Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Ҳукумати ўртасида
Битим
Солиқ қонунларини бузишларга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик, ўзаро ёрдам ва ахборот билан алмашиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Украина Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ўз давлатларининг амалдаги қонунчилиги ва халқаро мажбуриятларига риоя этиб,
солиқлар соҳасидаги ҳуқуқ бузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш билан боғлиқ вазифаларни самарали ҳал қилишдан ўзаро манфаатдор эканликларидан келиб чиқиб,
ушбу мақсадларда барча ҳуқуқий ва бошқа имкониятлардан фойдаланилишига муҳим аҳамият бериб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битим мавзуси
Битим мавзуси
1. Томонлар ваколатли органларининг уларнинг ваколат доирасига кирадиган солиқлар соҳасида ҳуқуқ бузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича самарали курашни ташкил этиш мақсадидаги ҳамкорлиги мазкур Битимнинг мавзуи ҳисобланади.
2. Мазкур Битим Томонларнинг фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларига тааллуқли бўлмайди.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
1. Мазкур Битим мақсадларида қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;
Украина Томонидан — Украина Давлат солиқ маъмурияти.
2. Томонларнинг ваколатли органларининг расмий номлари ўзгарган ҳолда улар бу тўғрисида бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Томонлар мазкур Битим доирасида ҳамкорликнинг қуйидаги шаклларидан фойдаланадилар:
миллий солиқ қонунчилиги, уларга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисидаги ахборот, шунингдек солиқларга доир ҳуқуқ бузишларга қарши кураш, юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан содир қилинган солиқларга доир ҳуқуқ бузишлар, солиқларга доир ҳуқуқ бузишларга қарши курашда қўлланиладиган ахборот тизимларини барпо этиш ва уларнинг амал қилиши бўйича методик тавсияномалар билан алмашиб туриш;
солиқлар соҳасидаги ҳуқуқ бузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган тадбирларни ўтказиш масалалари юзасидан баҳамжиҳат ҳаракат қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларни солиққа тортиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини белгиланган тартибда тақдим этиш;
ҳамкорлик, вакиллар билан алмашиш ва кадрларни ўқитиш жараёнида вужудга келадиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатиш ва бундай фаолиятни мувофиқлаштириб туриш, шунингдек солиқлар соҳасидаги ҳуқуқ бузишларга қарши кураш муаммолари юзасидан илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.
Томонларнинг ваколатли органлари мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича бевосита бир-бирлари билан мулоқот қилиб турадилар.
4-модда
Солиқларга доир ҳуқуқ бузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиш
Солиқларга доир ҳуқуқ бузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиш
1. Солиқларга доир ҳуқуқ бузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиб туриш қуйидаги маълумотларнинг тақдим қилинишини кўзда тутади:
юридик ва (ёки) жисмоний шахсларнинг даромадлари, солиқ солинадиган база ва улардан ундириладиган суммалар, шунингдек солиққа доир ҳуқуқ бузишларни аниқлаш, олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисидаги;
юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан давлат ва тижорат банкларида ҳисоб рақамларининг очилиши тўғрисида, шунингдек бундай ҳисоб рақамларидаги маблағлар ҳаракати тўғрисида, агар бундай ҳисоб рақамларида солиққа тортишдан яширилган суммалар мавжуд деб ҳисоблаш учун асос бўлса.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган талаблар бир Томоннинг ваколатли органи томонидан бошқа Томоннинг ваколатли органининг сўровномаси асосида ахборотни тақдим этиш сўралаётган Томоннинг қонунчилигига ва давлат манфаатларига зид келмайдиган бўлса, амалга оширилади.
Агар Томонлардан бирининг ваколатли органи унда мавжуд бўлган ахборот бошқа Томоннинг ваколатли органи учун қизиқарли бўлиши мумкин деб ҳисобласа, унда у бундай ахборотни ўз ташаббусига кўра тақдим этиши мумкин.
5-модда
Ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш
Ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш
Томонларнинг ваколатли органлари сўровномалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортишга доир ҳужжатлар (счетлар, фактуралар, юкхатлар, шартномалар, контрактлар, сертификатлар, маълумотномалар ва бошқалар)нинг, шунингдек солиқларга доир ҳуқуқ бузишларга тааллуқли масалаларга оид ҳужжатларнинг нусхаларини бир-бирларига тақдим этадилар.
Нусхалар ваколатли шахснинг имзоси ва муҳри билан қонунда белгиланган тартибда тасдиқланади.
6-модда
Ҳуқуқий характердаги материаллар билан алмашиш
Ҳуқуқий характердаги материаллар билан алмашиш
Томонларнинг ваколатли органлари миллий солиқ қонунчиликлари, жиноятларни тергов қилишнинг ва солиқ қонунчилиги соҳасидаги маъмурий ҳуқуқни бузишларга доир ишларни юргизишнинг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги ахборот билан мунтазам негизда алмашиб турадилар, янги қабул қилинган меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек амалдаги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар ҳақида ўз вақтида хабардор қиладилар.
7-модда
Ахборот таъминоти масалалари бўйича ҳамкорлик
Ахборот таъминоти масалалари бўйича ҳамкорлик
Томонларнинг ваколатли органлари солиқларга доир ҳуқуқ бузишларга қарши курашни ташкил этишда ахборот тизимларини барпо этиш ва бундай тизимларнинг амал қилиши масалалари бўйича тажриба, методика, дастурий таъминот воситалари ва илмий материаллар билан алмашиб турадилар.
8-модда
Кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш
Кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш
Томонларнинг ваколатли органлари кадрларни ўзларининг ўқув юртлари негизида ўқитиш ва қайта тайёрлаш, солиқларга доир ҳуқуқ бузишларга қарши курашнинг долзарб масалаларига доир биргаликдаги илмий тадқиқотлар, илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш соҳаларида ҳамкорлик қиладилар.
Мазкур модда доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишнинг аниқ шакллари ва шу жумладан уларни маблағ билан таъминлаш Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тузиладиган тегишли битимларга мувофиқ белгиланади.
9-модда
Сўровноманинг шакли ва мазмуни
Сўровноманинг шакли ва мазмуни
1. Ахборот олиш учун сўровнома ёзма шаклда ёки телетайп, факсимиль ёки компьютер алоқасидан фойдаланиш орқали берилиши керак.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда телефон алоқаси орқали берилган оғзаки сўровнома қабул қилиниши мумкин, бироқ у ёзма шаклда дарҳол тасдиқланиши лозим.
Телетайп, факсимиль ёки компьютер алоқасидан фойдаланишда, шунингдек оғзаки сўровноманинг ҳақиқийлигига ёки мазмунига нисбатан шубҳа туғилган тақдирда сўралаётган ваколатли орган тасдиқни ёзма шаклда беришни илтимос қилиши мумкин.
2. Ахборот олиш учун сўровнома қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
сўраётган ваколатли органнинг номи;
сўралаётган ваколатли органнинг номи;
сўровноманинг моҳиятини ва унинг асосини баён этиш, шунингдек сўровни бажариш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.
10-модда
Сўровноманинг бажарилиши
Сўровноманинг бажарилиши
1. Сўровнома бир ой ичида қабул қилинади ва бажарилади. Агар сўровномани бажариш учун зарур бўлса, сўралаётган ваколатли орган аниқлаш тартибида қўшимча ахборотни сўраши мумкин.
2. Сўровномани бажаришнинг имкони бўлмаганда сўралаётган ваколатли орган бу ҳақда сўраётган ваколатли органни хабардор қилади.
3. Агар давлатнинг суверенитетига ёки хавфсизлигига зиён етказиладиган ёки сўралаётган ваколатли органнинг давлати қонунларига зид келадиган бўлса, сўровномани бажаришдан бош тортилади.
Сўровномани бажаришдан бош тортиш сабаблари тўғрисида сўраётган ваколатли орган хабардор қилинади.
11-модда
Тиллар
Тиллар
Ахборот олиш учун сўровнома ва унга жавоб рус тилида тузилади.
12-модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
Томонларнинг ваколатли органлари солиқларга доир ҳуқуқ бузишларни аниқлаш, огоҳлантириш ва бартараф этиш билан боғлиқ масалалар бўйича ахборотнинг махфийлигига кафолат берадилар.
Ушбу Битим доирасида олинган ахборот ушбу ахборотни берган ваколатли органнинг ёзма розилигисиз учинчи томонга берилиши мумкин эмас.
13-модда
Харажатлар
Харажатлар
Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни ўз давлатлари ҳудудида бажарилиши билан боғлиқ харажатларни зиммаларига оладилар. Қўшимча харажатларни талаб этувчи сўровномалар олинган тақдирда уларни молиялаштириш тўғрисидаги масала Томонларнинг ваколатли органлари томонидан ўзаро аҳдлашув бўйича кўриб чиқилади.
14-модда
Битимни амалга оширишга оид келгуси тадбирлар
Битимни амалга оширишга оид келгуси тадбирлар
Томонларнинг ваколатли органлари вакиллари зарур ҳолларда ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказадилар.
15-модда
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири иккинчи Томонни Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ниятида эканлигидан ёзма шаклда хабардор қилган кундан бошлаб олти ой ўтгач амал қилишини тўхтади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 5 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келганда рус тилидаги матн асосий ҳисобланади.
(имзолар)