўл тармоғи орқали ташиш, жумладан бошқа давлатларга транзит қилишда амалдаги қонун ва қоидалар доирасида ҳаракатланувчи составни қаршиликсиз ўтказишни таъминлайдилар, шунингдек тузатишнинг планли кўринишларида борувчи вагон ва локомотивларнинг ўтишини таъминлайдилар.
3-модда
Томонлар мувофиқлаштирилган тарифли сиёсатини амалга оширадилар. Фарап-Чингелди ва Фарап-Туркманбоши станциялари ўртасидаги участкалар ҳудудлари бўйлаб Томонларнинг экспорт-импорт юкларини транзит билан ташишни, шунингдек улар учун ҳақ тўлаш Томонларнинг амалдаги норматив ҳужжатлари асосида ташиш пайтида амалга оширилади.
Ушбу модданинг биринчи хатбошисида кўрсатиб ўтилган участкаларда қўшимча транзит юк оқимини жалб этиш мақсадида, Томонлар ўз ваколатли органларига, Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тегишли битимни имзолаш йўли билан бир хил ҳажмдаги юкларни транзит ташишда амал қилувчи 50 фоизли имтиёзли ташиш тарифини қўллашни топширадилар.
4-модда
Ушбу Битим мақсадларида қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари бўладилар:
Ўзбекистон Республикаси номидан — «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик темир йўл компанияси;
Туркманистон номидан — «Туркмендемиреллеры» Бошқармаси.
5-модда
Юкларни транзит ташишни енгиллаштириш мақсадида, Томонларнинг божхона органлари ўзаро маслаҳатлашувлардан сўнг Томонларнинг миллий қонун ва қоидаларига мувофиқ кириш ҳамда чиқиш пунктларида ўрнатилганларни қўллаш учун лозим бўлган ягона божхона маросимларни белгилайдилар.
6-модда
Томонлар хизмат кўрсатувчи персонал хавфсизлиги, транзит юк ва ҳаракатдаги составнинг бутунлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрадилар.
7-модда
Ушбу Битим имзоланган санадан кучга киради.
Ушбу Битим беш йилга тузилади. Томонлардан бири бошқа Томонни унинг фаолиятини тугатиш тўғрисида ўз ниятини камида олти ой илгари ёзма хабардор қилмагунича амал қилади.
Томонлардан бири бунинг акси тўғрисида хабардор қилмаса, ушбу Битимнинг фаолияти ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяди.
Ашхобод шаҳрида 2000 йил 21 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)