Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Молдова Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
иқтисодий саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни барқарор ва узоқ муддатли асосда ривожлантиришнинг муҳим ва зарур жиҳати эканлигини англаб,
давлатларининг ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий потенциаллари ўртасида қарор топган ўзаро технологик алоқаларни ҳисобга олиб,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари хўжалик фаолияти субъектларининг бевосита ўзаро ишлаб чиқариш алоқаларининг ҳал қилувчи аҳамиятини тан олиб,
корхоналар ва тармоқлар ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро фойдали ривожлантириш учун қулай шароитларни таъминлашга интилиб,
иккала мамлакат ўртасидаги ўзаро иқтисодий алоқанинг эришилган даражасига таяниб,
муттасил иқтисодий юксалишни таъминлаш, моддий ва ишчи ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Аҳдлашувчи Томонлар мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, тармоқлар ва тармоқлараро комплекслар ўртасидаги кооперацияни уларнинг бевосита ишлаб чиқариш алоқалари асосида амалга ошириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ишлаб чиқаришнинг халқаро ихтисослаштирилишини ва кооперациясини ривожлантириш, буларни амалга ошириш учун шароитларни таъминлаш, саноат тармоқларида устувор йўналишларни белгилаш, қўшма лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида зарур чораларни кўрадилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар қуйидагиларга келишиб олдилар:
кооперация бўйича товарлар етказиб бериш деганда тармоқда ва тармоқлараро фойдаланишга мўлжалланган, технология жиҳатдан ўзаро боғлиқ бўлган ва тайёр маҳсулотни биргаликда тайёрлаш учун зарур бўлган хом ашё, материаллар, узеллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар, ярим маҳсулот, ярим фабрикат, бутловчи маҳсулотларни ҳамда бошқа буюмларни етказиб бериш тушунилади;
хизматларни тақдим этиш деганда илмий-техникавий ва технологик ишлаб чиқишлар, лойиҳа, таъмирлаш ишлари, техник хизмат кўрсатиш ва технологик операциялар тушунилади;
божхона товарларни қайта ишлаш режими доирасида етказиб бериш деганда Аҳдлашувчи Томонлар давлатлари божхона қонунларида белгилаб қўйилган шартларга мувофиқ товарлар етказиб бериш тушунилади.
4-модда
Аҳдлашувчи Томонлар тегишли тармоқ ва тармоқлараро битимлар асосида хўжалик фаолияти субъектлари томонидан тузиладиган шартномаларни (контрактларни) ишлаб чиқариш кооперацияси ва бевосита алоқаларнинг асосий шакли деб ҳисоблайдилар.
5-модда
Аҳдлашувчи Томонлар қуйидаги тармоқларда ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида тармоқ ва тармоқлараро битимлар тузишни устувор деб ҳисоблайдилар:
ёнилғи-энергетика комплекси;
металлургия, кимё, нефть-кимё саноати;
машинасозлик саноати;
транспорт ва алоқа;
тиббиёт ва фармакалогия саноати;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
енгил саноат;
илмий ва қидирув ишлари;
табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
Аҳдлашувчи Томонлар ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида тармоқ ва тармоқлараро битимлар тузишга кўмаклашадилар.
6-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисидаги тармоқ ва муассасалараро битимларда кооперацияда иштирок этадиган ва маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) бўйича ихтисосини сақлаб қолаётган корхона ва ташкилотлар рўйхатлари, шунингдек кооперация асосида маҳсулот етказиб бериш (хизмат кўрсатиш) номенклатураси ва ҳажмлари аниқланади.
7-модда
Кооперация бўйича етказиб бериладиган кўрсатилган товарлар (хизмат кўрсатиш)нинг божхона расмийлаштирилиши учун йиғимлар Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг амал қилувчи қонунларига мувофиқ умумий асосларда олинади.
8-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси бўйича тармоқ ва тармоқлараро битимларнинг амалга оширилиши улар асосида Аҳдлашувчи Томонларнинг корхоналари ўртасида маҳсулотнинг божхона расмийлаштирилиши ва Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона чегарасидан ўтказилиши учун асос бўладиган шартномалар (контрактлар) тузиш орқали амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган маҳсулотларни (хизматларни) декларациялаш ва ҳисобга олиш Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона органлари томонидан ўз давлатлари қонунларига мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган товарлар ҳудудидан ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида товарлар етказиб берилган Аҳдлашувчи Томон ваколатли органининг тегишли олдиндан берган ёзма розилиги бўлмаса, учинчи мамлакатларга реэкспорт қилиниши мумкин эмас.
10-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ишлаб чиқариш соҳасида интеграция жараёнларини ривожлантириш мақсадларида корхоналар ва тармоқларнинг кооперация алоқаларини тартибга солиш қисмида хўжалик фаолияти субъектларига нисбатан ўз мамлакатларининг миллий қонунларининг меъёрларини мувофиқлаштириш ва бир-бирига яқинлаштириш бўйича изчил иш олиб борадилар.
11-модда
Аҳдлашувчи Томонлар зарур ҳолларда илмталаб ишлаб чиқариш ва экспортга мўлжалланган тармоқларда кооперацияни ривожлантиришни, шунингдек импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи кредитлар ва инвестициялар бериш шартларини келишиб оладилар.
12-модда
Аҳдлашувчи Томонлар муаммоларни ҳал қилишни манфаатдор вазирлик ва идораларга топшириб, уларни биргаликда кўриб чиқишни ташкил этадилар:
маркетинг, лизинг тадқиқотларини ўтказиш ва кўргазмалар ташкил қилиш, хизматларни тақдим этиш;
ўз мамлакатлари ўртасида шерикларни қидириб топиш, шартномаларни (контрактларни) тайёрлаш, тузиш ва бажаришда кўмаклашишини таъминлайдиган замонавий ахборот коммуникацияларини ривожлантириш;
мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш.
13-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ бўлган баҳслар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида маслаҳатлашиш ва музокаралар йўли билан ҳал қилинади.
Ушбу Битимга Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича унинг ажралмас қисми бўладиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг 14-моддаси қоидаларига мувофиқ кучга кирадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги дипломатик каналлар орқали олинган охирги ёзма билдиришноманинг санасидан кучга киради.
Ушбу Битим беш йиллик муддатга тузилади. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳеч бири тегишли муддат туташидан камида олти ой илгари уни денонсация қилиш нияти тўғрисида ёзма равишда дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, унинг амал қилиши кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Кишинёв шаҳрида 1998 йил 10 февралда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, молдован ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)