Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдодан ташқари тўловлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади, Ўзбекистон Республикаси билан Молдова Республикаси ўртасида савдодан ташқари тўловларни амалга оширишда пул маблағлари эркин ўтказилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар.
1-модда
Томонлар Томонлардан бирининг ҳудудига доимий равишда ёки вақтинча келувчи жисмоний шахсларга, шунингдек Томонлардан бирининг ҳудудида расмий равишда рўйхатга олинган юридик шахсларга савдодан ташқари тўловларнинг қуйидаги турлари бўйича пул маблағларининг эркин ўтказилишини таъминлайдилар:
1. Ижтимоий-аҳамиятли тўловлар
1.1. Пенсиялар, алиментлар, давлат нафақалари, тўловлар ва компенсацияларни ўтказиш, ходимлар томонидан меҳнат вазифалари бажарилиши билан боғлиқ бўлган майиб бўлиш, касб касаллиги ёки саломатлигига бошқа шикаст етиши натижасида етказилган зиённи қоплаш бўйича тўловлар ҳам шу жумлага киради.
1.2. Суд ва тергов органларининг ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ва ҳал қилув қарорлари асосида тўланадиган сумма.
1.3. Фуқароларнинг вафот этиши билан боғлиқ тўловлар (транспорт харажатлари ва дафн этиш харажатлари).
1.4. Суд, тергов, ҳакамлик, нотариал ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг харажатларини қоплаш бўйича тўловлар, шунингдек бу органлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат пошлинаси.
1.5. Сиёсий қатағонлар қурбонлари, уларнинг оила аъзолари ва меросхўрларига пул компенсациялари ўтказиш.
2. Бошқа тўловлар
Томонлар қуйидаги пул жўнатмалари бўйича тўловларни вакил қилинган банклар ва ташкилотлар корреспондент счётларида тегишли валюта бор бўлган тақдирда амалга оширадилар.
2.1. Томонларнинг давлатлараро битимлар бўйича корхоналарга, муассасаларга, ўқув юртларига ишлаш ёки ўқиш учун келган фуқароларига тўланадиган иш ҳақи, стипендиялар, суткаликлар ва бошқа пул тўловлари;
2.2. Томонларнинг келишуви бўйича дипломатик, консуллик, савдо, транспорт ваколатхоналарига ва бошқа ваколатхоналарга сарфланадиган харажатлар, шунингдек делегацияларни хизмат сафарига юбориш харажатлари;
2.3. Ижтимоий суғурта бўйича бадаллар;
2.4. Давлат муассасалари эҳтиёжлари учун бинолар сотиб олиш ва қуриш;
2.5. Муаллифлик ҳуқуқи бўйича муаллифлик қалам ҳақлари ва тўловлари бериш.
2.6. Чеклар, пул аккредитивлари ва жўнатмаларнинг пулини тўлашдан ҳосил бўлган пул маблағлари қолдиғи, шунингдек бўлган мамлакатидан олиб келинган нақд валюта қолдиғи;
2.7. Томонлардан бирининг фуқаролари иккинчи томоннинг ўқув юртларида ўқиганлиги учун тўланадиган ҳақ;
2.8. Томонлардан бирининг фуқароларини иккинчи Томоннинг даволаш муассасаларида даволаш, зарур тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тўловлар;
2.9. Жамоат ташкилотларига бериладиган бадаллар;
2.10. Кўргазмалар ва ярмаркалар ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, эркин алмаштириладиган валютадаги тўловлар, улар бўйича ҳисоб-китоблар тартиби Томонларнинг келишуви бўйича белгиланадиган капитал қўйилмаларга харажатлар ва бошқа моддий харажатлар бундан истисно;
2.11. Томонларнинг банкларидаги омонатлар, депозитлар ва улар бўйича даромадлар кўринишида мулк ҳуқуқи билан фуқароларга тегишли бўлган маблағларни ўтказиш;
2.12. Мерос қилиб қолдирилган суммаларни, мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни сотишдан олинган суммаларни ўтказиш;
2.13. Транспорт ва алоқа хизматларига ҳақ тўлаш;
2.14. Халқаро конгресслар, симпозиумлар, конференциялар, спорт тадбирлари ва маданий тадбирларни, шунингдек бошқа халқаро учрашувларни ўтказиш;
2.15. Уюштирилган ва уюштирилмаган туризм;
2.16. Артистларнинг гастроллари ва кинофильмлар ижараси;
Томонлар Томонларнинг Молия вазирликларига савдодан ташқари тўловларнинг ушбу моддада кўрсатилган рўйхатига ўзгартириш ва аниқликлар киритиш ваколатини берадилар.
2-модда
Савдодан ташқари операциялар бўйича тўловлар тўловчи мамлакатнинг валютасида амалга оширилади.
Савдодан ташқари операциялар бўйича пул маблағлари жўнатмаларини тўлаш олувчи мамлакатнинг валютасида амалга оширилади.
Мазкур Битимнинг 1-моддасида келтирилган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар томонларда амалда бўлган курслари бўйича амалга оширилади.
Томонлар мазкур Битимнинг 1-моддаси 1-бандида кўрсатилган ижтимоий аҳамиятга эга бўлган савдога тегишли бўлмаган тўловларни амалга оширувчи ваколатли банклар ва ташкилотларга уларнинг корреспондент счётларидаги пассив қолдиқларини эркин алмаштириладиган валютага алмаштиришни кафолатлайдилар.
Томонлардан бири миллий валютасининг иккинчи Томон миллий валютасига нисбатан расмий курси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молдова Миллий банки томонидан белгиланади.
3-модда
Томонларнинг алоқа вазирликлари савдодан ташқари тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича икки томонлама битимлар тузадилар. Битимлар Томонларнинг Молия вазирликлари ва Марказий (Миллий) банклари билан келишилади.
4-модда
Томонларнинг ҳар бири, зарурият туғилганда, Давлатлараро Битимлар ва ҳар иккала давлатнинг миллий қонунчилиги доирасида иккинчи Томонни, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларни ўтказиладиган тўловларнинг тўхтатилиши ёки юқорида қайд этилган тўловларни амалга ошириш амалиётида келгусида бўладиган ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида, камида 3 ой олдин хабардор қилган ҳолда чеклашлар жорий этишлари мумкин.
5-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра алоҳида протокол билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган протокол ушбу Битимнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.
6-модда
Ушбу Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ низоли масалалар маслаҳатлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
7-модда
Мазкур Битим уни қабул қилиш учун зарур бўлган давлат ичидаги тартиблар Томонлар томонидан бажарилиши тўғрисида ёзма ҳолда охирги хабар олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амалда бўлишини тўхтатиш тўғрисида ўз ниятини иккинчи томонга дипломатик каналлар орқали хабар қилмагунга қадар амалда бўлади.
Ушбу ҳолда Битим Томонлардан бири томонидан бундай билдириш хати олинган санадан бошлаб уч ой ўтгандан кейин ўз кучини йўқотади.
1995 йил 30 мартида Кишинев шаҳрида ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди.
Ушбу Битимнинг бирор-бир моддасини талқин қилишда келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда рус тилидаги матн маълумотнома матн ҳисобланади.
(имзолар)