Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
Виза масалаларини енгиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркия Жумҳурияти Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликка кўмаклашишни истаган ҳолда;
бир-бирининг ҳудудида икки давлат фуқароларининг ҳаракат қилиши иккала мамлакат халқлари ўртасида ўзаро тушунишга кўмаклашишини тан олиб;
1961 йил 18 апрелдаги дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг, 1963 йил 24 апрелдаги Консуллик алоқалар тўғрисида Вена Конвенциясининг, 1994 йил 23 июндаги Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасидаги Консуллик Конвенциясининг қоидаларига қатъий амал қилишга ўз бурчларини тасдиқлаб;
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар, виза ҳужжатларини расмийлаштириш масалаларини мумкин бўлган энг қисқа вақт ичида кўриб чиқиб, натижасини бир-бирларига билдирадилар.
2-модда
Томонлар, куйида кўрсатилган шахсларнинг визаларини икки кундан ортиқ кечиктирмай берадилар:
Президентлар;
Бош вазирлар, вазирлар;
Парламент депутатлари;
давлат делегация аъзолари;
юқорида кўрсатилган шахсларнинг рафиқалари;
дипломатик куръерлар.
3-модда
Томонлар бир-бирларининг давлатларидаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналарига юборилган дипломатик маъмурий ва техник ходимларнинг ва уларнинг оила аъзоларининг виза сўровларини уч иш кунида кўриб чиқиб, натижасини билдирадилар.
4-модда
Томонлар вазир ўринбосарлари, ҳукуматлар делегациялари ва комиссиялари аъзолари, савдо ва саноат палатаси вакиллари, ишбилармонлар, банк ва ширкат вакиллари, спорт мусобақалари, маданий, фестиваль ва концерт программаси иштирокчиларининг виза сўровларига кўпи билан беш иш куни ичида жавоб берадилар.
5-модда
Томонлар, 30 (ўттиз) кунлик муддатдан ошмаган ташрифларни ўз ичига олган туристик виза сўровлари билан 15 (ўнбеш) кундан ошмаган транзит виза сўровларининг натижасини кўпи билан етти иш куни ичида билдирадилар.
6-модда
Томонлар, жамоатчилик ташкилотлари ва органлари ҳузурига 30 кундан ошиқ муддатга келувчиларнинг ва таклиф қилинганлар виза сўровларининг натижасини беш иш куни ичида, хусусий ташкилотлар ҳузурига 30 кундан ошиқ муддатга келувчиларнинг ва таклиф қилинганларнинг виза сўровларининг натижасини эса мумкин бўлган энг қисқа вақт ичида билдирадилар.
7-модда
Ишлаш ва ўқиш мақсадидаги кириш визалари ва кўп марталик кириш визалари ҳар сафар алоҳида кўриб чиқилади ва фақат лозим кўрилган ҳолларда берилади.
8-модда
Самолёт экипажлари ва халқаро транспорт билан шуғулланувчи ташкилотларда ишлайдиган юк машинаси ва автобус ҳайдовчиларига бир йиллик кўп марталик кириш визаси мумкин бўлган энг қисқа вақт ичида берилади.
9-модда
а) Ҳар бир Томон дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена Конвенциясининг 26-моддасига, Консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясининг 34-моддасига, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Жумҳурияти ўртасидаги Консуллик Конвенциясининг 30-моддасига мувофиқ бошқа Томон дипломатик ва консуллик миссияларининг ҳамма ходимларининг давлатлар ҳудудида олдиндан хабар бермасдан ва рухсат олмасдан чекланмаган тарзда эркин ҳаракат қилишини таъминлайдилар.
б) Киришни чеклаш ёки тақиқлаш фақат махсус объектларга ёки ҳарбий базаларга, шунингдек, давлат хавфсизлиги нуқтаи назаридан ёки бемалол кириш учун ёпиқ бўлган бошқа объектларга тааллуқли бўлади.
в) Томонлар Ўзбекистон ва Туркиянинг бошқа фуқароларига ҳам икки давлатнинг бутун ҳудудида чекланмаган эркин ҳаракат қилишни таъминлайдилар.
г) Ушбу модданинг б-банди ҳар бир Томоннинг дипломатик ва консуллик вакилларига бўлгани каби бошқа категориядаги фуқароларига нисбатан ҳам қўлланилади.
д) Томонларнинг ҳудудларига киришлар халқаро дарвозалардан амалга оширилади.
10-модда
Ушбу Битим Томонларнинг учинчи давлатларга нисбатан қабул қилган мажбуриятларига таъсир қилмайди ва уларга қарши қаратилмайди.
11-модда
Томонлар расмий паспорт эгаларига бепул виза бериш тўғрисида келишиб олдилар.
12-модда
1. Ушбу Битим имзоланган вақтдан 30 кун ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Битим аниқ бўлмаган муддатга тузилди.
3. Томонлардан ҳар бири ушбу Битимни ёзма равишда хабар бериш йўли билан бекор қилиши мумкин. Ушбу ҳолда Битим бошқа Томон бекор қилиш тўғрисидаги хабарни олгандан уч ой ўтганидан сўнг ўз кучини йўқотади.
Тошкент шаҳрида, 1995 йил 9 июлда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва турк тилларида тузилди, бунда иккала матн ҳам бир хил юридик кучга эга.
(имзолар)