Жиззах вилояти Фориш тумани ҳокимининг
Қарори
Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 августдаги 186-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомга асосан 2013 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун ходимларнинг ўртача сони 20 нафардан юқори бўлган корхона, ташкилот ва муассасаларда 2013 йил учун 3 фоиздан 7 фоизгача миқдорида жами 262 та квота иш ўринлари иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
Шу жумладан:
ўн тўрт ёшгача болалари ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз она ва кўп болали ота-оналар учун 7 фоиз (48 киши);
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун 7 фоиз (99 киши);
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар учун 7 фоиз (48 киши);
ногиронлар учун 3 фоиз (10 киши);
Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун 3 фоиз (9 киши);
жазони ўташ муассасаларидан озод қилинган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун 3 фоиз (8 киши);
ижтимоий муҳофазага муҳтож шахсларнинг бошқа тоифалари учун 3 фоиз (41 киши) миқдорида иш ўринлари захираси банд қилинсин.
2. Ушбу тоифа шахслар учун иш ўринлари ходимлар томонидан ўзларининг меҳнат мажбуриятларини тўсиқларсиз бажаришини таъминлайдиган санитария-гигиена нормалари ва меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин, хусусан:
ёлғиз ота, ёлғиз она ва 14 ёшгача бўлган ногирон болалари бор кўп болали ота-оналар учун –– болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича вазифаларни уйғунлаштириш имконини берадиган, ўзгарувчан иш жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
таълим муассасаларини тугатган ёшлар учун –– уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун –– уларнинг касб бўйича тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун –– меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ҳамда ходимга иш жараёнларини тўсқинликсиз бажариш имконини (соғлиғининг аҳволи ва меҳнат фаолиятига нисбатан белгиланган зид кўрсаткичлар ҳисобга олинган ҳолда) берадиган иш ўринлари;
туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказида иш қидирувчи сифатида ҳисобда турган пенсия ёшига яқинлашиб қолган шахслар учун –– махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари;
жазони ўташ муассасаларидан бўшатилган, жазони ўтаётган ёки суд қарорига кўра тиббий характердаги мажбурий чоралар кўрилган шахслар учун –– уларнинг касб бўйича тайёргарлиги ҳисобга олинган ҳолдаги иш ўринлари, муайян касб-ҳунарга, малакага эга бўлмаган шахслар учун эса –– махсус малакани талаб қилмайдиган иш ўринлари.
3. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилиб қўйилган иш ўрни илгари ушбу иш ўрнини эгаллаб келган шахс билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилиши муносабати билан бўшаб қолганда бу ҳақда ташкилот 10 кун муддатда туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказини янгидан очилган бўш иш ўрни тўғрисида хабардор этиши белгилансин.
4. Ташкилот раҳбарлари ушбу Низомга мувофиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринларини белгиланган сони ҳисобида йил бошлангунигача 10 кундан кечикмай 25 фоиз, қолган қисмини банд қилиб қўйишни календарь йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминласинлар.
Ташкилотлар ҳар чоракда туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказига ушбу тоифадаги шахсларни ишга жойлаштирилиши тўғрисида белгиланган тартибда ахборот тақдим этсинлар.
5. Ушбу қарор бажарилмаган тақдирда ташкилотнинг мансабдор шахсларига «Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 15-бандига мувофиқ жарима солиниши кўрсатиб ўтилсин.
6. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун иш ўринлари банд қилиб қўйиш сонидан ортиқча иш ўринлари ташкил этилган тақдирда сарфланган маблағларнинг бир қисмини туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази билан тузилган шартнома асосида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази бир ҳафта муддатда ушбу қарорни иловада кўрсатилган ташкилот раҳбарлари эътиборига етказсин ва мазкур қарорнинг бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
8. «Фориш Тонги» газетаси (Р. Каримов)га мазкур қарор моҳияти ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар учун банд қилинган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар юзасидан тарғибот ишларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман хокимининг ўринбосари О. Норбўтаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким П. МАХАТОВ
Янгиқишлоқ ш.,
2012 йил 27 сентябрь,
752-сон