Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимининг
Қарори
«Обод турмуш йили» туман дастурини тасдиқлаш тўғрисида
2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги ПҚ-1920-сонли ҳамда вилоят ҳокимининг 2013 йил 13 мартдаги Қ-49-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги «Обод турмуш йили» Давлат дастури тўғрисида»ги ПҚ-1920-сонли ҳамда вилоят ҳокимининг 2013 йил 13 мартдаги Қ-49-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. «Обод турмуш йили» туман дастури иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Қуйидагилар «Обод турмуш йили» туман дастурини амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:
туманда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш;
аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;
аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;
жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташки қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;
оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.
4. «Обод турмуш йили» туман дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича туман комиссиясига «Обод турмуш йили» туман дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. «Обод турмуш йили» туман дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича комиссияси (Ҳайитов) қуйидагиларни таъминласин:
уч кунлик муддатда — тегишли ташкилот раҳбарлари бошчилигида туман дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар тузиш, уларга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулиятни юклаш;
уч кунлик муддатда –– бошқарма, идоралар, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳар бир бошқарма ва идора, аҳоли пункти бўйича бўйича «Обод турмуш йили» тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида тасдиқланган туман дастурига киритилган йўналишлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш;
ҳар чорак якунлари бўйича «Обод турмуш йили» туман дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисида туман ва вилоят ҳокимлигига ахборот бериб бориш.
6. «Қизилтепа тонги» (Мақсудов) ва «Бўстон» (Ш. Зоирова) газеталари таҳририятлари:
«Обод турмуш йили» Давлат дастури ва «Обод турмуш йили» вилоят ҳамда туман дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
кенг жамоатчиликнинг Дастурнинг бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.
7. Туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи (Муҳаммедов) мазкур қарорни Халқ депутатлари туман Кенгашининг тасдиғига киритсин.
8. Туман ҳокимининг Иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (Ҳайитов)га ушбу қарорни «Қизилтепа тонги» ва «Бўстон» газеталарида расман эълон қилинишини таъминлаш топширилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Ҳоким Ш. НАБИЕВ
Қизилтепа т.,
2013 йил 27 март,
Қ-3/188-сон