Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва етказиб берилган табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
«Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компаниясининг иссиқлик электр станцияларини барқарор молиявий ҳолатда сақлаш, республика истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, етказиб берилган табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2013 йил 25 декабрдаги 340-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган «Ўзбекэнерго» ДАК корхоналарига нисбатан шартномавий ҳажмлардан ортиқча олинган табиий газ қийматига ошириладиган коэффицент қўллаш бекор қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзбекнефтгаз» МХК, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2012-2013 йиллар учун шартномавий ҳажмлардан ортиқча етказиб берилган табиий газ қийматига 2 коэффицентдан фойдаланган ҳолда «Ўзбекэнерго» ДАК иссиқлик электр станцияларига илгари қўлланилган оширилган тўловларни ҳисобга олмасдан ўзаро ҳисоб-китобларни қайта ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. «Ўзбекэнерго» ДАК ва «Ўзбекнефтгаз» МХК ушбу қарорга мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 июндаги 169-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 й., 6-сон, 65-модда) билан тасдиқланган Иқтисодиёт тармоқларида газдан фойдаланиш қоидаларининг 60-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«60. Истеъмолчи (Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган «Ўзбекэнерго» ДАК корхоналаридан ташқари) томонидан газ етказиб беришга тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда истеъмолчидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига нисбатан 2 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади.
Бунда истеъмолчиларга оширилган коэффицент уларнинг газ тармоқларига уланган аҳоли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига 5-иловага киритилган «Ўзбекэнерго» ДАК корхоналари томонидан истеъмол қилинган табиий газ ҳажмини ҳисобга олмасдан қўлланилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари И.Ғ.Ибрагимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 31 декабрь,
373-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 1-сон, 5-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.01.2018 й., 09/18/22/0568-сон)