Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси ўртасида
Битим
Инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида
Қуйида «Аҳдлашувчи Томонлар» деб юритилувчи Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикаси,
ҳар иккала давлат учун ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истагида,
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг давлат инвесторлари инвестициялари учун бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлат ҳудудида қулай шароитлар яратиш ва уларни сақлаш мақсадида чет эл инвестицияларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш заруратини эътироф этиб,
ҳар иккала давлатнинг иқтисодий тараққиётига кўмаклашиш мақсадида чет эл инвестицияларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш заруратини тан олиб,
қуйидагилар хусусида келишиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим тушунчасидаги:
1. «Инвестор» атамаси Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирига нисбатан:
а) ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг давлат фуқароси бўлган жисмоний шахсларни;
б) юридик шахсларни, хусусан жамиятлар, корпорациялар, савдо ширкатлари ва ўзлари ҳудудида жойлашган ва хўжалик фаолияти юритаётган давлат қонунчилигига мувофиқ бошқа кўринишдаги тегишли тарзда тузилган ёки барпо этилган ўзга ташкилотларни билдиради.
2. «Инвестиция» атамаси ҳар қандай-мулкни, хусусан:
а) мол-мулк ва кўчмас мулк ҳамда ипотека, гаров каби бошқа тегишли мулкий ҳуқуқларни;
б) акциялар, пайлар, улушлар ва облигациялар ёки корхоналардаги бошқа иштирок турларини;
в) пул талабномалари ва иқтисодий қийматга эга бўлган бошқа хизматлар бўйича талабномаларни;
г) интеллектуал, патентлар, фойдали моделлар, саноат андозалари ва моделлар, товар нишонлари, фирма номлари, ишлаб чиқариш ва тижорат сирлари, технологиялар, «ноу-хау» ва «гуд вил» муаллифлик, савдо ва саноат мулкига бўлган ҳуқуқларни;
д) иқтисодий фаолият, шу жумладан табиий ресурсларни топиш, қазиб чиқариш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш тадбирларини англатади.
3. Бойликлар тўплаш шаклининг ўзгариши уларнинг инвестиция сифатидаги квалификациясига таъсир кўрсатмайди.
4. «Даромад» атамаси мазкур модданинг 2-бандига мувофиқ равишда инвестициялаш натижасида фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензияли комиссион тушумлар, гонорарлар ёки мукофотнинг ўзга шаклларида олинган пул суммаларини билдиради.
5. «Ҳудуд» атамаси Ўзбекистон Республикаси ва Польша Республикасида Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўзларининг суверен ҳуқуқлари ҳамда юрисдикцияни амалга оширадиган тегишли ҳудудларни англатади.
2-модда
Қўллаш доираси
Қўллаш доираси
Мазкур Битим Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг амалдаги қонунчилиги ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ равишда унинг давлат ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлат инвесторлари томонидан ушбу Битим 1992 йил 1 сентябрдан сўнг амалга оширилган инвестицияларга нисбатан қўлланади.
3-модда
Инвестициялар учун ижозат бериш ва уларни рағбатлантириш
Инвестициялар учун ижозат бериш ва уларни рағбатлантириш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз давлати ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг давлат инвестори инвестицияларини рағбатлантиради ва бундай инвестицияларга рухсат беради.
2. Ўз давлати ҳудудида инвестициялар учун ижозат берган Аҳдлашувчи Томон ўз давлати қонунчилигига мувофиқ бундай инвестициялар билан боғлиқ бўлган тегишли рухсатномалар беради.
4-модда
Инвестицияларни ҳимоялаш ва уларнинг режими
Инвестицияларни ҳимоялаш ва уларнинг режими
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз қонунчилигига мувофиқ равишда бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестицияларини тўлиқ ва сўзсиз ҳуқуқий ҳимоя қилишга кафолат беради.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири ўз ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун ўз инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари ҳамда исталган учинчи давлат инвесторларининг инвестициялари ва даромадлари учун яратилгандан кўра кам бўлмаган адолатли ва тенг ҳуқуқли режим яратади.
3. Мазкур Битимнинг янада қулайроқ шарт-шароитлар яратиш хусусидаги қоидалари Аҳдлашувчи Томонлардан бирини бошқа Аҳдлашувчи Томонга нисбатан:
а) мавжуд ёки амалга оширилиши мумкин бўлган божхона уюшмалари, эркин савдо зоналари, умумий бозор ёки минтақавий иқтисодий интеграциянинг ўзга шакллари;
б) икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги ҳар қандай битим ёки солиқ солиш масалалари бўйича бошқа халқаро битимлардан келиб чиққан ҳолда имтиёзли преференция режими ёки енгилликлар яратишга мажбурловчи асос сифатида талқин этилмаслиги лозим.
5-модда
Пул ўтказишлар
Пул ўтказишлар
1. Ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициялари амалга оширилган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳар бири ана шу инвестициялар билан боғлиқ бўлган тўловларни ҳеч қандай монеликсиз ўтказилишини таъминлайди, хусусан:
а) фоизлар, дивидендлар, фойда ва бошқа жорий даромадлар;
б) заёмлар пулини қайтариш суммалари;
в) инвестицияларни бошқариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қопловчи суммалар;
г) лицензияли тушумлар ва мазкур Битимнинг 1-моддасидаги 2-бандининг в/, г/ ва д/ бандларида қайд этилган ҳуқуқлардан келиб чиқувчи бошқа тўловлар;
д) сармоя суммаси ва инвестицияларнинг йўналиши ҳамда ривожлантириш учун зарур бўлган қўшимча суммалар;
з) инвестицияларни тасарруфдан чиқариш, қисман ёки тўлиқ равишда тугатиш, шу жумладан сармояларнинг орта боришидан келган тушумлар;
и) бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида амалга оширилган инвестициялар муносабати билан бошқа Аҳдлашувчи Томон фуқаролари оладиган иш ҳақи.
2. Пул ўтказиш инвестициялар амалга оширилган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида пул ўтказиш пайтида амал қилинаётган эркин муомаладаги валюта курси бўйича зудлик билан ҳамда ўша Томоннинг қонунчилигида кўзда тутилган расмий тартибларга мувофиқ равишда амалга оширилади.
6-модда
Муомаладан чиқариш ва товон тўлаш
Муомаладан чиқариш ва товон тўлаш
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳеч бири тўғридан-тўғри ёки билвосита муомаладан чиқариш, национализация қилиш ёки шунга ўхшаш ҳаракатларни ёхуд бошқа Аҳдлашувчи Томон инвесторларининг инвестициясига таъсири шундай оқибатларга олиб келадиган тадбирларни қўлламайди. Бу каби хатти-ҳаракатларнинг жамоат манфаатлари йўлида ва ҳуқуқий камситишсиз ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибга кўра, адолатли ва фойдали товон тўлаш асосида амалга оширилиши ҳоллари бундан мустасно. Бундай товон тўлаш инвестицияни муомаладан чиқаришгача ёки муомаладан чиқариш хусусидаги қарор барчага овоза қилинган вақтда (бундан аввал қандай ҳол юз берганлигига боғлик равишда) белгиланган бозор нархига мувофиқ бўлади ва муомаладан чиқарилган инвестиция қийматининг муомаладан чиқарилган кундан эътиборан фоиз ҳисобидаги тўловларини қамраб олади ҳамда эркин равишда исталган жойга ўтказилади. Товон тўловлари муомаладаги эркин валютада белгиланади ва қонуний ҳуқуққа эга бўлган шахсга унинг манзили ҳамда яшаш жойидан қатъи назар, ҳеч қандай кечикишсиз, ўз вақтида тўланади. «Ортиқча кечикишсиз» тарзида ўтказилган пул — ана шу пул ўтказиш билан расмий тадбирларни амалга ошириш учун меъёр талабидаги вақтни тақозо этувчи пул ҳисобланади. Бу давр бўйича ҳисоб буюртма берилган кундан бошланади ва у уч ойдан ошмаслиги керак.
2. Бир Аҳдлашувчи Томон инвесторининг инвестициясига бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида содир бўлган уруш ёки қуролли тўқнашув, фуқаролар ўртасидаги тартибсизликлар, фавқулодда вазият ва шунга ўхшаш бошқа воқеалар оқибатида етказилган зарарни тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратиш, зарарни қоплаш, товон тўлови ёхуд 4-модданинг 1, 2-бандларида қайд этилган талофот қиймати каби тўловлар тўланади.
7-модда
Янада қулай режим принциплари
Янада қулай режим принциплари
Агар қонунчилик ёки Аҳдлашувчи Томонларнинг норматив ҳужжатлари ёхуд халқаро қонунчиликка мувофиқ Аҳдлашувчи Томон ўртасида юзага келган вазият қўшимча тартибот талаб этса ва бу тартибот умуман ёки қисман инвестицияларга тааллуқли бўлиб, бошқа Аҳдлашувчи Томон амалга ошираётган, мазкур Битимда кўзда тутилгандан кўра янада қулайроқ режим бўлса, у ҳолда шу тартибот ўша ҳажмда ушбу Битимга нисбатан бирмунча устун ҳисобланади.
8-модда
Суброгация
Суброгация
1. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири иккинчи Аҳдлашувчи Томон Ҳудудидаги ўз инвесторининг сармояларига нисбатан тижорат хавфидан қандайдир молиявий кафолат берган бўлса, биринчи Аҳдлашувчи Томон ўша кафолатга кўра тўловларни бажарган ҳолда иккинчи Томон суброгация принциплари асосида инвестор ҳуқуқлари биринчи Аҳдлашувчи Томонга ўтишини тан олиши лозим.
2. Агар инвестор Аҳдлашувчи Томон ёки унинг исталган институти томонидан вакил этиб тайинланмаса, ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган суброгация ҳолатида у талабнома билан чиқишга ҳақли эмас.
9-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги низолар
1. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш хусусида Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида юзага келган низолар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
2. Агар Аҳдлашувчи Томонлар низо пайдо бўлган вақтдан бошлаб ўн икки ой мобайнида муросага келолмасалар, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг талабига кўра, низо, кўриб чиқиш учун уч аъзодан иборат таркибдаги арбитраж судига топширилади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири биттадан арбитр тайинлайди. Тайинланган арбитрлар сайлайдиган раис эса ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон билан ҳам дипломатик муносабатда бўлган учинчи давлат фуқароси бўлади.
3. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири арбитр тайинламаса ва иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг икки ой муддат мобайнида арбитр тайинлаш тўғрисидаги таклифига рози бўлмаса, арбитр шу Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига кўра Халқаро Суд Раиси томонидан тайинланади.
4. Ҳар иккала арбитр тайинланган кундан бошлаб икки ой муддат мобайнида раис сайлашда муросага келолмаган ҳолда, раис Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига биноан Халқаро Суд Раиси томонидан тайинланади.
5. Ушбу модданинг 3 ва 4-бандларида қайд этилган Ҳолларда Суд Раиси белгиланган вазифаларни бажара олмаса ёки, башарти у Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, бундай тайинланиш Раис ўринбосари томонидан амалга оширилади, борди-ю у ҳам тегишли вазифаларни бажаролмаса ёки Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг фуқароси бўлса, у ҳолда тайинланиш Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч қайсисининг фуқароси бўлмаган Халқаро Суднинг энг юқори даражали судьяси томонидан тайинланади.
6. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги қарорларни бузмаган ҳолда суд ўз тартиб-қоидаларини белгилайди. Суд кўпчилик овоз билан қарор қабул қилади.
7. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз суд аъзолари учун сарфланган харажатларни, шунингдек арбитраж тадбиридаги ўз улушига мувофиқ харажатларни тўлайди. Раис учун сарфланадиган ва бошқа харажатларни Аҳдлашувчи Томонлар тенг миқдорда тўлайдилар. Бироқ, суд ўз қарорида Аҳдлашувчи Томонлардан бири учун кўпроқ улуш белгилаши мумкин. Бундай қарор эса ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон учун мажбурийдир.
8. Суд қарорлари Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар иккаласи учун ҳам тугал ва мажбурий ҳисобланади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томон ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон
Давлати инвестори ўртасидаги низолар
Аҳдлашувчи Томон ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон
Давлати инвестори ўртасидаги низолар
1. Аҳдлашувчи Томон ва иккинчи Аҳдлашувчи Томон давлати инвестори ўртасидаги инвестицияга оид низоларни ҳал этиш мақсадида мазкур Битимнинг 9-моддаси қоидалари аҳамиятини сақлаган ҳолда манфаатдор Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказилади.
2. Агар низолар консультациялар бошлаш хусусида ёзма равишда таклиф этилган санадан бошлаб олти ой мобайнида ҳал этилмаса, низолашувчи томонлар қуйидагича иш тутишлари мумкин;
а) агар низо ушбу Битимнинг 5 ва 6-моддаларига оид мажбуриятларга тегишли бўлса, инвесторнинг илтимосига кўра у ҳал этиш учун арбитраж судига ҳавола этилади;
б) ушбу модданинг 2-а) бандида қайд этилган низо ҳар иккала томоннинг розилигига биноан арбитраж судига топширилади.
3. Ҳар бир индивидуал иш учун алоҳида арбитраж суди тузилади. Низода иштирок этувчи Томонлар бошқа тарзда келишмасалар, уларнинг ҳар бири биттадан арбитр тайинлайди. Тайинланган арбитрлар эса учинчи давлат фуқароси бўлган раисни сайлайдилар. Арбитрлар низо арбитраж судида кўриб чиқиш учун талабнома топширилган санадан бошлаб икки ой мобайнида тайинланиши лозим.
4. Агар ушбу модданинг 3-бандида қайд этилган муддатлар бажарилмаса, бошқа тарздаги келишувга эга бўлмаган ҳолда исталган Аҳдлашувчи Томон зарурий тайинлов ўтказиш хусусида Париждаги Халқаро Савдо Палатаси қошидаги Арбитраж суди Раисига илтимос қилишга ҳақли. Башарти, Раис бу вазифани бажаролмаса ёки Аҳдлашувчи Томон Давлатининг фуқароси бўлса, мазкур Битимнинг 9-моддаси, 5-бандининг mutatis mutandis қоидалари қўлланади.
5. Агар томонлар бошқа тарзда келишмаган бўлсалар, суд ўзининг тегишли тартиб-қоидаларини белгилайди. Қарорлар тугал ва мажбурий ҳисобланади. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири арбитраж қарорларининг тан олиниши ва бажарилишини таъминлайди.
6. Низолашувчи Томонларнинг ҳар бири ўз суд аъзоси учун сарфланган харажатларни ва арбитраж тадбиридаги ўз улушига мувофиқ тарздаги харажатларни тўлайди. Аҳдлашувчи Томонлар Раис учун сарфланадиган ва бошқа харажатларни низолашувчи Томонлар сифатида тенг миқдорда тўлайдилар. Аммо суд ўз қарорида харажатларни тақсимлаш борасида Томонлар учун ўзгача нисбатни ҳам қўллаши мумкин.
7. Низолашувчи Томон ҳисобланувчи Аҳдлашувчи Томон ҳакамлик тадбирининг ёки суд қарори бажарилишини исталган босқичида инвестор томонидан суғурта шартномасига кўра кўрилган зарарларни тўлалигича ёки қисман равишда қопловчи маблағ олинганлиги тўғрисидаги фактга ҳавола қилиши мумкин эмас.
8. Агар ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ҳам давлатлар ва чет эллик шахслар ўртасидаги инвестицион низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги 1965 йил 18 мартдаги Конвенцияга аъзо томон бўлса, ушбу модданинг 2-а) бандида қайд этилган низолар инвестор талабига кўра,
мазкур модданинг 2-6) бандида қайд этилган низолар эса ҳал этиш учун манфаатдор Томонларнинг ўзаро келишувига биноан инвестицион низоларни тартибга солувчи Халқаро марказга йўлланади.
11-модда
Якунловчи қоидалар
Якунловчи қоидалар
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро битимларнинг қонуний кучга кириши хусусида ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг миллий қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий тартиб-қоидаларнинг бажарилиши тўғрисида нота алмашадилар. Сўнгги нота олинган кун ушбу Битим қонуний кучга кирган сана ҳисобланади.
2. Мазкур Битим ўн йил мобайнида амалда жорий бўлади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни белгиланган муддат тугашидан ўн икки ой аввал ўзининг ушбу Битимни ҳаракатдан тўхтатиш хусусидаги қароридан огоҳ қилмаса, Битимнинг амалда жорий бўлиш муддати автоматик тарзда навбатдаги беш йиллик даврларга сурилиб боради.
3. Мазкур Битим бекор қилинган тақдирда 1 — 10-моддаларда қайд этилган қоидалар кейинги ўн йил мобайнида ушбу Битим ҳаракатдан тўхтатилгунга қадар амалга оширилган инвестицияларга нисбатан ўз кучини сақлаб қолади.
Ушбу Битим 1995 йил 11 январда, Варшава шаҳрида икки асл нусхада тузилган, ҳар бир нусха ўзбек, поляк ва рус тилларида тузилди, бунда учала матн ҳам бир хил кучга эга.
Мазкур Битимда қайд этилган қоидаларни талқин этишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлар рус тилидаги Битимни дастур қилиб оладилар.
(имзолар)