Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳуқуқий ахборотни айирбошлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага, 1992 йил 26 июндаги Иқтисодий ахборотни айирбошлаш тўғрисидаги Битимга, 1993 йил 24 сентябрдаги Кўп томонлама битимлар бажарилишини ахборот билан таъминлаш тўғрисидаги Битимга ва МДҲ қатнашчилари бўлган давлатлар томонидан қабул қилинган бошқа ҳужжатларга амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар эълон қилишга очиқ бўлган давлатлараро айирбошланиши керак бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар Рўйхатида белгиланган (илова қилинмоқда) масалалар бўйича икки томонлама ҳуқуқий ахборот айирбошлаш зарурлигини тан оладилар. Юқорида кўрсатилган рўйхат Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.
Томонлар қуйидагиларга келишдилар:
бир-бирларига амалдаги ёки амалда бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни бериш;
қонунларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида бир-бирларига ахборот бериш, янгидан қабул қилинган қонунларни, шунингдек юридик адабиётни ва келишув бўйича норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини айирбошлаш;
ҳукуқий ахборотни айирбошлаш Томонларнинг давлатлараро айирбошлаш бўйича функция бевосита юкланган адлия вазирликлари ўртасидагина амалга оширилади;
ҳар йили Томонларнинг адлия вазирликлари орқали бир-бирлари учун Парламентларнинг ахборотномаларига, Ҳукумат қарорлари тўпламларига ва бошқа юридик нашрларга обунани расмийлаштириш.
2-модда
Томонларнинг ҳар бири халқаро стандартлар билан белгиланган хабар бериш усулларига риоя қилган ҳолда иккинчи Томонга ҳуқуқий ахборот бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
Ҳамкорлик давомида Томонлардан бири томонидан олинадиган ахборот учинчи Томонга фақат ушбу ахборотни берган Томоннинг розилиги билан берилиши мумкин.
Томонлар маълумотлар базаларини айирбошлашда бир-бирларига Томонларнинг классификаторларини беришни зарур деб ҳисоблайдилар.
3-модда
Томонлар ўз ахборот ресурсларидан фойдаланиб, ахборот маълумотлари беришнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва ўз вақтидалиги учун жавоб берадилар.
4-модда
Томонлар ҳуқуқий ахборотни давлатлараро айирбошлаш ишларини мувофиқлаштирадиган адлия вазирликлари орқали ҳуқуқий ахборотни айирбошлаш тизимини барпо этиш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга оширадилар.
5-модда
Ҳуқуқий ахборотни айирбошлаш Томонларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
6-модда
Томонлар ҳуқуқий ахборотни айирбошлашдан ташқари иш тажрибасини, қонунларни қўллаш амалиётини ўзаро ўрганиш мақсадида ўзаро келишувга кўра маслаҳатлашувлар, учрашувлар, илмий-амалий конференциялар ўтказадилар.
7-модда
Мазкур Битим Томонларнинг бошқа халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
8-модда
Мазкур Битим Томонларнинг розилиги билан ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Барча ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Битимнинг ажралмас қисми бўлган протокол билан расмийлаштирилади.
9-модда
Мазкур Битим имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Битим Томонлардан бири ўзининг мазкур Битимнинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида иккинчи Томонни ёзма равишда хабардор қилган санадан бошлаб 6 ой тўлгунгача кучда бўлади.
1996 йил 24 декабрда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда англашилмовчиликлар келиб чиққан тақдирда Томонлар рус тилидаги матнга амал қиладилар.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги ҳуқуқий ахборотни айирбошлаш тўғрисидаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлатлараро айирбошланиши керак бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар
Р Ў Й X А Т И
| 1. | Давлат қурилиши асослари |
| 2. | Давлат хавфсизлиги |
| 3. | Мудофаа |
| 4. | Давлат хизмати |
| 5. | Ташқи сиёсат, халқаро ва ташқи иқтисодий муносабатлар |
| 6. | Маъмурий қонунчилик |
| 7. | Адлия. Суд. Прокуратура |
| 8. | Жамоат тартибини муҳофаза қилиш |
| 9. | Жиноят қонунчилиги |
| 10. | Жиноят-процессуал қонунчилик |
| 11. | Жиноят-ижроия қонунчилик (ахлоқ тузатиш-меҳнат қонунчилиги) |
| 12. | Фуқаролик ҳуқуқи ва оила ҳуқуқи |
| 13. | Фуқаролик-процессуал ва хўжалик қонунчилиги |
| 14. | Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш |
| 15. | Ижтимоий суғурта ва ижтимоий таъминот |
| 16. | Молия ва кредит |
| 17. | Корхоналар ва тадбиркорлик фаолияти |
| 18. | Саноат |
| 19. | Қурилиш ва архитектура комплекслари |
| 20. | Қишлоқ хўжалиги |
| 21. | Савдо |
| 22. | Транспорт ва алоқа |
| 23. | Уй-жой-коммунал хўжалиги ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш |
| 24. | Таълим, фан, маданият |
| 25. | Соғлиқни сақлаш |
| 26. | Ер, ер ости бойликлари, сув, ҳаво кенглиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда табиий бойликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари |
| 27. | Геодезия, картография, гидрометеорология |