Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Иқтисодий ва технологик ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Греция Республикаси Ҳукумати, қуйида Аҳдлашувчи «Томонлар» деб юритилади,
иккала мамлакат ўртасида тенглик, ўзаро фойдали ва ўзаро муносабатлар асосидаги икки томонлама манфаатдорликни ифодаловчи соҳаларда иқтисодий ва технологик ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишни истаб,
икки мамлакат ўртасидаги турли даражалардаги, шу жумладан хўжалик фаолияти субъектлари даражасидаги ҳамкорликни муваффақиятли тарзда ривожлантириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш учун узоқ муддатли чора-тадбирлар қабул қилинишининг муҳимлигини инобатга олиб,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар амалдаги миллий қонунчилик доирасида ва уларнинг халқаро мажбуриятларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва Европа Ҳамжамияти ўртасидаги Битимларни эътиборга олган ҳолда, улар учун ўзаро фойдали ва манфаатли бўлган барча соҳаларда имкон қадар кенг миқёсда иқтисодий ва технологик ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун бор кучларини сафарбар этадилар.
Ушбу Битим хусусида, Греция Республикаси ўзининг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқувчи мажбуриятларга амал қилади.
2. Бундай ҳамкорлик хусусан:
Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш,
инвестицияларни кўллаб-қувватлаш, қўшма фаолият ва қўшма корхоналар ташкил қилиш, лицензион битимлар ва улар ўртасидаги ҳамкорликнинг бошқа шаклларини қувватлаш мақсадида хўжалик фаолияти субъектлари, жумладан, кичик ва ўрта корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилади.
2-модда
1. 1-моддада кўзда тутилган ҳамкорлик, хусусан, куйидаги соҳаларга татбиқ этилади:
саноат,
кемасозлик и кемаларни таъмирлаш ишлари,
қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, аграр ва озиқ-овқат саноати,
саноат ва уй-жой қурилиши,
транспорт, шу жумладан, денгиз транспорти,
банк иши, суғурта ва бошқа молиявий хизматлар,
туризм,
профессионал таълим ва менежментни ўргатиш,
фаолиятнинг ўзаро манфаатларни ифодаловчи бошқа турлари.
2. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро ҳамкорлик, шунингдек иқтисодий ва технологик ҳамкорликнинг янги соҳаларидаги устувор йўналишларни белгилаш мақсадида консультациялар ўтказадилар.
3-модда
1. Ушбу Битимда кўзда тутилган иқтисодий ҳамкорлик асосан ўзбек ва грек корхоналари, ташкилотлари, фирмалари ва хўжалик фаолиятининг бошқа субъектлари ўртасида, ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ тузилган битимлар ва контрактлар асосида амалга оширилади.
2. Аҳдлашувчи Томонлар иқтисодий ҳамкорлик учун, хусусан, қуйидагилар воситасида қулай шароитлар яратиш орқали бундай фаолиятга кўмаклашиш учун барча кучларини сафарбар этадилар:
инвестициялар учун қулай иқлимни ривожлантириш,
тижорат ва иқтисодий маълумотлар алмашувига кўмаклашиш,
ўзларининг хўжалик фаолияти субъектлари ўртасидаги алмашинув ва алоқаларга кўмаклашиш,
ярмаркалар, кўргазмалар, симпозиумлар каби бошқа тадбирларни ўтказишда кўмаклашиш,
савдога кўмаклашувни рағбатлантириш.
4-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг миллий қонунчилиги ва ўз миллий устувор йўналишларига мувофиқ икки мамлакат ўртасидаги, шунингдек ўзларининг тегишли ташкилотлари, институтлари ва фирмалари ўртасидаги технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратадилар.
2. Бундай ҳамкорлик қуйида қайд этиладиган шароитлардан бирига эга бўлиши мумкин:
қўшма тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш,
ихтисослаштирилган делегациялар учун ташрифлар ва ўқув-таълим турларини ташкил қилиш,
ўзаро манфаатли соҳаларда ўқув дастурларини ташкил қилиш,
техник ва илмий экспертиза билан таъминлаш,
симпозиум ва учрашувлар ўтказиш.
5-модда
1. Мазкур Битимнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу билан Қўшма Қўмита таъсис этилади. Қўмита ўз тартиботларини белгилайди.
2. Қўшма Қўмита Аҳдлашувчи Томонларнинг вакилларидан ташкил топади ва у исталган Томоннинг аризасига биноан чақирилади ҳамда дипломатик каналлар орқали келишилган жойда ва вақтда ўтказилади.
3. Қўшма Қўмита ушбу Битим мақсадларига эришиш учун қаратилган ҳаракат-тадбирларни кўриб чиқади ва зарурий ҳолларда уларнинг бажарилиши бўйича тавсияномалар ишлаб чиқади.
6-модда
1. Ушбу Битимнинг кучга кириши учун амалдаги қонунчиликда талаб қилинадиган тартиботлар тугалланганлиги тўғрисида Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларини ёзма равишда хабардор қилган санадан сўнг ўттиз (30) кун ўтгач мазкур Битим қонуний кучга киради. Битим беш (5) йил мобайнида ўз кучини сақлаб қолади.
2. Агар исталган Аҳдлашувчи Томон Битимнинг жорий муддати тўхтатилишидан камида олти ой аввал уни ҳаракатдан тўхтатиш тўғрисида хабарнома тақдим этмаса, ушбу Битим ўз-ўзидан кейинги бир йиллик муддатларга узайтирилади, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон камида олти ой аввал хабарнома воситасида Битимни ҳаракатдан тўхтатиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
3. Бундан аввалги моддалар мазкур Битим асосида ҳар икки Томоннинг хўжалик фаолияти субъектлари ўртасида тузилган шартнома ва контрактларга нисбатан ушбу санадан бошлаб кейинги беш (5) йил мобайнида ўз кучида қолади.
Афина шаҳрида 1997 йил 1 апрелда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, грек ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир. Мазкур Битим қоидаларини талқин этишда келишмовчиликлар юзага келганда инглиз тилидаги матн устун кучга эга ҳисобланади.
(имзолар)