Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашаётган Томонлар», деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни тенглик ва ўзаро фойдалилик асосида ривожлантиришга интилиб,
ҳар бир давлатнинг мустақил ташқи иқтисодий сиёсат юргизиш суверен ҳуқуқидан келиб чиқиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон иқтисодий имкониятларини ўзаро фойдали ҳамда кооперация алоқалари ва ҳамкорликларини ривожлантириш асосида ўстиришга ёрдам беришни мақсад қилиб,
ўзаро иқтисодий ҳамкорликни эркин ривожлантиришга содиқликларини тасдиқлаб,
товарларнинг эркин ташилиши ва хизматлар кўрсатилиши ўзаро келишилган чора-тадбирлар амалга оширилишини талаб этишини тан олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистоннинг Тарифлар ва савдо бош Битими (ТСББ) ва Бутун жаҳон савдо ташкилоти (БСТ) принципларига содиқлигини тасдиқлаб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашаётган Томонларнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилик нормаларига риоя қилган ҳолда яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, иқтисодий суверенитет, ўзаро фойдалилик принципларига асосланади.
Аҳдлашаётган Томонлар мазкур Битим қоидаларига мувофиқ узоқ муддатли савдо-иқтисодий ҳамкорлик йўналишларини келишиб олишга оид аниқ чора-тадбирларни кўрадилар.
2-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўз ўрталаридаги савдо-иқтисодий муносабатларни барқарорлаштириш учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни кўрадилар ва Аҳдлашаётган Томонлар хўжалик субъектлари учун, уларнинг мулкчилик шаклларидан қатъи назар, қулай шароитлар яратадилар.
Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон бошқа Аҳдлашаётган Томон иқтисодиёти ва савдосига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тияди.
3-модда
1. Аҳдлашаётган Томонлар бир-бирлари учун эркин савдо тартибини жорий қиладилар.
Аҳдлашаётган Томонлар бир Аҳдлашаётган Томон давлат бож ҳудудидан чиқаётган ва бошқа Аҳдлашаётган Томон давлат бож ҳудудига мўлжалланган товарлар экспорт ва/ёки импортига нисбатан Аҳдлашаётган Томонлар давлат қонунчиликларида назарда тутилган процедура йиғимларидан ташқари эквивалент таъсирга эга бўлган бож пошлиналари, солиқлар ва йиғимларни, шунингдек, миқдорий чеклашларни қўлламайдилар. Келишилган товарлар номенклатураси бўйича мазкур савдо тартибидан истиснолар ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланадиган ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.
2. Аҳдлашаётган Томонлар мазкур модданинг 1-бандига мувофиқ эркин савдо режимидан истиснолар умумий рўйхатини, шунингдек бундай истиснолар қўллаш методларини ишлаб чиқадилар ва келишиб оладилар.
3. Мазкур Битим мақсадига ва у амалда бўлган даврда Аҳдлашаётган Томон давлат ҳудудида ишлаб чиқарилган товарлар деганда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукуматлар Бошлиқлари Кенгаши 1993 йил 24 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш қоидаларига мувофиқ аниқланадиган товарлар тушунилади.
4-модда
Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон:
бошқа Аҳдлашаётган Томоннинг мазкур Битим таъсири жорий этиладиган товарларига тўғри ва эгри солиқлар солмайди, ўзида ишлаб чиқарилган ёки учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган худди ана шундай товарларга солинадиган тегишли солиқ ёки йиғимлардан кўпроқ бўлган ички солиқ ёки йиғимларни қўлламайди;
мазкур Битим таъсири жорий этиладиган товарлар импорти ёки экспортга нисбатан ана шундай вазиятларда ўзида ишлаб чиқарилган ёки учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган худди шундай товарларга қўлланмайдиган қандайдир махсус чеклашлар ёки талабларни киритмайди;
бошқа Аҳдлашаётган Томон давлат ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни омборларга жойлаш, қайта юклаш, сақлаш, ташишга нисбатан ана шундай ҳолатларда ўз товарларига ёки учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан қўлланиладиган ўзгача тўловларни ва тўловларни юбориш қоидаларини қўлламайди.
5-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўзаро савдода бошқа Аҳдлашаётган Томонга нисбатан камситув чора-тадбирларни қўллашдан, мазкур Битим доирасида товарлар экспорти ва/ёки импортига миқдорий чеклашлар ёки уларга тенг бўлган чора-тадбирларни қўллашдан ўзларини тиядилар.
Аҳдлашаётган Томонлар миқдорий ёки бошқа махсус чеклашларни бир томонлама тартибда фақат оқилона меъёрда ва қатъий белгиланган муддатга белгилашлари мумкин.
Бундай чеклашлар истисно тусида бўлиб, ТСББ/БСТ доирасидаги битимларда назарда тутилган ҳолатлардагина қўлланилиши мумкин.
Чеклашни мазкур моддага мувофиқ қўллаётган Аҳдлашаётган Томон бошқа Аҳдлашаётган Томонга эслатилган чеклашларни қўллашнинг асосий сабаблари, шакллари ва тахмин қилинган муддатлари тўғрисидаги тўлиқ ахборотни иложи борича эртароқ тақдим этиши керак, ана шундан сўнг маслаҳатлашувлар белгиланади.
6-модда
Мазкур Битим Аҳдлашаётган Томонлардан ҳар бирининг ўз ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисоблайдиган ёки ўзи қатнашчиси бўлган ёки қатнашчиси бўлишни истаган халқаро шартномаларни бажариш учун сўзсиз зарур бўлган ташқи иқтисодий алоқалар соҳасида халқаро амалиётда умумий қабул қилинган чора-тадбирларни бир томонлама қўллаш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди, агар бу чора-тадбирлар қуйидагиларга дахлдор бўлса:
одамлар ҳаёти ва соғлиғини, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, жонзодлар ва ўсимликларни қўриқлаш;
жамоат ахлоқи ва жамоат тартибини сақлаш;
миллий хавфсизликни таъминлаш;
қурол-яроғ, ўқ-дори ва ҳарбий техника билан савдо қилиш;
парчаланувчи материаллар ва радиоактив моддаларни етказиб бериш, радиоактив чиқитлардан фойдаланиш;
олтин, кумуш ёки бошқа қимматбаҳо металлар ва тошлар билан савдо қилиш;
қайта тикланмайдиган табиий ресурсларни сақлаш;
тўлов баланси бузилиши;
давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастурининг амалга оширилиши натижасида ички нархлари жаҳон нархларидан паст бўлган маҳсулот экспортини чеклаш;
саноат ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
миллий бойлик қадриятларини ҳимоя қилиш;
уруш даврида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда халқаро муносабатларда қўлланиладиган чора-тадбирлар;
халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш мақсадида БМТ Устави асосидаги мажбуриятларни бажаришга оид ҳаракатлар.
Бундай чора-тадбирларни мазкур моддага мувофиқ қўллаётган Аҳдлашаётган Томон бошқа Аҳдлашаётган Томонга эслатилган чеклашларни жорий қилишнинг асосий сабаблари, шакллари ва тахмин қилинган муддатлари тўғрисидаги ахборотни иложи борича эртароқ тақдим этиши керак, ана шундан сўнг маслаҳатлашувлар белгиланади.
7-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар алоҳида банклараро битим билан келишиб олинади.
Аҳдлашаётган Томонлар давлатлари субъектлари ўртасидаги етказиб берилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун ўзаро ҳисоб-китоб жаҳон бозорлари конъюнктураси асосида шартнома нархларида амалга оширилди.
8-модда
Аҳдлашаётган Томонлар биргаликдаги ишлаб чиқариш фаолиятининг самарали шаклларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдиган, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, унинг номенклатурасини кенгайтириш ва ўзаро етказиб беришлар ҳажмларини кўпайтириш мақсадида иқтисодиётнинг турли тармоқларида давлатлараро хўжалик тузилмаларини ташкил этишга ёрдам берадилар.
Аҳдлашаётган томонлар узоқ муддатли тармоқ ва тармоқлараро битимлар асосида ишлаб чиқаришларни ўзаро фойдали ихтисослашувини ривожлантиришга ёрдам бериш мақсадга мувофиқ эканлигини тан олдилар.
9-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўз фаолиятларини мувофиқлаштирар эканлар давлат иштирокидаги ишлаб чиқариш, тижорат, кредит-молия, суғурта ва аралаш трансмиллий бирлашмаларни, холдинг ва лизинг компанияларни ташкил этиш ҳамда ривожлантиришга, шунингдек, қўшма хусусий корхоналарни ташкил этиш ва улар фаолиятида Аҳдлашаётган Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги доирасида ҳамкорликнинг бошқа замонавий шаклларини ривожлантиришга ёрдам берадилар.
10-модда
Аҳдлашаётган Томонлар транспорт ва алоқа тизимларини ривожлантириш ва ишлатиш, сувдан фойдаланиш, нефтни қайта ишлаш, табиий газ ва электр энергияни ўзаро етказиб бериш, пахтачилик, чорвачилик, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, бунинг учун зарур объектлар ва иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайдилар.
11-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўзаро делегациялар алмашиш, ярмарка ва кўргазмаларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун қулай шароитлар яратишга ҳар томонлама ёрдам берадилар.
12-модда
Аҳдлашаётган Томонлар транзит эркинлиги принципига риоя қилиш мазкур Битим мақсадларига эришишнинг муҳим шарти ҳамда уларни халқаро меҳнат тақсимоти ва кооперацияси жараёнига киритишнинг аҳамиятли элементи эканлигига розидирлар.
Шунга кўра ҳар бир Аҳдлашаётган Томон бошқа Аҳдлашаётган Томон бож ҳудудида ишлаб чиқарилган ва/ёки учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилиб, бошқа Аҳдлашаётган Томон бож ҳудудига ёки исталган учинчи мамлакатга мўлжалланган товарларни ўз давлати ҳудуди орқали тўсиқсиз транзитини таъминлайди ва товарни экспорт, импорт қилувчиларга ҳамда ташувчиларга транзитни таъминлаш учун барча мавжуд ва зарур восита ҳамда хизматларни ўз экспорт, импорт қилувчилари ёки ташувчиларига ёки исталган учинчи давлат экспорт, импорт қилувчилари ёки ташувчиларига бериладиган восита ва хизматлардан ёмон бўлмаган шартларда тақдим этадилар.
Бир Аҳдлашаётган Томон товарлари, транспорт воситалари бошқа Аҳдлашаётган Томон давлат ҳудудидан ўтаётганда бож пошлинаси ундирмайди, шунингдек, транзит муносабатида белгиланадиган солиқлар ва бошқа йиғимлар солинмайди.
13-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ишга оид амалиётга ноинсофларча муносабатда бўлишни мазкур Битим мақсадига мос эмаслигини тан оладилар ҳамда унинг қуйидаги методларига йўл қўймасликни ва бартараф этишни зиммаларига оладилар:
Аҳдлашаётган Томонлар давлатлари ҳудудларида рақобатга тўсқинлик қилиш ёки уни чеклашни ёки унинг шартларини бузишни мақсад қилиб қўйган корхоналар ўртасидаги шартномалар, корхоналар бирлашмалари томонидан қабул қилинган қарорлар ва ишга оид амалиётнинг умумий методлари;
бир ёки бир неча корхоналарни Аҳдлашаётган Томонлар давлатларининг бутун ҳудудида ёки унинг сезиларли қисмида рақобатни чеклаб ўз устунлик ҳолатидан фойдаланиш ҳаракатлари.
14-модда
Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон товарлар экспорти муносабатида шу товарлар ишлаб чиқарилган бошқа Аҳдлашаётган Томон давлат тартибга солиш чора-тадбирларини қўллаётган товарларнинг рухсатсиз реэкспорт қилинишига йўл қўймайди. Аҳдлашаётган Томонлар рухсатсиз реэкспорт қилиш тақиқланадиган товарлар рўйхатини белгилайдилар, шунингдек, давлат томонидан тартибга солиш чора-тадбирлари қўлланиладиган товарлар рўйхатини ўзаро алмашадилар.
Бундай товарларни учинчи мамлакатларга реэкспорт қилиш фақат шу товарлар ишлаб чиқарилган давлат ваколатли органининг ёзма розилиги ва у белгилайдиган шартларда амалга оширилиши мумкин.
15-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ташқи иқтисодий алоқаларни, шу жумладан, савдо, инвестиция, солиқ солиш, банк ҳамда суғурта фаолияти ва бошқа хизматлар, транспорт ва божхона масалалари, Аҳдлашаётган Томонга дахлдор бож статистикаси масалалари бўйича ҳам ички ҳуқуқий тартибга солиш тўғрисидаги ахборотни мунтазамлик асосида алмашиб турадилар.
Аҳдлашаётган Томонлар мазкур Битимнинг бажарилишига таъсир этиши мумкин бўлган миллий қонунчиликдаги ўзгартиришлар тўғрисида бир бирларини тезлик билан хабардор қиладилар.
Аҳдлашаётган Томонларнинг вакил қилинган органлари бундай ахборотни алмашиш тартибини келишиб оладилар.
Мазкур модда қоидалари:
ҳар иккала Аҳдлашаётган Томонлар ваколатли органларини Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг қонунчилигига кўра ёки оддий маъмурий амалиёт жараёнида олиш мумкин бўлмаган ахборотни;
бирорта савдо, тадбиркорлик, саноат, тижорат ёки касб-корлик сирини ошкор этувчи ахборотни беришни мажбурловчи тарзида талқин қилмайди;
16-модда
Икки томонлама иқтисодий муносабатларни тарифли ёки нотариф тартибга солиш чора-тадбирларини амалга оширишда статистика ахборотини алмашиш, бож тартиб-қоидаларини ўтказишда Аҳдлашаётган Томонлар Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлашган тизимига ҳамда Европа Иқтисодий ҳамжамиятининг комбинация қилинган тариф-статистика номенклатурасига асосланган ягона тўққизта рақамли Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасидан (ТИФ ТН) фойдаланадилар. Бунда Аҳдлашаётган Томонлар ўз эҳтиёжлари учун
зарур бўлган ҳолларда Товар номенклатурасини тўққизта рақам доирасидан ташқарида ривожлантиришни амалга оширадилар.
Товар номенклатурасининг эталон нусхасини юритиш ўзаро келишилган асосда тегишли халқаро ташкилотларда бор бўлган вакилликлар орқали амалга оширилади.
17-модда
Аҳдлашаётган Томонлар учинчи мамлакатларга нисбатан экспорт назоратининг келишилган сиёсатини амалга ошириш мақсадида мунтазам маслаҳатлашувларни амалга оширадилар ва экспорт назоратининг самарали тизимини яратиш мақсадида ўзаро келишилган чора-тадбирларни кўрадилар.
18-модда
Мазкур Битимдаги ҳеч нарса Аҳдлашаётган Томонлардан бирортасига учинчи мамлакатлар билан муносабатлар ўрнатишига, шу Аҳдлашаётган Томон иштирокчиси бўлган ёки бўлмоқчи бўлган қандайдир бошқа халқаро битимга кўра зиммасига олган мажбуриятларни бажаришига, агар бу муносабат ва мажбуриятлар мазкур Битим қоида ва мақсадларига зид бўлмаса, тўсқинлик қилмайди.
19-модда
Аҳдлашаётган Томонлар ўртасида мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш борасидаги баҳслар музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал этилади.
Аҳдлашаётган Томонлар ўзаро савдода низоли вазиятларни келтириб чиқармасликка ҳаракат қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонлар иккала давлат хўжалик субъектлари ўртасида тижорат контрактлари ёки битимларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келган баҳсларни, агар уларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилиш мумкин бўлмаган ҳолда ва, агар бошқачаси белгиланмаган бўлса, Аҳдлашаётган Томон давлати ҳудудида ёки контрактни имзолаган Томонлар белгилайдиган учинчи давлатлар ҳудудида ташкил этиладиган арбитраж судлар (доимий ёки «ab hoc») нинг мутлақ ваколатига айланишини белгилайдилар.
Ҳар бир Аҳдлашаётган Томон ўз давлати ҳудудида миллий қонунчилик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ арбитраж қарорларини тан олиш ҳамда уларни бажаришнинг самарали воситалари бўлишини таъминлайдилар.
20-модда
Мазкур Битим мақсадларини амалга ошириш ва иккала мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш учун Аҳдлашаётган Томонлар
Ўзбекистон — Туркманистон қўшма комиссиясини таъсис этишга розилик билдирдилар. Комиссия ишининг регламенти Аҳдлашаётган Томонлар ўртасида алоҳида Протокол билан белгиланади.
21-модда
Аҳдлашаётган Томонлар бир-бирларининг давлат ҳудудларида савдо-иқтисодий ваколатхоналарни ҳар бир Аҳдлашаётган Томон миллий қонунчилигига мувофиқ очишлари мумкинлигини келишиб олдилар.
22-модда
Мазкур Битимга зарур бўлган ҳолларда Аҳдлашаётган Томонлар розилиги билан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
23-модда
Мазкур Битим Аҳдлашаётган Томонлар томонидан унинг кучга кириши учун зарур бўлган барча расмиятчиликлар бажарилганлиги тўғрисида ёзма хабар олинган охирги кундан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим Аҳдлашаётган Томонлардан бирининг унинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисидаги мақсади ёзма ҳолда хабар қилинган кундан бошлаб ўн икки ой ўтгач ўз кучини йўқотади.
Мазкур Битимнинг амалда бўлиши тўхтатилганда унинг қоидалари иккала Аҳдлашаётган Томонлар хўжалик фаолияти субъектлари ўртасида тузилган, аммо у амалда бўлган даврда бажарилмаган контрактларга нисбатан улар тўлиқ бажарилмагунга қадар, бироқ беш йилдан кўп эмас, қўлланилаверади.
1996 йил 16 январда, Чоржўй шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битимни талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)