Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси автомобиль ва темир йўл магистраллари бўйича бораётганда йўловчи, юк ва багажларни транзит ташиш, уларнинг сақланишини ва хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
1992 йил 24 июндаги Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Шартнома ва 1994 йил 10 январдаги Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида ягона иқтисодий макон барпо этиш тўғрисидаги Шартнома қоидаларига, шунингдек Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг асосий ҳужжатларига амал қилиб,
автомобиль ва темир йўл магистралларининг технологик бирлигини таъминлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаб, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар қулай ривожланишини таъминлашнинг ўта муҳимлигини тан олиб,
халқаро автомобиль ва темир йўл транспортини, шунингдек Томонларнинг божхона ишини ривожлантириш соҳасида мувофиқлаштирилган ва ягона сиёсат ўтказилишига аҳамият бериб,
иқтисодий суверинитет ҳимоясини назарда тутиб,
эркин транзит тамойилларига ўз интилишларини изҳор этиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Иккала Томон давлатларининг ҳудуди орқали учинчи давлатларга транзит юк ташишлар, МДХ давлатлари бундан мустасно, Томонларнинг автотранспорт воситаларида, ташувчиларда Карнет-ТIR ёки СМRлар мавжуд бўлган тақдирда, Томонларнинг ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Томонларнинг автотранспорт воситалари билан МДҲ мамлакатларига транзит ташишлар рухсатномасиз асосда ва транзит учун тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.
Ўзбекистон-Қозоғистон-Ўзбекистон ёки Қозоғистон-Ўзбекистон-Қозоғистон маршрутлари бўйича амалга ошириладиган ташишлар транзит ташишлар ҳисобланмайди.
Томонлардан ҳар бири ўз давлатининг ҳудуди бўйича, шу жумладан учинчи мамлакатларга ҳам, транзит тарзда ўтаётган бошқа Томоннинг автотранспорт воситаларининг ўтиши учун қулай шароитларни таъминлайди.
2-модда
Томонлардан бирининг давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудуди орқали транзит тарзда учинчи давлатларга олиб чиқиладиган юклар тегишли тарзда ушбу юкларни жўнатиш давлатида божхона расмийлаштирилишидан ўтиши лозим.
3-модда
Ҳар бир Томон бир-бирларининг штамп, божхона таъминлаши, божхона ҳужжатлари ва юкларни кузатувчи бошқа ҳужжатларини (банк, молия ва шунга ўхшаш) тан оладилар ва уларнинг намуналарини алмашадилар.
4-модда
Томонлар давлатларининг ҳудудлари орқали транзит тарзда ўтказиладиган юклар божхона божлари ва йиғимларини тўлашдан озод этиладилар, божхона расмийлаштирилиши учун йиғимлар бундан истисно.
Божхона йиғим ва солиқларини тўлашни таъминлаш суммаларини киритиш тўғрисидаги талаб қўлланиладиган товарлар рўйхати Томонлар давлатларининг божхона хизматлари томонидан келишилади.
5-модда
Томонлар давлатларининг Учинчи давлатларга олиб чиқиладиган ва жўнатиш давлати божхона органлари томонидан расмийлаштирилмаган юклари Томонлардан бирининг давлат ҳудуди орқали учинчи давлатларга транзит тарзда ўтказилишга қўйилмайди.
6-модда
Томонлар бир-бирларига халқаро меъёрлар ва Томонлар давлатларининг миллий қонунларига мувофиқ улар давлатларининг ҳудуди орқали олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш тақиқланган юклар рўйхатларини тақдим этадилар.
Давлат ҳудуди орқали маршрути ўтадиган хавфли юкларни ташиш халқаро нормаларга мувофиқ тегишли ваколатли орган томонидан берилган махсус рухсатнома асосида амалга оширилади, агар бошқача тартиб алоҳида Битимда кўзда тутилмаган бўлса.
7-модда
Томонлар ўзаро манфаатларга асосланиб, темир йўл ва автомобиль қатновини ривожлантиришда Томонлар давлатларининг транзит юкларини ишлашда, шунингдек йўловчилар ва багаж ташишларига нисбатан энг кўп қулайлик режимини тақдим қилиш бўйича бир-бирларига кўмаклашиш учун барча зарур чораларни кўрадилар.
8-модда
Томонлар юкларни темир йўл транспорти билан транзит ташишда имтиёзли тарифлар ва махсус ставкалар ўрнатиш имкониятини кўриб чиқишни тегишли ваколатли органларга топширадилар.
9-модда
Томонлар давлатлари ҳудудида автотранспорт воситаларининг белгиланган бўлиш муддатлари этиб Томонлар қонунлари бўйича қабул қилинган муддатлар ҳисоблансин. Рухсатнома бланки автотранспорт воситасининг Томон давлати ҳудудида амалдаги бўлиб туриш муддатида ҳақиқий ҳисобланади ва тўғридан-тўғри ва қайтиш йўлига амал қилади.
10-модда
Томонлар давлатларининг ҳудуди орқали халқаро юк ташишларни Томонлар миллий қонунларга ва амалдаги қоидаларга мувофиқ амалга оширишга келишиб олдилар.
11-модда
Томонлар давлатларининг автомобиль ва темир йўл магистраллари бўйича ўтаётганда йўловчи, хизмат кўрсатувчи персонал ҳамда автотранспорт воситалари, темир йўл вагонлари, контейнерлар, шунингдек юк ва багажларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўришни Томонлар ўз зиммаларига оладилар.
Томонлар бошқа Томон давлати ҳудуди бўйича, шу жумладан учинчи давлатларга транзит тарзда ўтаётган транспорт воситаларининг ўтиши учун хавфсизлик ва қулай шароитларни таъминлайдилар.
12-модда
Томонлар давлатлари фуқароларининг юк, багаж, қўл юки, валюта, қимматли нарсалари, шунингдек шахсий мулкини божхона чегаралари орқали ўтказиш божхона кўздан кечиришисиз амалга оширилади, олиб кириш-олиб чиқиш ва транзит қилиш тақиқланган буюмлар ташилаётган деб гумон қилиш учун етарли асос бўлган ҳоллар бундан истисно.
13-модда
Томонлар автомобиль ва темир йўл транзит ташишлари бўйича ушбу Битим қоидаларини бажаришга, шунингдек у бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштиришга кўмаклашадиган Томонлар ваколатли органлари вакилларидан иборат Қўшма идоралараро комиссия тузишга аҳдлашиб олдилар.
Битимни бажариш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Қўшма идоралараро комиссия, Томонларнинг таклифи бўйича, Тошкент ва Оқмўлада навбатма-навбат йиғилади.
Ушбу Битимни қўллаш ва талқин қилиш бўйича ҳар қандай баҳслар Қўшма идоралараро комиссия доирасида маслаҳатлашишлар ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
Баҳсларни Қўшма идоралараро комиссия доирасида ҳал қилиш имконияти бўлмаганда, баҳсли масалалар Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия томонидан кўриб чиқилади.
14-модда
Ушбу Битим орқали ҳал қилинмаган масалаларга нисбатан Томонлар давлатларининг миллий қонунлари, халқаро нормалар, шунингдек Томонлар ўртасида илгари имзоланган халқаро автомобиль ва темир йўл транзит ташишлар масалаларини мувофиқлаштирадиган битимлар амал қилади.
15-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг розилиги бўйича ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Томонлар ушбу Битим билан ўрнатилган транзит тарзда йўловчи, юк ва багаж ташишларнинг режимини ёмонлаштирмаслик мажбуриятини оладилар.
16-модда
Ушбу Битимнинг тегишли қоидаларини бажариш бўйича Томонларнинг ваколатли органлари этиб қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан — «Ўзбекистон темир йўллари» давлат ҳиссадорлик темир йўл компанияси, «Ўзавтотранс» корпорацияси, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги:
Қозоғистон Республикасидан — Транспорт ва коммуникация вазирлиги, Молия вазирлиги қошидаги Божхона қўмитаси, «Казахстан темир жолы» республика давлат корхонаси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат тергов қўмитаси.
Ушбу рўйхатлардаги ўзгартишлар тўғрисида Томонлар бир-бирларини ўз вақтида хабардор қиладилар.
17-модда
Ушбу Битим Томонларнинг бошқа халқаро шартнома ва битимлар бўйича мажбуриятларига дахл қилмайди.
18-модда
Ушбу Битим Томонлар ушбу Битим кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлари тўғрисидаги охирги билдиришнома санасидан кучга киради.
Томонлар ушбу Битимда кўзда тутилган мажбуриятларни бузган ҳолда, у белгиланган тартибда ўз кучини йўқотади.
Ушбу Битим беш йил мобайнида амал қилади, бундан кейин, агар Томонлардан ҳеч бири бошқа Томонни ушбу Битим амал қилишининг тегишли муддати тугашидан камида олти ой олдин унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, у кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узайтирилади.
Тошкент шаҳрида 1998 йил 27 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш учун рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)