Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб юритилади,
иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни барқарор ва узоқ муддатли асосларда ривожлантиришнинг энг муҳим ва зарур элементи эканлигини эътироф этиб,
уларнинг давлатлари ишлаб чиқариш ва илмий-техник салоҳиятларининг вужудга келган ўзаро технологик алоқаларини ҳисобга олиб,
Томонлар давлатлари хўжалик фаолияти субъектлари ўртасидаги ўзаро тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш алоқаларининг бозор муносабатлари базасида умумий иқтисодий маконни яратишдаги ҳал қилувчи ролини эътироф этиб,
корхоналар ва тармоқлар ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро манфаатли ривожлантириш учун қулай шароитларни таъминлашга интилиб,
ҳар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро иқтисодий фаолиятнинг эришилган даражасига таяниб,
иқтисодий ўсишнинг қатъийлиги, ўз фуқаролари ҳаёт шароитларини яхшилаш, иш билан таъминлашни кенгайтириш, материал ва одам ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадларига суяниб,
қуйидагилар ҳақида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар, тармоқ ва тармоқлараро комплексларнинг тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш алоқалари асосида кооперацияни амалга ошириш ва ривожлантиришида кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар ишлаб чиқаришни халқаро ихтисослаштириш ва кооперациялаш, уларни амалга ошириш учун шароитлар яратиш, саноат тармоқларида устуворликларни аниқлаш, ҳамкорликдаги лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида зарур чора-тадбирларни кўрадилар.
3-модда
Томонлар:
кооперация бўйича товарлар етказиб бериш дейилганда пировард маҳсулотни биргаликда тайёрлаш учун зарур бўлган хом ашё, материаллар, узеллар, деталлар, эҳтиёт қисмлар, заготовкалар, ярим фабрикатлар, бутловчи материаллар ва технологик ўзаро боғлик тармоқ ва тармоқлараро аҳамиятга эга бўлган бошқа буюмларни етказиб бериш тушунилиши;
хизматлар кўрсатиш дейилганда илмий-тадқиқот, лойиҳа, қурилиш-монтаж ишлари, алоқа, ахборот, дам олиш, таълим, транспорт хизматлари ҳамда техник хизмат кўрсатиш ва технологик операциялар тушунилиши;
товарларни қайта ишлаш, божхона тартиблари доирасида етказиб бериш дейилганда Томонлар давлатларининг божхона қонунчилиги белгилаган шартларга мувофиқ товарлар етказиб бериш тушунилиши ҳақида келишдилар.
4-модда
Томонлар хўжалик фаолияти субъектлари тегишли тармоқлар ва тармоқлараро битимларга асосланиб тузган шартнома (контракт)ларни ишлаб чиқариш кооперацияси ва тўғридан-тўғри алоқаларнинг асосий шакллари ҳисоблайдилар.
5-модда
Томонлар қуйидаги тармоқларда ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисида битимлар тузишни устувор ҳисоблайдилар:
ёнилғи-энергетика комплекси;
металлургия, кимё, нефть-кимё саноати;
машинасозлик саноати;
транспорт ва алоқа;
медицина ва фармакология саноати;
қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати;
енгил саноат;
илмий ва қидирув ишлари;
табиатдан фойдаланиш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш.
6-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси тўғрисидаги тармоқлар ва тармоқлараро битимларда кооперацияда қатнашувчи ва маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) ихтисослашувини, шунингдек номенклатура ҳамда маҳсулотлар (хизмат кўрсатиш) кооперацияланган етказиб бериш ҳажмларини сақлаб қолувчи корхона ва ташкилотлар рўйхатлари белгилаб қўйилади.
7-модда
Маҳсулотларни Томонлар давлатлари божхона чегаралари орқали божхонада расмийлаштириш ва ўтказиш учун мазкур Битимнинг 4-моддасида кўрсатиб ўтилган Шартнома (контракт)лар асос ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган маҳсулот (хизмат)ларга декларация тўлдириш ва ҳисобга олиш Томонлар божхона органлари томонидан уларнинг қонунчиликларига мувофиқ амалга оширилади.
8-модда
Олди-берди хом ашёларидан кооперация бўйича ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар етказиб бериш олди-берди хом ашёлари билан операциялар ҳақида Томонлар давлатларида амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
9-модда
Ишлаб чиқариш кооперацияси доирасида етказиб бериладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи материаллар қайта экспорт қилинмайди.
10-модда
Томонлар ишлаб чиқариш соҳасида интеграция жараёнларини ривожлантириш мақсадида хўжалик фаолияти субъектлари муносабатларининг корхоналар ва тармоқлар кооперация алоқаларини тартибга солиш қисмида ўз мамлакатлари миллий қонунчилиги нормаларини мувофиқлаштириш ва яқинлаштириш бўйича изчил иш олиб боришга шартлашиб олдилар.
11-модда
Томонлар зарур ҳолатларда кўп билим талаб қиладиган ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтирилган тармоқлар, шунингдек импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар чиқаришда кооперациянинг ривожланишини тезлаштирувчи кредитлар ва инвестициялар жалб қилиниши шартларини келишиб оладилар.
12-модда
Томонлар уларни ҳал этишни манфаатдор вазирликлар ва идораларга топшириб:
маркетинг, лизинг тадқиқотларини ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, хизматлар кўрсатиш;
уларнинг мамлакатлари ўртасида ҳамкорлар излаш, шартнома (контракт)ларни тайёрлаш, тузиш ва бажаришда ёрдам беришни таъмин этувчи замонавий коммуникацияларни ривожлантириш;
мутахассислар тайёрлаш бўйича тадбирларни биргаликда амалга ошириш муаммоларини ҳал этишни ҳамкорликда ташкил этадилар.
13-модда
Мазкур Битим Томонларнинг ўзаро розиликлари бўйича ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
14-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради, беш йил мобайнида амалда бўлади ва агар шартлашувчи Томонларнинг бири бошқа шартлашувчи Томонга тегишли муддатнинг тугашидан камида олти ой олдин уни тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти ҳақида ёзма равишда хабар бермаса, ўз-ўзидан кейинги беш йилга узайтирилади.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида ҳар бири ўзбек, озарбойжон ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин этишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)