Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Супа ясси тоғида Халқаро радиоастрономик обсерваториясини барпо этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталадилар,
ихтиёрийлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида 1992 йил 30 майдаги Шартномага, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисида 1994 йил 2 мартдаги Декларациясига ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий интеграция тўғрисида 1994 йил 2 мартдаги Шартномага амал қилиб,
космик фазони тинч мақсадларда тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланишдан умумий манфаатдорликни эътиборга олиб,
Ер ва Коинотни фундаментал илмий тадқиқ қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Томонлар биргаликдаги куч-ғайратлари, ўзларининг моддий ва молиявий ресурслари, илмий ва техникавий потенциалларини бирлаштириш йўли билан Ўзбекистон Республикасидаги Супа ясси тоғида радиоастрономик обсерватория мажмуини барпо этиш ва келгусида ундан фойдаланишга доир ишларни давом эттирадилар.
2-модда
Шу мақсадда Томонлар (бундан кейин Радиообсерватория деб аталадиган) халқаро субъект ҳуқуқига эга бўлган бошқа давлатларнинг қўшилиши учун очиқ бўлган «Супа» Халқаро радиоастрономик обсерваторияси» деб номланувчи халқаро ҳукуматлараро илмий-тадқиқот ташкилотини таъсис этадилар.
Радиообсерватория юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади.
3-модда
1. Радиообсерватория космик фазонинг биргаликдаги фундаментал илмий тадқиқотларини бажариш ва ушбу соҳадаги халқаро дастурлар бўйича самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун барпо этилади.
2. Радиообсерватория мажмуи қуйидагилардан иборат бўлади: РТ-70 радиотелескопи, сунъий йўлдош алоқа станцияси, илмий ахборотларни тўплаш ва ишлов бериш тизими, бино ва иншоотлар, Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Супа ясси тоғида жойлашган турар жой шаҳарчаси; Тошкент, Москва шаҳарларида ва Зомин шаҳарчасида маъмурий, лаборатория ва хўжалик бинолари; Жиззах вилоятининг Ульяново темир йўл станцияси яқинида база.
4-модда
Радиообсерватория ўз фаолиятини ушбу Битимга, уни ривожлантириш бўйича тузилган бошқа ҳукуматлараро битимлар ва шартномаларга ҳамда ўз Уставига мувофиқ амалга оширади.
Радиообсерватория Томонлардан ҳар бирининг ва учинчи мамлакатларнинг манфаатларига қарши бевосита ёки билвосита қаратилган фаолиятни амалга ошириши мумкин эмас.
5-модда
1. Радиообсерваториянинг юқори органи Мухтор Вакиллар Қўмитаси (бундан кейин Қўмита деб аталади) ҳисобланади.
Ҳар бир Томон қўмитага биттадан Мухтор Вакил ва уларнинг биттадан ўринбосарлари тайинланди.
Ҳар бир Томон ҳал қилувчи овозга эга бўлади. Қўмита қарорлари консенсус асосида қабул қилинади. Қўмита ўзининг хусусий тартиб-қоидаларини қабул қилади.
Қўмитанинг биринчи мажлиси ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб бир ойдан кечикмай ўтказилади.
Томонларнинг Мухтор Вакиллари ротация тартибида Қўмита Раиси вазифасини амалга оширади.
2. Қўмита:
Радиообсерватория Уставини тасдиқлайди;
Радиообсерваторияни барпо этиш ва унинг илмий фаолиятининг келишилган сиёсатини белгилайди;
Радиообсерваторияни барпо этиш бўйича қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларининг, илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятининг йиллик режаларини, шунингдек, Радиообсерватория ушбу режаларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;
Радиообсерватория бюджет ва харажатлар сметасини, уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни тасдиқлайди;
ушбу Битимни ривожлантиришга доир ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди ва кўриб чиқади;
Радиообсерваторияни барпо этиш ва унинг ишлашини таъминлаш учун Томонлар йўналтирадиган маблағлар ва мулкларни тасарруф этиш тартибини белгилайди;
Радиообсерваториянинг ижро этувчи ва маслаҳатлашув органларини шакллантиради ва улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
Радиообсерваториянинг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳамда учинчи мамлакатлар ташкилотлари, шунингдек, халқаро илмий ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш соҳасига тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
Ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, миллий илмий ташкилотлар ҳамда учинчи давлатлар жисмоний шахсларининг Радиообсерваторияга қабул қилиш ҳақидаги мурожаатларини кўриб чиқади ва улар бўйича тегишли қарор қабул қилади.
6-модда
1. Қўмита унинг маслаҳатлашув органи ҳисобланган Илмий-дастурий кенгашни (бундан кейин Кенгаш деб аталади) тузади.
2. Кенгаш Радиообсерваториянинг илмий ва ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш ва улар бўйича Қўмитага ўз тавсияномаларини тақдим этиш ҳуқуқига эгадир.
7-модда
Қўмита Ўзбекистон Республикасидан ҳамда Россия Федерациясидан тенг миқдордаги вакилларидан иборат Молия қўмитасини тузади.
Молия қўмитаси ҳар йиллик бюджет лойиҳаси бўйича хулоса тайёрлайди ва Радиообсерваториянинг молиявий фаолиятини назорат қилади.
Молия қўмитасининг мажлисларида иккала Томон вакиллари навбат билан раислик қиладилар.
8-модда
1. Радиообсерватория фаолиятига кундалик раҳбарликни амалга оширадиган Дирекция Радиообсерваториянинг ижро этувчи органи ҳисобланади.
2. Радиообсерватория директори Қўмита томонидан тайинланади.
3. Дирекция Тошкент шаҳрида жойлашади. Москва шаҳрида Дирекциянинг бўлими бўлади.
9-модда
Қуйидагилар Томонларнинг Радиообсерватория билан ҳамкорлик қилиш бўйича бош илмий ташкилотлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Томонидан — Ўзбекистон Республикаси космик тадқиқотлар Давлат Агентлиги;
Россия Томонидан — Россия Фанлар академияси.
10-модда
1. Қўмита ушбу Битим имзолангандан кейин олти ой муддатда Томонларга қуйидаги ҳукуматлараро протоколлар лойиҳаларини тақдим этади:
Ўзбекистон Томони Радиообсерваторияга берадиган Супа ясси тоғидаги, Зомин шаҳарчасидаги ва Жиззах вилоятининг Ульяново темир йўл станциясидаги ер участкалари ўлчамини, чегарасини ва улардан фойдаланиш шартларини белгилаш тўғрисида;
Томонларнинг Радиообсерваторияга берадиган мулклари рўйхат ва Томонларнинг дастлабки қўшадиган улушлари миқдори тўғрисида;
Супа ясси тоғида Радиообсерватория барпо этиш бўйича ишларнинг техник-иқтисодий асослашлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва дастурларини, шунингдек, Радиообсерватория ишга туширилгандан кейинги давр учун унинг йиллик бюджети лойиҳасини келишиб олиш тўғрисида.
Кўрсатиб ўтилган ҳукуматлараро протоколлар имзолангандан кейин ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.
2. Шунингдек, белгиланган муддатда Радиообсерватория билан, тегишли равишда Ўзбекистон Томони ва Россия Томони билан Радиообсерваториянинг ҳуқуқий мақоми ҳамда унинг иккала давлат ҳудудларидаги фаолияти шартлари тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини тайёрлайди.
11-модда
Ушбу Битимнинг 10-моддасида кўрсатилган қўшма ҳужжатларни тайёрлашда Қўмита қуйидагиларни тушунишдан келиб чиқиши зарур:
1. Ўзбекистон Томони ўзининг дастлабки қўшадиган улуши сифатида Радиообсерваторияга қуйидагиларни беради:
Супа ясси тоғида ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари, ички коммуникациялар, алоқа, энергия ва сув таъминоти тизимлари;
Супа ясси тоғида турар жой шаҳарчаси бинолари ва иншоотлари;
Супа ясси тоғида ва Зомин шаҳарчасида РТ-70 радиотелескопининг умумсаноат ва махсус асбоб-ускуналари, металл конструкциялари;
Зомин шаҳарчасида маъмурий ва омборхона бинолари;
Ульяново станциясида темир йўл тармоғи бўлган база;
Дирекцияни жойлаштириш учун Тошкент шаҳрида майдони 3000 квадрат метр бўлган бино.
2. Россия Томони ўзининг дастлабки қўшадиган улуши сифатида Радиообсерваторияга қуйидагиларни беради:
лойиҳа-смета ва конструкторлик ҳужжатлари;
РТ-70 радиотелескопининг радиотехника тизими, махсус асбоб-ускуналари ва металл конструкциялари;
Россия Фанлар академияси П. Н. Лебедев номидаги физика институтининг РТ-70 Радиоастрономик обсерваторияси мулклари;
Дирекция бўлимини жойлаштириш учун Россия Фанлар академиясининг Москва шаҳридаги биноларидан майдони 1000 квадрат метр бўлган жой.
3. Томонлар ўз давлатлари ҳудудида Радиообсерватория объектларини қўриқлашни таъминлайдилар.
12-модда
Россия Томони Радиообсерваторияга РТ-70 радиотелескопи тизимини ва умуман радиоастрономик обсерватория мажмуини ишлаб чиқиш ва барпо этиш учун зарур бўлган ўзидаги мавжуд ноу-хау илмий-техникавий воситаларни беради.
13-модда
1. Радиообсерваториянинг унга Томонлар дастлабки қўшилган улуш сифатида берган, шунингдек, ўз фаолияти мобайнида Томонларнинг маблағ билан таъминлаши ёки бошқа манбалар ҳисобига ўзи яратган ёки сотиб олган мулки Радиообсерваториянинг мулки ҳисобланади.
2. Россия Томони Супа ясси тоғидаги радиоастрономик обсерватория мажмуини қуриш ва фойдаланишга топширишга доир ишларни маблағ билан таъминлайди.
Бунда ҳақиқатда жалб қилинган маблағларни ҳисобга олган ҳолда Томонларнинг Радиообсерватория мулкига қўшган улуш ҳиссаларининг миқдори аниқланади. Бу мазкур Битимнинг таркибий қисми бўлган Ҳукуматлараро протокол орқали тасдиқланади.
3. Дастлабки кузатишлар бошланадиган вақт билан белгиланган радиоастрономик обсерватория мажмуини фойдаланишга топширишгача бўлган даврда Радиообсерваториянинг Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлиги ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқли бўлмаган фаолияти бўйича келишмовчиликлар туғилганда Россия Томони Мухтор Вакилининг фикри устунликка эга бўлади.
Мазкур давр учун Радиообсерватория Директори Россия Томони Мухтор Вакилининг Ўзбекистон томони Мухтор Вакили билан Келишуви бўйича тақдимномасига биноан тайинланади.
14-модда
1. Томонларнинг Мухтор Вакиллари Радиообсерваторияни бошқаришда тенг ҳуқуққа эгадирлар.
2. Кузатишлар вақти Радиообсерваториянинг узоқ муддатли дастурларини амалга ошириш ҳамда Томонлар ва учинчи мамлакатлар илмий ташкилотлари ва жисмоний шахсларининг ҳар йилги буюртманомалари бўйича ишларни бажариш учун ажратилади.
Россия Томонининг илмий ташкилотлари ва жисмоний шахсларига ҳар йилги буюртманомалар бўйича ажратиладиган вақтнинг камида 51 фоизи берилади.
Ўзбекистон Томонининг илмий ташкилотлари ва жисмоний шахслари кўрсатилган вақтнинг қолган қисми бўйича устун ҳуқуққа эгадирлар. Ушбу шартлар фақат Томонлар Мухтор Вакилларининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
3. Радиообсерватория мажмуи ишга туширилгандан кейинги даврда унинг йиллик бюджетига Томонларнинг улушлари кузатишлар вақти тақсимотига қараб қўшилади.
15-модда
Радиообсерваторияда ўтказиладиган тадқиқотларнинг илмий натижалари ҳам унга, ҳам ушбу натижаларни бевосита олган илмий ташкилотларга ва/ёки жисмоний шахсларга тенг даражада тегишлидир.
Ушбу натижалар албатта очиқ матбуотда эълон қилиниши керак, шундан кейингина у ижтимоий бойликка айланади.
16-модда
Ўзбекистон Томони, Радиообсерватория ишининг мажбурий шарти сифатида радиошовқинларнинг кам даражада бўлишини таъминлаш мақсадида, ўз ҳудудида 50 километр радиусли зонада ушбу шовқинлар манбаларининг жойлаштирилишини бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўради.
17-модда
Заруратга қараб Қўмита ушбу Битим мақсадларини амалга ошириш ва Томонлар учун назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни таъминлаш учун зарур бўлган қўшимча тадбирларга доир тавсияномаларни ишлаб чиқади ва Томонларнинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.
18-модда
Томонлар ўзаро келишган ҳолда ушбу Битимга тузатишлар ва қўшимчалар киритишлари мумкин.
19-модда
Битим Томонлар, Томонларнинг ташкилотлари ўртасидаги ёки Радиообсерватория ва Томонлардан бири ўртасидаги ушбу Битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ юридик баҳслар, агар улар олти ой муддат мобайнида ўзгача тартибда ҳал этилмаган бўлса, учта ҳакам таркибида тузиладиган ҳакамлик судида кўриб чиқишга тақдим этилади. Бунда Томонлардан ҳар бири битта ҳакам тайинлайди, ҳакамлик судига раислик қиладиган учинчи ҳакам эса дастлабки икки ҳакам томонидан танланади, бироқ у Битимга қатнашчи давлат фуқароларидан бўлмаслиги керак. Агар дастлабки икки ҳакам учинчи ҳакам масаласида баҳсни ҳакамлик судида кўриб чиқишга бериш тўғрисида билдирилган кундан бошлаб икки ой мобайнида келиша олишмаса, учинчи ҳакам Халқаро Суд Раиси томонидан танланади.
Ҳакамларнинг кўпчилик овози узил-кесил ва бажарилиши мажбурий бўлган қарор қабул қилиш учун етарли бўлади. Учинчи ҳакам барча расмий тартибот масалаларини (улар бўйича келишмовчиликлар бўлганда) ҳал этишга ваколатлидир.
Томонлар тайинлайдиган ҳакамлар фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатларни ҳар қайси Томон мустақил равишда тўлайди. Раиснинг фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатларни Томонлар тенг улушларда тўлайди.
20-модда
Радиообсерватория қурилишининг боришига, унинг илмий ва ишлаб чиқариш фаолиятига дахлдор форс-мажор ҳолатлари вужудга келган тақдирда Томонлар қисқа муддатда мансабдор шахслар, ходимлар ва улар оила аъзоларининг ҳаёти учун хавфсиз шароитларни таъминлаш, шунингдек, асбоб-ускуналарни, мулкларни сақлаш ва Радиообсерватория фаолиятини тезкорлик билан тиклаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрадилар.
21-модда
Радиообсерваториянинг илмий-тадқиқот фаолиятида халқаро ташкилотлар, шунингдек, учинчи давлатларнинг миллий илмий ташкилотлари ва жисмоний шахслари ҳар бир ҳолатда Радиообсерватория ва манфаатдор томон ўртасидаги битим бўйича белгиланадиган шартларда қатнашишлари мумкин.
22-модда
1. Битим 99 йил мобайнида амалда бўлади ва Томонларнинг келишуви бўйича узайтирилиши мумкин.
2. Битимнинг амалда бўлишини тўхтатиш бўйича Томонларнинг ваколатли вакилларидан тугатиш комиссияси тузилади, у Радиообсерватория барча мажбуриятларини бажаргач, Томонларга уларнинг мулкини қайтариш, шунингдек, Радиообсерватория фаолияти вақтида яратган ёки сотиб олган мулкни Радиообсерватория фаолиятини маблағ билан таъминлашга Томонлар қўшган улушларга мутаносиб равишда тақсимлаш ҳақида қарор қабул қилади. Томонларнинг келишуви бўйича Радиообсерватория барпо этилаётганда уларнинг дастлабки улуш сифатида қўшган мулки, шунингдек, унинг фаолияти давомида яратилган мулк пул компенсацияси ҳолида қайтарилиши мумкин.
23-модда
Ушбу Битим имзоланган кунидан бошлаб вақтинчалик қўлланади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат расмий тартиботларини бажарганлиги тўғрисидаги сўнгги билдиришнома берилган кунда кучга киради.
1995 йил 27 июлда Тошкентда ҳар бири ўзбек ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)