Сирдарё вилояти Мирзаобод туман ҳокимининг
Қарори
Мирзаобод туман ҳудудида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосланиб, Мирзаобод туман ҳудудида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, иш топишда қийналадиган, меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун иш жойларини ташкил этиш ва иш билан таъминлашда қўшимча кафолатлар бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб қарор қиламан:
1. Мирзаобод туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7 ва 17 моддалари асосида иш кўриб Мирзаобод туман ҳокимлиги, Мирзаобод туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдорини 1-иловада* кўрсатилган 48 та корхоналарда ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сонининг 7 фоизи миқдорида белгилайди. Бу 84 нафар кишини ташкил этади. Шу жумладан;
ногиронлар учун — 3 нафар;
ёлғиз ота, ёлғиз оналар ҳамда 14 ёшгача болалари бўлган ва ногирон болалари борлар учун;
таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун –– 59 нафар;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун –– 6 нафар;
пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун –– 1 нафар;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун — 6 нафар (корхона, ташкилот ва муассасалар рўйхати илова* қилинади).
3. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга қодир бўлмаган шахслар учун банд қилиб қўйилган иш жойлари:
ногиронлар учун –– саломатлиги ва меҳнат фаолиятига нисбатан қўйилган талаблар, уларнинг тўсиқсиз ишлаш имкониятини берувчи иш жойлари;
умумтаълим ва касб-ҳунар ўқув муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун –– махсус олий малака талаб қилинмайдиган, уларнинг касб-ҳунар тайёргарлигига мувофиқ келувчи иш жойлари;
ёлғиз ота, ёлғиз она ҳамда кўп болали ота-оналар учун –– болаларини тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятларини бирга қўшиб бажариш имкониятини берувчи иш жойлари;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар учун –– яратилган иш жойлари махсус мутахассислик ёки малака талаб қилинмайдиган ҳар қандай иш жойлари ҳамда меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши керак.
4. Ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатиб ўтилаётган ташкилотлар раҳбарлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган шахслар учун кўрсатилган иш ўринларини ташкил этилишини (ажратилишини ёки банд қилиб қўйилишини) таъминласинлар ҳамда банд қилинган ёки яратилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотни, қарорнинг 2-иловасига* мувофиқ квоталанган иш жойлари сони ва касблар (лавозимлар)нинг номлари кўрсатилган ҳолда 3 кун муддатдан кечикмасдан туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига етказишлари белгилансин.
* Иловалар берилмайди.
Шу билан бирга ногиронлар учун банд қилинган иш ўринларига, ногиронлардан ишга жойлашиш учун талаб бўлмаганда ушбу квоталанган ўринларга ўрта-махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши алоҳида таъкидлаб ўтилсин.
5. Ушбу қарорда белгиланган ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилганда ташкилотларга қуйидаги имтиёзлар белгиланади:
ногиронлар учун иш жойларининг белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча иш жойлари барпо этган иш берувчилар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солиш бўйича имтиёзларга эга бўладилар;
белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча иш жойлари барпо этишга иш берувчи томонидан сарфланган харажатларни қисман қоплашга иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасидан пул маблағлари Меҳнат вазирлиги томонидан белгиланган ва Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган тартибда ажратилади.
6. Иловада кўрсатилган корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарларига:
ҳар ойнинг 25-кунигача белгиланган муддатдан кечикмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 3-иловасида келтирилган ҳисобот жадвалига мувофиқ ушбу қарор бўйича туман БК ва АИМҚ маркази томонидан ишга жойлаштирилган фуқаролар тўғрисидаги ҳисоботни марказга бериб туриш вазифаси юклатилсин.
7. Мирзаобод туман ҳокимининг 2012 йил 24 сентябрдаги 1383-сонли «Мирзаобод туман ҳудудида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келадиган шахслар учун иш жойлари (квоталар) ташкил этиш тўғрисида»ги қарори назоратдан чиқарилсин.
8. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Ғ. Мамадиев бир ҳафта муддатда мазкур қарорнинг ижросини таъминлаб, ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган корхона раҳбарлари эътиборига етказсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Д. Султонов зиммасига юклатилсин.
10. Мазкур қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳоким А. БАРАТБОЕВ
Мирзаобод т.,
2013 йил 3 сентябрь,
1085-сон