Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Польша Республикаси Ҳукумати ўртасида тузилган
Битим
Фуқаро ҳаво транспорти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Польша Республикаси Ҳукумати, бундан буён матнда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
1944 йилнинг 7 декабрида Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг аъзолари бўлгани ҳолда;
Ҳаво қатновини ўрнатиш ва ўзларининг тегишли ҳудудлариаро ва ташқарисида парвозларни амалга ошириш хусусида Битим тузиш истагида;
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Атамалар
Атамалар
1. Агар матнда бошқа мазмун кўзда тутилмаган бўлса, ушбу Битимнинг мақсадлари йўлида:
a) «Чикаго Конвенцияси» атамаси 1944 йил 7 декабрда Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенцияни англатади ва ўз ичига қуйидагиларни олади:
(I) 94 -модданинг (а)-бандига мувофиқ кучга кирган ва ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон эътироф этган ҳар қандай тузатишни, ва
(II) Чикаго Конвенциясининг 90-моддасига биноан киритилган ҳар қандай Илова ва унга киритилган шундай тузатишни англатадики, бунда бу тузатиш ёки илова берилган ҳар қандай вақтда ҳар икки Аҳдлашувчи Томон учун кучга эга бўлсин;
b) «авиация маъмурлари» атамаси Ўзбекистон Республикасига нисбатан Фуқаро Авиацияси Бош директорини, Польша Республикасига нисбатан эса Транспорт ва Денгиз Хўжалиги Вазирини/Фуқаро Авиацияси Департаменти Директорини ёки ҳар иккала ҳолда юқорида уқтириб ўтилган маъмурлар бажарадиган ишларни ёки шунинг сингари вазифаларни амалга ошириш ваколати берилиши мумкин бўлган ҳар қандай шахс ёки ташкилотни англатади;
c) «тайинланган авиакорхона» атамаси исталган Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг 4-моддасига мувофиқ тайинлаган ва ваколат берган авиация корхонасини англатади;
d) «ҳудуд» атамаси Давлатга нисбатан Чикаго Конвенциясининг 2-моддасида унга белгиланган мазмунни англатади;
e) «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» атамалари уларга Чикаго Конвенциясининг 96-моддасида тегишли равишда белгиланган маъноларни англатади;
2. Ушбу Битимга киритилган Иловага унинг таркибий қисми сифатида қаралади.
2-модда
Конвециянинг қўлланилиши
Конвециянинг қўлланилиши
Модомики, қоидалар халқаро ҳаво қатновида қўлланилар экан, ушбу Битимнинг қоидалари Чикаго Конвенцияси қоидаларига асос бўлади.
3-модда
Ташиш ҳуқуқларининг берилиши
Ташиш ҳуқуқларининг берилиши
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга халқаро авиаташув ишларини амалга ошириш мақсадида қуйидаги ҳуқуқларни беради:
a) ўзининг ҳудудидан қўнмаган ҳолда учиб ўтиш ҳуқуқини;
b) ўз ҳудудида тижоратга тааллуқли бўлмаган мақсадларда қўниш ҳуқуқини.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи бир Аҳдлашувчи Томонга ушбу Битимга Илова қилиб киритилган Парвозлар жадвалининг тегишли Бўлимида кўрсатилган халқаро ҳаво қатновини амалга ошириш мақсадида бундан буён ушбу Битим матнида белгиланган ҳуқуқларни беради. Бундай қатновлар ва йўналишлар бундан буён матнда тегишли равишда «келишилган йўллар» ва «белгиланган йўналишлар» деб аталади. Белгиланган йўналишлар бўйича парвозларни амалга ошириш вақтида ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ушбу модданинг 1-бандида белгиланган ҳуқуқларга қўшимча равишда йўловчилар ва юк олиш, почтани ўз ичига олган ҳолда, ва тушириш мақсадида ушбу Битим Парвозлар жадвалининг ўшал йўналиши бўйича бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида белгиланган манзилларда қўниш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
3. Ушбу модда 2-бандининг ҳеч қайси бир қоидаси бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ ёки мукофот эвазига бошқа бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа бир манзилига бориш учун мўлжалланган йўловчи ва, почтани ўз ичига олган ҳолда, юк ташиш ҳуқуқини беради деб қаралмаслиги лозим.
4. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси қуролли ихтилоф, сиёсий тартибсизликлар ёки чиқишлар ёхуд махсус ёки ғайриоддий вазиятлар оқибатида ўзининг доимий йўналиши бўйича парвозларни амалга ошириш имкониятига эга бўлмаса, иккинчи Аҳдлашувчи Томон тегишли йўналишларни қайта ташкиллаш йўли билан ана шундай йўналишлар бўйича ҳаво йўлларидан фойдаланиш учун ўзининг барча имкониятларини ишга солади.
4-модда
Тайинлаш ва парвозга доир ваколат
Тайинлаш ва парвозга доир ваколат
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон Иловада белгиланган йўналишлар бўйича шартлашилган йўллардан фойдаланиш мақсадларида бир корхонани тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларини бу тайинлаш тўғрисида хабардор этишлари лозим.
2. Бундай тайинлаш тўғрисидаги хабарни олганидан кейин бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 3 ва 4-банди қоидаларига мувофиқ иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига парвозларни амалага ошириш учун дарҳол тегишли рухсатнома беради. Парвозлар учун берилган ваколат уни берган Аҳдлашувчи Томоннинг розилигисиз бошқа авиакорхонага берилиши ёки ўтказилиши мумкин эмас.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан ушбу маъмурлар томонидан халқаро ҳаво йўлларидан фойдаланиш чоғида Чикаго Конвенциясининг қоидаларига мувофиқ одатда ва оқилона қўлланиладиган қонунлар ва қоидаларда кўрсатилган шартларни бажаришга қодир эканлигини исботловчи далилларни талаб қилишга ҳақлидир.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига устун эгалик қилиш ва унинг устидан ҳақиқий назорат ўрнатиш ҳуқуқи авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига қарашли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ҳолда бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган парвозларга рухсат беришни рад этиши ёки тайинланган авиакорхона ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш чоғида бажарилиши зарур деб ҳисоблайдиган шартлар ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
5. Ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ тайинланган авиакорхона ваколатга эга бўлганидан сўнг ҳар қандай келишилган ҳаво қатновини исталган вақтда амалга оширишни бошлаши мумкин, башарти, ушбу Битимнинг 10-моддаси қоидаларига мувофиқ равишда ўша қатновга нисбатан тарифлар белгиланган бўлса.
5-модда
Парвозга доир рухсатномани бекор қилиш ёки тўхтатиб қўйиш
Парвозга доир рухсатномани бекор қилиш ёки тўхтатиб қўйиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси парвозга доир ваколатини бекор қилиш ёки ушбу Битимнинг 3-моддасида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланишини тўхтатиб қўйиш ёки ўша ҳуқуқлардан фойдаланиш чоғида ўзи зарур деб билган қуйида келтирилган шартлар бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир:
a) авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ёки унинг устидан ҳақиқий назорат ушбу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки ўша Аҳдлашувчи Томоннинг фуқароларига тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилмаган ҳар қандай ҳолда; ёки
b) ўша авиакорхона ҳуқуқларни берган Аҳдлашувчи Томоннинг одатда ва оқилона татбиқ этиладиган қонун ва қоидаларига риоя этмаса;
ёки
c) агар тайинланган авиакорхона ушбу Битим ва унга киритилган Иловада белгиланган қоидаларга мувофиқ равишда парвозларни амалга оширолмаётган бўлса.
2. Агар ҳуқуқларни бекор қилиш, амалда тўхтатиб қўйиш ёки бу модданинг 1-банди шартлари бажарилишини талаб қилиш қонун-қоидаларнинг бундан буён яна бузилишига зарурий огоҳлантириш деб топилмаса, бундай ҳуқуқлардан бошқа Аҳдлашувчи Томон билан маслаҳатлашувдан сўнг фойдаланиш мумкин.
6-модда
Келишилган йўлларда парвозларни бошқариш услублари
Келишилган йўлларда парвозларни бошқариш услублари
1. Ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналарига уларнинг тегишли ҳудудлариаро келишилган йўллар бўйича белгиланган йўналишларда парвозларни амалга ошириш жараёнида ҳаққоний ва тенг имкониятлар берилиши лозим.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг тайинланган авиакорхонаси келишилган йўллардан фойдаланаётганда айнан бир йўналиш ёки унинг бир қисмида ундан кейин парвозларни амалга ошираётган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхоналари парвозларига зиён етказмаслик учун унинг манфаатларини ҳам назарда тутиши лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлар тайинланган авиакорхоналарининг амалга ошираётган келишилган ҳаво қатновлари белгиланган йўналишлардаги ташувга бўлган эҳтиёжларга яқин муносабатда бўлиши ва ҳар бир авиакорхона ўзини тайинлаган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан келаётган ёки унга бориш учун мўлжалланган йўловчилар ва юк, почтани ўз ичига олгани ҳолда, ташишга бўлган эҳтиёжни қондириш учун етарли ҳажм таъминланишини ўз олдига биринчи даражали оқилона вазифа қилиб қўйиши лозим. Авиакорхонани тайинламаган Давлатлар ҳудудидаги йўналишлардаги манзилларда олинган ва туширилган йўловчи ва юк, почтани ўз ичига олган ҳолда, ташиш қоидалари умумий қоидаларга мувофиқ тузилиши лозимки, бунда ҳажм:
a) авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томон ҳудудига ёки ундан ташқарига ташиш эҳтиёжига;
b) шартлашилган йўллар ўтадиган ўлканинг ташувга бўлган эҳтиёжлари, бунда ўша ўлка ўз ичига қамраб оладиган Давлатлар ўрнатган транспорт қатновлари ҳам инобатга олинади; ва
с) йўловчилар ташиладиган йўналишлар орқали ўтадиган иқтисодий парвозларга бўлган эҳтиёжга мувофиқ келиши лозим.
7-модда
Божхона божлари
Божхона божлари
1. Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасига қарашли халқаро ҳаво қатновини амалга ошираётган ҳаво кемалари, шунингдек, унинг доимий мосламалари, ёқилғи захиралари ва мойлаш маҳсулотлари ва борт захиралари (озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ҳам ўз ичига олади) бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига келган вақтда барча божхона божлари, назорат йиғимлари ва бошқа солиқлар ёки йиғимлардан озод қилинади, башарти, ўша ҳаво кемалари мазкур ҳудуддан чиқиб кетса ва мосламалар, захиралар ва маҳсулотлар токи қайтиб кетгунга қадар ҳаво кемаси ичида қолса.
2. Кўрсатилган хизмат учун олинадиган йиғимларни мустасно этганда, худди шундай божлар, солиқлар ва йиғимлардан қуйидагилар ҳам озод қилинади:
а) ҳар қандай Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида шу Аҳдлашувчи Томоннинг маъмурлари белгилаган меъёрлар чегарасида ва бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг мазкур ҳудуддан халқаро ҳаво қатновини амалга ошираётган ҳаво кемаси ичида фойдаланиш учун олган захиралари;
b) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудига иккинчи Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонаси халқаро ҳаво қатновида фойдаланиладиган ҳаво кемасининг ҳолатини ушлаб туриш ёки уни таъмирлаш учун келтирилган эҳтиёт қисмлар ва доимий мосламалари;
c) бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси халқаро ҳаво қатновида фойдаланадиган ҳаво кемасида ишлатилиши учун мўлжалланган ёқилғи ва мойлаш маҳсулотлари, ҳатто бу захиралар ҳаво кемасига олинган Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди устида амалга ошириладиган парвоз давомида ишлатилган тақдирда ҳам;
d) тайинланган авиакорхона томонидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ишлатиладиган тижорий қийматга эга бўлмаган реклама маҳсулотлари.
3. Мабодо, исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари талаб қилса ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатиб ўтилган маҳсулотлар уқтириб ўтилган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона назоратида ушлаб кўрилади.
4. Исталган бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси фойдаланадиган ҳаво кемасидаги доимий мосламалар, шунингдек, материаллар ва захиралар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ўша Аҳдлашувчи Томон божхона маъмурларининг розилиги билан ҳаво кемасидан туширилиши мумкин.
Бундай ҳолда, улар қайтиб олиб чиқиб кетилгунга ёки уқтириб ўтилган маъмурга розилиги билан бошқа жойга кўчирилгунга қадар ўшал маъмурлар назорати остига олиниши мумкин.
8-модда
Бевосита транзит
Бевосита транзит
Бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан тўғри транзит орқали ўтадиган ва бу мақсад учун тайёрагоҳ ҳудудидан ажратилган жойни тарк этмайдиган йўловчилар, уларнинг юки ва юклар фақат юзаки кўздан кечирилади холос. Тўғри транзит орқали ўтадиган йўловчи юклари ва юклар божхона божлари ва шунинг сингари солиқлардан озод қилинади.
9-модда
Қонунлар ва қоидаларнинг қўлланилиши
Қонунлар ва қоидаларнинг қўлланилиши
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро ҳаво навигациясини амалга ошираётган ҳаво кемасини ёки ўша ҳаво кемасининг ўша ҳудуд доирасидаги парвози ва навигациясини шу ҳаво кемасининг ўз ҳудудига учиб келиши, унда бўлиб туриши ёки ундан жўнаб кетишини тартибга солувчи қонун ва қоидалари иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ҳаво кемаларига нисбатан ҳам қўлланилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ўз ҳудудига ҳаво кемаларида ташиб келтирилган йўловчилар, экипаж, почта ёки юк келиши, унда бўлиб туриши, ҳамда ундан жўнаб кетишини тартибга солувчи ҳамда, аниқроғи паспорт, божхона ва тиббий назорат қонун ва қоидалари бошқа Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг ҳаво кемасига олинган йўловчилар, экипаж, юк ва почтага нисбатан қўлланади.
10-модда
Тарифлар
Тарифлар
1. Бир Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг бошқа бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудига ва ҳудудидан ташишда қўллайдиган тарифлари фойдаланишга кетадиган харажатлар, фойданинг оқилона миқдори ва бошқа авиакорхоналарнинг тарифларига асосланиб барча тегишли омилларни ҳисобга олган ҳолда оқилона меъёрларда белгиланади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида уқтириб ўтилган тарифлар, мумкин бўлса, ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг манфаатдор тайинланган авиакорхоналари ўртасида йўналишдан тўла ёки қисман фойдаланаётган бошқа авиакорхоналар билан маслаҳатлашув орқали келишилиши лозим. Бундай келишувга, лозим бўлган тақдирда, Халқаро Ҳаво Транспорти Бирлашмаси тарифларни белгилаш жараёнларини қўллаш орқали эришилиши мумкин.
3. Бундай тарзда ўзаро мувофиқлаштирилган тарифлар улар жорий этилиши тахминланган кунга камида қирқ беш кун қолганида ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон авиация маъмурларининг тасдиғи учун тақдим этилиши лозим, ушбу чекланган муддат уқтириб ўтилган маъмурларнинг келишуви асосида қисқартирилиши мумкин.
4. Башарти-ки, тайинланган авиакорхоналар мазкур тарифлар борасида бир қарорга кела олмасалар ёки қандайдир бир сабабларга кўра ушбу модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ тарифлар белгиланмаса ёхуд ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ белгиланган қирқ беш кунлик муддатнинг биринчи ўттиз куни давомида бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари иккинчи бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига ушбу модда 2-банди қоидаларига мувофиқ белгиланган бирор бир келишилган тариф юзасидан ўз норозилигини изҳор этса, ҳар икки Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари ўзаро келишувларига асосан тарифни белгилашга ҳаракат қилишлари лозим.
5. Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари тасдиқламаган ҳеч қандай тариф кучга кирмайди.
6. Ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ белгиланган тарифлар то мазкур модданинг қоидаларига мувофиқ янги тарифлар белгилангунига қадар кучга эга бўлади.
11-модда
Маблағларни ўтказиш
Маблағларни ўтказиш
Тайинланган авиакорхоналар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва тўловлар ҳар икки мамлакат ўртасида кучда бўлган тўловлар тўғрисидаги битим ва уларнинг ҳудудларида амалда бўлган валюта қоидаларига мувофиқ равишда олиб борилади.
Тўловлар тўғрисидаги битимда тегишли қоидалар мавжуд бўлмаган тақдирда юқорида уқтириб ўтилган ҳисоб-китоблар ва тўловлар алмашланадиган валютада мувофиқлаштирилади.
12-модда
Икки марталаб солиқ солиш
Икки марталаб солиқ солиш
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси халқаро ҳаво қатновида фойдаланаётган ҳаво кемасининг парвозларидан тушган даромадларни ҳар қандай солиқлардан, фойдадан олинадиган йиғимлардан, шунингдек, бошқа молиявий чиқимлардан озод қилади.
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи бир Аҳдлашувчи Томоннинг ушбу Битим 13-моддасида уқтириб ўтилган ваколатхоналарида ишлаш учун ўз мамлакатидан вакил қилиб юборган хизматчиларининг ойлик-маошларига солиқ солмаслик мажбуриятини олади.
13-модда
Авиакорхона ваколатхонаси ва сотиш
Авиакорхона ваколатхонаси ва сотиш
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ўз ҳудудига киришга, истиқомат қилиш ва ишлашга тааллуқли қонун ва қоидаларига мувофиқ шу бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига ҳаво қатновини таъминлаш эҳтиёжи учун ўз бошқарувчиси, техник, ишчи ходимлар ва бошқа ҳаво қатновини таъминлашда зарурий бўлган мутахассис ходимларни келтириш ва ушлаб туриш ҳуқуқига эгадир.
2. Тижорат фаолиятида ўзаро ҳамжиҳатлик услубига амал қилинади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси иккинчи бир Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бевосита ёки агентлари орқали авиачипталарни сотишга ҳуқуқли бўлади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси авиачипталарни сотишга ҳуқуқли бўлади ва ҳар қандай шахс бундай ташувни маҳаллий ёки эркин алмашланадиган пулга эркин сотиб олишга ҳуқуқи бўлади.
14-модда
Маслаҳатлашувлар
Маслаҳатлашувлар
Ҳар қайси Аҳдлашувчи Томон ушбу Битимнинг бажарилиши, шарҳланиши, қўлланилиши ёки тузатишлар ёхуд ушбу Битимга амал қилиниши юзасидан хоҳлаган вақтида маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида бошқача келишув бўлмаган тақдирда, бундай маслаҳатлашувлар авиация маъмурлари ўртасида иккинчи бир Аҳдлашувчи Томоннинг маслаҳатлашув ўтказиш тўғрисидаги ёзма равишда юборилган хабарномани олган кунидан бошлаб олтмиш кун ичида ўтказилиши лозим.
15-модда
Баҳсларга барҳам бериш
Баҳсларга барҳам бериш
1. Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида низо келиб чиқса, Аҳдлашувчи Томонлар уни биринчи навбатда ўзаро музокаралар орқали ҳал этишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлар музокаралар орқали муросага кела олмасалар, улар ушбу баҳсни ҳал қилиш учун бир неча шахс ёки ташкилотнинг ихтиёрига оширишлари мумкин ёки мазкур баҳс Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бирининг талабига биноан ҳар бир Аҳдлашувчи Томон биттадан тайинлайдиган икки ҳакам ва ана шу икки ҳакам тайинлайдиган яна бир ҳакамдан иборат, жами уч ҳакамдан ташкил топадиган ҳайъатга топширилиши мумкин. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон дипломатик восита орқали бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг низони ҳакамликда ҳал этиш тўғрисидаги талабини олганидан кейин олтмиш (60) кун ичида биттадан ҳакам тайинлайди, учинчи ҳакам эса, юқоридаги икки ҳакам тайинланган кундан бошлаб кейинги олтмиш (60) кун ичида тайинланиши лозим. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бири белгиланган муддат ичида ўз ҳакамини тайинлай олмаса ёхуд белгиланган муддат ичида учинчи ҳакам тайинланмаса, Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти Кенгаши Президентидан вазиятга қараб ҳакамни ёки ҳакамларни тайинлашни илтимос қилиши мумкин. Бу ҳолда, учинчи ҳакам учинчи Давлатнинг фуқароси бўлиши лозим ва ҳакамлар ҳайъатининг президенти сифатида иш кўриши лозим.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ чиқарилган ҳар қандай қарорни бажариш мажбуриятини зиммага оладилар.
16-модда
Хавфсизлик
Хавфсизлик
1. Аҳдлашувчи Томонлар Чикаго Конвенцияси ва 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво Кемаларида Содир Этиладиган Жиноятчилик ва Бошқа Ҳаракатлар Тўғрисидаги Конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво Кемаларини Ғайриқонуний Равишда Эгаллаб Олишга Қарши Кураш Тўғрисидаги Конвенция, ҳамда 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Халқаро Фуқаро Авиациясига Қарши Ноқонуний Ҳаракатларга Қарши Кураш Ҳақидаги Конвенция ўз ичига оладиган халқаро қонунлардан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқларини қайтадан тасдиқлайдилар. Аҳдлашувчи Томонлар ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан фуқаро авиациясининг хавфсизлигини ҳимоя қилишга доир мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларининг илтимосига кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний тутқун қилиш ва йўловчилар, экипаж аъзоларига, ҳаво кемасига, тайёрагоҳларга ва ҳаво навигацияси воситаларига ҳамда авиацияси хавфсизлигига қарши ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф қилиш учун мумкин бўлган барча ёрдамни бир-бирларига берадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида ўзлари қўллайдиган даражада Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти томонидан белгиланган ва Чикаго Конвенциясига Иловалар тариқасида киритилган авиация хавфсизлиги тартибларига мувофиқ иш кўрадилар; улар ўзлари қайд этган асосий фаолият жойи ёки доимий турар жойи ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво кемаларининг бошқарувчиларидан ёки хизматчилари ва ўз ҳудудида жойлашган тайёрагоҳларнинг бошқарувчиларидан авиация хавфсизлигининг юқоридаги қоидаларига мувофиқ иш кўришларини талаб қиладилар.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири ўзининг тайинлаган авиакорхонасидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг шу бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудига кириш, ундан чиқиш ёки унда бўлиб турган вақтида ушбу модданинг 3-бандида белгиланган авиация хавфсизлиги талабларига риоя қилишини талаб қилишига розилик беради. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудуди доирасида ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш ва йўловчилар ва уларнинг олиб кетаётган юкларини текшириш ҳамда экипаж аъзоларини, ортиш ва тушириш вақтида юкни ва ҳаво кемаси захираларини тегишли назоратдан ўтказилиши учун самарали чора-тадбирлар кўрилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, башарти, аниқ таҳдид мавжуд бўлса, оқилона доираларда хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус чора-тадбирлар кўришга доир илтимосларини ҳам хайрихоҳлик билан қараб чиқади.
5. Башарти, фуқаро ҳаво кемасини тутқун қилиб олиш воқеаси содир бўлса ёки уни тутқун қилиш таҳдиди мавжуд бўлса ёки ҳаво кемалари, улардаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, тайёрагоҳлар ва ҳаво навигацияси воситаларининг хавфсизлигига бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқани енгиллатиш орқали бир-бирларига турлича кўмак берадилар ва бундай воқеа ёки таҳдидга жадал, ҳамда бешикаст барҳам беришнинг барча зарур чора-тадбирларини кўрадилар.
17-модда
Ўзгартиш киритиш
Ўзгартиш киритиш
1. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири ушбу Битимнинг қайсидир бир шартини ўзгартириш лозим деб ҳисобласа, у хоҳлаган вақтида бошқа Аҳдлашувчи Томонга ушбу тўғрисида сўров киритиши мумкин. Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида бўладиган бундай маслаҳатлашув мўлжалланган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида бир Аҳдлашувчи Томондан талаб тушган кундан бошлаб (60) олтмиш кун ичида бошланиши лозим.
2. Башарти-ки, Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битимнинг Иловасига ўзгартиришлар киритишни мўлжалласа, ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари бундай ўзгартиришлар киритиш борасида бевосита келишишлари мумкин.
18-модда
Битим амал қилишини тўхтатиш
Битим амал қилишини тўхтатиш
Аҳдлашувчи Томонлардан исталган бири хоҳлаган вақтида бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимни амалда тўхтатиш истагида эканлигидан ёзма равишда хабардор қилиши мумкин. Бундай хабарнома бир вақтнинг ўзида Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилотига ҳам юборилиши лозим. Бу ҳолда хабарнома юборилгандан кейин бошқа Аҳдлашувчи Томон уни олган заҳотиёқ (хабарномани олинган жойдаёқ) бир йил ичида, башарти бу муддат ичида бу хабарнома орқага қайтариб олинмаса, ушбу Битим амал қилишдан тўхтайди. Башарти, бошқа Аҳдлашувчи Томон хабарнома олгани тўғрисида маълумот бўлмаса, Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти хабарнома олганидан кейин ўн тўрт (14) кун ўтгач бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу хабарномани қўлга киритган деб ҳисобланилади.
19-модда
Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотида рўйхатга олиш
Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотида рўйхатга олиш
Ушбу Битим ва унга киритилган ҳар қандай ўзгартириш Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилотида рўйхатга олиниши лозим.
20-модда
Битимнинг кучга кириши
Битимнинг кучга кириши
1. Ушбу Битим ҳар икки Давлатнинг қонунчилигига биноан тасдиқланиши лозим ва у мазкур қонунчиликлар ниҳоясига етди деб кўрсатилган Ноталар алмашилган кундан бошлаб кучга киради.
2. Ушбу Битим шартли равишда у имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбуни тасдиқлаб, ўз Ҳукуматлари томонидан тегишли ваколатга эга бўлган мухтор вакиллар мазкур Битимни имзоладилар.
1995 йилнинг 11 январида ўзбек, поляк ва инглиз тилларида икки асл нусхада Варшава шаҳрида тузилди, ҳар уч тилдаги матн бир хил кучга эга. Талқин қилиш ёки қўллашда ҳамфикрлик бўлмаса, инглиз тилидаги матн устувор даражада қўлланилади.
(имзолар)