Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Солиқ қонунларини бузишларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик ва ахборот билан алмашиб туриш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати (бундан кейинги ўринларда «Томонлар» дейилади) амалдаги қонунларга ва ўз давлатларининг халқаро мажбуриятларига риоя этиб,
солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш билан боғлиқ вазифаларни самарали ҳал қилишдан ўзаро манфаатдор эканликларидан келиб чиқиб,
ушбу мақсадларда барча ҳуқуқий ва бошқа имкониятлардан фойдаланилишига муҳим аҳамият бериб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битим мавзуси
Битим мавзуси
1. Томонларнинг ваколатли органларининг уларнинг ваколат доирасига кирадиган солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича самарали курашни ташкил этиш мақсадидаги ҳамкорлиги мазкур Битимнинг мавзуи ҳисобланади.
2. Мазкур Битим фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги амалдаги халқаро битимларга тааллуқли бўлмайди.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
Мазкур Битим мақсадларида қуйидаги идоралар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикасининг Давлат солиқ Қўмитаси;
Қозоғистон Томонидан — Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг Бош солиқ инспекцияси.
Томонларнинг ваколатли органларининг расмий номлари ўзгаргани ҳолда улар бу тўғрисида бир-бирларига дарҳол хабар қиладилар.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Томонлар мазкур Битим доирасида ҳамкорликнинг қуйидаги шаклларидан фойдаланадилар:
юридик ва жисмоний шахслар томонидан содир қилинган солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиб туриш;
солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф қилишга қаратилган тадбирларни ўтказиш масалалари юзасидан баҳамжиҳат ҳаракат қилиш;
жисмоний ва юридик шахсларни солиққа тортиш билан боғлиқ ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини белгиланган тартибда тақдим этиш;
миллий солиқ тизимлари, солиқ қонунларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисидаги ахборот, шунингдек солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга қарши кураш бўйича услубий тавсияномалар билан алмашиб туриш;
солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга қарши курашда қўлланиладиган ахборот тизимларини барпо этиш ва уларнинг амал қилишига доир тажрибаларни алмашиб туриш;
ҳамкорлик жараёнида вужудга келадиган масалаларга доир фаолиятни мувофиқлаштириб туриш, шу жумладан ишчи гуруҳларини тузиш, вакиллар, экспертлар билан алмашиниш ва кадрларни ўқитиш;
солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга қарши кураш муаммолари юзасидан илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.
Томонларнинг ваколатли органлари мазкур Битимни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича бевосита бир-бирлари билан мулоқот қилиб турадилар.
4-модда
Солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиб туриш
Солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиб туриш
1. Солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишлар тўғрисидаги ахборот билан алмашиб туриш қуйидаги маълумотларнинг тақдим қилинишини кўзда тутади:
юридик ва жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортишдан яшириши тўғрисида, бунда солиқ қонунларини бузувчилар қўлланган усуллар ҳам кўрсатилади;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан давлат ва тижорат банкларида ҳисоб рақамларининг очилиши тўғрисида, шунингдек бундай ҳисоб рақамларидаги маблағлар ҳаракати тўғрисида — юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқлар соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир қилинганида ва кўрсатилган маълумотларни олмагунча айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш мумкин бўлмаган ҳолларда шундай қилинади;
солиқ қонунларини бузган юридик ва жисмоний шахсларнинг даромадлари ва солиққа тортиладиган базанинг миқдорлари тўғрисида маълумотлар.
2. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган ахборотлар бир Томоннинг ваколатли органи томонидан бошқа Томоннинг ваколатли органининг сўровномаси асосида ахборотни тақдим этиш сўровнома талаб қилинаётган Томоннинг қонунларига ва манфаатларига зид келмайдиган бўлса амалга оширилади.
Мабодо Томонлардан бирининг ваколатли органи унда мавжуд бўлган ахборот бошқа Томоннинг ваколатли органи учун қизиқарли бўлиши мумкин деб ҳисобласа, унда у бундай ахборотни ўз ташаббусига кўра ҳам тақдим этиши мумкин.
5-модда
Тадбирларни ўтказиш
Тадбирларни ўтказиш
Томонларнинг ваколатли органларининг солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишга доир тадбирларни ўтказишдаги бундай жиноятлар ёки ҳуқуқбузишларни амалга оширган ёки уларни амалга оширганликда шубҳаланаётган шахсларга нисбатан баҳамжиҳат ҳаракати биргаликдаги режалаштиришни, кучлар ва воситалардан фойдаланишни, бундай тадбирларнинг бориши ва улар натижалари ҳақидаги ахборотлар билан алмашишни ўз ичига олади.
6-модда
Ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш
Ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этиш
Томонларнинг ваколатли органлари сўровномалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортишга доир ҳужжатлар (счётлар, фактуралар, юкхатлар, шартномалар, битимлар, сертификатлар, маълумотномалар ва бошқа зарур ҳужжатлар)нинг, шунингдек солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга тааллуқли масалаларга оид ҳужжатларнинг нусхаларини бир-бирларига тақдим этадилар. Нусхалар сўровнома талаб қилинаётган ваколатли органнинг вакил қилинган шахсининг имзоси ва органнинг муҳри билан тасдиқланади.
7-модда
Ҳуқуқий тусдаги материаллар билан алмашиш
Ҳуқуқий тусдаги материаллар билан алмашиш
Томонларнинг ваколатли органлари миллий солиқ тизимлари, солиқ қонунларидаги ўзгартиришлар, жиноятларни тергов қилишнинг ва солиқ қонунлари соҳасидаги маъмурий ҳуқуқни бузишларга доир ишларни юргизишнинг ҳуқуқий асослари тўғрисидаги ахборотлар билан мунтазам негизда алмашиб турадилар.
8-модда
Ахборот таъминоти масалалари бўйича ҳамкорлик
Ахборот таъминоти масалалари бўйича ҳамкорлик
Томонларнинг ваколатли органлари солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга қарши курашни ташкил этишда ахборот тизимларини барпо этиш ва бундай тизимларнинг амал қилиши масалалари бўйича услубиёт ва илмий материаллар билан алмашиб турадилар, уларнинг ҳужжатхона (архив)ларида ва маълумотлар банкларида мавжуд бўлган ахборотларни мазкур Битимга мувофиқ бир-бирларига ҳақ олмасдан тақдим этадилар.
9-модда
Кадрларни тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик
Кадрларни тайёрлаш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик
Томонларнинг ваколатли органлари кадрларни ўзларининг ўқув юртлари негизида ўқитиш ва қайта тайёрлаш, солиқларга доир жиноятлар ва ҳуқуқбузишларга қарши курашнинг долзарб масалаларига доир биргаликдаги илмий тадқиқотларни ўтказиш соҳаларида ҳамкорлик қиладилар, шунингдек экспертлар билан алмашиб турадилар.
Мазкур модда доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишнинг аниқ шакллари ва шу жумладан уларни маблағ билан таъминлаш Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида тузиладиган тегишли битимларга мувофиқ белгиланади.
10-модда
Сўровнома шакли ва мазмуни
Сўровнома шакли ва мазмуни
1. Ахборотни олиш учун сўровнома ёзма шаклда ёки телетайп, факсимиле ёки компьютер алоқасидан фойдаланиш воситасида берилиши лозим.
Зудлик билан бажарилиши талаб қилинадиган ҳолларда телефон алоқаси воситасида бериладиган оғзаки сўровномадан фойдаланилиши мумкин, лекин у дарҳол ёзма шаклда тасдиқлаб қўйилиши лозим.
Телетайп, факсимиле ёки компьютер алоқасидан фойдаланилганида, шунингдек сўровноманинг ҳақиқийлиги ёки мазмуни жиҳатидан шубҳа пайдо бўлганида сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли орган бундай сўровноманинг ёзма шаклда тасдиқланган ҳолда берилишини талаб қилиши мумкин.
Сўровноманинг ёзма шакли ваколатли органнинг босма иш қоғозида, унинг тамғали муҳри босилган ва раҳбари томонидан имзоланган ҳолда юборилади.
2. Ахборотни олиш учун Сўровноманинг мазмуни қуйидагилардан иборат бўлади:
сўровнома юбораётган ваколатли органнинг номи;
сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли органнинг номи;
сўровнома моҳиятининг баёни ва уни сўраш учун асос, шунингдек уни ижро этиш учун зарур бошқа маълумотлар.
Жиноий ишлар бўйича ахборотни олиш учун сўровномада булардан ташқари яна қуйидагилар кўрсатилади:
содир қилинган жиноятнинг фактик ҳолатлари баёни;
содир қилинган жиноятнинг хусусияти;
келтирилган зарар миқдори.
11-модда
Сўровноманинг бажарилиши
Сўровноманинг бажарилиши
1. Сўровнома 10 кунлик муддат мобайнида бажарилади. Сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли орган сўровномани ижро этиш учун зарур бўлганида аниқлаш тартибида қўшимча ахборотларни талаб қилиши мумкин.
2. Сўровномани бажариш имконияти бўлмаган ҳолларда сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли орган сўровномани юборган ваколатли органга 10 кунлик муддат ичида бу ҳақда сабабларни кўрсатган ҳолда хабар қилади.
Сўровноманинг бажарилиши давлатнинг мустақиллигига ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлса ёхуд сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли орган тобе бўлган давлатнинг қонунларига зид бўлса, сўровномани ижро этиш рад қилинади.
Сўровномани ижро этишни рад қилиш сабаблари тўғрисида сўровномани юборган ваколатли орган ёзма равишда хабардор қилинади.
12-модда
Сўровномани ижро этишда баҳамжиҳат ҳаракат
Сўровномани ижро этишда баҳамжиҳат ҳаракат
Сўровномага жавоб бериши керак бўлган ваколатли орган сўровномани юборган ваколатли органнинг ишончли вакилларига, мабодо шундай ҳол унинг давлатининг қонунларига зид келмайдиган бўлса, ўз давлати ҳудудида Сўровноманинг ижро қилинишида иштирок этишига рухсат бериши мумкин.
13-модда
Тиллар
Тиллар
Ахборотни олиш учун сўровнома ва унга жавоб ўзаро келишув бўйича рус тилида ёзилади.
14-модда
Ахборотдан фойдаланиш
Ахборотдан фойдаланиш
Томонларнинг ваколатли органлари солиқлар соҳасидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузишларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш билан боғлиқ масалаларга тегишли бўлган ахборотнинг махфий тутилишига кафолат берадилар.
Мазкур Битим доирасида олинган ахборот бундай ахборотни тақдим этган ваколатли органнинг ёзма шаклдаги розилигисиз учинчи томонга берилиши мумкин эмас.
15-модда
Харажатлар
Харажатлар
Томонларнинг ваколатли органлари мазкур Битимнинг ўз давлатлари ҳудудида ижро этилиши билан боғлиқ харажатларни сарфлайдилар. Қўшимча харажатларнинг сарфланишини талаб қиладиган сўровномалар олинган ҳолларда уларни маблағ билан таъминлаш ҳақидаги масала Томонларнинг ваколатли органлари томонидан ўзаро келишувга биноан кўриб чиқилади.
Томонларнинг ваколатли органлари, мабодо улар ўртасида бошқача тартиб ҳақида келишиб олинмаган бўлса, Сўровноманинг ижро этилишида талаб қилиниши мумкин бўлган таржимонларнинг хизматига ҳақ тўлаш учун сарфлаган харажатларини қоплайдилар.
Олдиндан режалаштирилган учрашувларда, мабодо бошқача ёзма равишдаги шартлашиш мавжуд бўлмаса, қабул қилаётган ваколатли орган ўзга ваколатли орган делегациясининг ўз давлати ҳудудида қабул қилинишини таъминлайди ва қабул қилиш билан боғлиқ харажатларни тўлайди, делегацияни юбораётган ваколатли орган эса делегациянинг сафарга бориб келиши билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олади.
Навбатдан ташқари учрашувлар ўтказилишида бундай учрашув ўтказилиши учун ташаббускор бўлган ваколатли орган барча харажатларни ўз зиммасига олади.
16-модда
Мунозарали масалаларнинг ҳал қилиниши
Мунозарали масалаларнинг ҳал қилиниши
Томонлар мазкур Битимнинг қоидаларини талқин этиш ва қўллаш муносабати билан вужудга келиши мумкин бўлган ҳамма мунозарали масалаларни маслаҳатлашиш ва музокаралар юритиш йўли билан ҳал қиладилар.
17-модда
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш
Принципиал тусга эга бўлмаган барча ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг киритилиши мазкур Битимнинг янги таҳририни имзолаш йўли билан амалга оширилади.
Принципиал тусга эга бўлган ўзгартиришлар ва қўшимчаларнинг киритилиши давлатнинг ички русум-қоидалари бажарилганидан сўнг амалга оширилган деб ҳисобланади.
18-модда
Битимнинг кучга кириши ва ўз кучини тугатиши
Битимнинг кучга кириши ва ўз кучини тугатиши
Мазкур Битим Томонларнинг уларнинг миллий қонунларида назарда тутилган давлатнинг ички русум-қоидаларининг бажарилганлиги ҳақида сўнгги ёзма хабарни олган вақтидан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йиллик муддатга тузилади ва, агар Томонлардан бири олти ойлик муддат қолган вақтдан кечикмасдан бошқа Томонни ўзининг Битим кучини тугатмоқчи эканлиги ҳақида хабардор қилмаса, у автоматик тарзда яна навбатдаги беш йиллик муддатларга узайтирилади.
Алмата шаҳрида 1996 йил 15 февралда ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида бўлган икки нусхада имзоланди, бунда ҳамма матнлар ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)