Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ҳаво қатнови ва ҳаво транспорти соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан буён «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
1944 йилнинг 7 декабрида Чикаго шаҳрида имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенциянинг қатнашчилари бўлгани ҳолда,
ҳаво транспорти соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар хусусида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Ушбу Битимнинг мақсадлари йўлида қуйидаги атамалар қўлланилади:
a) «Конвенция» — 1944 йилнинг 7 декабрида Чикагода имзолаш учун очилган Халқаро Фуқаро Авиацияси тўғрисидаги Конвенция, шунингдек Аҳдлашувчи Томонларга қай даражада эътироф этилгани ва қай даражада қўлланилишига қараб, унга киритилган ҳар қандай илова ва ҳар қандай тузатиш;
b) «авиация маъмурлари»: Ўзбекистон Республикасига нисбатан — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ёки ҳозирги вақтда ушбу авиакомпания бажараётган вазифаларни амалга ошириш ваколати берилган шахс ёки ташкилот, Молдова Республикасига нисбатан — Фуқаро Авиациясининг Давлат Маъмурияти ёки ҳозирги вақтда ушбу вазирлик томонидан бажарилаётган вазифаларни амалга ошириш ваколати берилган ҳар қандай шахс ёки ташкилот;
c) «тайинланган авиакорхона» — ушбу Битимнинг 4-моддасига биноан тайинланган ва ваколат берилган авиакорхона;
d) «ҳудуд» давлатга нисбатан — ушбу давлатнинг мутлақ тасарруфидаги ер юзаси, ҳудудий ва ички сувлари ва улар устидаги самовий ҳудуди;
е) «ҳаво қатнови», «халқаро ҳаво қатнови», «авиакорхона» ва «нотижорий мақсадларда тўхташ» Чикаго Конвенциясининг 96-моддасида кўрсатиб ўтилган маъноларни англатади;
f) «тариф» — вакиллик ва ёрдамчи хизматларнинг тўлови ҳамда шарт-шароитларини ўз ичига олган ҳолда йўловчиларни, йўловчиларнинг юкларини, юк ва почтани ташиш учун тўланадиган ва шу тўловлар қўлланиладиган шароитлар.
2. Ушбу Битимга киритилган иловалар унинг ажралмас қисмини ташкил қилади.
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонга ушбу Битимнинг иловасида кўрсатилган йўналишлар бўйича халқаро ҳаво қатновини ўрнатиш мақсадида ушбу Битимда тавсифланган ҳуқуқларни беради (бундан буён матнда тегишли равишда «шартлашилган йўллар» ва «белгиланган йўналишлар» деб аталади).
2. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси белгиланган йўналишлар бўйича халқаро ҳаво йўлларидан фойдаланиш чоғида:
a) бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидан қўнмаган ҳолда учиб ўтиш;
b) бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги манзилларда тижоратга тааллуқли бўлмаган мақсадларда қўниш;
c) Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудлари оралиғида бораётган йўловчилар, почта ва юкни олиш ва (ёки) тушириш мақсадида иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ушбу Битимнинг иловасида келтирилган манзилларда қўниш;
d) учинчи мамлакатларнинг манзилларига бораётган (манзилларидан келаётган) йўловчилар, йўловчи юки ва юк ёки почтани олиш ва (ёки) тушириш мақсадида бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ушбу Битимнинг иловасида кўрсатилган манзилларда қўниш. Бундай ҳуқуқ Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга биноан берилади.
3. Ушбу модданинг ҳеч қайси бир қоидаси бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига ҳақ эвазига ёки ёлланиш йўли билан ҳаво кемаси ичига бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудидаги бир манзилдан иккинчи манзилгача йўловчилар, юк ёки почта олиш ҳуқуқини беради деб қаралмаслиги лозим.
3-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон парвозлар йўналишлари ва ўз давлат чегаралари устидан учиб ўтиш нуқталарини ўз ҳудуди доирасида ўзи белгилайди.
2. Келишилган йўналишларда ҳаво кемалари парвозлари ва йўловчилар, юк ва почта ташиш, шунингдек, тижорий ҳамкорлик қилиш масалалари, яъни парвозлар такрорийлиги, ҳаво кемалари турлари, ёқилғи қуйиш, ерда ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ва молиявий ҳисоб- китоблар тайинланган авиакорхоналар ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади ва Аҳдлашувчи Томонлар авиация маъмурларига тасдиқ учун тақдим этилади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда бу масалалар Аҳдлашувчи Томонлар авиация маъмурлари томонидан ҳал этилади.
3. Қўшимча ва чартер парвозлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томонларнинг қонунчилигига мувофиқ равишда тайинланган авиакорхоналарнинг олдиндан берилган талабномалари асосида амалга оширилади.
4-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири белгиланган йўналишлар бўйича шартлашилган йўллардан фойдаланиш мақсадида бу ҳақда бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор этган ҳолда бир ёки бир неча авиакорхонани тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.
2. Иккинчи Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани олганидан сўнг ушбу модданинг 3 ва 4-бандлари қоидаларига мувофиқ тайинланган ҳар бир авиакорхонага парвозлар учун дарҳол тегишли рухсатномаларни беради.
3. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари парвозлар учун рухсатнома беришдан олдин иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасидан у халқаро ҳаво йўлларидан фойдаланиш чоғида одатда қўлланиладиган қонунлар ва қоидаларда белгиланган ҳамда ўз даражасига кўра Конвенция талаблари даражасидан четга чиқмайдиган шартларни бажаришга қодирлигини исботловчи далилларни талаб қилишга ҳақлидир.
4. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири парвоз қиладиган авиакорхонага устун эгалик қилиш ва унинг фаолияти устидан ҳақиқий назорат қилиш ҳуқуқи авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига қарашли эканлигини исботловчи далилларга эга бўлмаган ҳар қандай ҳолда, бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган парвозларга рухсат беришни рад этиши ёки тайинланган авиакорхона ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланаётганида бажариши зарур деб ҳисоблайдиган шартлар ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
5. Ушбу моддада кўрсатилган рухсатномани олган тайинланган авиакорхона шартлашилган йўлларда ушбу Битимнинг 13-моддасига мувофиқ бу йўналишларда тарифлар жорий этилган, шунингдек ушбу Битимнинг 3-моддаси 2-бандига мувофиқ техник ва тижорат масалалари ҳал қилинган тақдирда исталган вақтда шартлашилган йўллардан фойдаланишни бошлаши мумкин.
5-модда
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон, башарти:
a) тайинланган авиакорхонага устун даражада эгалик қилиш ёки унинг устидан амалий назорат ўрнатиш бу авиакорхонани тайинлаган Аҳдлашувчи Томонга ёки унинг фуқароларига тегишли эканлигига ишонч ҳосил қилмаган ҳар қандай ҳолда, ёхуд
b) мазкур авиакорхона ҳуқуқларни берган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига риоя этмаётган тақдирда, ёхуд
c) авиакорхона ушбу Битимда белгиланган шартларга қандайдир ўзгача тарзда риоя этмаётган бўлса, парвозларга доир рухсатномани бекор қилиш ёки ушбу Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига берилган ҳуқуқлардан фойдаланишни тўхтатиб қўйиш, ёхуд бу ҳуқуқлардан фойдаланишда ўзи зарур деб ҳисоблаган шартларнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
2. Башарти, рухсатномани дарҳол бекор қилиш, ҳуқуқларни тўхтатиб қўйиш ёки ушбу модданинг 1-бандида келтирилган шартларнинг бажарилишини талаб қилиш қонунлар ва қоидаларнинг бундан кейин ҳам бузилишини бартараф этиш учун зарурий огоҳлантириш деб ҳисобланмаса, ушбу бандда тилга олинган ҳуқуқдан Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги маслаҳатлашувлардан сўнг фойдаланилади. Авиация маъмурлари ўртасидаги бундай маслаҳатлашувлар сўров тушган кундан бошлаб (30) кун ичида бўлиб ўтиши лозим.
6-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар шартлашилган йўллардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш учун барча зарур чораларни кўрадилар. Ана шу мақсад учун ҳар бир Аҳдлашувчи Томон иккинчи Аҳдлашувчи Томон тайинлаган авиакорхонасининг ҳаво кемаларига шартлашилган йўллардан фойдаланиш учун зарур бўлган барча радионуртехникавий, метеорологик ва бошқа хизмат кўрсатиш воситаларини беради.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига қўшимча ва асосий тайёрагоҳлар, ҳаво йўллари, алоқа тармоқлари ва аэронавигация воситалари ҳақидаги, ҳаво кемалари парвозини бошқариш тўғрисидаги ва бошқа масалалар бўйича маълумотларни шартлашилган йўлларда ҳаво кемаларидан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш учун етарли ҳажмларда бериши лозим.
7-модда
1. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро парвозларни амалга ошираётган ҳаво кемаларининг унинг ҳудудига учиб кириши ва унинг ҳудудидан учиб чиқишини ёки ушбу ҳаво кемаларидан фойдаланишни ёхуд уларнинг қатновларини ўз ҳудуди доирасида тартибга солувчи қонунлари ва қоидалари бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ҳаво кемаларига нисбатан қўлланилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг халқаро ташишларга тааллуқли, унинг ҳудудига йўловчилар, экипажлар, юк ва почтанинг кириб келиши, унда бўлиши ва жўнатилишини тартибга солувчи қонунлар ҳамда қоидалар, хусусан паспорт, божхона, валюта ва санитария қоидаларига оид тартиботлар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси ҳаво кемаларига, йўловчилар, экипаж, юк ва почтага нисбатан уларнинг кўрсатилган ҳудуд доирасида бўлиши даврида қўлланилади.
8-модда
Ҳар бир тайёрагоҳдан, жумладан, унинг иншоотлари, техник ва бошқа воситаларидан, ҳамда хизматларидан фойдаланганлик учун олинадиган йиғимлар ва ўзга тўловлар, шунингдек аэронавигация воситаларидан, алоқа воситалари ҳамда хизматларидан фойдаланганлик учун олинадиган ҳар қандай тўловлар ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ўз ҳудудида белгилаб қўйган ставкалар ва тарифларга мувофиқ ундирилади ва улар бошқа давлатларнинг авиакорхоналаридан ундириладиган шундай йиғимлар ва тўловлардан ошмаслиги лозим.
9-модда
1. Тайинланган авиакорхоналарнинг ҳаво кемалари иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудуди устидан парвозларни амалга ошириш вақтида ўз давлатларининг танитиш белгиларига, рўйхатга олиш шаҳодатномасига, парвозларга яроқлилик гувоҳномасига ва Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари белгилаб қўйган ҳаво кемаларининг ўзга ҳужжатларига эга бўлиши лозим. Учувчилар ва экипажнинг бошқа аъзолари белгиланган намунадаги шаҳодатномаларга эга бўлишлари лозим. Бундай шаҳодатномалар ва гувоҳномаларни беришда қўйиладиган талаблар Конвенция талабларига мувофиқ белгиланадиган минимал стандартларга мутаносиб бўлиши ёки улардан юқори бўлиши лозим.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган барча ҳужжатлар, шунингдек Аҳдлашувчи Томонлардан бири томонидан берилган ёки тасдиқланган ва муддати ўтказиб юборилмаган фойдаланувчи шаҳодатномаси ҳамда тегишли ташишларни амалга ошириш учун берилган рухсатномалар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ҳақиқий деб эътироф этилади.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бири тайинланган авиакорхонасининг ҳаво кемаси ноиложликдан қўнганда ёки бошқа ҳодиса содир бўлган тақдирда, ҳудудида ҳодиса содир бўлган Аҳдлашувчи Томон бу ҳақда дарҳол иккинчи Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади, ҳодиса сабабларини текшириш юзасидан зарур чоралар кўради ҳамда иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига биноан бундай ҳодисани текширишда қатнашиш учун шу Аҳдлашувчи Томон вакиллари ўз ҳудудига монеликсиз киришини таъминлайди, шунингдек, башарти, ҳодиса чоғида жабрланган бўлсалар экипаж ва йўловчиларга ёрдам кўрсатиш юзасидан шошилинч чоралар кўради ҳамда ушбу ҳаво кемасидаги почта, йўловчилар юклари ва юкнинг асралишини таъминлайди. Ҳодисани текшираётган Аҳдлашувчи Томон унинг натижалари хусусида иккинчи Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилиши лозим.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудуди орқали тўғри транзит билан ўтаётган ва ана шу мақсад учун тайёрагоҳ ҳудудидан ажратилган жойни тарк этмайдиган йўловчилар, йўловчилар юклари ва юк, агар авиация хавфсизлигини таъминлаш чоралари буни тақозо этмаса, фақат юзаки текширувдан ўтказилади. Тўғри транзит билан ўтаётган йўловчилар юклари ва юк учун божхона божлари ва бошқа солиқлар ундирилмайди.
12-модда
1. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналарига уларнинг тегишли ҳудудлари оралиғида белгиланган йўналишлар бўйича шартлашилган йўллардан фойдаланишда адолатли ва тенг шарт-шароитлар яратиб берилади.
2. Шартлашилган йўллардан фойдаланишда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси ана шу йўналиш бўйича ҳаво йўлидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланаётган иккинчи Аҳдлашувчи Томон тайинланган авиакорхонасининг ташиш ишларига ноодил зиён етказмаслик учун унинг манфаатларини эътиборга олиши лозим. Ана шу мақсадда Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари биргаликда фойдаланиш ёки фойдани келишилган нисбатда баҳам кўриш тўғрисида ўзаро битим тузишлари мумкин.
3. Аҳдлашувчи Томонларнинг тайинланган авиакорхоналари хизмат кўрсатадиган келишилган йўллар белгиланган йўналишлар бўйича ташишларда ижтимоий эҳтиёжларга мувофиқ бўлиши лозим ҳамда ҳар бир авиакорхона шундай сиғим бериш юзасидан биринчи навбатдаги вазифага эга бўлиши керакки, токи у иш билан таъминланишнинг оқилона коэффициентида уларнинг тегишли ҳудудлари ўртасида йўловчилар, юк ва почта ташишда мавжуд ҳамда оқилона мўлжалланган эҳтиёжларга жавоб берсин.
13-модда
1. Тарифлар ҳар қандай шартлашилган йўлларда фойдаланишга кетадиган харажатларни, фойданинг оқилона миқдорини, ҳаво йўли тавсифини (масалан, тезлик ва қулайликларни) ҳамда белгиланган йўналишларнинг ҳар қандай қисми учун бошқа авиакорхоналарнинг тарифларини қўшган ҳолда, барча тегишли омилларни ҳисобга олиб оқилона меъёрларда белгиланиши лозим. Бу тарифлар ушбу модданинг қуйида келтирилган қоидаларига мувофиқ белгиланиши лозим.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган тарифлар, шунингдек мазкур тарифлардан олинадиган вакилликка оид воситачилик ҳақи миқдори, имкониятга қараб, бутун йўналишдан ёки унинг бир қисмидан фойдаланадиган бошқа авиакорхоналар билан фикрлашиб олингандан сўнг манфаатдор тайинланган авиакорхоналар ўртасида белгиланган йўналишларнинг ҳар бири бўйича келишиб олинади. Шу тарзда келишиб олинган тарифлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари томонидан тасдиқланиши лозим.
3. Башарти, тайинланган авиакорхоналар (15) кун мобайнида ана шу тарифларнинг бирортасига рози бўлмасалар ёки бирон бошқа сабабларга кўра тариф ушбу модданинг 2-банди қоидаларига мувофиқ келишиб олиниши мумкин бўлмаса, Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўзаро келишувга биноан тариф белгилашга ҳаракат қилишлари лозим.
4. Башарти, авиация маъмурлари ушбу модданинг 2-бандига мувофиқ уларга тақдим қилинган бирон-бир тарифни тасдиқлаш масаласи бўйича ёки ушбу модданинг 3-бандига мувофиқ бирон-бир тариф белгилаш бўйича келишувга эриша олмасалар, бу келишмовчилик ушбу Битимнинг 21-моддаси шартларига биноан ҳал қилиниши лозим.
5. Ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ белгиланган тарифлар ушбу модда шартларига кўра янги тарифлар белгилангунга қадар ўз кучини сақлаб қолиши лозим.
14-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг тайинланган авиакорхонаси парвозлар бошланишидан камида (30) кун олдин парвозлар такрорийлигини, ҳаво кемасининг типини, ўринлар жойлаштирилиши ва сотиш учун мўлжалланган миқдорини кўрсатиб, тахминий жадвални тасдиқлаш учун иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурларига тақдим этиши лозим.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси тасдиқланган жадвалига киритиладиган ҳар қандай кейинги ўзгартишлар иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари томонидан таъкид этилиши лозим.
15-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси томонидан шартлашилган йўлларда фойдаланилаётган ҳаво кемалари, шунингдек бундай ҳаво кемалари ичидаги уларнинг рўйхатдаги мол-мулки, ёнилғи ва мойлаш материаллари, борт захиралари (озиқ-овқат, ичимлик ва тамаки маҳсулотларини ўз ичига олган ҳолда) иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига келингач, зикр этилган мол-мулк, материаллар ва захиралар уларни қайтариб олиб кетиш пайтига қадар ҳаво кемаси ичида қолиш шарти билан, барча божхона божлари ҳамда бошқа солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади.
2. Шунингдек, бундай божлар, солиқлар ва йиғимлардан (кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган йиғимларни истисно этганда) қуйидагилар озод қилинади:
a) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида шу Аҳдлашувчи Томоннинг маъмурлари белгилаган энг кам миқдорлар доирасида олинган ва иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган йўлларда фойдаланадиган ҳаво кемаси ичида фойдаланиш учун мўлжалланган борт захиралари;
b) иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган йўлларда фойдаланадиган ҳаво кемасига техник хизмат кўрсатиш учун ёки уни таъмирлаш учун Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудига олиб кирилган эҳтиёт қисмлар;
c) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси шартлашилган йўлларда фойдаланадиган ҳаво кемасида ишлатиш учун мўлжалланган ёнилғи ва мойлаш материаллари, ҳатто бу захиралар йўналишнинг уларни бортга олинган иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудуди доирасидаги қисмида ишлатилган тақдирда ҳам.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг тайинланган авиакорхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига ўзининг фойдаланиш эҳтиёжлари учун олиб келган ёки олиб келтираётган ёнилғи, мойлаш маҳсулотлари, эҳтиёт қисмлар, рўйхатдаги мол-мулк, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки буюмларини ўз ичига олган ҳолда борт захиралари, реклама материаллари, автотранспорт, бронлаш ҳамда алоқа учун электрон ускуналар ва уларга эҳтиёт қисмлар, ваколатхоналарни жиҳозлаш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши учун мебель ва ашёлар, уларни олиб киришда, олиб чиқишда ва ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида турган вақтида барча божхона божларидан ҳамда бошқа солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади.
16-модда
1. Тайинланган авиакорхоналар ўртасидаги ҳисоб-китоблар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида амал қилаётган ҳисоб-китоблар ва тўловлар тўғрисидаги битимларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига бу авиакорхона шартлашилган йўллардан фойдаланишдан олган даромаднинг харажатлардан ортган қисмини эркин ўтказиш ҳуқуқини беради. Бу пулларга бирон-бир солиқ солинмайди.
3. Бундай ўтказиш Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги молиявий муносабатларни тартибга солувчи битим қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Бундай битим бўлмаган ёки бундай битимда тегишли қоидалар бўлмаган тақдирда Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли маъмурлари ана шундай ўтказиш тартибини аниқлашлари лозим. Башарти- ки, бу аниқланмаса, ўтказиш эркин алмашиладиган валютада расмий айирбошлов курси бўйича Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида қўлланилаётган валюта айирбошлови қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
17-модда
1. Шартлашилган йўллардан фойдаланишни таъминлаш учун бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонасига иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида зарур маъмурий, тижорат ва техник ходимлар билан ўз ваколатхоналарини очиш ҳуқуқи берилади.
2. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида авиаташувларни ўз ташув ҳужжатларини ишлатиб мустақил равишда сотиш ҳамда шу Аҳдлашувчи Томоннинг қонунлари ва қоидаларига мувофиқ уларни сотадиган вакилларни тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади. Башарти, бир Аҳдлашувчи Томон корхоналарининг иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги авиаташувларни сотишни қўшган ҳолдаги тижорат фаолияти Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги махсус битим билан тартибга солинса ўша битим қўлланилади.
18-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуқлардан келиб чиқадиган ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ фуқаро авиациясининг ғайриқонуний аралашув хатти-ҳаракатларидан хавфсизлигини таъминлашга доир зиммага оладиган ўзаро мажбуриятлари ушбу Битимнинг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайдилар. Аҳдлашувчи Томонлар халқаро ҳуқуққа доир ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг умумий йўналишларини чекламаган ҳолда, 1963 йил 14 сентябрда Токиода имзоланган Ҳаво кемаларида содир этиладиган жиноятчилик ва бошқа ҳаракатлар тўғрисидаги Конвенция, 1970 йил 16 декабрда Гаагада имзоланган Ҳаво кемаларини ғайриқонуний равишда эгаллаб олишга қарши кураш тўғрисидаги Конвенция, ҳамда 1971 йил 23 сентябрда Монреалда имзоланган Фуқаро авиацияси хавфсизлигига қарши кураш ҳақидаги Конвенция, хамда 1988 йил 24 февралда Монреалда имзоланган Халқаро тайёрагоҳларда ғайриқонуний куч ишлатиш ҳаракатларига қарши кураш тўғрисидаги Баённома қоидаларига, Аҳдлашувчи Томонлар ўртасидаги амалдаги икки томонлама битимлар ва улар ўртасида кейинчалик тузиладиган битимларга мувофиқ иш олиб борадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларининг илтимосига кўра ҳаво кемасини ғайриқонуний тутқун қилиб олишнинг ҳамда ҳаво кемасига, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига, тайёрагоҳлар ва қатновни таъминлаш воситаларига хавф туғдирувчи бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг, шунингдек, фуқаро авиацияси хавфсизлигига таҳдид қилишнинг ҳар қандай кўриниши олдини олишда бир-бирларига барча зарурий ёрдамни кўрсатадилар.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро муносабатларида ўзларига мақбул келадиган даражада Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти томонидан белгиланган ва Халқаро фуқаро авиацияси бўйича Конвенцияга Иловаларда тавсифланган авиация хавфсизлиги ва техник талаблар қоидаларига, шунингдек Фуқаро авиацияси ва самовий ҳудуддан фойдаланишга доир Битимга мувофиқ иш кўрадилар. Улар рўйхатга олиш бўйича ҳаво кемаларининг фойдаланувчиларидан, асосий фаолият жойи ёки доимий турар жойи ўз ҳудудларида жойлашган ҳаво кемаларининг фойдаланувчиларидан ва ўз ҳудудларида жойлашган халқаро тайёрагоҳларнинг фойдаланувчиларидан авиация хавфсизлигининг юқоридаги қоидаларига мувофиқ иш кўришларини талаб қиладилар.
4. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаларининг бундай фойдаланувчиларидан ушбу модданинг 3-бандида зикр этилган қоидаларга ва ана шу иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаси ўз ҳудуди чегараларига кириб келаётганида, ундан чиқиб кетаётганида ёки унда бўлиб турган вақтида назарда тутилган қоидаларга риоя этишини талаб қилиши мумкинлигига рози бўлади. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ҳаво кемаларини ҳимоя қилиш ва йўловчиларни, экипаж аъзоларини, йўловчи юки, юклар ва рўйхатдаги мулкни юк ортиш ва тушириш вақтида текшириш учун ўз ҳудуди доирасида самарали чора- тадбирлар кўрилишини таъминлайди. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг, башарти, аниқ таҳдид мавжуд бўлса, оқилона доираларда хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус чора-тадбирлар кўришга доир илтимосларини ҳам хайрихоҳлик билан қараб чиқади.
5. Башарти, фуқаро ҳаво кемаси тутқун қилиб олинса ёки уни тутқун қилиш таҳдиди мавжуд бўлса ёки ҳаво кемаси, ундаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига тайёрагоҳлар ва қатновни таъминлаш воситаларига бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилинса, Аҳдлашувчи Томонлар алоқани енгиллатиш ва бундай кўнгилсизлик ёки таҳдидга жадал, ҳамда бешикаст барҳам беришнинг барча зарур чора-тадбирларини кўриш орқали бир-бирларига кўмак берадилар.
6. Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бирон-бири иккинчи Аҳдлашувчи Томон ушбу модданинг авиация хавфсизлигига оид қоидаларидан чекиняпти деб ҳисоблаш учун етарли асосга эга бўлса, ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари иккинчи Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари билан шошилинч маслаҳатлашувлар ўтказилишини талаб қилишлари мумкин. Маслаҳатлашувлар ўтказиш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этилган кундан эътиборан (15) кун мобайнида мақбул келишувга эришилмаган ёки фуқаро авиациясининг хавфсизлигига бевосита хавф пайдо бўлган тақдирда ушбу Битимнинг 5-моддасини қўллаш учун асос юзага келади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18а-модда
Парвозлар хавфсизлиги
Парвозлар хавфсизлиги
1. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон истаган вақтда ҳаво кемасидан фойдаланиш ва аэронавигация воситалари, учувчи экипажи ва ҳаво кемасига тааллуқли соҳаларда бошқа Аҳдлашувчи Томон бажарадиган парвоз хавфсизлиги бўйича меъёрларга тегишли маслаҳатлашувлар ўтказишни талаб қилиши мумкин. Бундай маслаҳатлашувлар талаб қилингандан кейин ўттиз кун давомида ўтказилади.
2. Агар бандай маслаҳатлашувлардан кейин Аҳдлашувчи Томонлардан бири, бошқа Аҳдлашувчи Томон 1-бандда кўрсатилган Халқаро фуқаро авиацияси ҳақидаги Конвенцияга (Doc 7300) мувофиқ амал қиладиган стандартларга мос парвоз хавфсизлиги меъёрларига самарали риоя қилиш назоратини таъминламаса, бошқа Аҳдлашувчи Томон ИКАО стандартларини бажаришга керакли ҳисобланган бундай хулоса ва тадбирлар ҳақида ахборот олади. Бундан сўнг керакли чора-тадбирларни кўради.
3. Конвенциянинг 16-моддасига мувофиқ, авиакомпания томонидан, ёки бир Аҳдлашувчи Томоннинг авиакомпанияси томонидан бир Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан иккинчи Аҳдлашувчи Томон ҳудудига парвоз қилаётган ҳаво кемаси, бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўла туриб, ҳаво кемасидан фойдаланишни сабабсиз кечиктиришга йўл қўймаслик шарти билан, бошқа Аҳдлашувчи Томон ваколат берилган вакиллари кўригидан ўтилади. Чикаго Конвенциясининг 33-моддасида кўрсатилган мажбуриятларга қарамай, ушбу назорат мақсади, ҳаво кемаси ҳужжатлари ва уни экипаж гувоҳномаларини амалдагига мос келиши ва Конвенцияга мувофиқ амал қилувчи стандартларга ҳаво кемаси жиҳозланиши ва ҳолатини мос келиши текшириш ҳисобланади.
4. Агар авиакомпания парвозлари хавфсизлигини таъминлаш учун кечиктирмайдиган чоралар кўрилиши керак бўлса, ҳар бир Аҳдлашувчи Томон амалиёти тўхтатиши, авиакомпания ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон авиакомпанияси тақдим этган эксплуатация рухсатномасини ўзгартириши мумкин.
5. Бир Аҳдлашувчи Томоннинг юқоридаги 4-бандига мувофиқ кўриладиган чоралари, уларни қабул қилишга асос йўқолганида тугатилади.
6. Юқоридаги 2-бандига нисбатан қўлланадиган бир Аҳдлашувчи Томон келишилган вақт муддати тутагандан кейин ИКАО стандартларига риоя этмасликни давом эттирса, бу ҳақида ИКАО Бош котиби хабардор бўлиши керак. Шунингдек, кейинчалик Бош котиб муаммони қониқарли ҳал этилиши ҳақида хабардор бўлиши керак.
(18а-модда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида 2002 йил 10 декабрдаги баённомага асосан киритилган)
19-модда
Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги соҳаларда, чунончи:
ҳаво транспорти соҳасидаги илмий-техника сиёсати;
авиакорхоналарни моддий-техник таъминлаш;
авиация мутахассисларини ўқитиш ва уларни тайёрлаш даражасига қўйиладиган ягона талабларни ишлаб чиқиш;
авиация техникасидан техник жиҳатда фойдаланиш, уларни таъмирлаш ва ўзаро тегишли ашё-анжомлар етказиб бериш соҳасида яқин ҳамкорликда ва биргаликда иш олиб борадилар.
Ҳамкорликнинг ана шу соҳаларига дахлдор масалалар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги махсус битимларнинг мавзуи бўлади.
20-модда
Ушбу Битимни бажаришга тааллуқли бўлган барча масалалар бўйича яқиндан ҳамкорликни таъминлаш учун Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида вақт-вақти билан маслаҳатлашувлар ўтказилиб турилади.
21-модда
Ушбу Битимни ёки унинг иловасини шарҳлаш ёки қўллаш муносабати билан юзага келадиган ҳар қандай низо иккала Аҳдлашувчи Томоннинг авиация маъмурлари ўртасида бевосита музокаралар орқали ҳал этилади. Башарти, зикр этилган маъмурлар муросага келмасалар, низо бевосита Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ҳал этилади.
22-модда
Башарти, Аҳдлашувчи Томонлардан бири ушбу Битим ёки унинг иловаси шартларини ўзгартиришни таклиф қилса, Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасида мўлжалланаётган ўзгартишлар хусусида маслаҳатлашувлар ўтказилади. Агар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари бу муддатни чўзиш тўғрисида муросага келмасалар, масла- ҳатлашувлар уларни ўтказиш тўғрисидаги сўров тушган кундан эътиборан (60) кун ичида бошланиши лозим. Ушбу Битимга киритилган ҳар қандай ўзгартиш дипломатик воситалар орқали ноталар айирбошлаш йўли билан тасдиқланганидан кейин кучга киради. Иловаларга ўзгартишлар Аҳдлашувчи Томонларнинг авиация маъмурлари ўртасидаги келишувга биноан киритилиши мумкин.
23-модда
1. Ушбу Битим чекланмаган муддатга тузилмоқда ва ҳар бир Аҳдлашувчи Томон мазкур Битимнинг кучга кириши учун лозим бўлган давлат ички қонунчилик зарурий тартиботини тўла-тўкис бажарганлиги тўғрисида дипломатик воситалар орқали ёзма равишда хабар берган кундан бошлаб кучга киради.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳар бири исталган вақтда бошқа Аҳдлашувчи Томонни ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиш истагида эканлигидан дипломатик алоқа йўллари орқали ёзма равишда хабардор қилиши мумкин. Бу ҳолда, Битимнинг амал қилиши бошқа Аҳдлашувчи Томон бундай хабарномани олган кундан эътиборан ўн икки ой ўтгандан сўнг, башарти, Битимнинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги зикр этилган хабарнома бу муддат тугагунга қадар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро келишувига биноан орқага қайтариб олинмаса, тўхтайди. Башарти, бошқа Аҳдлашувчи Томон хабарнома олгани тўғрисида маълумот бўлмаса, Фуқаро Авиацияси Халқаро Ташкилоти хабарнома олганидан кейин (14) кун ўтгач бошқа Аҳдлашувчи Томон ушбу хабарномани қўлга киритган деб ҳисобланади.
Ушбуни тасдиқлаб, ўз ҳукуматлари томонидан тегишли ваколатга эга бўлган мухтор вакиллар мазкур Битимни имзоладилар.
1995 йилнинг 30 мартида Кишинев шаҳрида ўзбек, молдован ва рус тилларида икки асл нусхада тузилди, ҳар икки матн бир хил кучга эгадир. Ушбу Битимни талқин қилишда ҳамфикрлик бўлмаган тақдирда рус тилидаги матн асос сифатида қабул қилинади.
(имзолар)
Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
1. Ўзбекистон Республикасининг тайинланган авиакорхонаси ҳар икки томонга парвозларни амалга оширишда фойдаланадиган йўналишлар:
Ўзбекистондаги манзиллар — оралиқ манзиллар — Молдовадаги манзиллар — ташқаридаги манзиллар
2. Молдова Республикасининг тайинланган авиакорхонаси ҳар икки томонга парвозларни амалга оширишда фойдаланадиган йўналишлар:
Молдовадаги манзиллар — оралиқ манзиллар — Ўзбекистондаги манзиллар — ташқаридаги манзиллар
Эслатма: ҳар бир Аҳдлашувчи Томоннинг тайинланган авиакорхонаси тижорий ҳуқуқлардан фойдаланмаган ҳолда оралиқ ва ташқаридаги хоҳлаган манзилидан фойдаланиши мумкин.