Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«Буюк хизматлари учун» орденини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Буюк хизматлари учун» ордени таъсис этилсин.
2. «Буюк хизматлари учун» ордени тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Буюк хизматлари учун» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 29 август,
254-I-сон
«Буюк хизматлари учун» ордени тўғрисидаги
НИЗОМ
1. «Буюк хизматлари учун» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда хорижий давлатларнинг фуқаролари фан ва техникани, иқтисодиёт ва маданиятни ривожлантиришдаги катта хизматлари, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсатни амалга ошириш ишига сезиларли ҳисса қўшганлиги учун тақдирланадилар.
2. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва орденни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш карраси миқдорида бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу суммага тенг эсдалик совғасини оладилар.
(3-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 3 декабрдаги ЎРҚ-586-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган шахслар қонунчиликда белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.
(3-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
4. «Буюк хизматлари учун» ордени муҳайяр лентага биркитилиб, кўкракка тақиб юрилади.
5. «Буюк хизматлари учун» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир марта бериладиган пул тўлови мукофотланганнинг оиласига топширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Буюк хизматлари учун» орденининг
ТАвСИФи
«Буюк хизматлари учун» ордени 1 микрон қалинликдаги олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади ва саккиз қиррали мусамман кўринишида бўлиб, унинг қирралари ёқутрангда тайёрлангандир. Мусамманнинг бурчаклари орасида мовийранг эмаль қопланган тарам-тарам бўлиб таралаётган нурлар жойлашган. Мусамманнинг қарама-қарши учлари орасидаги масофа — 57 миллиметр. Нурлар жо бўлган айлананинг диаметри — 52 миллиметр.
Орден марказида битта умумий марказга эга бўлган, диаметрлари 36 ва 24 миллиметрли иккита айлана жойлашган. Ички айланада рамзий тарзда тасвирланган мовий рангдаги ер курраси фонида Ўзбекистон Республикаси харитаси тилла рангда тасвирланган. Ташқи ва ички айланалар ўртасида, юқори қисмида оқ эмаль фонида кумуш рангдаги «BUYUK XIZMATLARI UCHUN» ёзуви жойлашган. Ҳарфларнинг баландлиги — 3 миллиметр. Айлананинг пастки қисмида яшил рангдаги иккита бирлаштирилган дафна новдалари жойлаштирилган.
Орден оралиқ колодка ва ҳалқалар ёрдамида муҳайяр лентага бириктирилган. Тилларанг оралиқ колодка чиқиб келаётган қуёш фонидаги Ҳумо қуши тасвири кўринишида. Колодканинг эни — 45 миллиметр, баландлиги — 30 миллиметр. Муҳайяр лента йўл-йўл қизил, мовий, оқ ва яшил ранглардан иборат.
Орденнинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган. Пастки қисмида орденнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.
Орденнинг қалинлиги — 8 миллиметр.
Орденнинг оғирлиги — 165 грамм.
(«Буюк хизматлари учун» орденининг тавсифи Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги 421-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 126-модда)
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 9-сон, 119-модда; 1997 й., 4-5-сон, 126-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон )