ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ, МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 18 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2626]
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон «Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 6 июлдаги 01/19-10/12-сонли қарори (рўйхат рақами 2626-1, 27.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 754-модда)
1. Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Д. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 27 октябрь,
01/27-26/26-сон
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2014 йил 27 октябрдаги 01/27-26/26-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РИЭЛТОРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИНГ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ
(2- сон РХМС)
КЎЧМАС МУЛК БОЗОРИДА АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ ХИЗМАТЛАРИ
(2- сон РХМС)
КЎЧМАС МУЛК БОЗОРИДА АХБОРОТ ВА МАСЛАҲАТ ХИЗМАТЛАРИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (2-сон РХМС) «Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари» (кейинги ўринларда стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон «Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш орқали амалга ошириладиган риэлторлик фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2017 йил 6 июлдаги 01/19-10/12-сонли қарори (рўйхат рақами 2626-1, 27.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 754-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Асосий тушунчалар
1. Ушбу стандарт мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ахборот ва маслаҳат хизматлари (кейинги ўринларда АМХ деб юритилади) — кўчмас мулк бозорида риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган риэлторлик хизматларининг тури бўлиб, буюртмачини кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги, кўчмас мулк бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил этиш ҳамда прогноз қилиш ҳақидаги, мазкур бозорнинг конъюнктураси, кўчмас мулк бозори соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлашни, шунингдек кўчмас мулк объектлари рекламасининг тарқатилишини ташкил этишни, битим тарафларини танлаш бўйича тавсияларни ўз ичига олади;
ички қоидалар — риэлторлик хизматларини кўрсатишга нисбатан талабларни белгиловчи, риэлторлик фаолиятини олиб бориш самарадорлигини ошириш ва унинг риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида риэлторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган ҳужжатлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
АМХ кўрсатиш шартномаси — келишув бўлиб, унга кўра бир тараф шартлашилган муддатда АМХни кўрсатиш мажбуриятини олади, иккинчи тараф эса хизматларни қабул қилиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини олади;
ижрочи — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган, буюртмачи билан АМХ кўрсатиш шартномасида кўрсатилган хизматларни кўрсатиш учун шартномавий муносабатларга киришган риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор (якка тартибдаги тадбиркор);
Кейинги таҳрирга қаранг.
буюртмачи — АМХ кўрсатиш шартномасида кўрсатилган хизматларни олиш учун ижрочи билан шартномавий муносабатларга киришган, шунингдек бундай хизматларга ҳақ тўлаш мажбуриятини олган жисмоний ёки юридик шахс;
бирлашма — умумий манфаатларни ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилган риэлторлик ташкилотлари ёки риэлторларнинг бирлашмаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кўчмас мулк — ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар;
кўчмас мулк объекти — битимнинг предмети бўлган аниқ ер участкаси, бино, иншоот ва ер билан узвий боғлиқ бошқа мол-мулк.
2-боб. Умумий қоидалар
2. Стандартнинг вазифалари риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан кўчмас мулк бозорида АМХ кўрсатишнинг шартлари ва тартибини, уларнинг таркибига, сифатига, ушбу хизматларни тақдим этиш жараёнини тартибга солувчи ҳужжатларни расмийлаштиришга бўлган ягона талабларни белгилашдан иборат.
3. Стандарт АМХни кўрсатишда риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар (якка тартибдаги тадбиркорлар) томонидан қўллаш учун мажбурийдир.
3-боб. Хизматлар мазмуни
4. Кўчмас мулк бозорида АМХ риэлторлик хизматлари буюртмачиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида уларни кўчмас мулк бозори ҳақидаги долзарб, холисона ва ишончли ахборот билан таъминлаш йўли билан кўрсатилади.
5. АМХ олди-сотди, ижара, гаров, айирбошлаш, ҳадя, рента, ишончли бошқарувга бериш, савдоларни ташкил қилиш, кўчмас мулкдан текин фойдаланиш ёхуд умрбод таъминлаш шарти билан кўчмас мулкни бошқа шахсга бериш билан боғлиқ келгуси операцияларда фойдаланиш учун, шунингдек кўчмас мулк бозорининг таҳлилий ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш учун кўрсатилади.
6. АМХ ўз ичига қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни олади:
буюртмачини риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш;
кўчмас мулк объектини бегоналаштириш бўйича битимларни содир этиш қоидалари ва хусусиятлари;
шартномаларни тузиш тартиби;
мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш;
кўчмас мулк билан боғлиқ битимда тарафларни танлаш бўйича тавсиялар;
кўчмас мулк объектининг техник ҳолати, унинг қиймати ва ликвидлилигига таъсир ўтказувчи унинг техник-эксплуатацион тавсифлари ва истеъмол сифатлари тўғрисидаги умумий ахборот;
буюртмачини қизиқтираётган кўчмас мулк объектларининг жорий бозор қийматлари, уларнинг ўзгариши динамикаси, шу пайтда ёки келажакдаги маълум бир пайтда кўчмас мулк объекти билан битимдан олинадиган потенциал фойда;
зарур ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш бўйича хизматларнинг қиймати;
кўчмас мулк объектларини яратиш ва бошқариш бўйича профессионал маслаҳат лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
буюртмаси номидан ва манфаатларида кўчмас мулк объектининг рекламасини ташкил қилиш;
кўчмас мулк бозорининг (бозор сегментининг) тадқиқотини ўтказиш бўйича бир марталик ёхуд даврий таҳлилий ҳисоботларни тайёрлаш.
4-боб. Хизматлар ижрочиларига талаблар
7. Ижрочилар риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг талабларига, ички қоидаларга, шунингдек бирлашмаларга аъзо бўлган тақдирда, ушбу бирлашмаларда тасдиқланган қоидалар ва талабларга амал қилишлари шарт.
8. Ижрочи — риэлторлик ташкилоти буюртмачиларга АМХни кўрсатиш учун зарур билим ва кўникмалари бўлган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузилган штатдаги малакали риэлторларга эга бўлиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9. Ижрочи — якка тартибдаги тадбиркор АМХни шахсан кўрсатиши шарт.
10. Ижрочилар АМХни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда буюртмачилар билан тузилган АМХ кўрсатиш шартномасига асосан тақдим қилишлари шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ижрочи буюртмачининг талабига кўра унга риэлторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия ва малака сертификатини кўрсатиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-боб. АМХ кўрсатиш шартномасига талаблар
12. АМХ кўрсатиш учун ижрочи буюртмачи билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда АМХ кўрсатиш шартномасини тузиши шарт. АМХ кўрсатиш шартномаси ёзма шаклда тузилади ва ижрочининг махсус журналида рўйхатга олишини лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. АМХ кўрсатиш шартномасининг шартлари, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, тарафларнинг хоҳиши бўйича белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. АМХ кўрсатиш шартномасининг бажарилиши тарафлар келишуви билан белгиланган баҳо бўйича тўланади.
15. АМХ кўрсатиш шартномаси имзолангунга қадар ижрочи буюртмачининг АМХга қўядиган асосий талабларини аниқлаштириши, буюртмачини шартнома лойиҳаси билан таништириши, унинг шартларини тушунтириши шарт.
16. АМХ кўрсатиш шартномаси қуйидагилардан иборат бўлиши шарт:
АМХ мазмуни;
АМХ кўрсатиш муддатлари;
кўрсатилган АМХ учун ҳақ миқдори, тўлов шартлари ва муддатлари;
ижрочининг ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
тарафларнинг шартномавий мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлик;
АМХ кўрсатиш шартномасини бекор қилиш тартиби ва шартлари;
АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда маблағларни қайтариш тартиби;
ижрочида лицензиянинг мавжудлиги (унинг рақами (рўйхат рақами) ва берилган санаси кўрсатилган ҳолда) ҳақидаги маълумотлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ижрочида фуқаролик жавобгарлигининг суғурта полиси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.
АМХ кўрсатиш шартномасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17. АМХ кўрсатиш шартномаси риэлторлик ташкилоти раҳбари, риэлтор (якка тартибдаги тадбиркор) ва буюртмачи, ёхуд буюртмачи томонидан ишончнома асосида ваколат берилган шахс томонидан имзоланиши шарт.
18. АМХ кўрсатиш шартномаси шартнома тарафларидан бирининг ҳуқуқларини камситадиган қоидалардан иборат бўлмаслиги шарт.
19. АМХ кўрсатиш шартномасига, буюртмачининг топшириғи бўйича ҳаракат қилинган тақдирда ишончнома, шартномани имзолаш пайтида буюртмачи томонидан ижрочига топширилган ҳужжатларнинг рўйхати илова қилинади.
20. Ижрочи буюртмачи томонидан талаб этилаётган хизматлар ёки ҳаракатлар моҳиятидан келиб чиқиб, буюртмачи билан АМХ кўрсатиш шартномасини тузиши шарт. Ижрочи томонидан олдиндан билган ҳолда буюртмачи талабларининг моҳиятига номувофиқ шартнома тузиш тақиқланади.
6-боб. АМХ кўрсатиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш
21. АМХ кўрсатиш шартномаси тузилгандан кейин ижрочи буюртмачига шартномада белгиланган ҳажмда ва шартларда хизматлар кўрсатади.
22. АМХ буюртмачига шартномада белгиланган муддат мобайнида шартнома имзоланган пайтдан бошлаб кўрсатилиши шарт.
23. Буюртмачиларга маслаҳатлар бериш фақат ижрочи ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўтказилади.
24. Буюртмачини қизиқтирган кўчмас мулк объектлари тўғрисида ахборот тўплаш ва тақдим қилиш, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш бўйича хизматлар ижрочи томонидан шахсий маълумотлар базаси, оммавий ахборот воситаларида чоп этиладиган маълумотлар, шунингдек юридик шахсларни ва кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ва улар билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширадиган органлар томонидан тақдим этилган ахборотдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
25. Кўчмас мулк бозорини ўрганиш, конюнктурасини таҳлил қилиш ва ҳолатини прогноз қилиш шахсан ижрочи шакллантирган маълумотлар базасидан, шунингдек ижрочининг ҳисоботида ҳавола келтирилган тарзда кўчмас мулк бозори тўғрисидаги эркин фойдаланилиши мумкин бўлган ахборот манбаларидан олинган маълумотларга асосан ижрочи томонидан амалга оширилади.
26. Буюртмачининг АМХ кўрсатиш шартномасида акс эттирилган истакларига қараб ижрочи буюртмачи номидан ва манфаатларида буюртмачига мулк ҳуқуқи ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини шартномада назарда тутилган шартларда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда реклама қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. АМХ кўрсатишда ижрочи буюртмачига фақат кўчмас мулк объектининг бозор қиймати ва буюртмачи ушбу объектлар билан битимлар содир этганда олиши мумкин бўлган фойдалар тўғрисида умумий тавсиялар беришга ҳақлидир.
28. Агарда АМХ кўрсатиш шартномасида ёзма ҳисобот тақдим этиш назарда тутилган бўлса, АМХ кўрсатиш якунлангандан кейин ижрочи кўрсатилган хизматлар бўйича буюртмачига ёзма ҳисобот тақдим этади, унда АМХ кўрсатиш шартномасида баён этилган саволлар бўйича ахборот акс эттирилиши шарт.
29. АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб буюртмачи ва ижрочи томонидан имзоланган икки тарафлама далолатнома ҳисобланади.
30. АМХ кўрсатиш шартномаси икки тарафлама далолатнома имзолангандан ва шартномада назарда тутилган барча тўловлар амалга оширилгандан кейин тўлиқ бажарилган ҳисобланади.
7-боб. АМХ сифатига талаблар
31. Буюртмачига сифатли АМХ кўрсатиш мақсадида ижрочи қуйидагиларга мажбурдир:
ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари ва буюртмачи билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширишга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кўрсатилаётган риэлторлик хизматлар сифатининг назоратини амалга оширишни тартибга солувчи ички қоидаларга риоя қилишга;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган муддатлар ва тартибда буюртмачининг талабномаси кўриб чиқилишини таъминлашга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ижрочи шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун буюртмачи унга тақдим этган ҳужжатларнинг сақланишини, улардан бегона шахсларнинг фойдаланишини олдини олган ҳолда, шунингдек буюртмачига АМХ кўрсатиш жараёнида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлашга;
АМХ кўрсатиш давомида олинган махфий ахборотни ошкор қилмасликка, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32. Махфий ахборотни ошкор қилмаслик талаблари ижрочи томонидан буюртмачидан олинган, ижрочи томонидан АМХ кўрсатиш шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш жараёнида тўпланган ва тайёрланган ҳам қоғоздаги, ҳам электрон ташувчилардаги барча маълумотлар ва ҳужжатларга, шунингдек хизматларни кўрсатиш давомида ижрочига маълум бўлган буюртмачи ҳақидаги ахборотга татбиқ этилади.
33. Ижрочи буюртмачи олдида кўрсатилган хизматларнинг сифати, ўз вақтидалиги, тўлиқлиги ва махфийлиги учун АМХ кўрсатиш шартномасида белгиланган ҳажмда ва шартларда жавобгар бўлади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
34. Мазкур стандарт талабларининг ижрочи томонидан бажарилмаслиги АМХ буюртмачисининг бирлашмага ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши учун асос бўлади.
35. Мазкур стандарт Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси билан келишилган.
Риэлторлик ташкилотлари уюшмаси ижрочи директори А. АЛИЕВ
2014 йил 27 октябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 47-сон, 563-модда; 2017 й., 30-сон, 754-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 12.06.2026 й., 10/26/2626-2/0596-сон)