Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати бундан буён «Томонлар» деб аталади,
иқтисодий, саноат ҳамда фан-техника соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни барқарор ва узоқ муддатли асосда ривожлантиришнинг муҳим ва зарур жиҳати эканлигини англаб,
ўз давлатлари ишлаб чиқариш ва фан-техника салоҳияти ўртасида қарор топган ўзаро технология алоқаларини ҳисобга олиб,
Томонлар давлатлари хўжалик фаолияти субъектларининг бозор муносабатлари негизида умумий иқтисодий маконни вужудга келтиришда бевосита ўзаро ишлаб чиқариш алоқаларининг ҳал қилувчи аҳамиятини эътироф этиб,
корхоналар ва тармоқлар ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро фойдали тарзда ривожлантириш учун қулай шароитни таъминлашга интилиб,
иккала мамлакат ўртасида ўзаро иқтисодий алоқада эришилган даражасига таяниб,
оғишмай иқтисодий юксалишни таъминлаш, ўз фуқаролари турмуш даражасини яхшилаш, иш билан таъминлашни кенгайтириш, моддий ресурслардан ва ишчи кучидан самарали фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадлари амал қилиб,
қуйидагилар ҳақида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, тармоқлар ва тармоқлараро мажмуалар ўртасидаги кооперацияни бевосита ишлаб чиқариш алоқалари асосида амалга ошириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар халқаро ихтисослашишни ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш, бу ишларни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитни таъминлаш, саноат тармоқларида устувор йўналишларни белгилаш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрадилар.
3-модда
Томонлар:
кооперация бўйича товарлар етказиб бериш деганда хом ашё, материаллар, узеллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар, ярим тайёр, бутловчи маҳсулотларни ҳамда технология жиҳатидан ўзаро боғлиқ бўлган ва тайёр маҳсулотни биргаликда тайёрлаш учун зарур бўлган тармоқда ва тармоқлараро фойдаланишга мўлжалланган бошқа буюмларни етказиб бериш тушунилади,
хизмат кўрсатиш деганда лойиҳа, тузатиш ишлари, техник хизмат кўрсатиш ва технология операциялари тушунилади,
божхона тартиби доирасида қайта ишлаш маҳсулотларини етказиб бериш деганда Томонлар давлатлари бож қонунларида белгилаб қўйилган шартларга мувофиқ товарлар етказиб бериш тушунилади, деб келишиб олдилар.
4-модда
Томонлар тегишли тармоқ ва тармоқлараро битимлар асосида хўжалик фаолияти субъектлари томонидан тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар (контрактлар)ни ишлаб чиқариш кооперацияси ва бевосита алоқаларнинг асосий шакли деб биладилар.
5-модда
Томонлар қуйидаги тармоқларда ишлаб чиқариш кооперацияси бўйича Битимлар тузишни устувор йўналиш деб ҳисоблайдилар:
ёнилғи — энергетика комплекси ;
металлургия, кимё, нефть-кимё саноати;
машинасозлик саноати;
транспорт ва алоқа;
тиббиёт ва фармакология саноати;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
енгил саноат ;
илмий ва қидирув ишлари;
табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
6-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисидаги тармоқ ва тармоқлараро битимларда кооперация иштирок этаётган ва маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) ихтисосини сақлаб қолаётган корхоналар ва ташкилотлар рўйхати, шунингдек, кооперация асосида маҳсулот етказиб бериш (хизмат кўрсатиш) турлари ва ҳажмлари аниқланади.
7-модда
Ушбу Битимнинг 4-моддасида кўзда тутилган шартномалар (контрактлар) маҳсулотларни божхоналарда расмийлаштириш ва давлатларнинг бож чегаралари орқали ўтказиш учун асосдир.
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган маҳсулотларни (хизматни) декларациялаш ва ҳисобга олиш томонларнинг божхона органлари томонидан уларнинг қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Қайта ишлаб бериш учун бериладиган хом ашёдан кооперация асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотни етказиб бериш Томонлар мамлакатларида амал қилаётган қайта ишлаб бериш учун юбориладиган хом ашё операцияларига доир қонунларга мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар етказиб берилган ҳудуд томони органларининг олиндан берган тегишли ёзма ҳолдаги розилиги бўлмаса, учинчи мамлакатга такрорий экспорт қилинмайди.
10-модда
Томонлар ишлаб чиқариш соҳасида интеграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида ўз мамлакатлари миллий қонунларининг хўжалик фаолияти субъектлари корхоналар ва тармоқлар кооперация алоқаларини тартибга солиш қисми меъёрларини мувофиқлаштириш ва бир-бирига яқинлаштириш бўйича изчил иш олиб боришга келишдилар.
11-модда
Томонлар зарур ҳолларда фан билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш ва экспортга мўлжалланган тармоқларда кооперацияни ривожлантиришни, шунингдек, четдан келтириладиган маҳсулотлар ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи кредитлар ва сармоялар бериш шартларини келишиб оладилар.
12-модда
Томонлар қуйидаги муаммоларни биргаликда ишлаб чиқишни ташкил этиб, уларни ҳал қилишни манфаатдор вазирликлар ва идораларга топширадилар:
маркетинг, лизинг тадқиқотлари ўтказиш ва кўргазмалар ташкил қилиш, хизматларни бажариш;
мамлакатлар ўртасида мижозларни қидириб топишда, шартномалар (контрактлар)ни тайёрлаш, тузиш ва уларни бажаришда кўмаклашадиган замонавий алоқаларни ривожлантириш;
мутахассислар тайёрлаш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш.
13-модда
Мазкур Битим томонларнинг ўзаро розилигига кўра ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.
Мазкур Битимга ўзгартиришлар ва қўшимчалар қарорлар билан расмийлаштириб қўйилади, улар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
14-модда
Мазкур Битимни талқин этиш ёки қўлланиш билан боғлиқ баҳслар аввало Томонлар ўртасида маслаҳатлашиш ва музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилинади.
15-модда
Мазкур битим 10 йил муддатга тузилади ва уни имзоланган кундан кучга киради. Унинг амал қилиш муддати агар томонлардан бири навбатдаги давр тугашидан камида олти ой олдин Битим ҳаракатларини тўхтатиш тўғрисидаги ўз ниятини ёзма хабар бериш йўли билан баён этмаса кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
1996 йил 4 сентябрда Тошкент шаҳрида, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида, икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)