Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Халқаро автомобиль қатнови тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
икки томонлама иқтисодий ва савдо муносабатларини чуқурлаштириш заруратидан келиб чиқиб ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш асосларини яратишни истаб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар иккала мамлакат ўртасида, шунингдек, транзит билан уларнинг ҳудудлари орқали учинчи мамлакатга мунтазам ва номунтазам равишда автобуслар билан йўловчилар ва прицепли ёки прицепсиз юк автомобилларида ёки ярим прицепли автомобилларда юк ташишни, шунингдек енгил автомобилларда якка-якка ёки гуруҳ бўлиб сайр қилишларни амалга оширишни шартлашиб олдилар.
2-модда
Автобусларда йўловчиларни мунтазам равишда ташиш ташкилот (фирма)нинг номи, транспорт тури, юриш йўналиши, ҳаракат жадвали, тариф, йўловчиларни чиқариш ва тушириш жойлари, юк ташишларни бажариш даври ва мунтазамлиги тўғрисида олдиндан Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга кўра ташкил этилади.
3-модда
Иккала Томон ўртасида ёки транзит билан уларнинг ҳудудлари орқали йўловчиларни автобусларда номунтазам ташишлар, мазкур Битимнинг 4-моддасида назарда тутилган юк ташишлар бундан мустасно, томонларнинг ваколатли органлари томонидан берилаётган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Йўловчиларни номунтазам ташишни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисида ариза юк ташувчи томонидан ўз мамлакатининг ваколатли органига юборилади, у ўз навбатида аризани иккинчи Томоннинг ваколатли органига жўнатади.
Томонларнинг ваколатли органлари ўз ҳудудларидан ўтадиган участка учун рухсатнома берадилар.
Берилган рухсатнома у ёққа ва буёққа бир марта бориб келиш ҳуқуқини беради.
4-модда
Томонлар йўловчиларни автобусларда номунтазам ташишни бажариш учун рухсатнома талаб этилмайдиган куйидаги ҳолларни келишиб олдилар:
1) агар бир хил ўша таркибдаги йўловчилар гуруҳи автобус рўйхатдан ўтказилган Томон ҳудудида бошланувчи ва тамом бўлувчи бутун сайр давомида бир хил ўша автобусда ташилса;
2) агар бир хил ўша таркибдаги йўловчилар гуруҳи автобус рўйхатдан ўтказилган Томон ҳудудида бошланадиган ва бошқа Томон ҳудудида тамом бўладиган бутун сайр давомида бир йўналишда ташилса, бунда автобус у рўйхатдан ўтказилган мамлакатга бўш ҳолда қайтиши шарт.
3) агар автобус ўриндиқлари, ҳайдовчининг ўрнини ҳам қўшганда 8 ўриндан ошиб кетмаса.
4) Йўловчиларни номунтазам ташишни амалга ошираётган носоз автобусни рухсатномага кўра бошқа автобусга алмаштиришда.
5) Енгил автомобилларда сайр қилиш учун.
Мазкур моддада назарда тутилган юк ва йўловчи ташишларни бажаришда автобус ҳайдовчиси йўловчиларнинг номи ёзилган рўйхатга эга бўлиши керак.
5-модда
Иккала мамлакат ўртасида ёки транзит билан уларнинг ҳудудлари орқали прицепли ёки уларсиз ёки ярим прицепли юк автомобилларида юкларни ташиш Томонларнинг ваколатли органлари томонидан берилган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Мазкур Битим билан назарда тутилган юкларни ташиш шакли умум томонидан қабул қилинган халқаро намунага мувофиқ бўлиши керак бўлган юк хати (накладной) бўйича амалга оширилади.
Томонларнинг ваколатли органлари юкларни ташиш учун рухсатномалар бланкаларини бир-бирларига ўзаро келишиб олинган миқдорда ҳар йили бериб турадилар. Ушбу бланкларда рухсатнома берган ваколатли органнинг муҳри ва имзоси бўлиши керак.
6-модда
5-моддада назарда тутилган рухсатномалар қуйидаги юк ва йўловчилар ташишларни амалга ошириш учун талаб қилинмайди.
1) кўчар мулкни жойдан-жойга кўчирганда;
2) вафот этганлар жасадлари мўмиёланганда ёки кремация қилинганда;
3) ярмаркалар ва кўргазмалар учун мўлжалланган экспонатлар;
4) спорт ва томоша тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган автомобиллар, мотоцикллар, велосипедлар, чорва моллари, шунингдек, мол-мулк ва анжомлар;
5) овоз ёзиш, кинога олиш, телеэшиттиришлар ва театр томошалари учун театр декорациялари ва реквизитлар, мусиқа асбоблари, ускуналар ва анжомлар.
6) почта;
7) шикастланган автотранспорт воситалари.
Мазкур модданинг 3, 4, 5-бандларида назарда тутилган истиснолар, юк ва йўловчилар ташилаётган автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган мамлакатга қайтарилиши керак бўлган ҳолларда қўлланса бўлади.
7-модда
Автотранспорт воситасининг габарити ёки оғирлиги юксиз ёки юк билан бошқа мамлакат ҳудудида белгиланган нормадан ошиб кетса, юк ва йўловчилар ташувчи бошқа Томон ваколатли органларининг махсус рухсатномасини олиши керак.
Худди шу тадбирга бошқа Томон ҳудудида амалда бўлган нормаларга мувофиқ хавфли деб топилган юклар ташилган ҳолларда риоя қилиниши керак.
8-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган халқаро юк ташишлар ўз мамлакатининг ички қонунчилигига кўра шундай юк ташишларни амалга ошириш рухсат этилган юк ва йўловчилар ташувчилар томонидангина бажарилиши мумкин.
Мазкур Битим билак назарда тутилган халқаро юк ва йўловчилар ташишларни амалга оширувчи автотранспорт воситаларида ўз ватанининг миллий рўйхатга олиш номери ва фарқловчи белгилари бўлиши керак.
Томонлар ўз ваколатли органлари томонидан автотранспорт воситаларига бериладиган ҳужжатларни ўзаро тан оладилар.
9-модда
Юк ва йўловчилар ташувчига бошқа Томон ҳудудидаги ички пункт орасида йўловчилар ёки юкларни ташишни амалга ошириш учун, агар бунга бошқа Томон ваколатли органининг махсус рухсатномаси олинган бўлса, рухсат этилади.
Юк ва йўловчилар ташувчи бошқа Томон ҳудуди орқали учинчи мамлакат ҳудудига, шунингдек, учинчи мамлакат ҳудуди орқали бошқа Томон ҳудудига ташишларни, агар учинчи мамлакат қонунчилиги ёки учинчи мамлакат билан ташувчи мамлакат ўртасида тузилган битимлар бундай юк ва йўловчилар ташишларни бажариш имкониятига йўл қўйса, амалга ошириши мумкин.
10-модда
Автотранспорт воситаси ҳайдовчиси миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автотранспорт воситасига берилган миллий рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига эга бўлиши керак.
Миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари йўл ҳаракати тўғрисидаги халқаро Конвенция томонидан белгиланган намунага мос келиши керак.
11-модда
Мазкур Битим асосида халқаро юк ва йўловчилар ташишларни амалга оширишда юк ташиш бажарилаётган мамлакат ҳудудида амалда бўлган ҳаракат қоидаларига, шунингдек, бошқа барча қонун ва қоидаларга, шу жумладан, солиқ қонуни ва қоидаларига риоя қилиниши керак.
Мазкур Битим асосида халқаро юк ва йўловчилар ташишларга Томонлардан ҳар бири ҳудудида юк ва йўловчилар ташишни бажарувчи автотранспорт воситаси кириш вақтида уларга етказилиши мумкин зиёнлардан фуқаролик масъулиятига нисбатан суғурталаб қўйилади.
12-модда
Мазкур Битим асосида бажариладиган юк ташиганлик учун ҳисоб-китоблар, агар тўловлар ҳақидаги битимларда ҳисоб-китобларнинг бошқача шакли айтиб ўтилмаган бўлса, иккала мамлакатда эркин муомалада бўлган эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади.
13-модда
Юк ва йўловчилар ташишни бажаришда иккинчи Томон ҳудудига олиб келинадиган қуйидаги маҳсулот ва буюмлар бож йиғимларидан, пошлиналар ва рухсатномалардан ўзаро озод қилинадилар:
1) автотранспорт воситасининг ҳар бир модели учун тайёрловчи завод томонидан назарда тутилган идишлардаги мавжуд ёнилғи;
2) ташиш вақтида фойдаланиш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
3) халқаро ташиш ишларини бажарувчи автотранспорт воситасини тузатиш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ва асбоблар.
Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар тегишли Томон ҳудудида белгиланган тартибда қайтариб олиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса мамлакатдан олиб чиқиб кетилиши, топширилиши ёки рўйхатдан чиқарилиши керак.
14-модда
Чегара, божхона ва санитария назоратига, шунингдек, мазкур Битимда алоҳида айтиб ўтилмаган барча бошқа масалаларга нисбатан иккала Томон қатнашчилари ҳисобланган халқаро Битимларнинг қоидалари қўлланилади, бундай қоидалар бўлмаган тақдирда эса ҳар бир Томоннинг ички қонунлари ва қоидалари қўлланилади.
15-модда
Оғир беморларни ташиш, йўловчиларни автобусларда мунтазам равишда ташиш, шунингдек, чорва молларини ва тез бузиладиган юкларни ташишда чегара, божхона ва санитария назорати навбатдан ташқари амалга оширилади.
16-модда
Томонлардан бирининг ҳудудида мазкур Битимнинг бирорта қоидаси бузилиши ҳоллари рўй берганда автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган мамлакатнинг ваколатли органи бошқа Томон ваколатли органининг илтимосига кўра мазкур Битимнинг бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган барча чоралар ва санкцияларни кўради. Ваколатли орган кўрилган чоралар тўғрисида иккинчи мамлакатнинг ваколатли органини хабардор қилади.
17-модда
Томонлар ўзаро алоқада бўладилар ва тажриба алмашиш юзасидан вақти-вақти билан маслаҳатлашиб турадилар ҳамда мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган баҳсли масалаларни ҳал этиш учун музокаралар олиб борадилар.
18-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонларнинг улар тузган бошқа халқаро шартномалари ва битимларидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
19-модда
Ушбу Битим иккала томоннинг қонунчилик қоидаларига мувофиқ уни маъқуллаш учун зарур бўлган барча юридик тадбирлар бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради ва беш йил муддат давомида ўз кучида қолади. Томонлардан бири иккинчи Томонни Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш ҳақидаги ўз ниятини мазкур Битим муддати тугашига қадар 90 кун олдин ёзма ҳолда хабар қилмаса, унинг муддати шу кундан бошлаб ўз-ўзидан узайтирилаверади.
1995 йил 21 ноябрда, Тошкент шаҳрида, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим моддаларини талқин қилишда англашилмовчиликлар пайдо бўлса рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)